Кириш Регистрация
04/11 00:45 Интер 1-0 Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-1 Бетис
04/11 19:00 Ал-Васл 1-1 Ас-Садд
04/11 21:00 Ал-Аҳли (СА) 5-1 Аш-Шорта
04/11 21:00 Персеполис 1-1 Ал-Ғарафа
04/11 22:30 Эмполи 1-0 Комо
04/11 22:30 Парма 0-1 Женоа
04/11 23:00 Ал-Ҳилол 3-0 Истиқлол
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост - Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале - Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе - Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим - Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор - Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Услуб (Самвел Бабаян ҳақида)

Баҳо:
+ | -

Мураббий - шундай инсонки, натижа учун энг аввало, у жавобгар бўлади. Шундай экан, фақат угина жамоа ўйини билан боғлиқ муҳим қарорларни қабул қила олади. Таркиб танлаш, ўйин услубини аниқлаш, кимдан қачон ва қаерда бўлишни талаб қилиш фақат унинг ваколатида. Чунки у - мураббий! Эртага нимадир ўхшамай қолса, фақат у жавоб бериши керак. Шундай экан, бугунги эътирозимиз балки бошқача янграши мумкиндир, бироқ айтмасак бўлмади. Бунинг сабаби эса - ЕЧЛ финали.

Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келганига анча бўлди. Унинг ўзига хос ғоя ва мақсадлари борлиги аниқ, гарчи биз ҳозирга довур тушуниб улгурмаган бўлсак-да. Ёдингизда бўлса, Бабаян сафарда Филиппинга қарши кечган учрашувдаги ғалабадан (5:1) сўнг машҳур бўлиб кетган бир гапни айтган эди:  «Биз янги ўйин услубини такомиллаштирмоқдамиз ва яқинда у бутун Осиёда машҳур бўлади». Бу гап айтилганидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси бешта расмий ўйинда майдонга тушди ва барчасида ғалабага эришди. Аммо бир муаммо - ўша «Осиёда машҳур бўлиши кутилган ўйин услуби»ни биз кўрмадик. Ёки мен кўрмагандирман. Нима бўлган тақдирда ҳам, фақат эпизодлар билан ёдда қолган бу ўйинлар кўпроқ «балки ўхшаб қолар» қабилида кечгандек туюлди. Балки менга шундай туюлгандир. Билмадим.

Келинг, шу ўринда ўйин услублари қандай бўлиши мумкинлиги ва мураббий бирор қарор қабул қиларкан, нимани кўзда тутишини кўриб чиқайлик. Аслида-ку, шахсий фикримга кўра, «Барселона» ва «Атлетико»дан бошқа бирор жамоанинг доимий ўйин услуби бўлишининг ўзи ғалати. Чунки ҳар қандай жамоа, энг аввало, рақибга қараб турланиши ва уни енгишнинг минг хил йўлини кўриб чиқиши шарт. Фақат Месси ва Симеонеси бор жамоалар бундан мустасно. «Барселона» ҳужум қилиб турса бўлгани, Мессининг ўйини ўхшайдими ёки йўқ, барибир, у билан рақибнинг 2-3 футболчиси овора бўлиб қолади. Бундан фойдаланган Суарес эса голларни уриб кетаверади. У ёғини сўрасангиз, Гвардиола ёки Луис Энрике қай даражада кучли мураббийлиги ҳақида баҳс йиллар давомида тўхтамаслиги мумкин, аммо биз уларнинг бахти - Месси билан бирга ишлаганликларида эканини яхши биламиз!

Ўз навбатида, Симеоне борасида ҳам шунга ўхшаш фикр билдириш мумкин. Эсланг, «Атлетико»нинг таркиби ўтган йиллар давомида қанчалик ўзгарди. Фалькао кўзга кўриниб қолганди, сотиб юборилди. Диего Коста гол ура бошлаганди, унга ҳам харидор топилди. Де Хеа «МЮ»га кетгунга қадар айнан «Атлетико»да кўзга ташланганди. Кейин Тибо Куртуа дегани «Челси»га тарбиялаб берилди. «Атлетико» ҳар йили бирор етакчисидан айрилади, аммо ҳамон Европанинг энг кучли клубларидан бўлиб турибди. Нима учун? Чунки унинг Диего Симеонедек мураббийи бор. Шундай экан, «Атлетико» ҳар қанча етакчиларини йўқотмасин, бир хилда ўйнашда давом этаверади. Уч қаватли ҳимоя, анчайин қўпол ўйин эвазига бўлса-да рақиб шаштини синдириш ва қарши ҳужумлардан гол уриб кетиш - «Атлетико»нинг ташриф қоғози. Айнан шу услуб туфайли жамоа бу йил ҳам Чемпионлар Лигаси финалига етиб келди. Бир оғиз сўз билан ифодалаб берадиган бўлсак, «Барселона» ҳужумкор, «Атлетико» эса ҳимоявий ўйини билан танилган ва бу услубидан яқин орада воз кечмаса керак.

