Кириш Регистрация

Абдурашид Мамадолимов: Миллионингаям, стадионингаям…

Баҳо:
+ | -

1news.uz — “Футбол – миллионлар ўйини” деган гап бор. Бу гап футбол ўйини ўта оммавий эканлигига бир ишора. Назаримизда бугун “Футбол – миллионерлар ўйини”. Майли, сал аниқлик киритиб қўямиз: “Европа футболи – миллионерлар ўйини”. Чинданам, бугун Ғарбий Европа миллий футбол чемпионатларида ўйнаётган футболчилар ҳаммаси миллионерлар. Стадиондаги 22 футболчи, заҳирадагилар — ҳаммаси миллионер, мураббий ҳам миллионер. Клуб хўжайини эса миллиардер. Бу футболчилар аксариятининг икки-уч ойлик маоши миллион еврога етяпти. Испания, Англия чемпионатларидаги номдор клублар ойинчиларининг маоши янада кўпроқ. Айрим супер-талант ўйинчилар маоши эса хафтасига миллион евро атрофида бўляпти. Бундай супер-талант футболчиларнинг маошдан ташқари ҳам даромад манбалари бор: рекламаларда иштирок этиш орқали ҳам улар миллионларга эга бўлишади. Мулти-миллионер футболчилар…

0_1426c9_d2fb392a_orig

Тан олиш керак, замонавий футбол ўта жозибали, чиройли ва ақлли бир спорт турига айланди. Бугунги футбол майдони ичра турмоқ – футболчилардан катта маҳорат, куч ва меҳнат талаб қилади. Шу маънода Европа клублари футболчилари топаётган пул – бу уларнинг пешона тери. Лекин…

Келинг, ўша футболчиларни бошқа бирор касб эгалари билан таққослаб кўрамиз. Масалан, математиклар билан.

Математик миллионер бўлиши мумкинми?

Бугун ривожланган мамлакатлардаги университетларда ишлайдиган математиклар 3000-5000$ ойлик маош олади. Энг зўр университетларда ишлайдиган математика профессорининг ойлик маоши 8000$ атрофида бўлиши мумкин. Айрим университетлар айрим супер-талант профессорларга, айтайлик, 12000$ гача хақ тўлаши мумкин. Бундай профессорлар асосий иш жойидан ташқари яна бирор тўлиқмас иш олиб, ойлик даромадини 20000$ гача етказиши мумкин. Маошдан ташқари ягона кирим – бу дунёнинг у ёки бу бурчагида ўтказиладиган илмий анжуманларга университет хисобидан бориш, бу йилига 3-4 марта бўлиши мумкин. 20000$ ойлик маош ва йилига 4 марта четга чиқиб келиш – бугунги математик даромади учун юқори чегара. Мен математик одам ўз касби билан бундан ортиқ пул топишига ишонмайман. Кўриб турганингиздек, бугун математик миллионер бўлолмайди. Ўз касбини ташлаб, бошқа касбдан миллионер бўлган математиклар бундан мустасно албатта. Ўз бизнесини очиб, бойиб кетган математиклар йўқ эмас. Масалан, Борис Березовский математик бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак. У фан доктори эди. Лекин хозир гап математика орқали пул топиш хақида бўляпти.

Нобел мукофоти хақида деярли ҳамма билади. Унинг пул мукофоти бир миллион атрофида. Агар мукофотни бир йўналишда 2-3 киши ютса, пулни бўлишга тўғри келади. Майли-да, миллионнинг учдан бири ҳам ёмонмас. Лекин Нобел мукофоти математикларга берилмайди. Математикада олинган илмий натижаларнинг бошқа сохадаги татбиқи учун ўша бошқа сохалар орқали Нобел олган математиклар бор. Масалан, иқтисод бўйича Нобел лауреатлари орасида математиклар анчагина.

2003 йилдан бери математиклар учун Нобелга тенглаштирилган янги мукофот таъсис қилинди, у Абел мукофоти дейилади. Абелнинг ҳам пул мукофоти миқдори бир миллион атрофида. Бугунгача 17 та математик Абел олишга улгурди. Яшасин янги математик-миллионерлар…

2000 йили узоқ йиллардан бери ечилмай келаётган энг машхур ва энг аҳамиятли 7 та математик масаланинг хар бири учун бир миллиондан мукофот эълон қилинди. Шу кунгача улардан биттаси ечилган. 2003 йили Россиялик математик Григорий Перелман “Пуанкаре гипотезаси” деб аталувчи масала ечимини топди. Ҳа, бу ўша Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳикоясида  тасвирланган математик масаладир. Перелман ечимини узоқ текшириб, тўғрилигини тан олишди. “Ҳалол” дейишди, “Ол, миллион сеники” дейишди. Математиклар орасида обрўли (лекин пули йўқ) мукофот бор – Фиелдс медали дейилади. Перелманга “Фиелдс медали ҳам сенга” дейишди. Перелман нима деди денг?.. Унинг жавобини ҳикоямиз охирига қолдираман.

