Ўзбекистон миллий терма жамоаси Канадага қарши ўртоқлик ўйини ўтказганидан буён футбол кўришдан бошимиз чиқмаяпти. Йўқ, бу ўринда гап Копа Америка ёхуд Европа чемпионати ҳақида кетмаяпти. Уларни-ку, ҳамма кўряпти. Аммо биз шунчаки, ўзимизнинг олий лигани назарда тутаётган эдик, холос. Ана, қаранг, Канадага қарши кечган ўйин 7 июнда бўлган экан. Орадан уч кун ўтиб Ўзбекистон чемпионатининг 11-тур ўйинлари ҳам бошлаб юборилди. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Яна уч-тўрт кун ўтгач, 12-тур, яна шунча вақтдан сўнг 13-тур ва ниҳоят, 14-тур ҳам ўтказилди. Қарабсизки, ўзимизда ҳам туппа-тузук «боксинг дэй» (boxing day) бошланиб кетди.
«БОКСИНГ ДЭЙ»
Албатта, ашаддий мухлислар «боксинг дэй» нимани англатишидан яхши хабардорлар. Англия чемпионатида шундай одат бор - Янги йил арафасида 10 кун ичида 3-4та тур ўйинлари ўтказиб юборилади. Бу ҳолат премьер-лига учун анъана тусига кириб бўлган. Бутун дунё «боксинг дэй»ни орзиқиб кутади, чунки 10 кун ичида Англия чемпионатида ҳамма нарса «остин-устун» бўлиб кетиши мумкинлигини мухлислар яхши биладилар. Айнан шу нарса премьер-лигада кечаётган курашга ўзгача руҳ бағишлайди. Бир сўз билан айтганда, «боксинг дэй» - инглиз футболининг ўзига хос анъанаси ва қадрияти ҳисобланади.
Мана энди афтидан, бу каби «анъана ва қадрият» ўзимизда ҳам шаклланаётган кўринади. Фақат битта фарқ - туманли ўлкада тезкор ўйинлар қишда ўтказилса, бизда ёзнинг қоқ жазирамасига тўғри келяпти. Умуман, инглиз «боксинг дэйи» билан ўзимизники ўртасидаги фарқ фақат шу билан белгиланмайди. Биз ҳозирга қадар ПФЛ ва тақвимни жуда кўп танқид қилганмизки, яна бу мавзуни очишни истамай ҳам қолганмиз. Шундай экан, орадаги фарқни кўрсатиб ўтсак бўлгани, у ёғини ўзингиз ҳал қила қолинг - қадрдонимиз ПФЛнинг қай даражада тўғри йўлдан кетаётганини белгилаш мухлис ҳукмига ҳавола.
«БОКСИНГ ДЭЙ» ТАРИХИ
Албатта, ўзбекча «боксинг дэй» ҳақида гапириш олдидан Англияда бундай анъана қандай вужудга келганига икки оғиз изоҳ билдирсак, ортиқчалик қилмаса керак. Бу атама мухлислар орасида довруғ қозонганига қарамай, у ҳақда нотўғри тушунчалар борлигини инкор этиш қийин. Кўпчилик қисқа вақт ичида бўладиган шиддатли учрашувларни «боксинг дэй» атамасига сабаб сифатида кўрсатади. Яъни, Англия чемпионатида 10 кун давомида кескин кураш кузатилгани туфайли ҳам у «боксинг дэй» деб аталади.
Аслида эса, ҳаммаси анча соддароқ ва осонроқ. Шунчаки, Англияда узоқ йиллар давомида Янги йил арафасида зодагонларнинг ўз вассалларига совға беришлари одат тусига кирган. Яъни, бирор граф ёки герцог қўл остидаги барон ёхуд виконтга ҳадя берган. Совға эса, табиийки, бирор қутига солинган бўлади. Инглиз тилида қути - box дегани, кун эса - day. Бўлди, шунинг орқасидан қутилар куни - boxing day машҳур бўлиб кетган. Унинг маъжозий таржимаси эса «қутилар куни», аниқроғи, «совғалар куни» бўлиши лозим. Бу анъана Англияда ҳозиргача мавжуд. Уларда Янги йил олдидан албатта, яқинларига совға берилади.
