Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Владислав Цейтлин:«Тажрибали ҳакам трибуна босимига эътибор бермайди»

Баҳо:
+ | -

Францияда ўтаётган Евро-2016 аста-секин якунига етиб бормоқда. Миллионлар ўйини ихлосмандлари нафақат футболчилар, балки ҳакамлар ҳаракатларига ҳам бефарқ бўлишмади. Кимдир ўзича таҳлил қилишга ҳам улгурди: УЕФА реферилари билан бизнинг ҳакамлар ўртасида қандай фарқ бор? Ўзбекистонда фаолият юритаётган ФИФАнинг энг маҳоратли рефериларидан бири Владислав Цейтлин мухбиримизга интервью бериш чоғида ушбу мавзуга ҳам атрофлича тўхталди.

- Владислав, кўҳна қитъа ва ОФКдаги ҳакамлар тайёргарлиги ўртасида қандай ўхшашликлар бор?

- Ўйинлар қоидаси ҳамма учун бир хил, бу каби юридик куч ўқув материалларида ҳам мавжуд. Улар орқали саволларга жавоб олиш мумкин. ФИФАнинг умумий материалларидан ташқари, ҳар битта конфедерация ўзининг методик ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқади. Шундай паллада қандайдир фарқ кузатилиши мумкин.

- Бу тафовут нимага боғлиқ? Маҳаллий шароитларгами ёки футбол даражасига?

- Томошабинлар аудиторияси учун қандайдир фарқ бўлиши мумкин, ахир жамоалар улар учун тўп суришади. Лотин Америкасидагилар қисман шундай фикрлашади, британияликларда бу борадаги қарашлар бош-қачароқ. Англия ҳақида бежиз сўз очмадим: у ердаги реферилар қўполроқ ўйнашга имкон яратиб беришади. Яккакурашлар жуда кўп кузатилади. Сайёрамизнинг жанубий қисмида эса бундай ҳолларни деярли кузатмаймиз.

- Кўпинча ўйин вақтида тўхталишлар кўп бўлишига қарамай, негадир ҳакамлар қўшимча 2-3 дақиқа белгилаш билан кифояланишади...

- Турли семинарларда иштирок этганман, аммо уларнинг ҳеч бирида қўшимча вақт ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Яъни, бу борада жиддий чекловлар мавжуд эмас. Аммо ҳар бир ўйинчи алмашиши учун ўртача ҳисобда 30 сония қўшиб берилиши ҳақидаги тавсиядан хабарингиз бор. Шунчаки, тавсия, талаб эмас. Ўйин йирик ҳисобда якунланаётган паллада рефери 2 дақиқа қўшиш билан кифояланади, кимлардадир бу 3 дақиқани ташкил этади. Барчаси ҳакамга боғлиқ. Тўғри-да, ҳисоб 5:0 экан, иштирокчиларни қийнашдан нима наф? Ўйин тақдири ҳал бўлгани инобатга олинади, албатта. Ўз навбатда, ФИФА, УЕФА ҳамда АФК талабларида принципиал фарқлар йўқлигини айтмоқчиман. Бу видео-материаллар ва жавоблар, методикада ҳам яққол кўзга ташланади.

- Яқинда Швейцарияда ташкил этилган ҳакамлар учун мўлжалланган анжуманда иштирок этдингиз. Сизнингча, бу каби семинарлар бизнинг рефериларга фойдали бўляптими?

- Албатта, ҳакамларимиздаги хатолар камаймоқда. Бугун рефериларнинг янги авлоди етишиб чиқмоқда, улар бирор қарор чиқаришдан аввал масъулиятни яхши ҳис қилишади. Бу билан ёши катта ҳакамлар масъулиятсизроқ, демоқчи эмасман. Шунчаки, ҳозирда таълим олиш технологияси ва услуби ўзгарди, натижада иш сифати ижобий кўриниш олди.

- Кўпинча ҳаттоки, 2-лига даражасида тўп суришга улгурмаган ёшларнинг ҳакамликка кириб келиб, профессионал лига ўйинларини бошқаришаётгани ҳақида эшитамиз. Уларга шундай масъулиятли вазифа юклатилаётгани тўғрими?