Демак математик-миллионерлар 17 та Абелчилару 10-15 та Нобелчилар, бўлди, бошқа йўқ. Абелчилар – янги миллионерлар, лекин Нобелчилар мукофотларини охирги 100 йил давомида олган, улардан битта-яримтаси тирик бўлмаса, қолганлари аллақачон кўкариб чиққан. Абелчиларнинг ҳам айримлари оёғини узатишга улгурди. Хуллас, барча тирик миллионер-математиклар йиғилса, битта футбол жамоаси ҳам чиқмайди.

Энди асосий саволга ўтамиз. Нега бугун Европа футбол чемпионатида ўйнаётган минглаб футболчилар миллионеру шўринг қурғур математиклар бундай бечора? Иккала касб эгаларининг энг олди даромадларини таққосласак, футболчилар 4,5 миллион, математиклар эса 20 минг оляпти. Нисбат 225.

“Футболчилар талантли-да. Улар қаттиқ меҳнат қилади-да”. Бекор гап. Математиклар футболчилардан талантлироқ, меҳнатни ҳам математиклар кўпроқ қилади.

Менимча, гап бу ерда БОЗОР деб аталмиш шафқатсиз тизимда. Бу тизим бугунги кунда иқтисодни юритишнинг энг мақбул тизими бўлишига қарамасдан, назаримизда тизим айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Футболчилар ўйини – бу товар. Товар бўлганда ҳам ўта жозибали, харидорни ўзига жалб қилиб ташлайдиган товар. Футбол ихлосмандлари бугун Европа стадионларига бир неча юз долларлаб пул тўлаб киришади. Бир ойинни бир неча ўн минглаб томошабин стадиондан томоша қилади. Лекин бу хали ҳаммаси эмас. Ўйин бир неча телеканаллар орқали намойиш қилинади. Бу телеканаллар ўйинни намойиш қилиш хуқуқини миллионлаб долларга сотиб олиши керак. Бу ҳам хали ҳаммаси эмас. Стадионга рекламалар жойлаштирилади. У ҳам фалон пул. Стадион атрофидаги пистафурушлару папиросфурушлар келтирадиган даромадни, майли, хисобламаймиз. Бир ўйин қанча даромад келтиряпти – тасаввур қилиш қийин эмас. Шунча пул ишлагандан кейин футболчилар шунга яраша хақ ҳам олади-да.

Энди бироз фантазиямизга эрк берамиз. Дунёга машхур математик маъруза ўқияпти. Тингловчилар кўплигидан маъруза стадионда ўтказиляпти. Стадионнинг қоқ ўртасига улкан доска ўрнатилган. Стадион математика ишқибозлари билан тўлган. Математик доскани тўлдириб хар хил формулаларни ёзиб ташлаган. У хар бир формулани исбот қилиб беряпти. Бу пайтда стадион математикни «Олеее-оле-олеее» деб қўллаб турибди. Исбот тугаганда эса бутун стадион ўрнидан туриб, хурсандчилик билан бақиради. Математик ҳам қувонганидан майдонда югуриб, кўйлагини этагини бошига кийиб, чимга тизза ташлайди. Математика ишқибозлари стадионга 500 доллардан билет олиб киришган. Ушбу маъруза дунёнинг бир неча телеканаллари орқали намойиш қилиняпти. Реклама компаниялари стадионга реклама жойлаштириш учун жой талашиб урушиб кетишган. «Чанел», «Лоуис Вуиттон», «Диор» каби компаниялар маърузачи математикдан “Фақат бизнинг компания юзи бўлинг” деб, ялиниб юришибди.

Қалай бу хаёлот? Албатта, ширин бир орзу, холос. Аслида-чи? Аслида қандай бўлади? Агар бирор эси йўқ математик стадионда маъруза қилишга қарор қилган бўлса, шу атрофда юрган бирор дайди ит кириб стадионда ўтирмаса, бошқа жон ўтирмайди. Нега шундай? Нега одамлар футбол томоша қилиш учун пулини аямайди, лекин математикадан бўладиган маърузага пул берсангиз ҳам келмайди? Шошманг, биз мутлақо одамларни айбламоқчи эмасмиз, улар тўғри қилади математикани эмас, футболни танлаб. Муаммо бошқа жойда. Боя футболчи товар яратади дедик. Математикнинг илмий меҳнати ҳам алал оқибат товар вужудга келтиради. Лекин футболчи яратган товар билан, математик яратган товар турлари мутлақо фарқли. Биринчиси, олдин айтганимиздек, жозибадор. Харидор уни сотиб олиб, маза қилиб дам олади. Завқланади. Энг мухими, ўша дам олиш, ўша завқ хозир бўлади, қандайдир мавхум келажакда эмас. Бу энди шоу бизнес товари.