ФУТБОЛДАГИ СОВҒАЛАР КУНИ
«Совғалар куни» атамасининг футболга кириб келиш тарихи эса қуйидагича. Ҳали футбол бу қадар машҳурликка эришмаган вақтларда ҳам Янги йил арафасида регби, крикет ва от пойгаси каби мусобақалар мунтазам равишда ўтказиб турилар эди. Бу ҳам бўлса, байрам олдидан мухлислар кўнглини хушлашга қаратилган. Кейинчалик ушбу одат футболга ҳам кўчди. Шу билан бирга таъкидлаш жоиз, илгари инглизлар «боксинг дэй»да асосан дерби баҳсларини ўтказишга интилишар эди. Сабаби оддий - транспорт тизими ҳали бу қадар ривожланмаган даврларда қисқа вақт ичида у шаҳардан бу шаҳарга кўчиб юриш мухлислар учун осон бўлмаган. Боз устига, дербилар шиддати айнан «боксинг дэй»га тўғри келишидан ўзига яраша манфаатдорлик борлиги инобатга олинган. Бу ҳам бўлса, Англия премьер-лигасининг машҳурлигини оширишда қўл келишини ҳеч ким инкор этмаса керак.
Хуллас, Англиядаги «боксинг дэй»нинг қисқача тарихи мана шулардан иборат. У ёғини сўрасангиз, ким билади дейсиз, ПФЛ ҳам шу кунларда ўз тарихини яратаётгандир. Ҳа, нима қилибди, ахир инглизлар қисқа вақт ичида тўртта тур ўтказишни «патент»лаб олишмагандир. Бунақа шиддатли ўйинлар ўзимизда ҳам бўлсин-да. Албатта, бизнинг «боксинг дэй»имиз инглизларникидан анча фарқ қилади. Ҳозир мана шундай тафовутларни келтириб ўтсак.
ҚУЛАЙ ВАҚТ
Англия премьер-лигаси, умуман, Европадаги барча кучли чемпионатлар бир жиҳати - мухлислар учун қулай вақтда ўтказилиши билан танилган. Бу ерда ўйинларни ҳафтанинг ўртаси, кундузги соат 16:00га белгилаш - ёввойилик! Чунки мухлислар стадионга келолмай қолишлари мумкин. Ишқибозларсиз футбол эса уларнинг наздида улкан абсурд. Шу сабабли ҳам ҳафтанинг дам олиш кунларига тўғри келмаган ўйинлар албатта, иш вақти тугагандан сўнг, маҳаллий вақт билан соат 20:00 ёки 21:00да ўтказилади. Англиядаги «боксинг дэй» ҳам бундан мустасно эмас. Ишқибозлар ишларини тугатиб олганларидан сўнг бемалол уйларига бориб, кийимларини алмаштириб, тамадди қилиб олгач, стадионга келиб, ўйин томоша қиладилар.
Тан олиш лозим, ўзимизда ҳам бу борада ишлар анча-мунча жойига тушиб қолди. Гарчи мавсум энди бошланган вақтда ўйинлар соат 16:30да бошланаётган бўлса-да, ҳар ҳолда, сўнгги пайтларда ўзгариш кузатилмоқда - олий лига учрашувларининг соат 18:00-19:00да бошланишига кўникиб қолдик. Балки бунга кунлар узайиб қолгани сабаб бўлаётгандир ёки ниҳоят, ПФЛ мухлислар ҳақида қайғуришни бошладими, ишқилиб, ўйинлар бироз кечроқ бошланадиган бўлди. Албатта, Англияда бўлгани каби ишқибозлар бемалол кийим алмаштириб, тамадди қилишга вақт топа олмасалар-да, ҳар ҳолда иш вақти тугагандан сўнг стадионга етиб келишлари мумкин. Ареналарда одам камлигига келсак, бунинг сабабини бошқа ёқдан қидирган маъқул. Ахир олий лига ва премьер-лига ўртасидаги фарқни ҳамма яхши билади. Боз устига, у ёқда атай қилгандек Копа Америка ва Европа чемпионати ҳам ўтказилаётганини инобатга олиш лозим.