- Бундай фикр менга таниш. Авваллари собиқ футболчилар фаолиятларини ҳакамлик соҳасида давом эттиришарди. Ҳозир эса жаҳонда ёшларни ушбу касбга тайёрлаб бориш тенденцияси мавжуд. Яъни, 20 ёшидан ўқишни бошлаб, турли босқичлардан ўтса, 28-32 ёшга тўлганида ФИФА рефериси даражасигача кўтарилиши мумкин. Эҳтимол, собиқ футболчи ўйинни яхши тушунардир, аммо кўпроқ ўқиганларнинг потенциали юқорироқ бўлади.

- Ҳакамларни шундай тайёрлаш тизими бизда қачон қўлланади?

- У аллақачон ишга тушган. Биз ёш ҳакамлар ишларини кузатяпмиз. Кадрлар танлаб олингач, улар махсус текширувдан ўтиб, ўқишади. Сўнгра муносиблар сараланади. Энг лаёқатлилари зарур даражагача етиб боришади.

- Аммо футболчининг ишга киришиб кетиши осонроқ. У ўйинни туб-тубидан яхши ўрганган, ўйинчилар руҳиятини тушунишда қийналмайди. Тўп сурмаган ҳакамлар эса назарий билимга таянадилар...

- Вазият бунинг аксини кўрсатмоқда. Юксак даражада ўйнаган футболчилардан фақатгина икки нафари - Бахтиёр Намозов ҳамда Аҳрол Рисқуллаев кўзга кўринган ҳакамлар орасидан жой олишди. Улар ҳакамлар мактабини 2-3 йил олдин тугатишган. Қолганлар эса биринчи лига ва ўсмирлар термасида ўйнаш билан чекланишган. Бу эса бошқа даража.

- Ҳакам қандай ҳолларда футболчининг унга мурожаат этишига йўл қўяди?

- Фикр билдириш имконияти доимо мавжуд. Бу эҳтимолли дисциплинар жазонинг олдини олиши мумкин. Ҳаммаси ҳакамнинг вазиятни тўғри англаши, ўйинни назорат қилишига боғлиқ.

- Баъзан жамоада тортишувларга мойил футболчилар борлигига гувоҳ бўламиз. Ҳакам сардорга мурожаат этиб, у орқали «Шеригингни тинчлантир, акс ҳолда жазолайман...» дейиши мумкинми?

- Менимча, муаммо туғдирадиган футболчи билан шахсан ўзингиз шуғулланганингиз маъқул. Бу ўша ўйинчи олдидаги нуфузингизни оширади. Айниқса, хорижда шундай ҳолатлар кўп кузатилади. Сени биринчи марта кўриб турган футболчилар 10-15 дақиқа мобайнида ҳакамни текширувдан ўтказишади: ўз қилиқлари орқали хато қилишга ундашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шундай паллаларда кимлигингни кўрсатишинг керак. Сардор учун эса аниқ белгиланган имтиёзлар йўқ. У ҳам бошқа футболчилар билан тенг ҳуқуқли.

- Кўпинча ҳакамларнинг трибуналар босимини қандай енгиши ҳақида сўрашади. Айниқса, стадионда аншлаг кузатилса - минглаб мухлислар ва доимий шовқин. Шундай паллаларда қалбингиздан қандай ҳислар кечади?

- Юқори даражали ҳакам трибуналар босимига эътибор бермайди, унинг учун томошабин деярли йўқдек. Бу тоифа рефериларнинг хаёли фақат ўйин билан банд бўлади, ҳаттоки, стадионда 100 минг мухлис шовқин кўтараётганига қарамай.

- Яна бир муҳим жиҳат. Ёш ҳакамлар ўсишдан тўхтамасликлари учун уларни қандай тарбиялайсизлар? Бу борада УЕФА билан фарқ борми?

