Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Рустам Абдуллаев: “Нефтчи”ни кучли учталикка қайтариш устивор вазифамиздир”

Баҳо:
+ | -

Куни кеча “Футбол Экспресс” газетасининг навбатдаги сонида “Нефтчи” ПФКнинг раиси Рустам Абдуллаевнинг интервьюси чоп этилди. Марҳамат, клуб раҳбари билан бўлиб ўтган  суҳбатни ўқиб чиқишингиз мумкин.

– Рустам Раҳмонович, яқинда “Нефтчи”нинг мураббийлар штабида иш бошлагандингиз. Аммо тез орада воқеалар ривожи шу қадар ўзгариб кетдики, якунда клуб раиси лавозимига тайинландингиз…

– Биласизми, бундай бўлишини ўзим ҳам кутмагандим. Балки омадим чопгандир, балки илгари “Локомотив”да ҳам раҳбар лавозимида ишлаганим сабабли менга ишонч билдиришгандир.

– Вазият бундай тус олишига ҳамда лавозимни эгаллашга тайёрмидингиз?

– Бу нарсани ўйламагандим ҳам, кутмагандим ҳам. Тайёр ёки тайёр эмасмидингиз деган гапингизга келсак, боя айтдим, “Локомотив”да ҳам деярли шундай лавозимда фаолият олиб борганим учун бу йўналишда ишлашни ҳам биламан. Мен ҳеч қачон ишдан қочмайман. Менда ҳам “Нефтчи” клубини кучайтириш учун истиқболли режалар бор. Рости, менинг ниятлари катта. Нафақат “Нефтчи”нинг кучли жамоага айланишини, балки ўзбек футболининг янада ривожланишини, қолаверса миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини истаймиз ва бу кунларни кўриш ҳаммамизга насиб қилсин! Терма жамоамиз сафига илгари “Нефтчи”дан кўплаб ўйинчилар жалб этилган ва уларнинг бош жамоамизга ҳиссалари теккан. Шу сабабли “Нефтчи”дан яна терма жамоаларимизга муносиб кадрларни етиштириб чиқаришни ҳам олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Умуман олганда, “Нефтчи”нинг шон-шуҳратини қайта тиклаш учун қўлимдан келганича ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

– Клуб бошқарув тизимида юз берган ўзгаришдан кейин мухлисларни бундан кейин нима бўларкин, деган савол ўйлантиряпти. Янги раҳбар тайинлангач, “Нефтчи”нинг янги қиёфаси қандай кўринишда бўлади?

– Мен сизни тушундим. Авваламбор, Андрей Фёдоров билан болалигимиздан яхши танишмиз. Собиқ Иттифоқ даврида турли мусобақаларда бирга қатнашардик. Қўқоннинг “Автомобилист” жамоасида ҳам бирга ўйнаганмиз. Фёдоров билан ушбу “Нефтчи” клубида ҳам самарали фаолият олиб борганимиз ёдимда. Қолаверса, миллий терма жамоада ҳам тўп сурганмиз. Хуллас, Андрей Витальевич билан яқин дўстмиз. Мендан қандай ёрдам керак бўлса, ҳаммасини бажаришга тайёрман. Муҳими, биргалашиб ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Андрей Фёдоров кўп йил Россияда ишлагани учун охирги пайтларда ўзимиздаги футболчиларнинг имкониятларини яхши чамалай олмагани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Лекин у жуда яхши мутахассис. Мураббийнинг келажаги порлоқ эканлигига шубҳам йўқ. Ишонасизми, эрталабдан кечгача футбол билан яшайди. Доим унинг хонасига кирсам иш устида кўраман. У албатта ҳали ўз сўзини айтишига ишонаман.

photo_2016-05-17_16-44-07

– Сизнингча, “Нефтчи”нинг мавсумни муваффақиятсиз бошлашининг сабаби нималардан иборат?

