Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Адҳамжон Эргашев - жаҳон чемпиони. Барчаси ҳаққоний... Мантиқан!

Баҳо:
+ | -

1news.uz — 22 октябрь куни юртимиз бўйлаб мамлакатимиз спортига оид навбатдаги хушхабар тарқалди. Ёш ва шу билан бирга анчагина таниқли оғир атлетикачимиз Адҳамжон Эргашев ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Тўғри, ҳамюртимиз ўз вазн тоифасида ер юзининг энг кучли атлети деб тан олиниши барчамизни тўлқинлантиради, аммо мен бу воқеага бироз ўзгачароқ назар билан қараб кўришни таклиф қилган бўлардим. Биринчидан ўзбек ўғлонлари ва қизларининг дунё майдонларидаги зафарли юришлари эндиликда янгилик бўлмай қолди. Деярли, ҳар кун десак лоф бўлар-у, ҳар ҳафта у ёки бу спорт туридан вакилларимизнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштироки ҳақида эшитамиз. Адҳамжоннинг бу галги ютуғи эса ҳар қачонгидан ҳам кутилган эди. Йўқ, азбаройи хоҳлаганимиздан эмас, шунчаки, таҳлиллар, тахминлар, имкониятлар – барчаси бизга шундай фикрлашга асос бўларди. Эргашевнинг ғалабасига яна бир, энг асосий – мантиқий ечим бор эди. Бу қандай ечим экан, дея қизиқаётган бўлсангиз, мақоламизни охиригача ўқишни тавсия қилган бўлардик. Ҳозир эса сўз Адҳамжоннинг чиқишлари хусусида боради.

Малайзиянинг Пенанг шаҳрида бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига федерациямиз раиси ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов биргина спортчини олиб кетди. (У кишининг ўзи чемпионат олдидан ўтказилган Халқаро ОАФ ижроия қўмитаси йиғилиши ва Конгрессида қатнашди. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамизнинг тўлиқ таркиби эса бошқа бир масъулиятли мусобақа – ноябрь ойида Японияда ташкил этиладиган қитъа чемпионатига ҳозирлик кўряпти.) Муҳими шуки, ишонч билдирилган спортчимиз ўзини юксак даражада оқлади. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилиб ўсган Адҳамжон Эргашевни нафақат диёримиздаги спорт ишқибозлари, балки жаҳон оғир атлетика жамоатчилиги ҳам яхши танийди. Эслатиб ўтамиз, у II ўсмирлар Олимпия ўйинлари ва ёшлар (ўзидан 2-3 ёш катталар) ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори. Энди ўз ёш тоифасида жаҳон чемпиони ҳам. Бевосита мусобақага тўхталсак, Адҳамжон даст кўтаришдаёқ олтин медални қўлга киритиб, ғолибликка асосий даъвогар эканлигини билдириб қўйди. Учинчи уринишда зарур бўлган 125 кг оғирликдаги тошни кўтариб, асосий рақиби – Россия вакили Зулфат Гараевдан 1 кг ўзиб кетди. Колумбиялик спортчини 4 кг, Чин юрти полвонини эса 5 кг ортда қолдириб кетди. Бу – чемпионлик учун қўйилган дадил қадам эди. Зеро Гараев силтаб кўтаришда ҳамюртимизга қарши туриб бера олмади, 6 кг кам натижа қайд этди. Кореялик Ви Шиннинг бу йўлдаги ҳаракатлари ҳам зое кетди – у 150 кгда тўхтади.

Тан олиш керак, Хитой вакили иккинчи машқ бўйича 156 кг кўрсаткич билан биринчи ўринга чиқди, лекин бу умумий ҳисоб учун етарли эмас эди. Эргашев 155 кг тошни ўзига бўйсундириб, иккикурашда 280 кг жамғарди. Унинг энг яқин таъқибчиси Юнбан Вэй 276 кг тўплади. Ишончли ғалаба! Дарвоқе, кучли гуруҳда ўзбек спортчиси юқорида тилга олиб ўтилган давлатлардан ташқари Колумбия, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Индонезия каби оғир атлетика кучли ривожланган мамлакатлар атлетларини ҳам ортда қолдирди.

         

  

62 кг вазн тоифасида кучли бешлик таркиби қуйидагича кўриниш олди:

Адҳамжон Эргашев (Ўзбекистон) – 125+155=280 Юнбан Вэй (Хитой) – 120+156=276 Зулфат Гараев (Россия) – 124+149=273 Эдвин Андрес Лагорехо Москуэро (Колумбия) – 121+147=268 Ви Шин (Корея) – 117+150=267

Энди ваъдага мувофиқ, юқоридаги мантиқий ечимга ўтамиз. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Адҳамжон Эргашев 2014 йил Хитойнинг Нанжин шаҳрида ўсмирлар Олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлган. Орадан бир йил ўтиб, 2015 йил Польшанинг Вроцлав шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида (16 ёшида 20 ёшли спортчилар ўртасида) 3 та кумуш медални қўлга киритган. Мана энди 2 та олтин, 1 та кумуш ва жаҳон чемпиони деган шарафли ном. Эътибор берадиган бўлсак, йилма-йил фақат ўсиш кузатилган. Адҳамжонда ортга йўл йўқ, бронза ва кумушдан кейин албатта олтин бўлиши лозим эди. Қолаверса, атиги бир йил олдин ўзидан 3-4 ёш катта рақиблари орасида иккинчи бўлган йигит ўз тенгқурлари ичида қандай натижа кўрсатиши керак? Демак, мантиқан ҳаммаси жойида! Ҳа, айтганча, мен Эргашевнинг ютуғида яна бир ёқимли анъанани кўрдим. Бизда Олимпия ўйинлари ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпиони (Руслан Нуриддинов) бор, ёшлар (20 ёшгача) ўртасидаги жаҳон чемпиони (Фарходбек Собиров) ҳам бор, кечаги кунгача биттагина кемтик бор эди, ўсмирлар (17 ёшгача) ўртасидаги жаҳон чемпионлиги. Адҳамжон Эргашев ана шу бўшлиқни ҳам тўлдирди. Бу фактлар орасидан ҳам мантиқ қидириб ўтиришнинг ўзи ортиқча, бизнингча!

Сўзимиз сўнггида Адҳамжон Эргашевнинг Намангандаги илк мураббийлари, Чирчиқ Олимпия заҳиралари коллежида унинг маҳоратини оширишга ҳисса қўшган мутахассислар, терма жамоанинг барча мураббийларини ушбу умумий ғалаба билан чин дилдан мубоакбод этамиз. Уларни номма-ном санаб ўтмаганимизни тўғри тушунишар, деган умиддамиз.

Ғалабаларимиз бардавом бўлсин!

Манба: 1news.uz
Киритилди: 21:17, 25.10.2016.
Ўқилди: 6058 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.