Баҳрайнда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида гуруҳ босқичи якунланди ва чоракфиналнинг барча иштирокчилари номи маълум бўлди.
Гуруҳдаги дастлабки икки уйинда Тожикистон ва Австралия терма жамоаларини мағлуб этиб муддатидан аввал гурух ғолиблигини кафолатлаган Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги, 3-тур учрашувини Хитой термасига қарши ўтказди.
Мазкур беллашув натижаси аслида ҳеч нарсани ҳал қилмасди, боиси ҳамюртимиларимиз айтиб ўтганимиздек чоракфинал йўлланмасини нақд қилиб бўлишган, Хитой эса аксинча кейинги босқичдан буткул умидини узиб бўлганди.
Фурсатдан фойдаланиб Жасур Абдураимов Хитойга қарши учрашувда асосан заҳира кчларидан фойдаланди ва биринчи икки беллашувда майдонга тушмаган футболчиларнинг имкониятларини синовдан ўтказишга қарор қилди. Тан олиш керак бу борада терма жамоамиз устози жуда тўғри йўлни танлади ва баҳонада таркибга киритилган барча футболчиларга ўзларини кўрсатишлари учун имконият яратиб берди. Иккинчидан эса асосий таркиб футболчиларига Эронга қарши бўлиб ўтадиган чоракфинал ўйини олдидан жисмоний ҳолатларини тиклаб олишлари учун дам берди.
Бевосита Хитой термасига қарши кечган ўйинга тўхталиб ўтадиган бўлсак, учрашув тенг курашлар остида ўтиб унда ҳисоб очилмади ва беллашув 0:0 натижаси билан якунланди. Муҳими терма жамоамизнинг иккинчи таркиби мазкур беллашувда рақибларга дарвозани ишғол қилиш учун имконият бермади ва натижада Ўзбекистон терма жамоаси 7 очко билан кутилганидек гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлади.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Тожикистон термаси Астралияга қарши кураш олиб борди ва мазкур қарама қаршилик ҳам 0:0 ҳисоби билан якунланди. Иккала терма жамоа ҳам якунда 4 тадан очко жамғаришди ва фақатгина тўплар нисбатига кўра қўшниларимиз тожикистонлик футболчилар чоракфиналга йўлланма олишди.
Чоракфинал учршувлари эратага, 23 октябрь куни старт олади. Шу куни Ироқ Саудия Арабистони термаси билан куч синашса, чемпионат мезбони Баҳрайн Вьетнам терма жамоаси билан ҳисоб китоб қилади. Эртасига 24 октябрь куни Япония –Тожикистон ҳамда Ўзбекистон-Эрон учрашувлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз чоракфинал босқичидан эсон омон ўтиб олган тўрт терма жамоа келаси йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олишади. Шундай экан мундиал йўлланмсидан бир қадам масофада турган Жасур Абдураимов бошчилигидаги ёшлар терма жамоамизга Эронга қарши ўйинда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.