Ўзбекистон чемпионати олий лигаси биринчи даврасидан ўрин олган ўйинлар якунланди, ҳисоб. Ҳозирча турнир жадвалида «Бунёдкор» якка пешқадам бўлиб турибди. Аммо «Локомотив» ва «Қизилқум» ўртасидаги қолдирилган ўйин (13-тур)дан сўнг вазият кескин ўзгариши ҳеч гап эмас. Хуллас, «Интерфутбол» газетаси биринчи давра якунлари бўйича мутахассислар хулосаларини ўрганишда давом этади. Бугунги меҳмонимиз - барчамизга яхши таниш бўлган мутахассис Рустам Акрамов. Айни вақт «Бунёдкор» клуби академиясида маслаҳатчи-мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Рустам ака олий лигада кечаётган кураш ҳақидаги саволларимизга батафсил жавоб қайтарди.
«МЕТАЛЛУРГ» ВА «ПАХТАКОР»
- Рустам ака, бу йил кутилмаган натижалар, нисбатан, кўп қайд этилмоқда. Хусусан, «Металлург» етакчиларга анча бош оғриғи бўлди. Бу жамоадан шундай натижа кутганмидингиз?
- Ҳа, «Металлург» анча ёқимли таассурот қолдиряпти. Аммо бу клубнинг натижаларини тасодиф ёки кутилмаган ҳолат сифатида баҳолаш мутлақо ўринсиз. Зеро, «Металлург» бошқарувида узоқ йиллардан буён бир мураббий ишлаб келмоқда. Жамоада ҳаммаси айнан Рустам Мирсодиқов атрофида қурилган. Шу сабабли, барқарорлик ҳукмрон. Қолаверса, жорий мавсум жамоа ўйинида сезиларли ўсиш ҳам кузатиляпти. Бу ҳолат жамоа машғулотлар жараёнини ўзгартирилгани билан боғлиқ, менимча. Афтидан, бу йил бекободликлар иш тизимида қандайдир ўзгариш бўлган кўринади. Дейлик, «Металлург» ҳаттоки, «Локомотив»ни ҳам мағлубиятга учратиши мумкин эди, шунингдек, «Бунёдкор» сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди. Шахсий фикримча, бекободликлар иккинчи даврада янада иштиёқ билан ўйнашади. Ҳарқалай, жамоада яхши натижаларга эришиш имконияти чакки эмас.
- Аммо «Пахтакор»га нисбатан бундай фикр айтиш жуда қийин. Сизнингча, «шерлар»нинг муаммоларига сабаб нима?
- «Пахтакор»нинг ҳозирги ҳолати жуда оддий ва тез-тез учрайди. Шунчаки, узоқ йиллар ишлаган инсон жамоа бошқарувидан кетди ва бу яхлит йўлга қўйилган тизимга салбий таъсир кўрсатди. Тўғри, Самвел Бабаян фақат охирги 1,5 йилда расман бош мураббий сифатида фаолият юритди, аммо бунга қадар ҳам асосий ишларни айнан унинг ўзи бажарарди. Табиийки, бундай мутахассиснинг кетиши жамоага таъсир кўрсатмай қолмасди. Боз устига, «Пахтакор» бир қатор етакчи футболчилардан ҳам айрилди. Александр Лобанов, Егор Кримец, Кахи Махарадзе - бундай кўламдаги йўқотиш исталган жамоани қийнаб қўйган бўларди. Таркибда қолган йигитлар эса ҳозирча бор масъулиятни ўз зиммаларига ололмаяптилар. Аксига олиб, Игорь Сергеевнинг ўйинидаги пасайиш ҳам шу оғир вақтга тўғри келди. Бир сўз билан айтганда, жамоадан «бош қўмондон» кетгач, қўшин нисбатан «сочилиб» қолди.
- Игорь Сергеевнинг ўйинида пасайиш борлигини таъкидлаяпсиз. Бироқ у биринчи давра баҳсларида 12та гол уриш уддасидан чиқди ва тўпурарлар рўйхатини бошқариб турибди. Бир қарашда, бундай пасайишга исталган ҳужумчи ҳавас қилиши мумкин...