– Жамоа яхши, ёмон эмас. Назаримда, мағлубиятлар туфайли ўйинчилар руҳий тушкунликка тушиб қолишган. Ўзларига бўлган ишонч етишмаяпти. Лекин яна ютадиган бўлишса, албатта ўзларига келишади ва аввалгидек ишончларни оқлашади деб ўйлайман.

– “Нефтчи” клубининг раиси сифатидаги дастлабки ишингизни нимадан бошладингиз?

– Нимадан бошлайман? Асосий мақсадимиз нима? Албатта, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Ишимизни мана шундай керакли ишлардан бошладик. Йигитлар билан гаплашяпмиз ва уларни руҳлантиряпмиз. Эскитдан Фарғона футболи кучли бўлиб келган. Ўз вақтида олий лигада бу вилоятдан учта жамоа ҳам қатнашган. Аслида ҳозир ҳам ёмон эмас. Шунчаки, айни пайтдаги ҳолат бир синов ва ундан ўтиб олиш керак.

– Клубга келгунингизга қадар қаерда эдингиз?

– Футболга бор меҳрини бериб ишлаган одам яна қаерда ишлай олади? Менимча, ҳеч қаерда ишлай олмаса керак. Футбол ёшлигимдан менинг севимли ишим бўлган. Ўзимни қандай қилиб профессионал футболчига айланиб қолганимни сезмай қолганман. Футболчиликни тугатганимдан кейин ҳам бундан бошқа иш қила олганим йўқ. Тўғри, бир-икки марта бизнес соҳасида ўзимни синаб кўрмоқчи ҳам бўлгандим. Аммо бу мен учун эмас экан. Жойим футболда эканлигини тушуниб етганман. Мен ҳамма нарсамга фақат футбол орқали эришганман. Ўзимни бошқа соҳада тасаввур ҳам қила олмайман. Ўғлим ҳам ота касбидан борди ва менга ўхшашни истагани учун футболчи бўлди. Лекин футбол ўйнаш осон эмас. Ҳар куни ишлаб, зўр эканлигини исботлаши керак. Тўғриси, футболда халқни билан алдаб бўлмайди.

– Шунингдек, сизнинг охирги пайтлардаги фаолиятингиз Фарғона футболи билан боғлиқ бўляпти. Чунки сўнгги иш жойингиз “Қўқон-1912” клуби эди. Маълумки, қўқонликларни биринчи лигадан олий лигага олиб чиқдингиз ва жамоани рақобатбардош даражада шакллантира олгандингиз. У ердан қандай хотиралар қолган?

– Қўқон – бу менинг туғилиб ўсган шаҳрим. Ота-онам шу ерда. Агарда “Қўқон-1912”да ишлаб яхши из қолдирган бўлсам, ўзимни бахтли ҳисоблайман. Лекин у ердан кетишимда қандайдир тушунмовчиликлар бўлган. Ҳамма ҳам майдонга фақат ютаман деб тушади. Аммо “Сўғдиёна”га ўз майдонимизда мағлубиятга учраганимиздан кейин дарғазаб бўлиб кетгандим. Айни шундай вазиятда сиз мени “ушладингиз”. Ўшанда ўйинни сотиш учун менга кимлардир алоқага чиққан деб айтган гапларим аслида бўлмаганди. Мен шунчаки, ўша вазиятда асабларимни жиловлай олмай гапириб юборгандим. Ишонч билан айта оламанки, мен билан ҳеч қачон бундай ишлар содир бўлмаган. Шунчаки, ўша мағубиятимиз менга алам қилгани учун ўзим билмаган ҳолда айтгандим. Лекин жиззахликларга ҳаққоний равишда ютқазгандик. Шунчаки, ўшанда кимдир ўйинни сотди деган гаплари менга оғир ботганди. Бизнинг футболимизда бундай нарсалар бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бундай нарсалар Италия, Туркия каби чемпионатларда бўлган ва ҳатто “Ювентус” “В” серияга тушириб юборилганди. Мен шуларни ўйлаб, айнан уларни назарда тутиб гапириб юборгандим. Бизда эса бундай нарсалар мавжуд эмас, мен нотўғри гапирганман. Сиз билан олдинги суҳбатда менга кимлардир алоқага чиққанди деб айтган гапларим учун узр сўрайман. Бу нарса содир бўлмаганди. Шунчаки, ўшанда эхтиросларимни жиловлай олмай айтиб юборгандим. Бу менинг хатоим бўлган ва бошқа нарсани, яъни, бошқа чемпионатлардаги ҳолатларни ўйлаб гапиргандим. Айрим кимсаларни бақирганларидан кейин асабим бузилиб кетганди ва фикрларим ҳам чалкашиб кетган. Бу менинг хатоим эди, яна бир бор узр сўрайман!

