Ўтган йилнинг августида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубига кўчиб ўтган Англиянинг «Ливерпуль» клуби собиқ ҳужумчиси Дарвин Нуньес Европага қайтишга яқин турибди. Журналист Саша Тавольерининг X ижтимоий тармоғидаги хабарига кўра, уругвайлик футболчини ўз сафига қўшиб олишга Туркиянинг «Бешикташ» клуби қизиқиш билдирмоқда.
Манба маълумотига кўра, томонлар 27 ёшли футболчини ижарага олиш бўйича келишувга жуда яқин туришибди. Шартнома 2026/2027 йилги мавсум охиригача мўлжалланган бўлади.
ОАВ хабарларига кўра, «Ал-Ҳилол» 2025 йилнинг ёзида Нуньес учун «Ливерпуль»га 53 миллион евро тўлаган эди. Ўтган мавсумнинг биринчи ярмида форвард Саудия Арабистони чемпионатидаги 16 та ўйинда 6 та гол урди ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди. Қишда эса легионерлар лимити ошиши сабабли унинг номи мусобақа қайдномасидан чиқариб ташланган эди.