- Тўғри, аммо шу билан бирга барчамиз Игорь Сергеев иқтидор нуқтаи назаридан бундан-да кўпроғига қодир эканлигини яхши биламиз-ку. Ҳа, Игорь ҳамон гол урмоқда, аммо ўйинида аввалги шиддат пасайганини инкор этиб бўлмайди. Айниқса, «Пахтакор» учун мана шундай қийин вақтда кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши керак эди. Шунчаки, Сергеев сўнгги йилларда жуда катта ҳажмда иш бажарди ва бироз толиққан кўринади. У «Пахтакор»дан ташқари, миллий ва олимпия терма жамоаларида ҳам асосий ҳужумчи бўлиб келди. Бунга қадар эса, ёшлар терма жамоасида ўйнади. Биласизми, бир вақтлар собиқ иттифоқ футболида Фёдор Черенков бирданига порлаб чиқиб, ўз иқтидори билан барчани ҳайратга солганди. Бироқ у жуда ёшлигиданоқ катта босим остида қолди. Яъни Черенков ҳамма жойда ўйнади - «Спартак»да, собиқ иттифоқ миллий ва олимпия терма жамоаларида... Албатта, унинг истеъдоди шундоқ кўзга ташланиб турарди. Аммо нотўғри ёндашув, яъни мунтазам равишда катта босим остида ўйнаши оқибатида руҳиятида ўзгаришлар кузатилди ва «синиб» қолди. Игорь Сергеев ҳам маълум вақт катта босим остида ўйнади ва бу ҳолат унга таъсир ўтказиши турган гап. Мана, яқинда Хитой клуби билан шартнома имзолади. Бошқа чемпионатда тўп суриш унинг фойдасига хизмат қилади, деб ўйлайман. Ҳарқалай, умумий ёндашув ва муҳит сал ўзгаради.
- Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мутахассис сифатида тахминингизни айтсангиз - «Пахтакор» бу йил чемпионатни нечанчи ўринда якунлаши мумкин?
- Менимча, кучли бешликдан пастга тушмаса керак. Шунинг баробарида чемпионлик курашига қўшилиши жуда-жуда қийин.
«НАСАФ»
- Афсуски, «Насаф»нинг ишлари ҳам жойида эмас. Боз устига, жамоа иккинчи давра олдидан Артур Геворкян ва Эркин Бойдуллаев каби етакчи футболчилардан айрилди. Буни қандай изоҳлайсиз?
- «Насаф»ни кучли мураббий бошқармоқда. Шахсан мен Рўзиқул Бердиевни қаттиқ ҳурмат қиламан. У яхши жамоа шакллантира олди. Бироқ «Насаф» фақат ўтган йили «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» билан тенгма-тенг рақобатлашадиган даражага етди. Ўзбекистон кубогидаги ғалаба қаршиликларни руҳлантириши лозим эди. Аммо афсуски, бунинг ўрнига муаммолар бошланди. Бунга жамоадаги ички муҳит сабаб бўлса керак. Афтидан, клубда қандайдир ички муаммолар бор. Шу сабабли ҳам, Геворкян ва Бойдуллаев кетишни ихтиёр этишгандир. Аммо Рўзиқул Бердиев - кучли мутахассис. Унинг иккинчи даврада муаммоларни бир ёқли қилишига ишонаман.
- Бироқ бунинг учун вақт ва имконият бормикан? Бизда кеч қолинган ишга нисбатан бир гап айтилади: «Поезд кетиб бўлди». «Насаф»нинг «поезди» кетиб қолмадими?
- Йўқ, «поезд» ҳали станцияда. Шунчаки, жамоа раҳбарияти Рўзиқул Бердиевга ишонишда давом этиши керак. Шундагина барча муаммолар ортда қолиши мумкин.
«ҚИЗИЛҚУМ» ВА «БУХОРО»
- «Қизилқум» ва «Бухоро» клублари бу йил ўз олдиларига жиддийроқ мақсад қўйишган эди, олий лигада рақобат бирмунча кучайди. Бироқ бу жамоалар сарфланаётган маблағ ва интилишга яраша натижа қайд этишяптими?
- Энг аввало, биз улар олиб бораётган ишдан хурсанд бўлишимиз керак. Олий лига бундан фақат ютади. «Қизилқум» ва «Бухоро»нинг ҳозирги натижаларига келсак, тажриба ошиши баробарида самара ҳам келади. «Бухоро»да жуда яхши мураббийлар штаби бор. Шунингдек, вилоят футболи раҳбарлари ҳам катта ҳажмда иш олиб боришяпти. «Қизилқум»да эса бутун бошқарув тизими Ҳамид Актамов қўлида. Бунинг натижасини кўриб турибмиз. Шахсий фикримча, икки клуб ҳам тўғри йўлдан боряпти.
- Бироқ улар шундай барқарорликни йиллар давомида сақлаб қолишлари лозим. Масалан, дейлик, сиз 2-3 йилдан сўнг ҳам «Қизилқум» ва «Бухоро»ни мана шу қиёфада тасаввур эта оласизми?
