Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Воҳид Шодиев: «Малайзиядан қайтишга мажбур бўлдим»

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда мамлакатимиз олий лига жамоалари иккинчи давра баҳсларига тайёргарликни қизғин давом эттиришяпти. Жумладан, Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси ўз йиғинини Тошкентда олиб бормоқда. Йиғин доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувларининг ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Табиийки, бу ўйинларда жамоага янги таклиф этилган футболчилар кўрикдан ўтказилади. Аксинча, биринчи даврада ўз имкониятини намойиш эта олмаган футболчилар билан хайрлашилди. Улар орасида украиналик легионерлар Андрей Деркач ва Вячеслав Шевченко ҳам бор. Бу икки футболчи билан амалдаги шартномалар бекор қилинган. Мазкур йўқотишларнинг ўрни муносиб тарзда тўлдирилди. Клуб раҳбарияти ҳимоячи Ҳамза Каримов, ярим ҳимоячи Эркин Бойдуллаев («Насаф»), ҳужумчи Воҳид Шодиев («Перак», Малайзия) билан расман шартнома имзолади. Ҳозирда жамоа машғулотларида «Нефтчи», «Андижон», «Шўртан» жамоаларидаги ўйини билан танилган Шукур Жумабоев, биринчи даврада «Андижон» таркибида тўп сурган Неманья Йованович қатнашмоқда. Бу футболчилар билан ҳам шартнома имзоланиши кутиляпти. 18 июль куни «Қизилқум» Тошкент йиғини доирасидаги илк назорат учрашувини «Қўқон-1912» жамоасига қарши ўтказиб, ғалаба қозонди (3:2). Биз «Бунёдкор» академияси майдонида ўтказилган ушбу ўйиндан сўнг мавсумнинг биринчи ярмини Малайзия чемпионатида ўтказиб қайтган тажрибали ҳужумчи Воҳид Шодиевдан интервью олдик.

- Воҳид, аввало бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг. Назаримизда, қийин ғалабани қўлга киритдинглар?

- Таркибда янги футболчилар кўп. Гувоҳи бўлдинглар, ҳар икки бўлимда ҳам мураббийлар штаби кўплаб ўзгаришларни амалга оширди. Буни табиий ҳолат сифатида қабул қилиш керак. Жамоа кўригида бўлиб турган янги футболчиларни мураббийлар шу ўртоқлик ўйинлари орқали текшириб оладилар. Шу сабабли ҳам бундай учрашувларда натижа биринчи ўринга чиқмайди.

- Биринчи бўлимдан сўнг ҳисобда икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олгандинглар. Иккинчи бўлимда эса мувозанат тикланди. Бу ҳолатни хотиржамликка берилиш билан изоҳласа бўладими?

- Юқорида айтдим, таркибда кўп ўзгаришлар амалга оширилди. Кейин мураббийлар турли тактик услубларни ҳам мана шу назорат ўйинларида амалда қўллаб кўришяпти. Балки, сиз айтгандек ҳолат ҳам кузатилган бўлиши мумкин. «Қизилқум» раҳбария­ти жамоа олдига жиддий вазифаларни қўйган. Шу мақсадда таркиб, шу жумладан, ҳужум чизиғи ҳам кучайтирилди. Бутун ўйин давомида икки ҳужумчи билан ўйнадик. Охирги 4-5 йил давомида жамоа бир ҳужумчи билан ҳаракат қилиб келаётганди. Албатта, икки ҳужумчи билан ўйнаш осонроқ. Чемпионат ва кубок баҳсларида ана шу ўзгаришларнинг самарасини кўришдан умидвормиз.

- Малайзиянинг «Перак» клуби шарафини ҳимоя қилаётган эдингиз. Ҳозир сизни «Қизилқум» сафида кўриб турибмиз. Ўзбекистонга бутунлай қайтдингизми?

- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. Жароҳат сабаб бир ярим ой давомида майдондан ташқарида бўлдим. Легионер мақомидаги футболчилар учун бу катта муддат. Яъни, клуб мураббийлари сизни ортиқ ушлаб тура олишмайди. Легионерлар жамоа ўйинини кучайтириш учун таклиф қилинади. Хусусан, «Перак» клуби мураббийларининг ҳам жароҳатим тузалишини кутиб туриш ниятлари йўқ эди. Буни мен ҳам тўғри тушундим. Маҳаллий футболчи бўлганида бошқа гап эди. Шуларни ўйлаб, Тошкентга қайтдим ва шу ерда муолажаларни олдим. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Кўрдингиз, икки бўлим давомида майдонда ҳаракат қилдим.

- Шартномани дипломатик йўл билан бекор қилдингларми?

- (кулади) Албатта. Икки томон ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилдик. Ҳеч бир томон норозилик билдирмади. Очиғини айтаман, Малайзия чемпионатидаги ўйинларим унчалик қовушмаётганди. Ўйиним очилиб кетмаётганди.

- «Қизилқум» билан шартнома имзоладингизми ёки ҳамон кўрик жараёни давом этяптими?

- Жамоа мураббийлари билан фикримиз бир жойдан чиқди ва «Қизилқум» билан шартнома имзоладим.

- Балки энди бунинг аҳамияти йўқдир, лекин бошқа таклифлар ҳам бўлдими?

- Таклифлар бор эди. Лекин ҳаммасини тарозига қўйган ҳолда «Қизилқум» вариантини афзал билдим. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчи галда ўзим навоийликман. Туғилиб-ўсган шаҳар жамоасига ёрдам бериш ёқимли. Маҳаллий мухлисларни хушнуд қилиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Қолаверса, «Қизилқум» мен учун бегона эмас. Аввал ҳам бу жамоа сафида ўйнаганман. Янги муҳитга мослашиб кетиш муаммоси менда бўлмайди. Ва энг муҳими, «Қизилқум» раҳбарияти иккинчи даврада катта мақсадларни кўзлаяпти. Вазифаларимиз юқори. Ўйлайманки, бу вазифани бажариш қўлимиздан келади. Боз устига, ҳали яна таркибга кўзга кўринган футболчиларнинг келиб қўшилишлари кутиляпти.

- Жамоадаги ички муҳит қандай экан?

- Ёмон эмас. Эндигина жамоага келиб қўшилдим. Бу борада муаммо бўлмайди, деган умиддаман. Шахсан ўзимга келсам, клубдагилар яхши кайфиятда кутиб олишди. «Қизил­қум» билан шартнома имзолаганимдан хурсандман. Мураббийлар штаби, раҳбарият ва жамоа мухлисларининг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Етакчи клубларда орттирган тажрибамни ишга солиб, ўз голларим билан жамоамиз муваффақиятига ҳисса қўшмоқчиман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:37, 22.07.2016.
Ўқилди: 5492 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.