Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Футболча парадокс ёхуд қаддингни кўтар, йигит! (Месси мухлислари ўқисин)

Баҳо:
+ | -

Аргентинада чоп этиладиган «Оле» нашрининг муқовасини кўриб, қаттиқ таъсирландим. Унда Лионел Мессининг пешонасини ерга тираганча чўккалаб турган ҳолати берилган, остида шундай сўз ёзилган эди: «Кетма!».

Ҳа, футбол афсонаси (Мессига мухлис бўлмаганлар бу гапимдан ранжимаслар деб ўйлайман) ўттиз ёшга кирмасдан миллий терма жамоасидан кетишни ихтиёр этмоқда. Оғир, Леонинг ўзига ҳам, унинг мухлисларига ҳам.

Беш карра «Олтин тўп» соҳиби учун она юрти жамоаси таркибида бирор-бир жиддийроқ совринга эришмай кетиш оғир. Мухлис учун суюкли футболчисини шундайин маҳзун ҳолда кўриш оғир. Лекин, начора…

Аргентинанинг Мессидек даҳо даврида кетма-кет учта йирик мусобақа финалида ютқазиб қўйганига гувоҳ бўлган мухлис сифатида, бу омадсизликнинг сабаблари нимада экан деб кўп ўйладим. Кимлардир бунга мазкур юлдузли жамоанинг мураббийларини айбламоқда. Бўлса бордир. Мен ўзимча бу муваффақиятсизликлар сабабини бошқа томондан кўраяпман…

Сизга қанча эриш туюлмасин, Аргентина ва унинг бетакрор юлдузи Мессининг жаҳон чемпионати ва Америка кубогидаги омадсизликларига асосий сабабчи «Барселона»дир. Тўғри, бу клуб Марадона ватандошларининг бирор-бир нуфузли турнирдаги иштирокига бевосита таъсир кўрсатгани йўқ, аммо айнан унинг ўйин услубидан тортиб халқаро даражадаги бемисл ғалабаларигача — барча-барчаси Месси ва унинг термадошлари ўйинига жиддий таъсир этди.

Эслайсизми, Аргентина қачон ютқазиб қўйса ёхуд Мессининг ўйини қовушмай қолса, мухлислар «ҳа энди термада Хави ва Инйеста йўқ-да» дейишарди. Менимча, бу билан улар ўзлари ҳам билиб-билмай клуб билан терма жамоа ўйин услуби орасидаги тафовутни айтиб қўйишган. Чиндан ҳам «Барса»нинг юраги шу уч йигит эди, узоқ йиллар бу ҳолат ўзгармади. Премеро ёки Чемпионлар лигасида Лео яйраб тўп тепар, кетма-кет голларни қалаштириб ташларди. ЖЧ саралаши ёки Америка кубогида-чи? Борарди, ўйнарди, бор кучини ишга соларди, ҳатто гол ҳам урарди. Бироқ ўзи ўрганиб, кўникиб, қон-қонига сингиб кетган ўйин маромини тополмасди барибир. Ди Мария ҳурматга лойиқ, Агуэро истеъдодли, Игуаин ажойиб футболчи. Бироқ улар турли мактаб вакилларидир. Месси эса «Барселона» мактабига мансуб футболчи, ҳарчанд уринмасин, бу «мақом»дан, бу маромдан чиқиб кетолмасди. Ўзини кўк-оч қизил рангли футболкадагидек ҳис этолмасди. Шу зайил ўн йилдан ортиқ вақт ўтди.

Аргентина азбаройи ниҳоятда кучли таркиби, мухлислари олдидаги кўп йиллик қарздорлик ҳисси эвазига улкан турнирларнинг финалигача етиб келди. Бироқ бу икки жиҳат унинг чемпион бўлишига камлик қилди…

Бугун мен ўйлайман: агар Месси «Барселона» сафида Европа Чемпионлар лигасида бунчалик кўп ғолибликка эришмаганида, Испания чемпионатида кетма-кет ғалаба қозонмаганида, «Олтин тўп»ни беш марта ўзиники қилмаганида, бошқаларга ўхшаб тез-тез ютқазиб турганида (биласиз, мағлубиятлар кучли футболчилар иродасини янада бақувват қилади) термаси билан ҳеч бўлмаса бир мартагина зафар қуча олармиди? Менимча, оларди!

Музаффарлик пешонасига ёзилган одамни ҳеч ким тўхтата олмайди, чунки унинг ғолиблигини Яратганнинг ўзи тақдир қилиб қўйган. Бироқ одам бутун умр кулиб-қувониб яшамаганидек, спорт майдонида ҳам мангу ғолиб бўлиши имконсиз.

Яратган эгам Мессига 100 ғолибликни ёзган бўлса, унинг балки 99 ини «Барселона» либосида нишонлашни насиб қилгандир ёки барчасини… Буниси бизга маълум эмас. Кимдир 100 ғолибликнинг ярмига ватани шарафини ҳимоя қилганида эришади. Бу билан улардан бири кучлироқ, иккинчиси заифроқ деган хулоса чиқмайди-ку! Инсон манглайида борини кўраверади.

Лионел Месси, кейинги ўн йилликнинг икки энг буюк футболчисидан бири, бугун ўзининг қадрдон, азиз, жонажон юрти терма жамоасидаги фаолиятига нуқта қўйганини маълум қилди. Алам устидадир, изтироб натижасидадир — қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, у ўз қарорини айтиб бўлди. Бу — унинг қарори. Эҳтимол, баъзи некбин мухлислар башорат қилишаётганидек, футболчи вақти келиб бу қарорини ўзгартирар, фақат ҳозир унинг кўнглига қил сиғмайди.

Бир ой ўтар, икки ойдир, у «Барселона»нинг ёрқин либосларида яна аввалги ғолиб Месси бўлиб порлайди. Бунга асло шубҳа қилмаймиз. Аммо… Ер юзидаги миллионлаб мухлислари кутганидек у жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарадими-йўқми, бу энди ғоят мавҳум. У жаҳоннинг энг номдор ва совриндор клубларидан бирининг сафида қолаверар экан, бизнингча, бу мавҳумликнинг охири кўринмоғи тобора гумон бўлиб бораверади.

Элмурод Нишонов

Манба: tafsilot.uz
Киритилди: 11:35, 30.06.2016.
Ўқилди: 11105 марта.
Фикрлар: 27 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.