Амалдаги чемпион – “Пахтакор” жорий мавсумни қониқарсиз ўтказмоқда. 10-турдан кейин чемпион жамоани 7-ўринда кўриш ҳавас қилгулик натижа эмас. Доимо етакчилар сафида бўлган “Пахтакор”нинг жорий мавсумни бунчалик муваффақиятсиз ўтказаётгани ачинарли. Чемпионликдан умидини узган жамоа 10-турда ўз майдонида “Нефтчи”га имкониятни бой берганидан кейин бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилди. Аммо бу билан жамоанинг иши дарҳол ўнгланади, дейиш қийин. Қуйида «Пахтакор»нинг муваффақиятсизлиги сабабларини ўргандик.
САМВЕЛ БАБАЯННИНГ КЛУБДАН КЕТИШИ“Пахтакор” учун Самвел Бабаян қандай аҳамиятга эга эканлигини ҳамма яхши биларди. Клубнинг шу даражага етишишида ҳамда ютуқларга эришишида Бабаяннинг роли бениҳоя катта. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига “Пахтакор” ўз номига яраша жарангдор бўлиб бораверди. Аммо ўтган йилнинг ёзида Самвел Вячеславович миллий терма жамоа бош мураббийига айланганидан кейин у “Пахтакор”дан кетди. Чунки бир вазиятнинг ўзида иккита жойда ишлаш мумкин эмасди. Натижада клуб Бабаянсиз фаолиятини давом эттиришга мажбур эди. Унинг клубга таъсири бўлса-да, расман жамоани тарк этиши натижаларга салбий таъсир этди.
МАХАРАДЗЕ, КРИМЕЦ ва ЛОБАНОВДарҳақиқат, ушбу ўйинчилар “Пахтакор” жамоасининг муҳим футболчиларидан эди. Грузиялик яримҳимоячи Кахи Махарадзе марказда ўйнаш орқали жамоанинг ҳимоя ва ҳужумини узвий боғлаб келаётганди. Унинг майдонда катта ҳажмдаги ишни бажариши айни ҳақиқат эди. У кетганидан кейин эса Кахининг ўрнини ҳеч ким боса олмаяпти. Ҳимоя билан яримҳимоя ўртасида эса бўшлиқ пайдо бўлди. Егорь Кримец эса ҳимоянинг устуни эди. Аммо футболчи Хитойнинг “Бейжинг Гоан” клубига кетди ва унинг ўрнини ҳам “Пахтакор”да ҳеч ким тўлдира олмаяпти. Дарвозабон Александр Лобанов Эрон чемпионатига кетгач, Никита Рибкин асосий дарвозабонга айланганди. Аммо ушбу посбон ҳам нималарга қодирлигини кўрсатолмаяпти. Бир сўз билан айтганда, юқорида учликнинг “Пахтакор”ни тарк этиши жамоанинг ўйини бироз заифлашиб қолишига туртки берди.
ЎЗИНИ ОҚЛАМАЁТГАН ТРАНСФЕРЛАРАлбатта, клуб янги мавсум учун тарк этганларнинг ўрнини бошқа футболчилар билан тўлдириши табиий эди. Лекин жамоага келган янги ўйинчилар ёрдам бера олишмаяпти. Масалан, Одил Аҳмедовнинг укаси Азим Аҳмедов гарчи асосий таркибда ўйнаётганига қарамай, у ўзидан кутилган ўйинни кўрсатиб бера олмаяпти. Мураббийлар уни кўпинча ҳимоя чизиғида ўйнатишаётгани учун ҳам футболчи бу позицияга кўниколмаётган бўлиши мумкин. Чунки олдинги беллашувларда айнан Аҳмедовнинг хатолари туфайли гол ўтказилган ҳолатлар кузатилганди. Шунингдек, Суҳроб Бердиев ҳам “Пахтакор”нинг ўйин фалсафасига мос туша олмаётганини айтиш жоиз. У кўпинча захирада қолиб кетяпти. Легионер ҳимоячи Аднан Ораховац “Пахтакор”га ўтган йили келганди. Балки ўшанда таркиб яхши ижрочиларга эга бўлгани сабабли Аднаннинг ўйини унчалик кўзга ташланмагандир. Аммо бу йил етакчилар кетган пайтда у ўзини кўрсатиши керак эди. Бироқ Ораховацнинг маҳаллий ўйинчиларимиздан ҳеч қандай фарқи йўқлигини айтиш лозим.
ИСКАНДЕРОВ ЖАРОҲАТИФутболимизнинг бўлажак юлдузи сифатида эътироф этилаётган Жамшид Искандеровнинг жароҳат олиб сафдан чиққани ҳам “Пахтакор”нинг ўйинига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Техник ва тактик жиҳатдан яхши салоҳиятга эга бўлган футболчининг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир кўрсатди. Ушбу футболчи 2014 йилда жуда яхши натижалар қайд этган бўлсада, сўнгги пайтларда жароҳатидан буткул фориқ бўла олмаяпти.
ИГОРЬ СЕРГЕЕВИқтидорли ҳужумчи Игорь Сергеев ҳам мавсумни яхши бошлаган бўлсада, сўнгги пайтларда ўзидан кутилган ўйинни кўрсата олмаяпти. Миллий терма жамоанинг биринчи рақамли ҳужумчисига айланаётган Игорь клубда ҳам етакчи ва сардор эди. Бироқ аксига олиб Сергеев ҳам ўз ўйинини йўқотиб қўйди. Балки шунинг учун бўлса керак, сардорлик боғичи Станислав Андреевга ўтди. Жамоанинг мана шундай қийин вазиятга тушиб қолганида эса Сергеевга барча масъулиятни ўз зиммасига олиб, ҳақиқий етакчилик қилиш хусусияти етишмаяпти.
ЖАЗОЛАНИШ «СИНДРОМИ»Ўтган мавсумда ЎФФ президенти «Пахтакор» – «Металлург» ўйинидаги «ўйин» учун меҳмон жамоа мураббийини жазолаган, «Пахтакор» клуби раҳбарияти эса йил якунида жиддий жазога тортилиши ҳақида баёнотнома берганди. Ушбу ҳолат турли миш-мишларга сабаб бўлган бўлса-да, клубга нисбатан расман чоралар кўрилгани йўқ. Бироқ жарима ва жазо «синдроми» футболчиларга салбий таъсир этган бўлишини рад этиб бўлмайди.
МОЛИЯВИЙ ҲОЛАТ“Пахтакор”нинг бундай ҳолатга тушиб қолиши сабабларидан бири клубдаги молиявий ҳолатнинг беқарорлигидир. Сир эмаски, охирги пайтларда клубда айнан маблағ масаласида муаммолар борлиги бир неча бор айтилганди. Аслида-ку, бундай муаммо исталган жамоада юз бериши мумкин. Аммо “Пахтакор”да бу ҳолат узоқроқ давом этаётгандек. Албатта, молиявий муаммо ҳам клубнинг натижаларига таъсир қилмасдан қолмайди. Умид қиламизки, шонли тарихга эга жамоамиз ўз мавқеини тиклаб, яна мухлисларни хурсанд этади.