- Бунинг учун улар ўз тарбияланувчиларига кўпроқ таянишлари керак. Фақат, клуб академиясини кучайтирибгина йиллар давомида барқарор ўйин намойиш эта оладиган жамоа шакллантириш мумкин. Шунингдек, вилоят чемпионатига эътиборни кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Клуб пойдевори мана шу икки ҳолатга бевосита боғлиқ. Такрорлайман, ёшларни тарбияламасдан туриб, барқарорликка эришиш мушкул. Масалан, ҳозирданоқ «Бунёдкор»нинг кейинги мавсумларда ортиқча муаммоларга учрамаслигини айтишим мумкин. Чунки клуб академияси барқарор ишламоқда ва ҳар йили ёш иқтидорлар етишиб чиқишяпти. Шунингдек, «Пахтакор»нинг ишлари яқин йилларда қайта изга тушишини тахмин қилишга асослар етарли. Чунки бу клуб ҳам асосан ўз тарбияланувчиларига ишонч билдиради. «Локомотив» эса ҳозирча шу масалада катта натижаларга эришгани йўқ. «Темирйўлчилар» ўйини деярли, тан олинган футболчиларга асосланган. Ўзбекистон чемпионатидаги энг тажрибали ўйинчилар ҳозир айнан «Локомотив» шарафини ҳимоя қилишяпти. Бироқ клуб келажагида академиянинг ўрни катталигини унутмаслик лозим. Худди шу гапни «Бухоро» ва «Қизилқум» ҳақида ҳам айтишим мумкин. Айни пайт уларнинг ўйини, асосан ҳомийларга боғлиқ. Агар молиявий таъминот шу тахлит давом этса, ўйин сифати ҳам, натижа ҳам кутилганидек бўлади. Аммо таъминотда узилишлар бўлса, муаммолар туғилиши турган гап.
ВОДИЙ ЖАМОАЛАРИ
- Водий клублари ҳақида ҳам тўхталсангиз. Зеро, улар сўнгги йилларда фақат «жон» сақлаб қолиш билан овора бўлишяпти, ҳисоб. Ҳудуд футболининг бу қадар ортга кетиши нима билан боғлиқ, сизнингча?
- Клубда якдиллик, ҳамжиҳатлик қарор топмас экан, ривожланишдан умид қилиш мантиқсизликдир. Гуруҳбозлик, ғийбат ва миш-мишлар ҳар қандай жамоани ичидан емириб ташлаши тайин. Афсуски, сўнгги йилларда водий клубларида мана шундай муаммолар илдиз отаётган кўринади. Шунинг оқибатида мураббийлар қўлқопдек алмаштирилмоқда ва натижа тобора ортга кетяпти. Масалан, Александр Волков яқиндагина «Навбаҳор» бошқарувига тайинланган эди. Шахсан ўзим бу мураббийни кучли мутахассис, деб биламан. Аммо унга ишлаш имконини беришмади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бундай шароитда қандай ривожланиш ҳақида гапириш мумкин? Айтайлик, бирор мураббий жамоа бошқарувига келди, аммо у узоқ вақт ишлаш имкони барибир, бўлмаслигини билади. Хўш, шу ҳолатда кўп ишларни амалга ошира оладими? Юқорида «Металлург» ва «Қизилқум»ни тилга олдик. Уларнинг муваффақияти, аввало, Рустам Мирсодиқов ва Ҳамид Актамов узоқ вақтдан буён ишлаб келаётганлари билан боғлиқ. Охирги йилларда водийнинг қайси клубида бир мураббий 2-3 мавсум ишлади? Жамоалар, энг аввало, ички муаммоларни ҳал қилиб олишлари лозим. Акс ҳолда, ҳаммаси ортга кетаверади...
- Хўш, ички муаммоларни бартараф этиш учун нима қилиш керак?
- Биринчи шарт: клуб ўзини ўзи таъминлаш тизимига ўтиши лозим. Ҳомийлар қўлига қараб қолиш ва фақат тайёр пул эвазига футболни ривожлантириш мушкул. Биласиз, футболи ривожланган ўлкаларда асосий даромад трансляциялар улушига тўғри келади. Аммо бизда бунинг имкони йўқ. Шунга қарамай, қўл қовуштириб ўтириш сира ярамайди. Клублар биринчи навбатда, ўз академияларини шакллантиришлари керак. Масалан, «Пахтакор» ва «Бунёдкор»нинг келажаги борасида менда шубҳа йўқ. Уларнинг кейинги ишлари жойида бўлади.
КИМ ЧЕМПИОН БЎЛАДИ?
- Рустам ака, суҳбатимиз охирида сўнгги савол - бу йил чемпионлик қайси клубга насиб этаркин? Гарчи ҳозир «Бунёдкор» 1-ўринда бораётган бўлса-да, якунда «Локомотив»нинг ғолиб чиқишига ишонч катта, барибир. Бунга нима дейсиз?
- Чемпионлик масаласи кўп омилларга боғлиқ. Етакчи клублар қайд этадиган натижаларда кўпинча терма жамоа таъсири ҳам бўлади. Демоқчиманки, миллий жамоа тез-тез йиғин ўтказса ва футболчиларни чақириб олаверса, табиийки, клублар машғулотлари жараёнига путур етади. Оқибатда тикланиш учун кўп вақт сарфланади. Боз устига, «Локомотив» Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини ҳам давом эттирмоқда ва ҳали қийин ўйинларда майдонга тушади. Буни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Шахсан мен Сергей Лушанга ишонаман. У жуда ақлли мураббий. «Бунёдкор» биринчи даврада «Локомотив» билан дуранг қайд этди ва ҳали ўйинини янада кучайтириш имкониятига эга. Шундай экан, бу тахминингизга қарши фикр билдираман ва «Бунёдкор» сизни ҳайрон қолдира олишини айтаман. Ҳаммаси мавсум охирида кўринади...
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди