Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мақола. Матонат ва ирода ғалабаси

Баҳо:
+ | -

Ҳар гал паралимпиячи спортчилар ҳақида гап кетганда, кўз олдимда чинакам матонатли, кучли иродага эга шахслар гавдаланади. Чунки тўрт мучаси соғ бўлмаса-да, спорт билан шуғулланиш, руҳан соғлом инсонга айланиш жуда мушкул иш. Жисмоний имконияти чекланганига қарамай, Ватан шаъни учун халқаро майдонда мардларча курашиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди...

Баралла айтиладиган хушхабар

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 7-18 сентябрь кунлари XV Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда спортнинг 22 тури бўйича жами 528 та медаль жамланмаси учун 176 мамлакатдан келган спортчилар ўзаро баҳс олиб борди. Жисмоний имконияти чекланган спортчилар ўртасида ўтказилган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида Ўзбекистоннинг 32 нафар паралимпиячиси спортнинг беш тури — дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича медаллар учун баҳсларда қатнашди.

Эътибор беринг, шу пайтга қадар мамлакатимизда Паралимпия ўйинлари чемпиони чиқмаган эди. Ўзбекистон вакиллари Паралимпия ўйинларида фақат битта кумуш медалига сазовор бўлган: 2012 йилда Лондондаги Паралимпия ўйинларида ҳамюртимиз Шариф Халилов 73 килограмм вазндаги дзюдочилар баҳсида ушбу медални қўлга киритган.

Мана, орадан тўрт йил ўтиб, бутунлай бошқача натижани кўрдик. XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳар қачонгидан-да фаол иштирок этиб, деярли ҳар куни халқимизни хушхабар билан хушнуд этди. Паралимпиячиларимиз мусобақаларнинг биринчи кунидаёқ 8 та медални қўлга киритишди. Бир йўла учта спортчимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, олтин медалга сазовор бўлди. Яна 2 та кумуш ва 3 та бронза медали қўлга киритилди.Терма жамоамиз аъзоси Фотимахон Амилова сузиш баҳсларида бирваракайига ҳам бронза, ҳам кумуш, ҳам олтин медални қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.

Бундан ташқари, Александр Свечников енгил атлетиканинг найза отиш йўналишида иштирок этиб, 65,69 метр натижа билан Паралимпия ўйинлари рекордини янгилаш эвазига, Ҳусниддин Норбеков бўлса, диск улоқтириш баҳсларида жаҳон рекордини ўрнатган ҳолда олтин медални қўлга киритишди. Сузиш баҳсларида эса вакилимиз Фирдавсбек Мусабеков эркаклар ўртасидаги 100 метр масофага брасс усулида ўтказилган баҳсда 1:04.94 натижа билан яна бир олтин медални терма жамоамизга туҳфа этди.

Паралимпия ўйинларининг сўнгги кунини ҳам ҳамюртларимиз юқори нотада тугатишди. Истеъдодли спортчимиз Нозимахон Қаюмова енгил атлетиканинг найза улоқтириш бўйича баҳсларида 44,58 метр натижа кўрсатди ва у ҳам жаҳон рекордини ўрнатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Спортчиларимизнинг якуний натижаси чинакамига фантастик кўриниш олди: терма жамоамиз аъзолари 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза, жами 31 та медаль жамғариб, юртимизга худди олимпиячиларимиз каби Бразилиядан медаллар шодаси ва ёруғ юз билан қайтиб келишди. Бу билан улар умумжамоа ҳисобида 176 та давлат вакиллари орасида медаллар сифати бўйича 16-ўринни, сони бўйича эса 13-ўринни эгаллашди.

Ҳа, бунақаси ҳали ҳеч қачон бўлмаганди. 32 нафар иштирокчи 31 та медални қўлга киритиши — бу ақл бовар қилмайдиган кўрсаткич. 2012 йилда қўлга киритилган атиги битта медалнинг орадан тўрт йил ўтиб, 30 баробарга кўпайганини чинакам мўъжизага қиёслаш мумкин. Атиги тўрт йилда натижалар салмоғини бу қадар ошириш, унча-мунча давлатнинг ҳам, спортчининг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Ва бу улкан натижани секинроқ айтиб бўлмайди. Бу фактни баралла, ёруғ юз билан айтамиз: биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!

