АПЛ МАВСУМИНИНГ ЭНГ ЧИРОЙЛИ 15та ГОЛИ - ВАРДИдан «ЗАМБАРАК» ВА БЕНТЕКЕдан «ВЕЛОСИПЕД». Англия премьер-лигаси мислсиз жозибаси билан миллий чемпионатлар орасида яққол ажралиб туради - тинимсиз кураш, рақобат, сира ён бермаслик... Гўзал голларнинг кўплиги шу жозибага қўшимча тиргак вазифасини ўтайди. Мавсум - 2015|2016да ҳам ақлга сиғмас даражадаги голлар етарлича кузатилди - Варди ижросидаги ўта кучли зарба, Станислас томонидан намойиш этилган «қуруқ барг» усули, Аллининг ҳавода «учган» ҳолда йўллаган тўпи... Тўғри, газетадаги мақолада голлар чиройи, уларнинг моҳиятини очиб бериш мушкул. Шундай бўлсада, Championat.com сайти тузган рейтингни ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик. Чунончи, топ-15 шаклидаги рўйхатга тушган бу шедевр мисол зарбаларни кўпчилик вақтида ёки такрорий лавҳалар орқали томоша қилган. Демак, чиройли голларни шунчаки, бир эсга оламиз.
15. Шинжи Оказаки («Лестер»)
«Лестер» — «Ньюкасл» — 1:0. 25-дақиқа. — 1:0. Қитъадошимиз, япониялик ҳужумчи гарчи деярли бутун мавсум Жейми Варди соясида юрган бўлсада, «Лестер»нинг чемпионлик тахтига кўтарилишида ўз ҳиссасини қўша олди, барибир. Эътиборлиси, «самурай» чемпионатнинг энг чиройли голларидан бирини айнан англиялик амплуадоши ёхуд рақобатчисининг бош билан узатган тўпидан сўнг урди. Яна бир томони шуки, чалқанча усулдаги зарба самараси бўлган ушбу гол «тулкилар»га «Ньюкасл» устидан ўта қимматли ғалабани тақдим этди.
14. Ваҳби Ҳазри («Сандерленд»)
«Сандерленд» - «Челси» - 3:2. 41-дақиқа - 1:1. Даҳшатли «замбарак»! Жарима майдони ташқарисидан йўлланган бундай кучли зарбадан сўнг тўп йўлини тўсиш шунчаки, мумкин эмас. Ўша вазиятда бошқа футболчиларнинг ҳам тўпга оёқ узатишганига парво қилмаган Ҳазри бор кучини зарбага сафарбар этди, гўё. Муҳими, мўлжални ҳам аниқ олди.
13. Кевин Миральяс («Эвертон»)
«Лестер» - «Эвертон» - 3:1. 88-дақиқа - 3:1. «Лестер» бу ўйинда «Эвертон»га иш қолдирмади ва чемпионлик масаласига нуқта қўйди. Лекин учрашувда энг эффектли гол меҳмонлар томонидан урилди. Миральяс ўз жамоасига юпатувчи голни ҳосил қилиш жараёнида майдоннинг иккинчи ярмидан олға интилди ва зарба беришига қадар рақибнинг икки ҳимоячисини икки мартадан чув тушурди. Ҳа, бунақасига ҳаттоки, Лео Месси ҳам ҳавас қилса арзийди. Ҳарқалай, мукаммал ижроки, аргентиналик-да барчасини бундан яхшироқ бажаролмайди.
12. Жуниор Станислас («Борнмут»)
«Борнмут» — «Манчестер Юнайтед» — 2:1. 2-дақиқа - 1:0. Сергей Ткачёв усулига хос ҳаракатни амалга оширган «Борнмут» ярим ҳимоячиси Жуниор Станислас кучли рақибни шунчаки, карахтлаб қўйди. У ўйин бошлангани ҳамоно кимсан Давид де Хеага қарши «велосипед» усулини қўллади. Бир қарашда, футболчи буни ўзи англамаган ҳолда бажаргандек туюлди. Ҳа, бурчакдан тўғри йўлланган бу гол бечора испан дарвозабонини ҳали кўп безовта қилса, ажабмас. Ҳар ҳолда, бунақасини тезда унутиб юбориш қийин-ов...
