Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзини ўйлайдиган ватанпарвар

Баҳо:
+ | -

Ватанпарварлик ҳақидаги гап-сўзлар кўпинча баландпарвоз бўлади. Агар уруш, очарчилик ёки қандайдир бошқа бир офат ёпирилиб турган бўлмаса, «Ватан учун ундай қилайлик, бундай қилайлик, йўқса ҳолимизга вой», деган гаплар тўқ одамнинг бу қулоғидан кириб, унисидан чиқиб кетади. Ҳаво билан ҳаракатга келадиган автомобиль бўлмаганидек, баландпарвоз гапга ҳам қорин тўймайди.

Бир япониялик футболчи, дейлик, Синдзи Кагаванинг атиги 300 минг евро эвазига Япониянинг шартли «Металлург» жамоасидан Германиянинг «Боруссия Дортмунд»ига, у ерда икки мавсум ўйнаб, 16 миллион евро эвазига Англиянинг «Манчестер Юнайтед»ига ўтганини кўриб, ўзбекистонлик футбол мухлислари асабийлашади: «Нега биздан шундай футболчилар чиқмайди, нега бизникилар Европага бормайди?».

300 минг евро Ўзбекистон клублари учун (балки Кагавани сотган «Серезо Осака» учун ҳам) катта пул бўлиши мумкин, лекин бу Европанинг катта жамоаларига «кўзда тутилмаган харажатлар учун» дегани каби, майда чақадек гап. Футболчини 300 мингга сотиб олган «Боруссия»унинг ўзига бир йилда ҳам шунча пул тўламаслиги катта эҳтимол. Лекин Осиёдан келган бир бола йилига нафақат 300 минг, балки 3 миллион евро пул топиши, «Манчестер Юнайтед» унинг учун 16 миллион евро тўлайдиган даражага чиқиши учун барча шароитни яратиб беради.

Кагава «Серезо Осака»нинг ўзида ёки Япониянинг шартли «Бунёдкор» ё «Локомотив»ида ҳам «Боруссия»даги дастлабки даврида топган пулидан кўпроқ даромад қилиши мумкин эди, чунки Япония — бой, клублари ҳам жаҳоннинг исталган машҳур футболчисини ўз таркибига жалб қилишга қурби етади. Лекин Кагава барибир Европага кетган. Япониядагидан камроқ маош тўлашса ҳам. Ўсиш, ривожланиш, танилиш учун. Ўзи учун.

Яъни, одам нимаики қилса, аввало ўзи учун қилади — ўзига қулай, яхши бўлиши учун. Фақат Шимолий Кореядагилар: «Аввало Ватанимга фойдам тегсин», деб ростмана айтиши мумкин (уларнинг-да самимийлигига шубҳа қиламан), бироқ жаҳоннинг аксарият қисмида одамлар аввало ўзини ўйлайди — бошқача бўлиши мумкин эмас. Одамнинг ўзи яхши бўлса, иши яхши бўлса, охир-оқибат Ватанига ҳам фойдаси тегади. Мана, Япония Кагава билан Осиё чемпиони бўлди-ку.

Хуллас, Ўзбекистонда ҳам футболчилар аввало ўзини ўйлайди. Ўзбекистонда туғилиш бахтига мушарраф бўлган футболчи худди Сиз-у бизга ўхшаб, дунёга бир марта келади. Шу сабаб яқинлари даврасида яхши яшашни, туғилган маҳалласидан узоқлашмай, кўп пул топишни, жонини койитмай, кўнгилхушликлар қилишни истайди. Албатта, камроқ маошга рози бўлиб, Европага ўйнагани кетса, ўша ерда ўзини кўрсатиб, малака оширса, мухлислар хурсанд бўларди ва ундан фахрланарди, охири Ватанига ҳам фойдаси тегарди.

England U21's Chris Smalling wins a header beating Uzbekistan U21's Ivan Nagaev (right) during the friendly match at Ashton Gate, Bristol.

Лекин, бундай олиб қараса, Ватанга фойдаси тегмагани билан, зарар ҳам етказмаяпти-ку — тинчгина юрибди. Ҳа, ҳокимлик қарамоғидаги бир футбол клубининг захира ўриндиғини иситиб ҳам, амалда давлатники бўлган фалон миллион сўм маошини барибир оляпти. Шундай экан, «Чет элга бориб нима қилдим, шу ерда топганимга ҳам мазза қилиб ўзим хоҳлаган машинани ҳайдаб юрибману», деб ўйлаши табиий. Бор-ей, чет элда ўйна, тажриба орттир, деб уни мажбурлашга ҳам ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Жуда асабига тегсак, жаҳл устида бутсасини михга илиб юборса, тамом (ваҳоланки, биз бундан хафа бўлмасдик).

Бу ҳолатни муаммо дейишга тил бормайди (Японияда ҳам захира ўриндиғини иситиб ўтирганлар бор-ку). Лекин бирорта ўзбек футболчиси шу вақтгача «кучли бешлик» чемпионатларида ўйнамагани барибир ўйлантирадиган ҳолат. Ечимни, албатта, икки хатбошига сиғдириб бўлмайди. Аммо бир таклиф бор: иқтидори сезилган футболчиларимизни ҳали 20 га, балки ҳали 18 га ҳам тўлмасидан Европа академияларига юбориш. Худди XX аср бошида иқтидорли ўзбек талабалари давлат ҳисобидан Германияга, мустақилликнинг илк йилларида эса чет элнинг нуфузли университетларга ўқишга юборилгани каби.

Ва бизга атиги битта яхши намуна керак — Германияда порлаган Али Даийдек, Италиядаги ўйинлари билан ҳаммани ўзига ром этган Хидетоши Накатадек, Голландия чемпионатида кашфиётбўлиб, «МЮ»да етакчига айланган Парк Жи Сундек. У, ҳам хорижда ўзбек футболи ва футболчиларини реклама қилсин, ҳам Ўзбекистондаги ёш футболчиларни «Пахтакор» ё «Бунёдкор»нинг захира ўриндиғида чириш эмас, балки тезроқ Европага ва фақат Европага кетишга илҳомлантирсин, ундасин.

Ҳа-я, бир муҳим жиҳат ёддан кўтарилибди — Кагава нафақат ўзини ўйлаган, балки унда мақсад ҳам бўлган, у порлоқ истиқболини тахминан кўра олган ва ҳозирда ёш япон футболчилари учун илҳом манбаига айланган. Агар ҳали 20 ёшга ҳам тўлиб улгурмаган ўзбек футболчиси ўзи учун Европани эмас, балки «Ўзгидромет» атрофидаги тунги клубларни истиқбол сифатида кўраётган бўлса, биз яна бир Кагавамизни бой бериб бўлибмиз…

Муҳрим АЪЗАМХЎЖАЕВ

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 13:17, 21.05.2016.
Ўқилди: 6662 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.