Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бундесарена ёхуд Бундеслига стадионлари ҳақида (фотогалерея)

Баҳо:
+ | -

Бугунги кунда томошабин йиғиш бўйича биринчи ўринда турадиган бундеслига учрашувлари ўтказиладиган энг таниқли стадионлар ҳақида эшитганмисиз? Мабодо эшитмаган бўлсангиз, қуйидаги мақола билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз. Ҳозирга келиб чемпионатнинг ҳар бир баҳсига ўртача 40 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрмоқда. Германиядаги ареналарни бутун дунёга ўрнак бўлишга арзигулик бизнес лойиҳаларга қиёслаш ўринли.

«Сигнал Идуна Парк»

Аввалги номи: «Вестфаленштадион» (2005 йил 1 декабргача). Сиғими (80720) бўйича  Европада 7-ўринда туради.

1974 йилги жаҳон чемпионати учун қурилган ушбу стадионга ўша пайтлари 54 минг томошабин сиғарди. «Боруссия» (Дортмунд)нинг расмий сайтида алоҳида рукн юритилиб, унда арена ва унинг тарихи хусусида қимматли маълумотлар берилган. Жанубий трибуна ҳамон Европадаги тик туриб кузатиладиган энг катта трибуналигича қолмоқда.

2005 йил 1 декабрда «Боруссия» Дортмунд раҳбария­ти ва Signal-Iduna суғурта компанияси гуруҳи ўртасидаги битимга мувофиқ, Westfalenstadion номи Signal-Iduna-Park деб ўзгартирилди. Бу битим туфайли клуб ғазнаси ҳар йили 20 млн. фойда кўради. Лекин мухлислар мазкур келишувни «клуб анъаналаридан чекиниш», дея кескин танқид қилишди. 2005 йилда Инненштадт-Вест округи маъмурияти стадион атрофидаги кўчага Am Westfalenstadion номини бериб, мухлислардаги хафагарчиликларни аритишга эришди.

Қизиқ факт. Агарда стадион атрофида автомобиллар қўйишга жой қолмаса, у ҳолда Дортмунд университети автотўхташ жойларидан фойдаланилади. У ердан стадионга бепул автобуслар қатнайди.

«Олимпиаштадион»

Берлиндаги Олимпия стадиони УЕФАнинг 4-тоифали ареналаридан ҳисобланади. У Берлиннинг «Герта» клуби уй аренаси ҳисобланади.

1936 йили меъмор Вернер Марх лойиҳаси асосида барпо этилган стадионда Ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими ўтказилганди. Телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган мусобақа Лени Рифеншталнинг «Олимпия» деб номланувчи ҳужжатли фильми учун тайёр материал бўлган эди.

Немислар 1938 йили айнан шу стадионда Англия терма жамоасига йирик - 3:6 ҳисобида имкониятни бой беришганди. Уруш пайтида жиддий шикастланган «Олимпиаштадион» 1960 йиллар ўрталарида қайта тикланди. Бу пайтга келиб Германиянинг ягона биринчилиги - бундеслигага асос солинган эди. Турнир илк марта ташкил этилган кезлари «Герта» ўз стадионига 70 минг­гача томошабин йиққан. 2006 йилги жаҳон чемпионатидан олдин қилинган навбатдаги реконструкция ишлари 242 млн. еврога тушди. Бу стадионга ниҳоятда шарафли иш топширилди - финал баҳсига мезбонлик қилди.

«Альянц Арена»

Замонавий архитектуранинг ноёб дурдонаси УЕФАнинг элит тоифадаги стадионларидан бири ҳисобланади.

Очилган сана: 2005 йил 30 май. Қурилиш қиймати: 340 млн. евро. Меъмор: Херцог ва де Мёрон.Эгаси: Allianz Arena Munchen Stadion GmbH. Сиғими: 69901 (халқаро баҳсларда - 66000). Майдон ўлчами: 105х68 м. Арена «Бавария» ўйнаган пайтда қизил, «Мюнхен-1860» ўйнаганда кўк, Германия терма жамоаси ўйинлари пайтида оқ рангда товланади.

«Альянц Арена» Мюнхен шимолидаги Швабинг-Фрайманнда жойлашган. Стадиондаги мавжуд 69901 ўриндан 13769таси тик туриб кўриш, 2152таси бизнес-ўриндиқлар, 1374таси VIP-ложа, 165таси ногиронлар учун ажратилган. Стадион очилган кезлари унга иккита жамоа хўжайинлик қиларди. Кейинроқ ҳамшаҳри «Мюнхен-1860»нинг улушини ҳам сотиб олган «Бавария» иншоотнинг ягона эгасига айланди.