11. Аарон Крессвел («Вест Хэм»)
«Лестер» — «Вест Хэм» — 2:2. 86-дақиқа - 1:2. «Лестер» етакчиси Жейми Варди майдондан четлаштирилгач, «Вест Хэм» ташаббусни ўз томонига оғдирди ва бу устунлик самараси ўлароқ, аввалига Энди Кэролл пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Кейин эса Аарон Крессвел рақиб дарвозабони Каспер Шмейхелни озгина хижолатда қолдирди - куч ва аниқлик бўйича бетакрор зарбаси билан. Тўғри, ўша учрашувда бўлажак чемпион мағлубиятдан қутулиш уддасидан чиқди, барибир.
10. Мануэль Лансини («Вест Хэм»)
«Челси» - «Вест Хэм» - 2:2. 17-дақиқа - 0:1. «Вест Хэм» вакили томонидан «Идеаллик - бу оддийлик» тушунчасига асосан урилган яна бир ажиб гол. Лансини ўйинда ҳисобни очган беқиёс голни расмийлаштириш учун оддий ҳаракатланди. Яъни дарвозабон Адрианнинг тўпни ўйинга киритишини кутди ва майдоннинг рақибларга тегишли ярмида унинг эгаллашга уринди. Бу ҳаракати натижа бергач, тўпни Тибо Куртуа дарвозаси «тўққизлиги»га йўллашни пайсалга солмади. Натижада бельгиялик кипернинг жон-жаҳди билан сакраши ҳеч қандай наф бермади. Бу сакрашнинг сураткашлар учун ажойиб кадрга айланганини ҳисобга олмаганда, албатта.
9. Димитри Пайе («Вест Хэм»)
«Манчестер Юнайтед» — «Вест Хэм» — 1:1. 68-дақиқа - 0:1. Пайе чиндан ҳам, еврофутболда жарима зарбаларининг энг маҳоратли ижрочиси. У бу борада Лео Месси билан бемалол рақобатлашиши мумкин. Бунга мавсум давомидаги бежирим зарбалари далилдир. «Вест Хэм» ярим ҳимоячиси шундай ижролардан бирини жабрдийда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда амалга оширди. Кўринишидан, футбол оламида янги «стандартлар қироли» бош кўтармоқда, чоғи.
8. Аарон Рэмси («Арсенал»)
«Тоттенхэм» — «Арсенал» — 2:2. 39-дақиқа - 0:1. «Шимолий Лондон дербиси» - бу барча учун кафолатланган томоша. Мисол учун, «Уайт Харт Лейн»даги ўйинда сўнгги дақиқаларгача қайноқлик давом этиб, у мавсум безагига айланди. Зеро, «Арсенал» ва «Тоттенхэм» футболчилари мухлисларни эҳтирос ва қизғинлик, шиддат ва жўшқинликдан ташқари, 4та гол билан сийлашди. Яна қанақа денг! Айниқса, Рэмсининг ҳисобни очувчи голи ҳайратланарли чиқди. Шунчаки, оёқнинг товон қисми ёрдамида феноменал ечим. Эҳ, қанийди, уни газетада кўрсатишнинг иложи бўлганида...
7. Жермейн Ленс («Сандерленд»)
«Сандерленд» — «Вест Хэм» — 2:2. 23-дақиқа - 2:0. Киев «Динамо»сининг собиқ футболчиси ижросидаги идеал «парашют». Жабрдийда - Адриан. Боз устига, мукаммал зарбадан сўнг тўп дарвоза тўрига бориш йўлида тўсинни «силаб» ўтди. Биласиз, дарвоза тўсини ёки устуни аралашган гол янада эффектлироқ кўринади одатда.
6. Гарри Кейн («Тоттенхэм»)
«Тоттенхэм» — «Арсенал» — 2:2. 62-дақиқа - 2:1. Гарри Кейн - ажойиб футболчи ва шундай таваккалчи ҳам. У гоҳида ноқулай ҳолатда турган бўлсада, дарвозани ўққа тутишга жазм этади. Юқорида таърифланган ўйинда кузатилган яна бир чиройли гол шундай таваккалнинг маҳсулидир. Бу вазиятда футболчи қанотдан туриб, тўпга айланма йўналиш берди. Очиғи, энг сара юлдузлар ҳам бундай ҳолатда дарвозани нишонга олишга журъат этолмайдилар.
