Шу йилнинг 8 декабрь куни Японияда клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати старт олади.
Африка, Осиё ва мезбон Япония чемпионларини инобатга олмаганда, клублар мундиалида иштирок этувчи қолган 4 жамоа номи маълум: «Реал Мадрид» (Европа чемпиони), «Атлетико Национал» (Жанубий Америка чемпиони), «Америка» (Шимолий Америка чемпиони) ва «Окленд Сити» (Океания чемпиони).
Қуръага кўра, Янги Зеландиянинг «Окленд Сити» клуби Жаҳон Чемпионатининг илк — плей-офф ўйинида иштирок этади ва мазкур беллашувда унга Япония чемпиони рақиблик қилади. Мазкур жуфтлик ғолиби чорак финалда Африка қитъасининг бўлажак етакчиси билан беллашади.
Чорак финалнинг иккинчи ўйинида Мексиканинг «Америка» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси етакчисини синовдан ўтказади. Тошкентнинг «Локомотив» клуби мусобақанинг чорак финалида ўз юришига якун ясагани учун, Жаҳон Чемпионатида Ўзбекистон клуби иштирок этмаслиги аниқ. Сардор Рашидов ҳаракат қиладиган Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби эса мазкур турнир учун курашни давом эттиради.
Европа ва Жанубий Америка чемпионлари ҳисобланган «Реал Мадрид» ҳамда «Атлетико Национал» клублари ярим финалдан турнирга қўшилади. Қайд этиш керак, Осиё Чемпионлар Лигасининг ғолиби «Америка»ни таслим қила олса, тўғридан-тўғри» «Реал»га рақиб бўлади.
14—15 декабрь кунлари ярим финал учрашувлари ўтказилса, финал 18 декабрга тайин қилинган.