Бразилия терма жамоаси ва Мадриднинг "Реал" клуби собиқ ҳимоячиси Роберто Карлос марокашлик Сухайла ат-Тоҳирийга уйланганидан сўнг ислом динини қабул қилгани ҳақида тарқалган хабарларга илк бор муносабат билдирди.
Аввалроқ Туркия ОАВ 53 ёшли бразилиялик Сан-Паулуда шайх Жиҳод Ҳамада билан учрашув вақтида гўёки шаҳодат калимасини айтгани ва шу тариқа исломни қабул қилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бу маълумотлар туркиялик депутат Али Шоҳиннинг шайх сўзларига таяниб қилган баёнотидан сўнг кенг тарқалди.
Бироқ Роберто Карлос мазкур хабарларни рад этди.
"Мен ислом динини чуқур ҳурмат қиламан. Турмуш ўртоғимнинг ибодат қилаётганини кўришдан хурсандман, аммо менинг исломни қабул қилганим ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди", — деди собиқ футболчи Okaz нашрига.
Карлос, шунингдек, тўй маросимида турли анъаналар инобатга олинганини тушунтирди. Унинг оила аъзоларининг католик анъаналари, шунингдек, рафиқаси ва унинг дўстларининг диний эътиқодларига мос равишда алоҳида маросимлар ўтказилган.













