Кириш Регистрация
13/05 00:00 Страсбур 2-1 Метц
13/05 00:00 Клермон 0-1 Лион
13/05 00:00 Нант 1-2 Лилль
13/05 00:00 Монпелье 0-2 Монако
13/05 00:00 ПСЖ 1-3 Тулуза
13/05 00:00 Ренн 1-1 Ланс
13/05 00:00 Марсель 3-1 Лорьян
13/05 00:00 Бетис 3-2 Альмерия
13/05 19:00 Сурхон 1-1 Динамо
13/05 19:00 Насаф 0-0 Бунёдкор
13/05 21:30 Лечче 0-2 Удинезе
13/05 23:45 Фиорентина 2-1 Монца
14/05 00:00 Астон Вилла 3-3 Ливерпуль
14/05 00:00 Барселона 2-0 Реал Сосьедад
14/05 19:00 Локомотив - ОКМК
14/05 22:30 Осасуна - Мальорка
15/05 00:00 Тоттенхэм - Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид - Алавес
15/05 01:00 Жирона - Вильярреал
15/05 22:30 Севилья - Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано - Гранада
15/05 23:45 Брайтон - Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс - Марсель
16/05 00:00 Ницца - ПСЖ

Олам футбол оғушида ва биз ҳам...

Баҳо:
+ | -
Бўлим:

Дунё бугун футбол руҳи билан яшамоқда. Қаерга борманг, ўша ерда футбол мавзуси авжида. Футболга қизиқмайдиган киши билан сўзлашсангиз, ҳатто у ҳам қайсидир учрашувни кузатган бўлиб чиқади. Баҳслардаги бепоёнликдан кўзи тиниб, шошиб қолаётганлар ҳам оз эмас. Кимлардадир ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Сал нарида Америка кубоги ғалати-ғалати натижаларни тақдим этиш билан банд. Ўз майдонида колумбиялик футболчиларга ютқазган АҚШ термаси 2-турда йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Юрген Клинсманн шогирдларининг ЖЧ-2014да «сенсация»лари билан танилган Коста-Рика термасидан устун келишгани барчани ҳайратлантирди. Йўқ, Коста-рикаликлар қўл қовуштириб ўтирмадилар. Митти мамлакат футболи Хамес Родригес жамоадошларини таслим қилди. Дунга шогирдлари Гаити, Мартино шогирд­лари эса Панама термаси билан истаганча «сичқон-мушук» ўйини ўтказишди. Чили-Боливия баҳси асосий вақтдан сўнг яна 12 дақиқа давом этди. Энг қизиғи, чилиликлар қўшимча 11-дақиқада ғалаба тўпини киритишди. Ўша куни Артуро Видаль, Алексис Санчес, Клаудио Браво каби футболчилар пешонасига ғалаба қозониш битилган экан. Чили термаси қўшимча вақтда кучайди. Шу паллада футболчилар кучига куч қўшилди. Хуллас, улар эплашди, уддалашди.

Умуман олганда, терма жамоалар таркибига Европадан бориб қўшилган футболчилар турли кайфиятда тўп суришмоқда. Масалан, мухлисларнинг талаб-истакларидан сўнг қисқа муддат майдонда бўлган Лео Месси завқ-шавқ билан тўп сурди ва «хет-трик»ка эришди. Уругвай термаси таркибидаги Хименес, Годин, Кавани каби футболчиларда эса бундай иштиёқ кузатилмади.

Ишончимиз комилки, ушбу мулоҳазаларни ўқиётганингизда, бундан-да қизиқарли воқеалар содир бўлади, кутилмаган натижалар қайд этилади. Зеро, АҚШ футбол майдонларида руҳан кўтаринкилик ва толиққан маҳорат ўртасидаги қарама-қаршилик жиддий тус оляпти. Биз барчасини кузатамиз, завқланамиз, ижобий ва салбий жиҳатларни бир-биридан ажратамиз, футболимиз ривожи учун тегишли хулосалар чиқаришга интиламиз. Аксарият  мухлисларнинг эса бундай йўл тутмасликлари аниқ. Чунки Евро-2016нинг қайноқ муҳити, учрашувлардаги юксак маҳорат Америка кубогидек кўҳна турнирга соя солиши муқаррар. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Негаки, Европа чемпионати обрўси шу қадар баландки, бу борада унга ҳаттоки, мундиал-да ҳавас билан боқади.

Мана, Евро-2016да иштирок этаётган терма жамоалар мураббийлари Америка кубогидаги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, янгича футбол тафаккурини намойиш қилиш йўлидан бормоқдалар. Дейлик, бу сафарги Америка кубогида Оскар Табареснинг ўрни сезилмади. Айрим таниқли футболчилар ҳам у каби «Копа Америка»га панжа орасидан қарашди. Балки Евро-2016дек йирик турнирга алоҳида эътибор қаратилаётгани уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатгандир. Ҳар ҳолда, Европа футбол муҳитидан тўғри океан ортига бориб, аввалгидек иштиёқ ва маҳорат билан тўп суриш баъзи футболчилар учун осон кечмайди. Қолаверса, феъл-атвор ва дунёқарашнинг ҳам бу масалага нисбатан таъсирини унутмаслик даркор. Стадионларга мухлислар ташрифи борасида эса Америка кубоги нолимаса ҳам бўлади. Еврофутбол ҳавосидан бенасиб, унинг юлдузларини соғинган америкалик мухлислар стадионни тўлдириб, «Месси! Месси!» - дея ҳайқиришгани фикримизнинг далилидир. Бироқ Америкадан узоқда жойлашган Осиё ва Африка учун Евро-2016нинг тоши оғир, барибир. Қизиқ, айни дамларда Европада Америка кубогига муносабат қандай экан? Ҳарқалай, 24та терма жамоа мухлислари учун «Копа Америка» унутилди, десак муболаға бўлмайди. Агар мутасаддилар бу кўҳна турнир обрўсини оширишни ўйлаганларида, уни кейинги йилга суришарди. Бундай йўл тутишмадими, демак, уларда бошқа мақсад мавжуд.

