Кириш Регистрация
01/11 00:45 Комо 1-5 Лацио
01/11 00:45 Рома 1-0 Торино
01/11 16:00 Локомотив 0-1 Насаф
01/11 18:15 Сўғдиёна 2-4 Сурхон
02/11 01:00 Алавес 1-0 Мальорка
02/11 15:00 Олимпик - Навбаҳор
02/11 17:15 Қизилқум - Динамо
02/11 17:30 Ньюкасл - Арсенал
02/11 18:00 Осасуна - Вальядолид
02/11 19:00 Болонья - Лечче
02/11 20:00 Борнмут - Манчестер Сити
02/11 20:00 Ипсвич - Лестер
02/11 20:00 Ливерпуль - Брайтон
02/11 20:00 Ноттингем Форест - Вест Хэм
02/11 20:00 Саутгемптон - Эвертон
02/11 20:15 Жирона - Леганес
02/11 22:00 Удинезе - Ювентус
02/11 22:30 Вильярреал - Райо Вальекано
02/11 22:30 Вулверхэмптон - Кристал Пэлас
03/11 00:45 Монца - Милан
03/11 01:00 Валенсия - Реал Мадрид
03/11 16:00 Нефтчи - Бунёдкор
03/11 16:30 Наполи - Аталанта
03/11 18:00 Атлетико - Лас-Пальмас
03/11 18:15 Металлург - ОКМК
03/11 19:00 Торино - Фиорентина
03/11 19:00 Тоттенхэм - Астон Вилла
03/11 20:15 Барселона - Эспаньол
03/11 21:30 Ман. Юнайтед - Челси
03/11 22:00 Верона - Рома
03/11 22:30 Севилья - Реал Сосьедад

Ҳакамлик ва матбуот

Баҳо:
+ | -

Италия чемпионатида келаси мавсумдан бошлаб ўйиндан сўнг ҳакамлар интервью берадилар. Ҳа, тўғри ўқидингиз, энди шундай бўлади.

Бу ҳақда италиялик ФИФА ҳаками Никола Риццоли расман маълумот бериб бўлди. Унинг айтишича, «А» серияда келаси мавсумдан бошлаб ҳакамлар ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдириш ҳуқуқига эга бўладилар. Журналистлар эса ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин.

ОЛИЙ ЛИГА

Агар ҳозир ўзимизнинг олий лигага ҳам айнан шу нарса етишмаётгани ҳақида гапирсак, қўллаб-қувватловчилар кўп бўлиши эҳтимоли жуда катта. Чунки деярли ҳар бир турда қайсидир ҳакамга нисбатан эътирозлар бўлиб туради. Ҳали у, ҳали бу рефери йўл қўйган хатолар ҳақида бот-бот эшитиб турамиз. Умуман, бундан кўп ҳайрон қолиш ҳам шарт эмас. Аслида, футбол ўзи шундан иборат - ҳакам қай даражада кучли бўлмасин, барибир, қайсидир вазиятда хатога йўл қўйиши турган гап. Бу эса, ўз навбатида, турли гап-сўзларни келтириб чиқаради. Униси у дейди, буниси эса бу. Энг ёмони - ҳакамда ўзини оқлаш учун имконият ҳам йўқ. Чунки унга ўйин ҳақида фикр билдириш тақиқлаб қўйилган. Энди бир ўйлаб кўринг, агар ушбу тақиқ олиб ташланса, ҳакамларда айтиш учун қанча гап топиларди?

ГУРУЧ ОРАСИДАГИ КУРМАК

Аммо бу ҳали масаланинг фақат бир томони, холос. Биласизми, ҳакамлардан тақиқ олиб ташланишини яна нима учун истаймиз? Чунки айни шу ислоҳот футбол анча тозаланишига ҳам олиб келган бўлар эди. Балки бу гапни айтиш унчалик тўғри эмасдир, аммо барибир, таъкидлашга мажбурмиз - футбол пайдо бўлибдики, нохолис ҳакамлик ҳам мудом у билан ёнма-ён келган. Беш қўл баробар эмас, ҳакамлик ҳуқуқидан ўз манфаати йўлида фойдаланадиганлар ҳар доим топилган. Бундан ҳали ҳеч бир клуб ва ҳеч қайси чемпионат кафолатланмаган. Гуруч ортидан курмак ҳам сув ичиши ҳақидаги мақолни унутманг.
Италия футболида амалга ошириладиган ислоҳот ҳақида хабар пайдо бўлгач, ҳамкасбларимиздан бири билан шу масалани муҳокама қиларканмиз, олий лига 6-тури доирасида ўтказилган ўйинлардан бирини ҳам томоша қилишимизга тўғри келди. Ўша баҳсга аниқ тўхталишни истамаймиз, чунки бунга ҳали эрта, деб ҳисоблайман. Аввал бизда ҳам «А» сериядаги каби ислоҳот амалга оширилсин, кейин балки бемалол гапирармиз. Ҳозирча эса фақат шуни айтишим мумкин - суҳбат мавзуси ҳакамликка бориб тақалгач, табиийки, ўша учрашувни бошқараётган ҳакамнинг қарорлари борасида саволлар ҳам пайдо бўлади. Ишонинг, ўйин тугагандан сўнг ҳакам билан мулоқот қилиш имкони бўлганида, саволлар бир талай топиларди.

