Шаҳрилло Маҳмудов: “Ваҳима қилишга мутлақо асос йўқ”
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида Халқаро оғир атлетика федерациясининг Ижроия қўмитаси йиғилишида бир қатор масалалар қатори допинг муаммоси ҳам кўтарилган. Халқаро оғир атлетика федерациясининг расмий сайтида берилган ахборотда икки бор Ўзбекистон ҳам тилга олинган.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, федерация матбуот хизмати шу кунларда Тбилисида бўлиб турган ва Халқаро оғир атлетика федерациясининг йиғилишида бевосита иштирок этган Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрило Маҳмудов билан телефон орқали боғланди. Қуйида ана шу суҳбат бироз қисқартирилган ҳолда берилган.
- Шаҳрилло ака, йиғилиш кун тартибидаги допингга қарши кураш масаласи бўйича билдирилган фикрлар, чиқарилган қарорлар биз учун, ўзбек оғир атлетикачилари учун қай даражада алоқадор?
- Тан олиш керак, мазкур воқеалар қисман ўзбек оғир атлетикасига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо қатъий айтаман, ваҳима қилишга, шов-шув кўтаришга мутлақо асос йўқ. Сабаби, асосий ва ёшлар терма жамоамиз аъзолари учун бу гап-сўзларнинг умуман алоқаси йўқ. Етакчи атлетларимиз тўлиқ таркибда Олимпиадага ҳозирлик кўришда давом этишяпти. Ёшларимиз ҳам ҳеч қандай муаммосиз Тбилисида супачага чиқишади.
Маълумки, бундан бирмунча вақт олдин, барча Олимпия турлари қатори, оғир атлетикада ҳам сўнгги икки Олимпиада – Пекин ва Лондон ўйинларида қатнашган спортчилардан олинган допинг пробаларни қайта текширувдан ўтказиш кампанияси бошланди. Албатта, бу текширув оғир атлетикачиларни ҳам четлаб ўтмади. Шундан кейин Халқаро оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг Грузияда, жаҳон чемпионатидан олдин бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилиши кун тартибига асосий масалалардан бири сифатида “Допингга қарши кураш муаммоси” қўйилди.
Йиғилиш давомида сўнгги текширувлар натижасида ижобий натижалар ҳам кузатилганлиги таъкидланди ва шундан кейин Халқаро оғир атлетика федерацияси айрим спортчи ва миллий федерацияларга нисбатан чора кўришга қарор қилди. Пекин ва Лондонда уч ва ундан ортиқ спортчиси қонида таъқиқланган модда бўлганлиги исботланган федерациялардан 2 та Олимпия квотаси олиб қўйилди. Бу кўрсаткич камроқ бўлган федерацияларга нисбатан ҳам тегишли тарзда чоралар қўлланилди.
Тан оламан, ўтган 8 йил давомида бизнинг спортчиларда ҳам эҳтиётсизлик оқибатида ман этилган тиклантирувчи воситалардан фойдаланилган ҳолатлар рўй берган. Бунинг учун федерация ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилади ва бундан буён допингга қарши муросасиз курашга тайёр. Хуллас, ўтган давр ичида йўл қўйилган камчиликлар учун, хусусан 2013 йил давомида бир неча ёш спортчиларимиздан олинган таҳлиллар натижасига кўра, бир неча давлатлар қаторида Ўзбекистондан ҳам аёллар учун берилган ягона квотани олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарди.
Маълумки, оғир атлетикада Олимпия йўлланмалари муайян бир спортчига берилмайди, жамоага берилади. Демак лицензиялардан маҳрум қилиниш чораси ҳам бирон-бир атлетга эмас, балки жамоанинг ўзига нисбатан қўлланилади. Бизнинг Олимпиадага бориши мумкин бўлган ҳеч бир спортчимиз допингга тушгани йўқ. Уларнинг ҳеч бири халқаро мусобақалардан дисквалификация қилинмайди. Етакчи спортчиларимиз бемалол нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этаверадилар. Фақат аёллар жамоамизнинг Олимпиада йўлланмаси олиб қўйилди, холос. Ўйлайманки, бу жазо биз учун у қадар кучли руҳий зарба бўла олмайди. Эркаклар жамоамизнинг 5 та йўлланмаси ўз жойида турибди. Олимпиадада эса биз асосан йигитларимиздан юқори натижалар кутиб турибмиз.