Аммо ҳамма гап шундаки, уларнинг иккисига ҳам қарши услуб мавжуд. Ҳар қандай жамоа битта ўйин услубини маҳкам ушлайдиган бўлса, унга қарши тура оладиганлар ҳар доим топилади. «Барселона» қанча ҳужум қилмасин, бу жамоани енгиш мумкинлигини ўз вақтида «Рубин»нинг собиқ бош мураббийи Қурбон Бердиев кўрсатиб берган эди. Бу йил ушбу қоидани Диего Симеоненинг «Атлетико»си яна бир бор исботлай олди. «Барселона» ЕЧЛда қандай мағлуб этилгани ёдингиздами?

Аммо Чемпионлар Лигаси финали «Атлетико»нинг ҳимоявий ўйини ҳам умрбод ва барқарор эмаслигини кўрсатиб қўйди. Яхши биламиз, бу баҳсда Симеоненинг «Атлетико»сига қарши Зидан бошчилигидаги «Реал» майдонга тушди. Табиийки, «Барселона» ва «Бавария»дек жамоаларни мусобақадан чиқариб юборган рақибга қарши ўйнаш осон эмас. Боз устига, «Реал» устозида ҳам тажриба деганлари катта эмас. Буни Зиданнинг ўзи ҳам тан олган ва «Симеонедек бўлишига ҳали анча борлиги»ни айтиб ўтган эди. Аммо якунда шунга гувоҳ бўлдикки, Зидан «Атлетико»ни енгишнинг йўлини топган экан.

«Атлетико»га қарши истаганча ҳужумкор ўйин кўрсатиш мумкин, чунки унинг ўзи шуни хоҳлайди. Аммо бундай ўйин билан уни мағлуб этиш анча қийин иш. Ишонмаганлар «Барселона» ва «Бавария»нинг ҳолига қарашсин. Буни Зидан ҳам жуда яхши билар эди. Шу сабабли у ҳимоявий жамоага қарши ҳимоявий тактика танлади, яъни «заҳарни заҳар билан кесди». У бутун майдон бўйлаб ҳужумга ўтиб, ҳимоясидаги заиф нуқталарни «Атлетико»нинг қўлига топшириб қўймади. Аксинча, чуқур прессингга асосланган эҳтиёткор ўйин танлади. «Реал» футболчилари керак бўлганда ҳатто, тўпни атайлаб «Атлетико»га топшириб қўйдилар. Шу билан бирга, имкон туғилгани ҳамоно тезкор қарши ҳужум ташкил қилдилар.

«Матрасчилар» эса бунга кўникмагандилар. Улар тўп билан кўп муомала қилишнинг ҳадисини олмаганлар, шу сабабли, нима қилишни билмай қолдилар. Агар «Реал» тезкор қарши ҳужумларда юзага келган имкониятлардан фойдалана олганда, ўйин ҳисоби анча йирик кўриниш олиши ҳам мумкин эди. Фақат Роналду ва Бенземанинг яхши формада эмаслиги «Атлетико»га қўл келди. Симеоне - тажрибали мураббий ва иккинчи бўлимда ҳимояда ўйнашга кўниккан Аугустонинг ўрнига Карраскони майдонга тушириб, вазиятни бирмунча ўнглади, жавоб тўпини киритишга ҳам муваффақ бўлди. Аммо унинг шогирдлари барибир, ўзлари кўникмаган услубда тўп суришдан шу қадар чарчаган эдиларки, пенальтилар сериясида руҳан синиб қолдилар. Яна ким денг - Симеоненинг шогирдлари! Ахир улар руҳий барқарорликлари билан танилган эдилар-а...

Шундай экан, ҳар қандай услубга қарши услуб топиш топиш мумкин бўлган замонавий футболда Ўзбекистон терма жамоаси «Осиёда таниқли бўладиган ўйин услуби»ни шакллантиргандан кўра,  ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашиб, рақибга қараб ўйнашни ўрганиб олгани маъқул бўлмасмикан? Терма тарихида бирор услубга кўра ўйнаш амалиёти аллақачон бўлган. Масалан, Вадим Абрамов даврида терма жамоа «Барселона» каби тўпга эгалик қилишга интиларди. Миржалол Қосимов келгач эса қарши ҳужумда ўйнашга ўтиб олишди. Истардикки, Самвел Бабаян жамоаси бирор ақллироқ ўйин намойиш қилса. Тўғри, терма барча ўйинларда ғалаба қозонмоқда. Бу яхшими? Яхши албатта, аммо Филиппин ва Баҳрайн 1:0 ҳисобида аранг мағлуб этилган бўлса, Хитой, Қатар, Эрон ва Жанубий Кореяга қарши кечадиган ўйинларда нима бўлади? Кутайликчи, ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида Самвел Бабаян бизни нима билан ҳайрон қолдирар экан...

АБДУЛЛОҲ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:12, 14.06.2016.
Ўқилди: 12001 марта.
Фикрлар: 96 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.