«Альянц Арена»да иккита болалар боғчаси ва «Бавария»нинг 800 метр квадратдан иборат алоҳида дўконлар мажмуи жойлашган. Бундан ташқари, 6500 метр квадрат жойда овқатланиш жойлари ҳам мавжуд. Тўрт қаватли 9800та автомобилга мўлжалланган «стоянка» Европадаги энг катта автопаркинглардан бири ҳисобланади. Стадионга кириш учун чипталар 54та кассада сотилади.

«Альянц Арена»ни шаклидан келиб чиқиб «автомобиль шинаси» (нем. Autoreifen) ва «ҳаво ёстиқчаси» (нем. Luftkissen) деб ҳам аташади. Ҳаво мусаффо бўлган кунлари тунда ёритилган стадион олис Австрия тоғларидан (75 км. масофа узоқликда) ҳам кўриниб туради.

«Мерседес-Бенц-Арена»

1933 йилда меъмор Пауль Бонац лойиҳаси билан барпо этилган бу стадионда «Штутгарт» жамоаси тўп суради. 2008 йил 30 июлдан бошлаб келгуси 30 йил давомида стадион номи «Мерседес-Бенц-Арена» номи билан аталиши маълум қилинди (дунёга донғи кетган автоконцерннинг музейи стадиондан унча узоқ эмас).

Ушбу битимдан клуб 20 млн. евро даромад кўради, қўшимчасига, концерн ташаббуси билан стадион сиғими оширилди. Ушбу иншоот келгуси мавсумдан меҳмонларни 2-бундеслигада қабул қилади.

«Имтех Арена»

УЕФАнинг 4-даражали стадиони. Гамбург шаҳридаги бу аренадан шу номдаги жамоа фойдаланиб келади. 1998 йил 30 апрелда меъмор Густав Оелснер лойиҳаси асосида қад ростлаган иншоот 2001 йилгача «Фолькспаркштадион» номи билан аталган. 2001 йил 30 июндан 2007 йилнинг июлигача расман AOL Arena номи билан аталган бўлса, кейинроқ «Нордбанк Арена» дея номланган. 2010 йил августдан эса номи «Имтех Арена»га ўзгартирилди. 2004 йил бошида УЕФА уни «беш юлдузли стадионлар» эксклюзив клубига қабул қилган. 2011 йил 2 июлда стадион профессионал бокс бўйича IBF, WBO ва WBA версиялари бўйича чемпионлик титуллари учун Владимир Кличко ва Дэвид Хей ўртасидаги баҳсни қабул қилган.

Қизиқ факт. 2007 йилнинг сентябрида «Гамбург» футбол клуби бош директори Кристиан Райхерт стадиондан унча узоқ бўлмаган жойда жамоа ишқибозлари учун қабристон қурилиши бошланиши ҳақида маълум қилганди. 500 кишига мўлжалланган қабристоннинг ҳудудига кириш қисми футбол дарвозаси кўринишида бўлиши ваъда қилинганди. Қабристоннинг очилиш маросими 2008 йил 9 сентябрда бўлиб ўтган.

«Боруссия Парк»

Янги стадион эски Бёкельберг аренаси ўрнида қурилган бўлиб, халқаро учрашувлар пайтида 15468та тик турувчи жойлардан фойдаланилмайди.

Демак, шундай ҳолларда унинг сиғими 37500ни ташкил этади. Стадионда VIP-ложа, фанатлар учун дўкон, бар ва музей бор. Қурилиш қиймати 85 млн. еврони ташкил қилган бу иншоот бундеслиганинг энг катта стадионларидан бўлса ҳам ундан ЖЧ-2006 пайтида фойдаланилмаган. Бунга асосий сабаб сифатида мундиалдан атиги 2 йил олдин қуриб битказилганлиги, белгиланган муддатга қадар фойдаланишга топширилмаганлиги кўрсатилган эди.

«Коммерцбанк Арена»

2005 йил 1 майга қадар «Вальдштадион» номи билан юритилган стадионда 2007 йилгача «Франкфурт Гэлакси» (америкача футбол) ўз ўйинларини ўтказган. 2005 йили аренага Commerzbank номи берилиши мунcосабати билан ушбу муассаса 10 йил давомида 30 млн. еврога яқин пул тўлайдиган бўлди.

Ҳали-ҳануз кўплаб мухлисларнинг уни «Вальдштадион» номи билан атаб келаётгани немисларнинг ўз анъаналарига содиқлигидан дарак. ЖЧ-2006нинг 5та ўйини(4та гуруҳ босқичи, 1та чорак финал)ни қабул қилган аренада Frankfurt am Main Stadion номли темирйўл станцияси мавжуд. 2010-2011 йилларда Руминия пойтахти Бухарестдаги Миллий стадион айнан Коммерцбанк Арена лойиҳаси асосида қурилди.

