Ёшлар (U19) ўртасидаги Осиё чемпионатида бугун яна иккита чорак финал баҳслари бўлиб ўтади. Дастлаб Япония ва Тожикистон терма жамоалари майдонга чиқишса, бироз кечроқ Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан баҳс олиб боради.
Бугунги ўйинларда ғалаба қозонган жамоалар қитъа чемпионатининг ярим финалига чиқиш билан бирга, келаси йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасига ҳам эга бўлади.
Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичини яхши ўтказди, мухлисларимизнинг меҳрини қозонди. Мураббийимиз мусобақани стратегик жиҳатдан тўғри ўтказмоқда. Умид қиламиз, Эронга қарши баҳсда майдонга тушадиган футболчилар ҳозирда ўзларининг энг оптимал формаларида ва улар энг яхши ўйинларини намойиш қилиб беришади.
Ўртага жаҳон чемпионати йўлланмаси қўйилган ўйин ҳеч қачон осон кечмаган ва бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Бундай ўйинларда имкон қадар кам хато қилиш керак, юзага келадиган ҳар бир имкониятдан фойдаланиш керак. Футболчилар эса ўз имкониятларидан ҳам юқорироқ ўйнашлари талаб этилади. Буни мураббийлару футболчиларимиз яхши тушуниб туришибди. Бунга шубҳа йўқ.
Хуллас, бугун Тошкент вақти билан 21:15дан бошлаб Ўзбекистон ва Эрон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги баҳсни томоша қиламиз.