Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Қаҳрамон Асланов мақоласи: Биз нега Кореяга ютқаздик? Таҳлил

Баҳо:
+ | -

Кеча ёзган мақоламда, терма жамоамизнинг ўйин ҳисобидаги ўзгаришларга ҳеч қандай реакция бера олмаганидан келиб чиқиб, муаммонинг чуқурроқ экани, жаҳон чемпионатига чиқадиган жамоалар билан таққослаганда, яққол кучсиз эканимизга урғу бергандим.

Аммо баъзида кучсиз жамоалар ҳам кучли рақиби устидан ғалаба қозониши мумкин. Кечаги ўйин худди шундайлар сирасига кириши мумкин эди. Бугун конкрет кечаги ўйинда қандай омиллар эвазига мағлубиятга учраганимизни аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Албатта, вазиятга умумийроқ қараб, ҳар қандай мағлубиятда мураббийни ёки янаям умумийроқ қараб, болалар футболини, миллий чемпионатимизни айбласа ҳам бўлади. Бу ишни совуқ қиш давомида юмшоқ диванда ўтирволиб қилсак бўлади. Айнан ҳозир эса, кечаги ўйинга чуқурроқ назар ташламасак бўлмайди.

Тайёргарлик ва стратегия бўйича Самвел Бабаян ўйинга жуда тўғри ёндошди. 1-таймда корейслар бир марта стандарт вазиятдан ва яна бир марта узоқ масофадан дарвозага аниқ зарба беришди холос. 4-1-4-1 схемасида ҳаракат қилган футболчиларимиз, асосий эътиборни ҳимояга қаратган ҳолда, ҳам тўп атрофида жуда зич ҳаракат қилишди, ҳам очиқ зоналар қолдиришмади. Бундай ҳимояланиш жуда катат жисмоний куч талаб этилардики, 2-тайм буни исботлади.

Балки кимдир Александ Гейнрихнинг майдонга туширилиши хато бўлганлигини айтилиш мумкин. Аммо бу алмаштиришнинг ҳам мантиқий изоҳи бор эди. Бикмаев жуда катта хажмдаги ишларни амалга ошириб, чарчаб қолди. Вақт ўтган сари тўп вакилларимизда кўп сақланмаётганди. Рақиб йўқотган тўпини зудлик билан олиб қўйиб, яна ҳужум бошлаётган палла эди. Фақат тўп орқасидан югуриш ва ҳимояланиш билан ўттиз дақиқани ўтказиш имконсиз эканини сезган мураббий Гейнрихнинг тўпни ушлаб тура олиш қобилиятига ишонган бўлиши мумкин. Саша имкон қадар Одил Аҳмедов билан тўпни назорат қилишга ҳаракат қилиши ёки жарима тўплари ишлаш эвазига ўйин суръатини пасайтириши кўзда тутилган бўлиши мумкин. Лекин мезбонлар тезда ҳисобни тенглаштиргач, бу режа ҳам иш бермади.

Бабаяннинг энг асосий, ўйин натижасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган хатоси ҳақида гап борганда, шуни айтишим мумкин – у мезбонларнинг захирадан туширилган ҳужумчиси Ким Шин Укка нисбатан керакли реакция бермади. Аниқроғи, Штиликенинг айнан Ким Шин Укни майдонга туширишдан кўзлаган режасини, бу ўзгариш орқали рақибнинг ҳужум қилиш услуби кескин ўзгарганини ўз вақтида пайқамади. Бу ҳақида пастда батафсилроқ гаплашамиз.

Жанубий Корея ўйин давомида у қадар кўп имкониятга эга бўлмади. Футболчиларимиз кўп хатога йўл қўйишмади. Аммо рақиб Сурия ёки Қатар эмас эди, корейсларнинг савияси берилган минимал имкониятлардан ҳам самарали фойдалана олишидан далолат қилардики, у ерда ғалаба қозониш учун мукаммал ўйин кўрсатиш керак бўларди. Биз эса, икки гол қўйиб юбориш учун етарлича хатоларга йўл қўйдик. Келинг, аввал биринчи голни таҳлил қиламиз.



