Кеча «Қўқон-1912» ва «Пахтакор» клублари Олий лига доирасида ўйин ўтказишди. Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Ўйиндан сўнг «Пахтакор» бош мураббийи Григорий Колосовский ўз фикрларини билдирди.
Бу ҳақда «Қўқон-1912» ва «Пахтакор» клубларининг сайти хабар берди.
«Қўқон-1912» сайтида Колосовский шундай деди: «Ўйинни ўзларинг кўрдиларинг. Жанговор дуранг бўлди. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоада ҳам вазиятлар бўлди. Рақибга иккинчи голни уришга йўл қўймаганимиз боис бир очкога эга бўлдик. Аммо натижа ўйинга яраша бўлди. Бугунги бир очко майдон эгалари учун ҳали асқотади».
«Пахтакор» сайтида эса бундай деган: «Иккинчи бўлимда тўлиқ устунликка эга бўлдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Бемалол 2-голни уришимиз ҳам мумкин эди. Бунга етарлича вазиятларни юзага келтирдик. Мезбонлар эса биринчи бўлимда яхшироқ ўйин намойиш қилишди. Бугун икки очкони қўлдан чиқардик деб ҳисоблайман. Ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Беллашувнинг ўзи жанговар кўринишда ўтди»
Колосовскийнинг гапларини ўқиб, боши берк кўчага кириб қолиш мумкин, чунки у бир-бирига зид сўзларни гапирган. Қизиқ, Колосовский аслида нима деган экан?