Ҳозирда Италияда яшаб, фаолият олиб бораётган Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Илёс Зейтуллаев матбуотда ўзи ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди. Аввалроқ, Зейтуллаевнинг ёши 5 йилга кичрайтирилгани, бу иш ошкор бўлгач, Италия уни визадан маҳрум қилгани, Ўзбекистон футбол федерацияси эса унга нисбатан жазо қўллагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
«Мени ёшим 5 йилга эмас, 2 йилга кичрайтирилган, буни тан оламан. Лекин бу борада менга нисбатан ҳеч қандай текширув олиб борилмади, ҳеч ким жазо чораларини қўлламади. ЎФФда ҳам жанжал, можаролар юз бермади.
Ёшни кичрайтириш муаммоси фақат Ўзбекистонга тааллуқли эмас, бу бутун дунёда қилинадиган иш. Энг ёрқин мисол – Лусио.
Аммо ёш футболчиларни бу ишга қўл урмасликларини, мени хатоларимни такрорламасликларини маслаҳат берган бўлардим.
Ҳозирда Ўзбекистон фуқаросиман, Италияда яшаш учун рухсатномам бор. Расман мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқдаман» - деди Илёс Зейтуллаев.
Эслатиб ўтамиз, Зейтуллаев фаолиятининг асосий қисмини Италияда ўтказган. У "Ювентус", "Режина", "Верона", "Пескара", "Торино" клубларида ўйнаган. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 10та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урган.