Биринчи гол қарши ҳужумда эмас, позицион ҳужумда киритилди. 1-расмга эътиборингизни қаратаман. Корейслар ўнг қанотда сон жиҳатидан устунлик яратиб, комбинация ташкил қилмоқдалар. Жамоамизнинг 7 футболчиси ўша кичик зонада ҳаракат қилаётган бўлса-да, уларнинг 3 нафари бутунлай пассив ҳолатга тушиб қолишган. Тўпга эгалик қилаётган футболчи истаса ўнг тарафдан келаётган яқин шеригига, истаса, орқадан ҳужумга қўшилаётган қанот ҳимоячисига етказиб бериши мумкин. Ҳатто корейсларнинг марказда турган ўйинчиси ҳам бутунлай очиқ. Қаранг, футболчиларимиз кўпчилик бўлиб ҳимояланишаётган бўлишса-да, кореялик футболчида ҳужумни давом эттириш учун 4 хил вариант бор.
 


Ҳужум давом эттирилмоқда. Қисқа паслардан кейин, рақиб ҳужумни чап қанотга кўчирмоқчи. Мезбонларнинг энг хавфли ҳужумчиси Сон Хеунг Миннинг туришини ва унга бериб қўйилган зонани қаранг. Агар унинг шериги янада қулайроқ ва аниқроқ пас бера олганида, Сон Хеунг Мин бемалол дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетиши мумкин эди.

Бу ҳолатни мана шундай изоҳлаш мумкин:
1-таймда гўёки корейслар ҳеч нарса қила олмаётгандек, футболчиларимиз уларнинг ҳар қандай режасини чиппакка чиқараётгандек кўринган бўлса-да, аслида, ўша 1-таймдан ҳам рақиб жуда яхши фойдалан олганди. Корея ўйиннинг 70% вақтини тўп билан ўтказди. Штелике шогирдлари тўпни шунчаки орқага, ёнга оширишиб вақт ўтказишмади, аксинча, тинмай футболчиларимизни босимда ушлаб туришди. Ҳужум фронтини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга қаратиб, имкон қадар тезкор ўйнашди. Уларнинг бу ҳаракатлари дарвозага тўғридан-тўғри йўналмаган бўлса-да, футболчиларимизни обдон чарчатишнинг уддасидан чиқишди. Балки режа шунақа бўлгандир.

60 дақиқа давомида фақат 27% вақт мобайнида тўпни назорат қилиб, қолган пайт фақат тўп орқасидан югурган жамоа 90 минут хатосиз ўйнаш мумкинми? Йўқ. Энди фақат, ўша хатомиздан корейслар фойдаланадими ёки йўқми? Мана шу саволга жавоб топиш қолганди холос. Афсуски, улар фойдаландилар.

Мана бу расмга эътибор беринг:


 
Биринчи гол бўлган пайтдагидек ҳолат. Сон Хеунг Мин ўз қанотидан тўпни қабул қилиб олган. Бу ерда футболчиларимизнинг жойлашувига эътибор қаратинг. Бу сафар ҳам рақиб кўпчилик бўлиб ҳужум қилаётган бўлса-да, вакилларимиз ҳар бир футболчини жуда яхши қўриқлашмоқда. Ҳатто иккинчи темпда келаётган орқадаги футболчилар ҳам жуда яхши қўриқланган. Ҳар бир ҳимоячимиз устун позиция танлай олган. Ҳатто Сон Хеунг Миннинг техникаси, бир неча футболчини алдаб ўтиши мумкинлиги ҳам ҳисобга олинганки, қаранг, унга ҳужум қилаётган Ҳошимовни яна икки футболчимиз “страховка” қилмоқда.

Умуман, 1-таймдаги жуда кўп ҳолатларда тўп олдида вакилларимиз рақибдан кўра кўпчиликни ташкил қила олишди ва жуда кўп яккакурашларда ҳам ғолиб кела олишди.   

Охирги икки расмда футболчиларимиз бутунлай фарқли тарзда ҳимоялананишаётганини фақат бир жиҳат билан изоҳлаш мумкин – чарчоқ. Улар том маънода жисмонан чарчаб қолишди.

Рақибга бўш зона қолдирмаслик + тўп атрофида кўпчилик бўлиб ҳимояланиш. Икки қуённи бир вақтда уриш жуда катта жисмоний кучни талаб қилади. Айтиш мумкинки, имконсиз кучни. Кореяликлар мураббийи бу ҳолатни танаффусда пайқай олди ва ҳужум услубини бироз ўзгартирди. Энди улар имкон қадар қисқа масофаларда тўпни назорат қилиб, кейин бирданига узун пас билан бошқа зонага ўта бошлашди.