– Энди “Нефтчи” клуби раиси лавозимини эгалладингиз. Сиз учун мураббийлик билан раҳбарлик ишининг қандай фарқлари бор? Қайси бири масъулиятлироқ?

– Менимча, мураббийлик иши оғирроқ. Нимагаки, 90 дақиқа давомида ичингиздан нималар ўтганини билмай қоласиз. Раҳбарнинг иши ташкилий ишлар билан шуғулланиш, жамоага шароитларни яратиб бериш, вақтида иш ҳақини тўлаш, ваҳоказо. Барибир мен ҳам натижага жавобгарман. Чунки ҳар куни бош мураббий билан мулоқотда бўламиз, бирга фикр юритамиз. Мураббийга чиндан ҳам қийин. Агар жамоаси ютаётган бўлса ўйин тезроқ тугашини истайди-ю, аммо вақт тўхтаб қолганга ўхшайди. Агар ютқазаётган бўлса ўша вақт тез ўтиб кетади. Лекин ўзимиз шу йўлни танлаганмиз. Футболда асаббузарликлар бўлади. Агар ишсиз қолсак, яна футболни соғинаверамиз. Соғлом муҳитдаги рақобатни қумсайверамиз. Шунинг учун футбол ажойиб спорт тури!

– Энди сизнинг раислигингиз остида биринчи даврадан кейин қандай ислоҳотларни кўришимиз мумкин?

– Ҳозирги ҳолатда ички имкониятимиздан кенгроқ фойдаланиб биринчи давра охиригача яхшироқ натижалар кўрсатишга уриниб кўрамиз. Биз фақат олдинга қадам босамиз. Жамоани кучайтириш ишларини олиб борамиз. Барибир бизнинг асосий ниятимиз “Нефтчи”ни яна кучли учталикка қайтаришдир. Менга ишониб шу лавозимни топширишди. Зиммамда қандай масъулият турганлигини яхши биламан. Агарда ўйлаган ниятларимизни амалга ошира олсак, ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман.

– Клуб раиси бўлганингиздан кейин Вадим Абрамовнинг “Нефтчи”да иш бошлаши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар тарқалди. Ушбу вазиятга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз.

– Бу ҳақида биринчи марта эшитиб турибман. Менимча, бу оддий миш-мишлар бўлса керак. Андрей Фёдоровга вилоят раҳбарлари ишонишади. Яна бир бор қайтараман: у яхши мутахассис. Андрей Витальевич ҳали охирги сўзини айтгани йўқ. Лекин мен раҳбар этиб тайинланган бўлсам-да, бу доим ўз хонамда курсида ўтириб иш қиламан дегани эмас. Машғулотлар вақтида Фёдоровга формамни кийиб ёрдам беришда давом этаман. Бош мураббийнинг ёнида юраман. Бирга маслаҳатлашиб ишлаймиз. Машғулотларда керак бўлса фишкаларни у ёқдан, бу ёққа олиб, хуллас Фёдоровга ёрдам бераман.

– Тушундим сизни. Энди айтингчи, бундай ўзгаришлардан сўнг клубнинг олдига қўйилган вазифа ўзгармайдими?