Математик нима товар яратади? Математикнинг меҳнатидан нима наф? Биз бу ерда таълим бериш хақида гапирмоқчи эмасмиз, таълим бериш – ростанам хизмат товари. Лекин хозир биз математикнинг илми, унинг фанга қўшаётган янги ҳиссалари қандай товар бўлади – шу хақда гапирмоқчимиз. Назаримизда математика орқали товар яратишнинг бир неча ўзига хосликлари бор. Биринчиси, яратилаётган товарнинг қачон бозорга олиб чиқишга тайёр бўлишини айтиш қийин. Ҳар қалай, у бугун тайёр бўлмайди, унинг бозорга чиқишига бир неча йиллар, ҳатто бир неча ўн йиллар кетиши мумкин. Иккинчидан, математикавий илм – бу жамоа иши. Лекин бу жамоа бир офисда ўтирган жамоа бўлиши шарт эмас, унинг аъзолари дунёнинг турли бурчакларига сочилиб кетган, бир-бирини танимайдиган, ҳатто турли даврларда яшайдиган одамлар бўлиши мумкин. Лекин ана шу жамоанинг илмга қўшган ҳиссалари йиғилиб, бир бутун товарни бунёдга келтиради. Якка математикнинг қилган иши, одатда, узоқ пайт нафсиздек қолиши мумкин. Математика яратадиган товарнинг ана шу каби хусусиятларини яна санаб давом эттириш мумкин. Лекин хозир айтганимиз икки хусусиятнинг ўзи бу товарнинг насия, мавҳум эканлигини билдириб турибди. Энди менга инсоф билан айтингчи, қайси ақли расо харидор бундай товар учун хақ тўласин? Тўламайди. “500 доллар тўласанг, ана стадионга кирасан, маза қилиб футбол томоша қиласан” денг, тўлайди, “5 доллар тўласанг, 8-20 йилдан кейин янги бир технология чиқиши мумкин-ки, ундан сен фалон жойларда ишинг енгил бўлиши учун фойдаланасан” деб кўринг, “Ахмоғингни бошқа жойдан қидир” дейди. Тўғри айтади.

Бозор шароитида одамлар қўлига ушлайдиган ва фойдасини кўриб турган нарсаси учун хақ тўлайди. Насия бўлса, бетайин, мавхум бир нарса бўлса, ҲАТТО У КЕЛАЖАКДА ИНСОНИЯТ УЧУН УЛКАН ФОЙДАЛАР КЕЛТИРГАН ТАҚДИРДА ҲАМ, бугун унга пул бермайдилар. Буни БОЗОР дейдилар.

Шундай қилиб, Григорий Перелманга “Ол, миллион ҳам, Фиелдс медали ҳам сеники” дейишди. Перелман шундай жавоб берди:

— Миллионингаям, медалингаям, стадионингаям…

У миллиондан ҳам, медалдан ҳам воз кечди. Яшавор, Гриша! Тўғри-да, бир футболчи стадионда бир ҳафта лўкиллаб чопгани учун бир миллион олармиш-да, 100 йилдан бери мана-ман деган олимлар уриниб ечолмаган масалани хал қилиб берган Перелманга ҳам бир миллионмиш…

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан луқма: Аслида-ку, бутун дунё бозори мурватини ишлатиб турган, Россия, АҚШ, Хитой ва Европанинг фазовий кемаларини, «Боинг»у «Аэробус», «Ил»у «Ту»ларнинг энг ҳайбатли учоқларини осмонга учираётган, бутун дунё интернет тизимини бекаму кўст ишлашини таъминлаётган, уйимиздаги бор техник жиҳозларни (телевизор, музлатгич, совутгич, компютер ва ҳ.к.), қўлимиздаги телефону смартфонларга «ҳаёт» бағишлаб турган илм асосини ким ихтиро этган? Бу донишманд инсон Яратганнинг инояти билан алгебра фанига асос солган, замонавий компьюьтер технологияларининг пойдевори ҳисобланган алгоритм тушунчасини жорий этган, ўнлик саноқ тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчи  бўлиб асослаган ва амалиётга татбиқ этган, номи «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолган, америкалик фан тарихчиси Жорж Сартон «Ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири», деб баҳолаган улуғ ватандошимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий эканини унутмаслигимиз керак.

Муаллиф ҳақида: Абдурашид Мамадолимов 1973 йил Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг механика-математика факультетида таҳсил олган, физика-математика фанлари номзоди. Ўзбекистон Миллий Университетида ишлаган. 2008 йилдан Малайзиядаги МИМОС илмий-текшириш институтида хизмат қилади.

Манба: 1news.uz
Киритилди: 08:49, 18.10.2016.
Ўқилди: 7102 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.