Кичик зоналарда корейслардан устун келиш учун айнан ўша зонада камида улар билан тенг сондаги футболчимиз бўлиши керак. Рақибнинг техник имкониятларини эътиборга олсак, ҳатто ўша зоналарда биз кўпчиликни ташкил қилишимиз керак. Тўғрими?

Корея тез-тез шунақа кичик зоначалар ташкил қилиб, вакилларимизни унинг ичига қамай бошладилар. Гоҳ ўнг, гоҳ чапда, гоҳ марказда шундай квадратларнинг ҳосил бўлиши, футболчиларимизнинг у ерларга кўпчилик бўлиб боришга мажбур бўлиб қолишлари, орқасидан бирданига тўпни бошқа зоналарга узатиш. Чарчаб қолган футболчиларимиз, оддий қилиб айтганда, улгура олмай қола бошлашди.

Буни олдини олиш мумкинмиди? Балки, биринчи таймда тўпга кўпроқ эгалик қилиш орқали, кучни тежаса бўлармиди, билмадим. Юқорида айтганимдек, бундай ўйинларда ғалаба қозониш учун ё дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатиши керак ёки рақиб имкониятларни совуриши керак. Бошқа иложи йўқ.

Давом этамиз.


 
Тўп кўнгилдагидек оширилмади. Сон тўпни бироз ноқулай ҳолатда эгаллаб олди. Аммо орқадан ёрдамчи куч етиб келди. Айни пайтда чап қанотда улар сон жиҳатидан устунлик қила бошлашганини-ю, таянч нуқтамизда уч футболчимиз ҳали ҳам томошабин эканига эътибор беринг.


 
Сон тўпни жамоадошига узатди. Анзур Ҳошимовга Сон қаерга пас бериши мумкинлигини қўли билан ишора қилиб, ўзи Соннинг қаршисига чиқа бошлади. Ҳошимов комбинацияни пайқаганми ёки Анзурнинг ишорасидан кейин ҳаракатни бошладими, хуллас, пас йўлини тўсишга кеч қолди. Қолганини Ҳошимов тўғри қилди, рақибнинг йўлини тўсиб, охиригача таъқиб қилиб борди. Тўпни тўхтатишга, зарба беришга имкон бермади. Корейсга жуда ноқулай ҳолатдан дарвозабон майдонига тўпни узатиш варианти қолганди холос. Афсуски, унинг тўп ошириши айнан ўша ҳолат учун мукаммал ижро бўлди. Бошқа вариант ҳам йўқ эди.


 
Тўп оширилаётган вазиятга эътибор беринг. Лобановнинг позициясига эътироз билдириш қийин. Ҳужумчининг яқин бурчакни нишонга олиши мумкинлиги туфайли у ўша энг хавфли зонани ёпишга ҳаракат қилмоқда. Одатда бундай ҳолатларда, икки ҳимоячи дарвоза маркази ва орқа тўсинни ёпишга ҳаракат қилиши керак. Чунки худди корейс ҳужумчиси қилганидек, тўпни юқорилатиб ўша зоналарга ошириши мумкин. Анзур Сон Хеунг Миннинг олдини ёпиш билан шуғулланди, унинг етиб келиши имконсиз эди. Кримец билан Денисов рақибнинг жарима майдонидаги икки футболчиси билан шуғулланишмоқда. Уларнинг ўз зоналарини тарк этишлари имконсиз, биратўла рақибнинг икки футболчиси пас қабул қилиш ва зарба бериш учун очиқ ҳолатда бўлиб қоладилар.

Демак, бу ерда орқада саёҳат қилиб ва вазиятнинг охиригача пассив қолган уч футболчимиз, айтилган зонани ёпишлари ёки футболчиларни пойлаб, Денисов ва Кримецга ўша имкониятни тақдим этишлари керак эди.



Юқорилатиб тўп узатилди. Эътибор беринг, ҳали ҳам рақибнинг икки ҳужумчиси ҳимоячиларимиз томонидан назорат қилинмоқда.

Кейинги расм. Лобановнинг қўли тўпга етмади (бу ҳақида кейинроқ). Денисов дарвозабонимизнинг тўпни эгаллаб олишига ишониб юборди чоғи, Нам Тэ Хини йўқотиб қўйди. Сонияларнинг қандайдир улушидан олдин ҳаммасини назорат қилиб турган чап қанот ҳимоячисиз сўнгги паллада негадир диққатини йўқотиб қўйди.