– Энг биринчи вазифа – бу жамоани кучайтириш ва ғалабалар қозониш.

– Шу ўринда фарғоналик ишқибозларга айтадиган гапингиз борми?

– Фарғонанинг мухлислари доим катта футболни, ғалабаларни кўриб ўрганиб қолишган. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳар доим ҳам барқарорликни бир текисда ушлаб туриш қийин. Барибир ишонаманки, Фарғонага яна катта футбол қайтиб келади. “Нефтчи” аввалигдек Чемпионлар лигасида иштирок этади. Чунки раҳбарлар жуда катта эътибор қаратишяпти. Бу эса жуда муҳим нарса. Шуларни ҳисобга олган ҳолда икки баробар куч билан ишлаймиз. Фарғоналик ишқибозларга катта байрамни қайтаришга ҳаракат қиламиз. Фақат сабр керак! Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача мухлислар билан бирга бўлишимиз керак. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари биз учун ҳамма вақт муҳим.

– Лекин охирги ўйинларда “Нефтчи”нинг стадионида ишқибозлар кескин даражада камайиб кетяпти. Бу нарса сизни ҳавотирга соляптими?

– Авваламбор, бундай бўлишида айб ўзимизда. Агар ютиб турсак, улар албатта стадионга келишади. Шахсий фикримча, ҳар бир ишқибоз стадионга қайсидир ўйинчини кўриш учун ҳам келади. Чунки мухлиснинг ёқтирган футболчиси бўлади. Балки қайсидир ўйинчини кўриш учун 500 та, яна бирини томоша қилишга 1000 та мухлис келиши мумкин. Ёки жамоани кўриш ва ишқибозлик қилиш учун келишади. Биз ҳар бир нарсани ҳисобга оляпмиз ва уларни яна стадионга қайтариш йўлларини қидиряпмиз. Албатта мухлислар яна стадионга қайтишади.

– Бу фикрларингизга қўшимча қилиб айтсам, балки Акмал Холматовнинг қайтиши ҳам ишқибозларни яна стадионга қайтариш кўзда тутилганми?

– Холматов “Нефтчи” учун жуда катта меҳнат қилган, уни ҳурмат қиламиз. Унинг қайтиши биз учун муҳим. Холматов орқали ўйинимиз ҳам, муҳит ҳам янада яхшиланади. Масалан, ёш ўйинчининг ёнида тажрибали футболчи бўлмаса, унда у кимдан ўрганади? Ёш йигитлар кўпинча катта, кўпни кўрган футболчиларга қараб ниманидир ўрганишади.

– Холматовни қачон майдонда кўрамиз?

– Деярли жамоамиз билан бирга. Рўйхатдан ўтказиб олсак, ўзимиз ҳам унинг тезроқ майдонга тушишини хоҳлаймиз. Ўзимизга қолса, Акмални эртагаёқ ўйнатамиз. Аммо қонун-қоидалар бор, уларга риоя қилишимиз керак.

– Энди “Нефтчи”ни олдингидек мавқеига қайтариш кўп жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ. Аммо бу оғир машаққат. Юрий Саркисян кетганидан кейин клубда кўп ўзгаришлар бўляпти ва бу ҳол давом этяпти. Раҳбариятда ҳам, мураббийларда ҳам. Ҳозир эса ҳамма нарса ўзингизга боғлиқ…

– Футбол шундай ўйинки, яхши жамоа тузишга ва чемпион бўлишга йиллар керак бўлади. Ҳар бир жамоада паст-баландликлар бўлади. Нимагадир бирданига эришиш мумкин эмас. Фақат вақт ҳамда сабр керак. Футболда хоҳлаймизми-йўқми, вақт зарур.

 

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

“Футбол Экспресс” газетаси.

Манба: fcneftchi.uz
Киритилди: 17:32, 17.05.2016.
Ўқилди: 4574 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.