Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Чхве Хён Йон: «Менга «Насаф»дан ҳам қизиқиш бўлганди»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, мавсум бошида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси сафига жанубий кореялик Чхве Хён Йон келиб қўшилган эди. Жанубий Кореядан келган илк легионер кўпчиликда яхши таассурот қолдира олди. Аммо корейс футболчиси юртимизда узоқ ушланиб қолмади. Бугун Жанубий Кореянинг “Daily Sports” нашри журналисти Ким Хван Ўзбекистон Олий лигасида бир муддат тўп сурган Чхве Хён Йоннинг юртимиздаги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилди.

“Чхве Хён Йон 2016 йилги мавсумда Ўзбекистон Олий лигасида ўйнаган ягона кореялик футболчи бўлди. Шу билан Шарқий Осиёдан бу ерга келиб тўп тепаётганлар икки нафарга етганди. Иккинчиси “Бунёдкор”даги яримҳимоячи Сато Минори эди. Чхве Хён Йон Ўзбекистоннинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланган “Навбаҳор”да ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнади. Хўш, ушбу футболчимиз қандай қилиб Ўзбекистон чемпионатига бориб қолди?

Чхве Хён Йон 1984 йил 16 апрелда туғилган. У 2006 йил “Жежу Юнайтед” сафида Кей-лигада ўз дебютини нишонлаган ҳолда кейинчалик “Поҳанг Стилерс” ва “Кёнгнам” жамоалари билан кей-лигада жами 129 ўйин ўтказиб, 7 та голга муаллифлик қилган. 2014 йилги мавсумда “Кёнгнам”даги ҳолатидан қониқмай, Хитой Супер-лигасидаги “Хаолбин” клубига бориб қўшилди. Орадан бир йил ўтиб эса Малайзиянинг “Куала-Лумпур” ФК клубида пайдо бўлди ва ажойиб мавсумни ўтказди. Ҳаттоки, клуб томонидан унга шартномани узайтириш таклифи киритилди. Аммо кейинчалик клубда раҳбарият ўзгариб, жамоада ўзига хос “тозалаш” ишлари олиб борилди ва Чхве Хён Йонга чиқиш эшиклари кўрсатилди.

Бу ҳақда Чхве Хён Йон шундай дейди: “Клубда малайзиялик 1 нафар футболчинигина қолдиришди ва бутун жамоа қайта янгиланди. Ўша вақтда Малайзияда юрган кореялик танишим ўзбек футбол агенти билан учраштирди. Унга барча маълумотларимни бердим. Буёғига ишлар тезлашиб кетди. Клубдан менга самолёт чиптаси ва Ўзбекистонга виза тайёрлаб беришди. Ноутбук ҳам олишга улгуролмадим. Тезда юкларимни йиғиштирдиму Ўзбекистонга учдим. “Навбаҳор” клуби жойлашган шаҳар – Наманган пойтаҳт Тошкентдан машинада тўрт ярим соатлик йўл экан. Қишлоққа ўхшаш, баланд биноларни топиш қийин бўлган шаҳар. Лекин футбол муҳити жуда зўр. Ҳар бир ўйинга ўн мингга яқин томошабин келади. Жуда кичкина шаҳарча экан деб хавотир аралаш келган эдим. Ўйин куни стадиондаги муҳитдан ҳайратда қолдим. Стадион, чемпионат савияси ва мухлисларнинг жўшқинлиги Кореяни эслатиб юборади. Телевизорни ёқсам менинг трансферим ҳақида гапиришяпти.

Клуб базасида яшай бошладим. Хонадошим Санжар Асқаралиевнинг хотини корейс миллатига мансуб экан. Бир куни базада зерикиб ўтирсам, у корейсча шўрва ва қайнатилган гуруч кўтариб келди. Айтишича, хотини тайёрлаб берибди. Жуда хурсанд бўлиб кетганимдан кўзларимга ёш қалқиди. Ҳар куни қўй гўшти есангу бирданига корейсча овқатни кўтариб келишса – бундаги қувончни ҳис қилиш учун менинг ўрнимда бўлиб кўришингиз керак. Жамоада мени яхши кўришарди. “Жумонг” сериалидан қаттиқ таъсирланишган эканми – жамоадошларим менга ҳанжар совға қилишган”.

Жанубий Кореялик футболчи ўтган тўрт ой давомида асосан вақтини клуб базасида ўтказган ва кунда бир ярим соат машғулотда қатнашган. Якка машғулотлар ўтказиб, бозорларни айланган Чхве Хён Йон яқин дўстлари бўлмаганлиги туфайли қийналган. Шунингдек, машғулотлар жараёнида ҳам корейс футболчиси қийинчиликларга дуч келган. Жумладан, у машғулотларга асосан жисмоний тайёргарликка зўр берилишидан нолиган.

“Мураббийларнинг кўпчилиги Россияда таълим олганлиги сабабли машғулотлар ҳам Европача усулда олиб бориларди. Жамоаларда тўпни яхши назорат қиладиган чет эллик футболчиларга эҳтиёж катта. Кей-лигада ўйнаган Сервер Жепаров каби ўйинни яхши ўқий оладиган футболчилар кам. Шунинг учун четдан келадиган плеймейкер легионерларни жон деб қабул қилишади”, — дейди Чхве Хён Йон.

Чхве Хён Йон июннинг ўрталарида Жанубий Кореяга қайтиб келди. Оиласи билан доимий бирга бўлолмаганлиги сабабли ҳозирда янги жамоа излаш билан банд.

“Ҳеч ким бормаган Ўзбекистонда тўп тепганлигим кейинги фаолиятимга ҳам ёрдам беради деб ўйлайман. Энди фаолиятимни охиригача ўйнайдиган жамоа топмоқчиман. Хитой, Малайзия ва Ўзбекистонда ўйнаб, пулдан ҳам муҳимроқ нарсаларга эришдим”, — дея қўшимча қилган ҳолда корейс футболчиси ўзига Ўзбекистоннинг “Насаф” клубидан ҳам қизиқиш бўлганлигини айтди: “Сафар ўйинларимиздан бирида “Насаф” раҳбарларидан бири олдимга келиб: “Осиё Чемпионлар лигаси учун осиёлик ўйинчи керак бўлади. Кейинчалик бизнинг жамоамизга ўтиш ҳақида ўйлаб кўрмайсанми?”, — деди. Мен эса унга жилмайиб қўйдим. Ҳар ҳолда корейс футболчисига оғиз солишганидан хурсанд бўлдим”.

Корейс ОАВлари маълумотлари асосида Отабек Йўлдошев тайёрлади.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 18:53, 30.06.2016.
Ўқилди: 9182 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.