Энди Лобановга эътиборингизни қаратаман. Юқорида унинг у қадар нотўғри позиция танламаганини ёзгандим. Шунингдек, бундай ўйинларда ғалаба қозониш учун дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатиши кераклиги ҳақида ҳам айтдим. Кореялик футболчининг узатмаси идеал чиқди, инкор этмайман. Лобанов унинг дарвозага зарба берилмаслигини билган захотиёқ ҳеч бўлмаса, 1-2 қадам орқага ташлаши мумкин бўлганини билсам-да, бу ҳолатдаям айбламайман. Узатма янаям мукаммал чиқиши ва барибир тўп унинг устидан ошиб тушиши мумкин эди. Хўп. Аммо сакрашга эътибор беринг.



Атайлаб ўша вазиятда дарвозабонимизнинг энг баланд сакраган кадрни келтирдим. Дарвозанинг стандарт баландлиги 2.44 м эканини эътиборга олсак, Лобанов бу вазиятда максимум 2.45-2.50 метрга сакраяпти. Дарвозабонимизнинг бўйи + қўлининг тахминий узунлигини қўшсак, Лобанов бу вазиятда максимум 15-20 сентиметр баландликка сакраганини кўрамиз, холос. У қадар баланд бўйга эга бўлмаган дарвозабонлар учун тезлик, реакция, сакраш жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу нимаси? 15 сантиметр? Криштиану Роналду 78 сентиметрга сакраркан, мисол учун (бонус).


 
Энди иккинчи гол ҳақида.
Юқорида Ким Шин Укнинг чиқиши корейсларнинг ҳужум услубларида кескин ўзгариш қилганини таъкидлаб ўтдим.

Ким Шин Ук 28 ёшда. Бўйи 196 см. Олти йилдан бери терма жамоага чақирилса-да, атиги 26 ўйинда майдонга тушган. У Сон Хеунг Мин ёки Ку Жа Чол каби жамоанинг асосий қуроли эмас. Савия жиҳатидан ҳам, техник жиҳатдан ҳам, тўпни назорат қилиш томонидан ҳам уларга рақобатни бой беради.

Унинг вазифаси План-Б. Европада ҳам бунақа ўйинчилар кўп. Масалан Питер Крауч ёки Маруан Феллайни. Бу футболчиларнинг бўйдаги устунликлари эвазига, жамоа қўшимча устунликка эга бўлиши ва ўйин услубини соддалаштириб, рақибга босим ўтказиши мумкин. Уларнинг вазифаси боши билан дарвозага гол уриш эмас. Шундоқ ҳам бўйи баланд футболчиларга эътибор катта бўлади ва дарвозабон кўпроқ олдинга чиқиб, ҳужумларни қайтариш мумкин.  

Уларнинг вазифаси юқори қаватда курашиб, тўпни ерга тушириш. Жарима майдони ичига. Тўп қаерга тушишининг фарқи катта эмас, бошқа ҳужумчилар имкон қадар вазиятни пойлайдилар ва Крауч боши билан етказиб берган тўпга зарба беришга ҳаракат қиладилар.

Бундай футболчиларга қарши ҳимояни ташкил қилишнинг ҳам ўзига хос жиҳатларини кузатиш мумкин. Имкон қадар, юқори қаватларда кураш олиб борадиган ҳимоячи унга бириктирилади. Яъни энди зонал эмас, айнан ўша футболчига нисбатан персонал ҳимояланиш йўлга қўйилади. Бунинг қандай ноқулайликлари бор? Одатда Краучга персонал бириктирилган футболчи марказий ҳимоячи бўлади. Демак Крауч усталик билан ҳаракатланиш ва зоналарни тез-тез ўзгартириши эвазига рақиб марказий ҳимоясини издан чиқариши мумкин, тўғрими? Буни назарда тутган ҳолда, таянч ярим ҳимоячиларидан бири ёки балки бошқа бир футболчи, ўша узатмалар чоғида марказий ҳимоячилардан бирига айланиб, шеригининг зонасини ёпиши керак. Бу энди назария.

