Эрон ва футзал сўзлари ёнма-ён келганида спортдан озгина хабари бор инсонлар гап қандай куч ҳақида кетаётганини яхши тушунади.
Форслар Жаҳон Чемпиотида энг муваффақиятли иштирок этиши доимо кутиладиган Осиё етакчилари ҳисобланади. Мундиалдаги илк чиқишини ярим финал билан якунлаган Эрондан яна нима кутиш мумкин?
Колумбияга йўлЭрон терма жамоаси Осиё Бразилияси. Форслар Тошкентга Жаҳон Чемпионати йўлланмасини ютиб олиш учун эмас, дуч келган рақибни бирма-бир «учириш» ва бу орқали қитъа қироли ким эканини ҳаммага яна бир бор эслатиб қўйиш учун етиб келишганди.
Жамоанинг йўлидан биринчи бўлиб Иордания чиқди — 6:0. Иккинчи рақиб Хитой 7:0 ҳисобида мағлуб этилди. Гуруҳдаги сўнгги ўйинда Ироқ Эрон постига иккита гол ургани билан ғурурланиши мумкин эди, агар ўз дарвозасидан 13 та гол ўтказиб юбормаганида.
Чорак финалда форслар ҳаммасини яна бошидан бошлашди ва қирғизистонликларга 10 тадан кўп гол урмасликка қарор қилишди — 7:0. Вьетнамнинг ярим финалдаги айби эса Эрон дарвозасига 1 та гол ургани эди. Эвазига 13 та гол қабул қилиб олди.
Финал учрашувини айтиб ўтмасак бўлмайди. Ўзбекистон терма жамоаси тўхтатиш қийин бўлган Эронга қарши саф тортди. Ўйин 1:2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлгани кўпчиликни ажаблантирди. Қайси маънода дейсизми? Форслар ҳеч бўлмаганда 3 та гол фарқи билан зафар қучишига кўпчилик ишонганди.
Жамоа ҳақидаОсиё Чемпионатидаги 6 та ўйинда 48 та гол урган жамоага яна қандай таъриф бериш мумкин? Ваҳоланки эронлик мухлислар мамлакат футзал терма жамоасининг кучсизланиб қолганидан хавотирда эканини яшираётгани йўқ. Уларнинг фикрига кўра, аввалги Эрон ҳозиргисидан кучлироқ бўлган. Мана шу қараш ҳам Эрон ўзи учун савияни нақадар юқори белгилашини кўрсатиб турибди.
Форсларнинг ҳужумкор жамоа экани-ку аниқ. Бундан ташқари ҳимояси ҳам чакки эмас. Бор йўғи 4 та гол ўтказиб юборгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Ва битта жиҳатга ишонинг, гол ўтказмаслик керак бўлганида, на Ироқ ва на Вьетнам бу ишнинг уддасидан чиқарди.
Бош мураббий Муҳаммад Нозималшарий 2012 йил Таиландда тўп сурган футзалчилар асосида яхши жамоа шакллантира олган. Хусайн Тойибийнинг ўзи мундиалга ташриф буюраётган ҳар қандай жамоани кучайтириши мумкин бўлган футзалчидир. Қитъа чемпионатида 11 та голга муаллифлик қилгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Унинг атрофида жам бўлган Али Асқар Ҳасанзода, Маҳдий Жавид, Фарҳод Тавакколий каби футзалчилар керак бўлса Европа термаларини ҳам қўрқувга сола олади.
Мундиаллар тарихиБразилия, Испания ва Аргентина терма жамоалари 1989 йилдан буён ўтказиб келинадиган Жаҳон Чемпионатларида узлуксиз иштирок этиб келаётган уч жамоа экани ҳақида айтиб ўтгандик. Кейинги олти мундиалда эса форслар иштирок этишди.
1992 йил Эрон терма жамоаси Гонгконгга ташриф буюриб, ярим финалга қадар етиб борди ва турнирни 4-ўринда якунлашга эришди. 1996, 2000 ва 2004 йилги Жаҳон Чемпионатларида Эрон гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтди. 2008 йил Бразилияда муносиб иштирок этилди, 2012 йил Таиланд залларида форслар чорак финалга қадар етиб бориб, Колумбиядан 1:2 ҳисобида енгилди.
Мана энди Эрон Колумбиянинг ўзига ташриф буюриб, Испания, Марокаш ҳамда Озарбайжон билан бир гуруҳдан жой олган. Осон бўлмайди ўйинлар. Испания Европанинг амалдаги ва жаҳоннинг икки карра чемпиони. Озарбайжонга қарши беллашувни эса терма жамоалар ўртасидаги дерби деб аташингиз мумкин.