Кириш Регистрация

Футзал бўйича ЖЧ—2016 иштирокчилари. Аргентина: бирорта мундиални қўйиб юбормаган уч жамоадан бири

Баҳо:
+ | -

Колумбия мезбонлигидаги Жаҳон Чемпионатида Қозоғистон, Соломон ороллари ҳамда Коста-Рика билан бир гуруҳдан жой олган Аргентина 2004 йилги натижасини такрорлаш учун ҳаракат қилади. Ўшанда жамоа ярим финалга қадар етиб борганди.

 

Аргентина термаси ҳақида энг лўнда фикрни фақатгина 1 та статистика билан бериш мумкин. Бу жамоа Жаҳон Чемпионатларининг ҳаммасида иштирок этган.

Колумбияга йўл

Аргентина терма жамоаси КОNMEБОЛ қитъасининг Жаҳон Чемпионатига йўлланма берувчи мусобақасига фаворит сифатида ташриф буюрди. Бразилия терма жамоасининг бу борада яққол етакчи эканигина аргентиналикларни чўчитиши мумкин эди.

Гуруҳ босқичида мамлакат футзалчилари ишончни тўла оқлади. Биринчи ўйинда Уругвай 4:2 ҳисобида таслим этилди. Унинг кетидан Колумбия 3:0, Чили эса 2:0 ҳисобларида маҳф этилди. Боливияга қарши биргина учрашувда аргентиналиклар аввалги 3 та ўйинда киритилган умумий голлардан кўпроқ уришди — 11:0.

Ярим финалдаги ғалаба Аргентинани нафақат финалга, балки мундиалга ҳам олиб чиқиши керак эди. Тўғри, турнирнинг 3-ўрни учун ҳам йўлланма кафолатланган, бироқ нега энди темирни қизиғида босмаслик керак? Парагвайга қарши ўйинда 3:1 ҳисобида олдинда бораётган Ла Албиcелесте, қандайдир 15 сония ичида 2 та гол ўтказиб юборди ва вазиятни қийинлаштириб ташлади. Пенальтилар сериясигина жамоа жонига оро кирди — 3:2.

Финалдаги рақиб — Бразилия. Пентакампионларга қарши беш бор залга чиқиб, 1 марта дуранг қайд эцангиз — дўппингизни осмонга отаверинг. Фақат финалда эмас. 0:4 ҳисобида енгилган Аргентина кумуш медаль билан қоладиган бўлди.

Жамоа ҳақида

Жаҳон Чемпионатларининг бир эмас, учтасида тўп тепган Диего Гисточчи мураббий сифатида ҳужумкор Аргентинага асос солди. Қитъа чемпионатида унинг шогирдлари 23 та гол уриб, турнир давомида 31 бор муваффақият қозонган Бразилиядан кейин сермаҳсуллик борасида иккинчи бўлди.

Аргентина термаси ўйинини ташкил қилувчи тўрт футзалчини келтириб ўтамиз: Алмиро Вапораки, Leanдро Куззолино, Максимилиано Рессиа, Кристиан Борруто. Ҳар тўрт футзалчи Европа қитъасида тўп суради. 2012 йил Таиландда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида мана шу йигитлар жамоанинг асосий фигураси бўла олганди.

Саралаш ўйинларида порлаган дарвозабон Николя Сарментога бор мураббий каттагина умидлар боғлаган. Ўтказилган 6 та ўйиннинг тенг ярмини қуруқ серия билан якунлай олган посбонга ишонмай бўладими?

Мундиаллардаги иштироки

Аргентина терма жамоаси 1989 йилдан буён ўтказиб келинадиган Жаҳон Чемпионатларининг бирортасини қўйиб юбормаган уч мамлакатдан бири ҳисобланади. Жаҳоннинг 5 карра чемпиони Бразилия ва икки карра ғолиби Испания қаторида туриш Аргентина учун катта шараф.

Аргентина терма жамоасининг мундиаллардаги энг яхши натижаси 2004 йилги мундиалга тўғри келади. Хитой Тайпейи мезбонлик қилган турнирда аргентиналиклар ярим финалга қадар етиб боришди ва бронза медаллар учун курашда Бразилиядан енгилишди.

1996 йил Испанияда бўлиб ўтган мундиал Аргентина учун энг ёмони. Фақатгина шу ерда улар гуруҳ босқичини муваффақиятсиз якунлашга мажбур бўлишди. Сўнгги — Таиланд—2012 мундиалида улар чорак финалга йўл олиб, якунда мусобақани 7-ўрин билан ниҳоялашди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 15:38, 05.09.2016.
Ўқилди: 4816 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.