КАТТА ЭЪТИБОР
Англия премьер-лигасида ўтказиладиган «боксинг дэй»нинг энг ютуқли томони - нуфузли чемпионатларнинг барчаси дам олаётган бўлади. Янги йил арафасида кучли бешликдан фақат Англия чемпионатида ўйинлар ўтказилади, қолган ҳамма қишки таътилга чиқиб кетади. Бу эса, ўз навбатида, премьер-лигага нисбатан қизиқишнинг бир неча баробар ошиб кетишига сабабчи бўлади.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ла-лига, бундеслига ва «А» серияда танаффус берилганини инобатга олсак, ким ҳам премьер-лиганинг шиддатли баҳсларини ўтказиб юборишни истар эди? Янги йил арафасида Англия чемпионати ҳар қандай рақобатдан холи бўлади. Унинг ўйинлари эса бутун дунё бўйлаб катта қизиқиш билан кузатилади. Натижада, айни ҳолат реклама ва маркетинг нуқтаи назаридан катта фойда келтириши турган гап. Шу сабабли ҳам Англия чемпионатида иштирок этадиган клублар доим катта фойда кўрадилар. Баъзан улар топадиган пул ҳатто Европа Чемпионлар Лигасидаги иштирокдан тушадиган суммадан ҳам кўпроқ бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмидингиз? Масалан, «Лестер» ўтган мавсум чемпион бўлгач, салкам 200 миллион фунт даромад қилганди. Солиштиришингиз учун битта факт - Мадриднинг «Реал» клуби Чемпионлар Лигасидаги ғалаба учун икки баробар камроқ пул олган. Премьер-лиганинг асл кучини энди тушуниб етдингизми? Албатта, «Лестер»нинг даромади ичида АПЛ томонидан берилган мукофот пулидан ташқари трансляция ва рекламадан тушган фойда ҳам бор. Аммо бир нарсани таъкидлаб ўтайлик, «боксинг дэй» каби маркетинг лойиҳалари ишга солинмаса, трансляция ва рекламадан келадиган пул шу қадар кўпни ташкил этармиди? Жавобга ҳожат бўлмаса керак.
Албатта, бу гаплар ПФЛ учун эртакдек кўриниши мумкин. Мана, бизда ҳам «боксинг дэй»га ўхшаш нимадир ўтказилди. Аслида эса, бу ишга маркетинг юриши эмас, балки иложсизлик туфайли қўл урилганини яхши биламиз. Шу сабабли ҳам бизда олиб борилаётган иш Англиядагидан анча фарқ қилади - агар улар ҳамма дам олаётган вақтда футбол ўйнаб, пул ишлашса, бизникиларнинг ғайрати айни Европа чемпионати ва Америка кубоги қизиган даврга тўғри келади. Албатта, бу ҳолатнинг чемпионат савиясига таъсир ўтказиши турган гап.
Шу тариқа ички чемпионатга бўлган қизиқишнинг сусайиши эҳтимолдан холи эмас. Тан олайлик, Европа чемпионати бошланганидан буён олий лигага ўзи шундоқ ҳам катта бўлмаган қизиқиш янада пасайиб кетди. Тўғри-да, Америка ва Европада шунча қизиқарли ўйинлар турганда, ким ҳам стадионга келиб футбол томоша қилар эди? Бу воқеликнинг парадоксал томони шундаки, олий лигада яна бир турдан сўнг биринчи давра ўйинлари якунига етади. Шундан сўнг чемпионатимиз роппа-роса бир ой дам олади. Фақат август ойининг бошларида иккинчи даврага старт берилади. Қизиқ томони, бу вақтга келиб Европа ва Америкада ҳам қитъа биринчиликлари якунига етган ва жимжитлик кузатилаётган бўлади. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий - наҳотки, улар ўйнаб турган вақтда олий лигада кичик танаффус эълон қилиб, ҳамманинг эътиборини ўзига жамлаб олганидан сўнг ўйинлар ўтказишнинг иложи бўлмаган? Ахир давралар оралиғида бир ой танаффус қилишнинг кимга кераги бор? Бунинг ўрнига ўша вақтдан унумли фойдалансак бўлмасмиди?
ЯКУНДА
Хуллас, шунақа гаплар. Биз ўзимизнинг «боксинг дэй» ҳақидаги гапларимизни айтиб олдик. Қолганига хулоса чиқариш ўзингиздан. Бизга керакми бундай «боксинг дэй» ёки бошқача ишлаш тизимига ўтишимиз лозимми, бу саволларнинг жавоби сизда бор, албатта...
Умар БЕК