AWD-Arena

Олдинги номи: Қуйи Саксония стадиони. 1954 йилда ушбу иншоот 4 млн. немис маркасига қуриб битказилган. Ўша пайтда у нафақат Германия, балки бутун Европада ҳам энг улкан стадионлардан бири ҳисобланган (86000 томошабин). 1959 йилдан буён бу ерда «Ганновер-96» ўз ўйинларини ўтказиб келади.

1982 йилда Rolling Stones чиқишлари ўтказилгандан сўнг мазкур стадион Шимолий Германиянинг очиқликдаги энг катта концерт майдонига ҳам айланган. 2003-2004 йиллардаги реконструкциядан сўнг бу ерда яна Rolling Stones концерт бергач, унинг шоу-бизнесдаги фаолияти давом этди. Шунингдек, ушбу аренада Тина Тёрнер, Мадонна, Майкл Жексон ва Genesis каби таниқли шоу-бизнес вакиллари ўз концертларини ўтказганлар.

«Везерштадион»

Бремен шаҳридаги бу стадиондан «Вердер» клуби уй аренаси сифатида фойдаланади. Стадион Везер дарёси шимолий соҳилида, кўп сонли хиёбонлар орасида, шаҳардан бир километрча узоқликда қад ростлаган. 1926 йилдаги биринчи реконструкциядан сўнг уни ABTS аренаси деб аталди. Бугунги номини эса 1930 йили ёнидаги дарё шарафига олган.

Сўнгги реконструкциядан сўнг арена трибуналари майдонга янада яқинлаштирилди, натижада стадионда қўшимча 1000та ўрин пайдо бўлди. Везерштадион - Европада ҳамон тик туриб кузатиш учун махсус трибуналари бор камсонли ареналардан бири. Гарчи «Вердер» клуби ранги яшил-оқ бўлишига қарамай, 2006 йил июлигача трибуналардаги ўриндиқлар қизил рангда эди. Аста-секин уларнинг барчаси яшил тусга бўялмоқда. 1998 йилдаёқ стадионда майдон чимини иситиш тизими монтажи якунланган. Эндиликда бу ерда ҳар қандай об-ҳавода футбол баҳсларини ўтказиш мумкин. Стадионда 70та VIP-ложа, 700 кишига мўлжалланган VIP сектор ажратилган. 2004 йил декабрдан стадионнинг ўзида «Вердер» музейи - «Wuseum» бевосита фаолият олиб бормоқда. У ерда жамоа қўлга киритган совринлар, клуб тарихига оид ноёб экспонатлар сақланади.

«Бай-Арена»

Олдинги номи: Ульрих Хаберленд стадиони. Қайта таъмир учун кетган харажат: 70 млн. евро.Меъмор: Макс Бегель.

Дастлаб «Бай-Арена» стадиони Bayer AG компанияси собиқ президенти Ульрих Хаберленд номи билан аталган. 1999 йили арена олдида ажойиб меҳмонхона қуриб битказилди. Бундан ташқари, спорт комплекс ресторан ва конференц-заллар билан бойитилди.

«Фольксваген Арена»

Германиянинг қуйи Саксония ўлкасидаги Вольфсбург шаҳрида жойлашган арена «Вольфсбург» клубининг уй стадиони ҳисобланади. Унинг қурилиши учун 53 млн. доллар сарфланган. Бундеслига баҳсларида 8000 томошабин ўйинни тик туриб кузатишади.

Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигаси баҳсларида яна 4000та, ногиронлар ва уларнинг кузатувчилари учун қўшимча 80та жой ажратилади. Ҳозирча томошабинлар ўтирган трибуналарнинг усти шаффоф томлар билан ёпилган. Келгусида бутун стадион устини ёпиш режалаштирилган. Аренада 10 киши учун 32та ложа, фахрий меҳмонлар учун 80та жой ва 1200та бизнес-ўринлар мавжуд. 2011 йили «Фольксваген-Арена»да аёллар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатининг бир нечта ўйинлари бўлиб ўтган.

«Маге-Солар-Штадион»

Германиянинг Баден-Вюрттембург ўлкасидаги Фрайбург шаҳрида жойлашган мўъжаз стадионда шаҳарнинг шу номдаги жамоаси тўп суради.

1953 йилда қурилган арена юридик жиҳатдан шаҳар мэриясига тегишли. У ўз бағрига салкам 25 минг томошабинни сиғдира олади. Иншоотга ҳомийнинг номи берилган. 1993 йилда «Рольф Диш қуёш архитектураси» компанияси ва мураббий Фолькер Финке стадионга қуёш батареяси ўрнатиш ташаббуси билан чиқишади. Ускуналар стадион томидан жой олгач, «Фрайбург» Германия бўйича аренасида қуёш батареяси бор биринчи клубга айланади. Мазкур лойиҳа Фрайбургнинг «қуёшли шаҳар» номи билан танилишига сабаб бўлган эди.

ФИКРАТ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:43, 13.07.2016.
Ўқилди: 9131 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.