Яна қайтариб айтаман, бу сўзлар ўзимизни оқлаш учун сабаб бўла олмайди, фақат вазиятга тўғри баҳо беришимиз лозим. Халқаро оғир атлетика федерацияси спортчиларнинг допинг қабул қилишларига қарши жуда кескин кураш очган. Фақат допингга қарши кураш масалалари билан шуғулланувчи махсус комиссия иш бошлаган. Кўриладиган чоралар ана шу комиссия қарорига кўра эълон қилинади. Бу йўлда амалга ошириладиган тадбирлар, лозим бўлса жазо чоралари аёвсиз бўлиши аниқ. Масалан, Россия, Беларус ва Қозоғистон жамоаларини, аввалги икки Олимпия ўйинларида кўпчилик атлетлари допингга тушгани учун умуман “Рио-2016” Олимпиадасидан четлатиш масаласи ҳам кўриляпти. Озарбайжон, КХДР, Молдова, Руминия каби давлатлар ҳам жазоланганлар рўйхатида бор. Ҳозиргача қўлланилган жазо чораларидан оғир атлетика ривожланган ҳеч бир давлат бебаҳра қолгани йўқ. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон терма жамоасидан битта қизлар йўлланмаси олиниши адолатли ва оғир оқибатларга олиб келмайдиган қарор.
- Шаҳрилло ака, яна бир савол бор. Мана шу кичик бўлса ҳам жазо чорасидан қутулиш, бошқача қилиб айтганда, допинг билан боғлиқ ана шу воқеаларнинг олдини олиш имкони бормиди бизда?
- Жуда ўринли савол. Мен ҳозир бу масалани оддийроқ тилда тушунтиришга ҳаракат қиламан. Спортчиларнинг қон таҳлилларини текширадиган бугунги ускуналар бундан 4 йил, қолаверса 8 йил олдингиларидан кескин фарқ қилади. Маълум бўлишича, 2013 йил бизнинг ёш спортчиларимизга берилган аналгин, пенталгин сингари оддий – оғриқ қолдирувчи, юрак фаолиятини мўътадиллаштирувчи ёки микробларга қарши курашувчи дори воситалари таркибида ҳам таъқиқланган моддалар бор экан. Олдинги ускуналар буни аниқлай олмаган, ҳозирги аппаратлар эса шу препаратлардан ижобий натижа чиқаряпти.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишим керак, спорт мутахассислари орасида тиббий маданиятни, тиббий билимни ошириш ҳам жуда долзарб бўлиб боряпти. Бу масала билан федерацияда, терма жамоада кучли мутахассислар иш олиб бориши лозим. Энг муҳими, улар замон билан ҳамнафас юриб, халқаро миқёсдаги ўзгаришлардан ўз вақтида бохабар бўлиб туришлари зарур. Мураббийларнинг ўзлари ҳам бу борада доимий равишда малака ошириб боришларига тўғри келади. Мунтазам семинарлар ташкил этиш керак. Халқаро ва Осиё федерациялари ҳам бу масалага энди жуда жиддий эътибор қарата бошлайдилар.
Қисқача хулоса қиладиган бўлсам, Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан қўлланилган жазо чораларидан кўзланган асосий мақсадлар иккита. Биринчиси: Халқаро оғир атлетика федерациясининг Халқаро Олимпия Қўмитаси ва Бутунжаҳон допингга қарши кураш агнетлиги (WADA) томонидан олиб борилаётган аксилдопинг сиёсатини ёқлаш ва бу жараёнда фаол иштирок этиш. Шу орқали оғир атлетиканинг Олимпия ўйинлари дастуридаги, Олимпия оиласидаги ўрнини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаб бориш. Иккинчиси: Оғир атлетика ривожланган давлатлардан олиб қўйилган квоталар (лицензиялар)ни энди ривожланиб келаётган мамлакатлар ўртасида тақсимлаш ва шу орқали оғир атлетиканинг барча қитъалар, бутун ер юзи бўйлаб оммавийлашиб боришига эришиш. Масалан, жазоланган жамоалардан олинган лицензиялар – 24 та квота Осиёнинг Ироқ, Шри-Ланка каби, шунингдек, Африканинг бир қатор давлатларига бўлиб берилди.
Манба: olympic.uz
Киритилди: 14:34, 27.06.2016.
Ўқилди: 7237 марта.
Фикрлар: 1 та.