5. Деле Алли («Тоттенхэм»)
«Кристал Пэлас» — «Тоттенхэм» — 1:3. 84-дақиқа - 1:2. Алли АПЛдаги дебют мавсумидаёқ бутун Англия футбол жамоатчилиги қалбини забт этди. Бунда ўта фаоллиги муҳим аҳамият касб этгани аниқ, аммо чиройли ҳаракатлари ва уларнинг самараси ҳам ўз сўзини айтди. Хусусан, «Кристал Пэлас»га қарши баҳсни олайлик. Рақиб мазкур учрашувда лоақал дурангга умид боғлаб, шунга яраша ҳимояни мустаҳкам ушлади. Ёш хавбек эса тўпга бир айланган ҳолда зарба бериб, ўта томошабоп гол муаллифига айланди ва «Кристал Пэлас» умидини батамом сўндирди. Голнинг чирой очишида Эриксеннинг ҳаракатлари ҳам муҳим ўрин тутди. Зеро, даниялик футболчи тўпни жамоадоши йўлига ўта нафислик билан ташлаб қўйди - боши билан рақибнинг устидан. Алли эса яқин бурчакни кўзлади ва адашмади.
4. Шердан Шакири («Сток Сити»)
«Эвертон» — «Сток Сити» — 3:4. 45-дақиқа - 1:2. Икки жамоа 28 декабрь куни ақлни шошириб қўядиган футбол намойиш этди. Ўта сермаҳсул баҳсни Шакири томонидан урилган иккинчи гол чинакамига безади. Реалликка номувофиқ зарба. Кркич узоқ масофадан туриб, олдинга интилаётган жамоадошига «пас» берди ва Шердан жарима майдони чизиғи устидан ҳеч қандай тайёргарликсиз айланма зарбани ижро этди. Тўп эса гўёки, дарвозабон Ховардни калака қилгандай ўта тушунарсиз ва мураккаб траектория бўйича ҳаракатланиб, оҳистагина тўрга «илинди». Бечора кипернинг қўл силтаб қўйишдан ўзга чораси қолмади.
3. Рейндли Мартина («Саутгемптон»)
«Саутгемптон» — «Арсенал» - 4:0. 19-дақиқа - 1:0). «Канонирлар» янги йил арчаси остидан совға топишмади, аксинча, «Саутгемптон»га шармандали тарзда ютқазиб (0:4), кучли бош оғриғига дучор бўлишди. Ўша учрашувда ҳисобни Мартин очди - ақлга мутлақо сиғмайдиган зарбаси билан. У чамаси 25 метрлар узоқликдан тўпни товонининг ташқи қисми билан раҳмсизларча тепди. Зарба кучидан «гангиб» қолган тўп эса фантастик тарзда дарвозанинг узоқ бурчагига бориб тушди.
2. Жейми Варди («Лестер»)
«Лестер» — «Ливерпуль» — 2:0. 60-дақиқа — 1:0. «Тулкилар» мавсумнинг энг яхши голи сифатида айнан Жейми Варди томонидан «Ливерпуль» дарвозасига йўлланган замбарак зарба маҳсулини кўрсатишди. Чемпион жамоа голеадори Риёд Маҳрезнинг анча узоқ масофадан узатган тўпини тўхтатмай, яна ҳавога сакраганча Симон Миньола дарвозасига «михлаб» қўйди. Оддий айтганда, Маҳрез айлантирди, Варди эса жарима майдони атрофидан айланма тўпга юқори суръат бағишлади.
1. Кристиан Бентеке («Ливерпуль»)
«МЮ» — «Ливерпуль» - 3:1. 84-дақиқа - 2:1. «Ливерпуль» Луис Суаресга муносиб ўринбосар қидириш жараёнида анча харажат қилишга улгурди. Бельгиялик ҳужумчи ҳам шу мақсадда харид қилинган қимматбаҳо футболчилардан бири ва бунинг учун клуб етарлича танқидларга учради. Лекин Кристиан «Олд Траффорд»да кичик мўъжиза кўрсатдики, бу голини туманли ўлкада урган энг чиройлиси сифатида тилга олиш мумкин. Хуллас, ўнг қанотдан бўлган узатмадан сўнг футболчи жарима майдони ичига ёпирилиб кирди ва ўзини ҳавога отганча «қайчи» услубини ижро этди. Асосийси, зарба ўта аниқ чиқиб, тўп узоқ бурчакка «қадалди».
А.ҚОДИРОВ тайёрлади