АСОСЛАР

Бундан эса шундай хулоса чиқардик - ҳакамларнинг ўйиндан сўнг интервью бериши Ўзбекистон чемпионатига ҳам жуда керак экан. Нафақат ҳакамлар, балки уларга балл берадиган назоратчилардан тортиб, ҳакамлар қўмитаси раҳбариятигача ўз изоҳлари билан ўртоқлашсалар, ажойиб иш бўлар эди. Бу ўринда гап ҳатто нохолис ҳакамлик ҳақида ҳам кетмаяпти. Шунчаки, керак экан, тамом-вассалом. Қай даражада кераклигини эса учта банд билан асослаб беришга қарор қилдик. Демак, бошладик.

1. Биринчи асос шундаки, агар ҳакам ўйиндан сўнг журналистлар саволларига нишон бўлишини билса, ўз ишига янада масъулият билан ёндашган бўлар эди. Эътибор беринг, биз ҳозирча ҳакамларни нохолисликда айбламаяпмиз. Шунчаки, иш бор жойда, албатта, камчилик ҳам бўлади. Айниқса, ҳакамдек қабул қилиш учун ҳатто икки сониядан ортиқ вақти бўлмаган инсоннинг ишида қусур бўлиши турган гап. Шу сабабли ҳам, кўпинча ҳакамлар хатоси ушбу омил билан изоҳланади. Аммо ҳамма бало шундаки, баъзи дангаса, ишёқмас ва танбал мутахассислар мана шу омилга ёпишиб олганлар ва ҳар қандай вазиятда ҳам ҳакамлик қай даражада оғирлигини айтиб, сувдан қуруқ чиқиб кетаверадилар. Ўз устида ишлаш, янги тажрибаларни ўрганиш каби «ортиқча» нарсалар ҳақида бош қотирмайдилар. Янги ислоҳот эса уларни кўпроқ ишлашга мажбур қилган бўлар эди.

2. Худди шу гапни назоратчилар борасида ҳам айтиш мумкин. Баъзан кўрамизки, ҳакамлик масаласида бир қатор норозиликлар бўлган ўйинларга ҳам юқори балл берилади. Ўша вазиятда нима учун шундай қарор қабул қилингани ҳақида эса ҳеч қандай изоҳ йўқ. Бу эса ўз навбатида, мухлислар ўртасида норозиликларни келтириб чиқаради. Ёки қайсидир ҳакам дахлсиздек кўриниш касб этиши ҳам ҳеч гап эмас. Агарда ҳакамлар қўмитаси ва назоратчилар ҳакамларга қўйилган баҳо ҳақида изоҳ берсалар, ҳаммаси жойига тушар эди, деб ўйлаймиз. Камида нима сабабдан шундай қарор қабул қилинганини билиб олардик. Бу эса ортиқча саволларнинг олдини олади. Боз устига, назоратчилар ҳам балл беришда қўшимча масъулият ҳис қиладилар ва бу ҳам ишнинг сифати ошишига олиб келади.

3. Юқорида ҳакамлик ишида ислоҳот кераклиги ҳақида иккита асос келтирдик. Аммо учинчи асос ҳаммасидан ҳам залворли чиқади, деб ўйлаймиз. Чунки айнан шу банд ҳакамлар фойдасини кўзлаб ёзилмоқда. Яхши биламиз, ҳакамлар қарорлари ҳар доим ҳам тўғри қабул қилинавермайди. Ҳатто, энг одилона қарорга нисбатан ҳам норозилик бўлиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ҳакамлар, клублар ва мухлислар ўртасида тушунмовчиликлар келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Энг ёмони - қайсидир ҳакамга нисбатан нотўғри тушунча шаклланиб қолиши ҳам мумкин. Энди ўйлаб кўринг, агар ўйиндан сўнг ҳакам интервью бериб, журналистларни қизиқтирадиган саволларга жавоб қайтарса, қаерда қандай қарор қабул қилганини тушунтирса, бу англашилмовчиликлар қай даражада барҳам топган бўлар эди? Масалан, айтайлик, фалон жамоалар ўртасида кечган учрашувда ҳакам футболчини арзимаган қўполлиги учун майдондан четлатди. Бу эса турли норозиликларга сабаб бўлди. Аммо ҳакам бунга қадар ўйинни бузиб қўймаслик учун футболчига ўта қўпол ўйини учун қизил карточка кўрсатмаган ва оғзаки равишда огоҳлантирган эди. Яъни, навбатдаги ҳар қандай қоида бузилиши майдондан четлатиш билан якунланишини олдиндан айтиб қўйган. Бироқ футболчи шунда ҳам қоида бузишдан тўхтамагач, ҳакам уни майдондан ҳайдаб солишга мажбур бўлди. Ўйлаймизки, агар ҳакам мана шундай нозик жиҳатларни мухлисларга тушунтириб берса, унга нисбатан норозилик кўпаймаслиги турган гап. Бу эса ўзаро муносабатни яхшилаш имконини беради. Деярли ҳар бир ўйинда мана шундай англашилмовчиликлар рўй беради ва жараённи четда туриб кузатган мухлис уни тушунмаслиги мумкин. Оқибатда, ҳакам нохолисга чиқарилади ва унга нисбатан турлича тамғалар ёпиштирилади. Ўйиндан сўнг бериладиган интервью орқали эса бу муаммоларни осонгина бартараф этиш мумкин.