Энг яхши       кўрсаткич — бизда

Мусобақада энг кўп — 239 та медаль жамғарган Хитой терма жамоаси спортнинг 17 турида 327 нафар спортчи билан иштирок этган. 

2. Буюк Британия: 147 та медаль — 260 спортчи (20 спорт тури).

3. Украина: 117 та медаль — 171 спортчи (15 спорт тури).

4. АҚШ: 115 та медаль – 288 спортчи (20 спорт тури).

5. Австралия: 81 та медаль — 175 спортчи (16 спорт тури).

6. Германия: 57 та медаль — 158 спортчи (17 спорт тури). 

16. Ўзбекистон 31 та медаль — 32 спортчи (5 спорт тури).

Рақамлар шуни кўрсатяптики, спортчилар сонига нисбатан медаллар жамғариш борасида Ўзбекистон делегацияси 96,8 фоизли  натижа билан XV Паралимпия ўйинларида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди. Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар натижаси бўйича бундай кўрсаткичга эришмаган. Шундан бўлса керак, Бразилияда жуда кўп давлат делегациялари Ўзбекистон эришган ютуқларга ҳайрат ва ҳавас билан қарамоқда. 

Дзюдода ҳам тенгсизмиз

Ёдингизда бўлса, XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси бокс турида барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни қўлга киритганди. Паралимпиячилар орасида эса Ўзбекистон делегацияси спортнинг дзюдо тури бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олди (3 та олтин, 1 та кумуш, 6 та бронза).

Шерзод Намозов (-60 кг), Ўткиржон Ниғматов (-66 кг) ва Одил Туледибоев (+100 кг) олтин медаль билан тақдирланган бўлса, 70 килограммгача бўлган аёллар ўртасидаги мусобақада гиламга чиққан Ҳайитжон Алимовага кумуш медаль насиб қилди. Шунингдек, Севинч Салаева (-52 кг), Турсунпошша Нурметова (-63 кг), Гулруҳ Раҳимова (-70 кг), Феруз Саидов (-73 кг), Шуҳрат Бобоев (-90 кг), ва Ширин Шарипов (-100 кг)лар бронза медалини қўлга киритишди.

Бу натижа билан паралимпиячиларимиз дзюдо ватани ҳисобланмиш кунчиқар юрт вакилларидан ҳам устун эканини исботлади. Энди дунёнинг манаман деган полвонлари ўзбек ўғлонлари билан ҳисоблашишга мажбур. Ҳа, энг кучли боксчиларни жамлаган мамлакат вакиллари ҳам терма жамоамиз спортчиларини ўзига ҳар жиҳатдан муносиб ва хавфли рақиб, деб билиши бежиз эмас. Биздан ҳайиқишади, бизга қарши алоҳида тайёргарлик кўришади.

Рағбат бор жойда натижа бўлади

Албатта, бундай тарихий ютуқлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва дуоси, давлатимизнинг спортга қаратаётган улкан эътибори, яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган ишонч ҳамда спортчиларимиз, мураббийларнинг тинимсиз меҳнати мужассам бунда. Айниқса, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тай­ёрлаш тўғрисида»ги қарори спортчиларимизни ушбу нуфузли спорт анжуманларига пухта, босқичма-босқич тай­ёрлаб боришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилди.  

Мазкур қарор ижроси доирасида 2013 йил 2 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Жамғарма маблағлари республика спорт федерацияларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда. Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон спортчи ва мураббийларига стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилмоқда. Буларнинг бари тарихан қисқа даврда ўз мевасини берди. 

«Ҳеч бир нарса мамлакатни дунёга спорт каби тезда машҳур қила олмайди». Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу машҳур ибораси нақадар ҳақиқат экани Бразилияда яна бир бор ўз исботини топди. Аввал олимпиячиларимиз, кейин эса паралимпиячиларимиз Ўзбекистонни бутун дунёга машҳур қилишди, бизнинг кучимизни, салоҳиятимизни аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйди.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири

Манба: "Оила давраси" газетаси
Киритилди: 20:19, 22.09.2016.
Ўқилди: 7088 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.