Евро-2016 эса тобора қизимоқда. «Реал»нинг икки ишончли футболчиси - Гарет Бэйл ва Лука Модрич ажойиб голлари билан мухлисларни хушнуд айлашди. Терма жамоа етакчиси бўлишни шу иккисидан ўрганса арзийди. Арда Турон эса улар каби юксак эҳтиромга эришолмади. Фотиҳ Терим ўзининг суюкли футболчиси ҳаракатларидан қониқмади ва Хорватия термасига қарши кечган қийин учрашувнинг иккинчи бўлимида уни алмаштириб юборди. Афсуски, «Барселона» таркибида кўпинча захирада ўтириш Арда Турондек футболчининг савиясига салбий таъсирини ўтказиб улгурибди. АПЛ ҳавосида тобланган икки футболчи эса Франция термаси ғалабасини таъминлади. Дидье Дешамнинг мураббий сифатидаги ютуғи сара кучлардан унумли фойдаланаётганидир. Хусусан, Димитри Пайенинг истеъдоди Славен Билич қўл остида яна ҳам ёрқинлашди. О, у «Вест Хэм» таркибида нималарни амалга оширмади, дейсиз?! Мана, ўша мукаммаллашув энди Франция термасига асқотмоқда. Таъбир жоиз бўлса, инглиз футболи беихтиёр француз футболини қутқармоқда, унга ҳусн бағишламоқда. Ўзи эса ўзгаларга меҳр бериб, ғалабадан қуруқ қолди. Назаримизда, етакчи клубларда фаолият кўрсатмагани Рой Хожсонга панд берди. Англия термаси Леонид Слуцкий шогирдларидан бир бош баланд савияда тўп сурди, аммо бу устунлик ҳисобда ўз аксини топмади. Рой Хожсон ишлаган клубларда ҳам шу каби ҳолатлар кўп кузатилганини назарда тутсак, мураббий услуби ва феъл-атвори ажойиб терма жамоани юксак ютуқлардан чалғитиши мумкин. Ҳарқалай, шундай хаёлга боради киши беихтиёр. Яна ким билади, дейсиз? Келгуси баҳсларни кутамиз ва кузатамиз. Миллий терма жамоамиз каби «Футбол - ҳимояланишдир!» ақидасига мувофиқ ўйнаган Леонид Слуцкий шогирдлари фақат омад эвазига бир очкони қўлга киритишди. Истисно тариқасида айтишимиз мумкин, гол урилган вазиятда Василий Березуцкий бутунлай ўзини унутди. Рус характерининг жон аччиғида тўпга ташланиши боис, Крис Смоллинг курашда енгилди. Бир марта ва бир лаҳза! Бошқа барча ҳолатларда тўп Артём Дзюба сари бесамар узатилаверди. Бу услуб бизга нақадар таниш...

Ҳа, бу каби таниш манзаралар сизу-бизда талайгина. Ана, Сервер Жепаров «Бухоро» дарвозасига ажойиб зарба йўллади. Сал ўтмай, мухлислар Лука Модрич ижросида шунга ўхшаш зарбани кўришди. Фарқи шундаки, Сервер ўша вазиятда эркин ҳаракатланди ва қаршиликка учрамагани учун тўпга хумордан чиқиб зарба берди. Қани энди, у ЖЧ-2018 саралаш бос­қичида ҳам вазиятлардан шундай фойдаланса. Ишонгимиз келади - Жепаров бўлмаса, бошқа футболчимиз шундай йўл тутади. «Навбаҳор»нинг дуранги бизни шундай ёзмоққа ундади. Бизда ўзгачаликка интиладиганлар бор ва улар сачратаётган умид учқунлари боис, футболимиз ривожланаверади. Эҳтимол, кимлардир олий лиганинг охирги турида «Бухоро» ва «Қизилқум»дан қаҳрамонлик ҳамда мўъжиза кутишгандир. Бизнинг назаримизда эса, бунинг учун ҳали эрта. Айниқса, «Локомотив» каби клубга қарши ўйнаш наин­ки, «Бухоро», балки «Ал-Айн» учун ҳам қийинчилик туғдиради. «Темир­йўлчилар»нинг ўйин сифати ҳозирда том маънода тобига келди. Кўз тегмасин! Футболимиз янги марралар сари тезюрар ва замонавий «Локо» орқали борса, неажаб...

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Inter
Киритилди: 11:17, 16.06.2016.
Ўқилди: 5706 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.