- Доимо нафсонияти кучлиларни аниқлаб олиш лозим, энг яхши ҳакамлар айнан шу тоифа кишилардан чиқади. Эришгани билан кифояланадиганлар ҳам учрайди. Ҳакамни юқори лигага ўтказиш чоғида шунга эътибор қаратиш лозим. Ҳаётимда рўй берган бир ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. ФИФАдаги рекрутинг пайтида шундай савол беришганди: «Олдингга қандай мақсад қўйгансан?» Мен эса «Реалистман, келажакда қандай қийинчиликлар кутиб турганидан хабардорман. Аммо барибир, энг юқори даражага кўтарилиш, олий турнирлар ўйинларини бошқаришни хоҳлайман...», дедим. Шунда рекрутёрим «Агар бошқача жавоб берганингда номингни рўйхатдан ўчирардим», деганди.

- Жаҳон миқёсида фаолият юритаётган ҳакамлар учун хорижий тилларни ўзлаштириш муҳим...

- Замон шуни тақозо этмоқда, ҳозир XXI аср: турли миллат вакиллари билан суҳбатлашиш чоғида тил билиш асқотади. Ҳакамликда эса, албатта, биринчи ўринда инглиз тили туради. Бу борада барча конфедерацияларда жиддий талаблар қўйилади. ФИФАда расмий тил сифатида инглизча танланган, у ҳамма футбол тузилмаларини бирлаштириш воситаси саналади.

- Аммо бошқа халқаро тилларни ўрганиш ҳам фойдадан холи эмас. Сайёрамизнинг турли нуқталарида қийинчиликка дуч келинмайди: немисча гаплашадиган Европа (Цюрих ҳам шулар жумласидан), французча суҳбатлашадиган Африка, Жанубий Америкадаги испан тили... Ҳамма қитъалардаги инглизча...

- Тўғри айтасиз, турли конфедерациялардан ҳужжатлар қабул қиламан, уларнинг деярли барчаси инглизчада ёзилган. Дарвоқе, бугунги кунда қоидаларга ўзгартиришлар киритиш ҳам ФИФА эмас, Халқаро кенгаши томонидан амалга оширилади. Яқинда Евро-2016да қўлланилаётган баъзи қоидалар чиқарилди. Айрим мамлакатларда у 1 августдан кучга киради, Ўзбекистонда эса 2017 йилнинг 1 январидан қўллашни бошлаймиз. Футболчилар ўзгаришларга тез кўникишади, бунақаси авваллари ҳам кўп учраган. Умуман, қоидалар тизимлаштирилиб, барча учун янада тушунарли ҳолга келтирилди. Тез орада русчага ҳам таржима қилингач, бизнинг қўлимизга етиб келади.

- Суҳбатимиз якунида аёл ҳакамлар ҳақида гапирсак: бу борадаги ҳолат қандай, ривожланиш борми? Қизлар, ҳаттоки, собиқ футболчилар ҳам ушбу соҳага киришга унчалик ошиқмайдилар...

- Бу муаммо фақат бизда эмас. Қизлар турмуш қуришгач, уларнинг асосий эътиборлари оилаларига қаратилади. Шу боис, ҳар бир хоҳловчини бажонидил қабул қиламиз. Ҳозирги ҳакамлардан Анна Сидоровани эътироф этиш мумкин, шу кетишда у янада ўсишга эришади. Яхшигина тажрибага эга Эдита Миробидова эса ўз потенциалини охиригача намоён этмади... Александра Кончикова ҳамда Людмила Молодцова сингари эндигина фаолиятини бошлаётган ҳакамлар бор. Афтидан, сиз ёрдамчиларни назарда тутяпсиз. Бу борада ҳам етарлича кадрларга эгамиз. Кристина Середа ва Зилола Раҳматова - майдондаги рефери учун ажойиб ёрдамчилар ҳисобланишади. Барибир, асосий мақсадимиз - кучли ҳакамлар тайёрлаш. Юқорида айтганимдек, энг кучлилари - бу Аня ва Эдита. Тез орада уларнинг ёнига Саша ва Люданинг қўшилишидан умидвормиз. ФИФАда кучли реферига эга бўлганимизда эса уларни Кристина ва Зилола сингари ажо-йиб ёрдамчилар ёлғизлатиб қўйишмайди.

Дмитрий ПОПОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:39, 10.07.2016.
Ўқилди: 5717 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.