ИМКОНИЯТ

Аслида, бундай ислоҳот нафақат Италия «А» серияси ёки Ўзбекистон олий лигаси, балки дунёнинг исталган чемпионати учун керак. Бунинг учун янада кўп асослар келтириб, ўзимизни қийнашимиз ҳам шарт эмас. Футболга бир ойгина мухлислик қилган одам ҳам ҳакамлар билан ҳеч бўлмаса бир марта гаплашиб кўришни исташи турган гап. Чунки бу - футбол оламидаги энг мураккаб ва оғир иш. Ёдингизда бўлса, ҳатто Пьер Луижи Коллинага нисбатан ҳам қанчалар эътирозлар бўлар эди. Ёки ўзимизнинг Равшан Эрматовни ҳам мухлислар ҳар доим тушунавермайдилар.
ФИФА узоқ вақт давомида ҳакамларни футбол оламидан изоляция қилиб келди. Улар ўз фикрини билдириш ҳуқуқидан маҳрум этилдилар. Аммо бу ҳар доим ҳам тўғри қарор бўлмаган, деб бемалол айтиш мумкин. Балки ўйингача ҳакамларнинг ўзгалар нигоҳидан четда бўлишлари тўғридир, аммо ўйиндан сўнг қилган ишларига, албатта, жавоб беришлари керак. Улар ўзларини оқлаш ёки хатолари учун кечирим сўраш имкониятидан маҳрум бўлмасликлари керак.

ЯКУНДА

Хуллас, ҳакамлик борасида шундай гаплар. Аммо биз шу билан бирга яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик. Яхши биламиз, бизда нафақат ҳакамлик, балки футболга тааллуқли деярли ҳар бир соҳада матбуот билан муносабат идеал тарзда йўлга қўйилмаган. Тўғри, ҳамма клублар ҳақида ҳам шундай деб бўлмайди. Айтайлик, сўнгги йилларда матбуот билан ишлаш борасида кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Вазият аввалгидан анча яхши. Аммо ҳозирча шуларнинг ўзи етарли эмас, деб ўйлаймиз.
Ҳар қанча оғриқли бўлмасин, тан олиш лозим, аксарият клублар матбуотга ўгай нигоҳ билан қарайдилар. Интервью тўғрисидаги сўровлар рад этилгани ва журналистлардан қочиб юрадиган футболчи ва мураббийлар кўплигини инкор этиш қийин масала. Шу ўринда бир гапни айтиб қўйишни истар эдик - матбуот футболга муҳтож бўлмаслиги мумкин, чунки ёритиш учун унда бош-қа мавзулар исталганча топилади. Аммо футбол матбуотга муҳтож бўлиши турган гап. Чунки ҳар қандай спорт тури мухлислар билан тирик. Уларни ўзаро боғлаб турадиган кўприк эса - матбуот. Матбуот - бу реклама, дегани. Боз устига, кўпинча бу реклама текин бўлади. Шу сабабли ҳам, ФИФА футболчилар ва мураббийларнинг ўйин олдидан ва ўйиндан кейин матбуот анжуманида иштирок этишларини мажбурий қилиб қўйган. Мана, энди худди шу масала ҳакамликка нисбатан қўлланилиши мумкин.
Истардикки, бизда ҳам футболчи, мураббий ва мутасаддилар мана шу нарсани тушуниб олсалар. Эслаб қолинг, қачон бизда шундай тушунча шаклланса, кейин футбол жадал суръатда ривожланиши мумкин. Унгача эса...


Зафар ҚОСИМОВ.

Манба: lochinlar.uz
Киритилди: 13:32, 09.05.2016.
Ўқилди: 3037 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.