Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ҳасанбой Дўстматов: "Финалда ютсам, Месси каби нишонлайман дегандим"

Баҳо:
+ | -

2016 йилнинг 14 август оқшомида миллионлаб юртдошларимиз, спорт ихлосмандларининг қалби қувончу шодликка тўлди.

Шу куни Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида қатнашган ўзбек ўғлони Ҳасанбой Дўстматов олтин медалга сазовор бўлиб, дунёда тенгсиз эканини исботлади.  «Эрудит СПОРТ» нашри “Эксклюзив интервью” лойиҳасининг навбатдаги сонида юқори тезлик ва техника соҳиби билан суҳбатлашди.

 – Ҳасанбой, маълумотларга қараганда, чарм қўлқоп кийишингиздан аввал ўзингизни каратэ ҳамда кикбоксингда ҳам синаб кўргансиз. Нега айнан бокс танловида тўхтагансиз?

– Биласизми, каратэ тўгарагига борганимда беш ёшда эдим. Кейинроқ кикбоксинг машғулотларига қатнаб юрдим. Ўн икки ёшга кирганимда онам Андижон олимпия захиралари коллежига олиб бордилар. Бошида “вазнинг кам”, дейишди. Ўшанда ҳозир ҳам менга мураббийлик қилаётган устозим Зиёдинбек Туйғонбоев имконият берган. Синов жангида рингга чиққанман. Ҳаракатларим маъқул келди. Ўзим ҳам боксга меҳр қўйдим.

– Суҳбат “ўзанини” Олимпия ўйинларига буриб юборсак, қаршилик кўрсатмасангиз керак?

– Йўқ, албатта.

– Адашмасам, Риодаги илк рақибингиз Хоселито Веласкесни Бутунжаҳон бокс серияси таснифидаги турнирда ҳам (у “Мексикалик жангчилар” жамоаси аъзоси, муаллиф) мағлубиятга учратгансиз.  

– Барча боксчининг ноқулай рақиби бўлади. Мен учун Хоселито рақиблар орасида энг кучлиси. Шунинг учун унга қарши жанг Бутунжаҳон бокс серияси турниридаги энг қийин баҳслардан бирига айланган. Олимпиада қуръасидан кейин илк жангни мексикалик боксчига қарши ўтказадиган бўлдим. Бироқ менда имконият кўпроқлигини ич-ичимдан ҳис қилардим. Йигирма икки боксчининг тахминан ўн етти-ўн саккизтаси билан аввал ҳам учрашганим боис кимнинг қандай имкониятга эгалигини яхши билардим. Бошқа томондан, Бутунжаҳон бокс сериясида дунёнинг бир қатор кучли ярим профессионаллари иштирок этгани учун қимматли тажриба орттиргандим.

– Финалдаги ғалабангизни ўзига хос тарзда нишонладингиз, яъни Месси услубида…

– Ҳа, жангдан олдин яқинларимга “Ғалаба қозонган тақдиримда Месси услубида нишонлайман”, деб айтгандим (табассум қилади).hasanboy-1

– Қувончлиси, Олимпиаданинг “Энг тезкор ва техникаси юқори боксчиси”га топширилувчи “Вел Баркер” кубогининг соҳибига айландингиз. Мазкур трофей 1936 йилда ташкил этилган бўлиб, илк мукофот эгаси 49 кг. вазн тоифасидаги боксчи эди. Орадан саксон йил ўтиб, бу соврин Сизга насиб этди.

– Тўғрисини айтаман, умуман кутилмаганда юз берди. Сюприз бўлди. Жангларни томоша қилиб ўтирганимда чақиришди. Борсам, “Шу ерда бўлиб тур, кубок топширишади”, дейишди.

– Агар Сиздан реванш олиш ниятидаги боксчилар рўйхати тузилса, бир мусобақа ташкил этишга етади улар. Айтинг-чи, Сиз қайси ҳамкасбингиздан реванш жангида рингга чиқишни хоҳлардингиз?

– Ирландиялик боксчи бор (Барнс Пэддини назарда тутмоқда, муаллиф). Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритиш учун иккимиз икки гуруҳда жангларни ўтказганмиз. Ҳар иккимиз ҳам ютганмиз. Рейтинг балли ҳисобига унга Олимпиада йўлланмасини бериб юборишган. Шу алам қилган. Риода ўша боксчи билан рингга кўтарилсам рози эдим, дегандим. Яна рус боксёри Василий Егоров мусобақа олдидан “Дўстматовни кучли рақиблар қаторига киритмайман”, деб интервью берганди. Бу боксчи билан ҳам рўпара келсам, деб ўйлаганман.

– Боксдан ташқари яна нималарга қизиқасиз?

– Бўш вақт топилди дегунча футбол ўйнайман. Айниқса, видеоўйинда. Қолаверса, ҳар куни бир маҳал бокс, бир маҳал футбол билан машғул бўламиз.

– Сиздан қандай футболчи чиқарди, нима деб ўйлайсиз?

– Ҳозирги вазним бўлса, футболчи чиқмаслиги аниқ. Дўстлар даврасида ёмон ўйнамайман. Бу дўстларимнинг фикри, албатта.

– Машҳур боксчилар ҳақида фильмлар суратга олинади. Сиз ҳақингизда ҳам картина яратилса, бош ролни ўзингиз ижро этармидингиз?

– Албатта, фақат чарм қўлқопимни “михга илганимдан” кейин. Ягона шарт шу.

Чемпионлигингиздан кейин “Ҳасанбой профессионал боксга ўтди”, деган хабарлар тарқалди. Аслида бунгача ҳам шартномалар таклиф этишган. Ўзингиз қачон профессионал боксда кучингизни синаб кўрасиз?

Rio , Brazil - 10 August 2016; Hasanboy Dusmatov, right, of Uzbekistan in action against Birzhan Zhakypov of Kazakhstan during their Men's Light Flyweight Quaterfinal bout at the Riocentro Pavillion 6 Arena during the 2016 Rio Summer Olympic Games in Rio de Janeiro, Brazil. (Photo By Stephen McCarthy/Sportsfile Photo by Stephen McCarthy/Sportsfile via Getty Images)

– Шу пайтгача икки-уч профессионал шартномалар бўлган. Бироқ рад этганман. Мақсадим – Токио Олимпиадасида ҳам иштирок этиш.

– Омад ёр бўлсин!

Қисқа савол-жавоб:

 — Энг кўп ишлатадиган сўзингиз?

— «Хўп бўлади».

— Рақсга тушишни ёқтирасизми?

— Йўқ. Рақсга тушолмайман. Фақат боксга тушаман (кулади)

— Кўпроқ тинглайсизми ёки гапирасиз?

— Кўп гапирсам керак.

— Танловингиз: муҳаббат ёки дўстлик?

— Ҳозир дўстлик, уйлангандан кейин муҳаббат…

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 08:06, 22.10.2016.
Ўқилди: 37881 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.