Кечаги ўйинда эътибор берадиган бўлсак, Ким Шин Укка қарши  персонал равишда Анзур Исмоилов ҳаракат қилди. Фақат гол билан боғлиқ пайтда эмас, бошқа бир қатор вазиятларда Анзур айнан ушбу футболчига эътибор қаратганини кўриш мумкин. Бу ҳолатда, менимча Вадим Афонин орқага қайтиши ва узатмалар пайтида Анзурга тегишли бўлган зонага жавоб бериши керак эди. Балки Афоннини бекорга айблаётгандирман, балки бутунлай бошқа футболчига топширилгандир. Буни аниқ пайқай олмаганимнинг сабаби, бир неча вазиятларда ҳимоямизда ғирт “хаос”ни кўришимиз мумкин эди.

Масалан:



Ким Шин Ук билан боғлиқ биринчи хавфли вазият. Ким усталик билан гавдаси орқали Анзурнинг таъқибидан қутулди ва Сон Хеунг Мин билан биргаликда жарима майдонимизга кириб боришмоқда. Эътиборингизни охирги марказий ҳимоячилар ўрнида қолган футболчиларимизга қаратмоқчиман – ўнг қанот ҳимоячиси Ҳошимов ва чап қанот ҳимоячиси Денисов.

Бунинг натижасида ҳар икки қанотимизда жуда катта бўшлиқ юзага келганини ва агар корейслар бу имкониятдан устароқ ҳаракат қилишганда, бир неча қулай вариантларга эга бўлишлари мумкинлигини кўриб турибмиз. Ахир вазият шунчаки, Кимнинг Анзурни алдаб ўтиши натижасида пайдо бўлмади. Мана шу расмдаги футболчиларимизнинг жойлашуви ўта тушунарсиз бўлгани эътиборга кўпроқ молик, назаримда.

Ким тўпни Сон Хеунг Минга етказиб берди. Фақат Денисовнинг жонбозлиги эвазига хавф бартараф этилди. Бу шунчаки, пайдо бўлиб қолган ҳолат эмас. Худди шу тарзда яна бир вазиятда Денисов, бошқа бир вазиятда Ҳошимов марказий ҳимояда ўта хавфли ҳужумларни қайтаришди. Тўғри, ўша ҳар икки вазиятда ҳам, мана бу расмдаги ҳужумда ҳам Сон Хеунг Мин қанотдан марказ томон ҳаракатланганди. Аммо биз персонал ҳимояланаётганимиз йўқ-ку.

Айтмоқчиманки, Анзурнинг Ким Шин Укни персонал таъқиб қилиши натижасида юзага кела бошлаган бўшиқларга айнан ким жавобгар эди? Бабаян буни кимга юклаганди? Денисов ва Ҳошимовга эмасдир, тўғрими?

85-дақиқа:

 

Корейслар марказдан туриб юқорилатиб жарима майдонимизга тўпни етказиб беришди. Мақсад маълум. Имкон борича Ким Шин Ук иккинчи қаватда курашиб, тўпни жарима майдонидаги бўш зоналардан бирига ташлайди, у ерда бошқа ҳужумчилар тўпни эгаллашга ва зарба беришга ҳаракат қилишади. Кимнинг ўзи тўғридан-тўғри зарба беролмайди ёки тўпни ўзи учун қулай кўринишга келтириб олиши имконсиз, демак, ҳимоячиларимиздан талаб қилинадиган ягона нарса – имкон қадар Кимнинг боши билан кўнгилдагидек ўйнашига йўл қўймаслик ва рақибнинг бошқа футбочлиларига ёки хавфли зоналарга нисбатан эътиборли бўлиш.

Расмда кўриб турганингиздек, ҳаммаси жойида. Анзур тўп учун курашмоқда. Кримец ҳам, Афонин ҳам ўз футболчиларини таъқиб қилмоқдалар. Мабодо Ким тўпни орқага ўтказиб юборса, Денисов бу ҳолатнинг ҳисобини олган. Хавф деярли йўқдек.


 
Анзур Ким Шин Укка етарли қаршилик қила олмади. Ким айнан бўш зонага тўпни ташлаб беришнинг уддасидан чиқди. Ҳозиргина Афонин тарафидан қўриқланиб турган Ку Жа Чол таъқибдан қочиб, айна ўша зонага югуриб борди ва Лобанов билан яккама-якка вазиятда қолди. Кримец ўз футболчисини ташлаб, Чолга қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида, кеч бўлганди. На Афонин персонал таъқибнинг уддасидан чиқди, на бошқа ҳимоячимиз тўпга ўйнаб, зонани ёпишга улгурди. 2:1.

Мақола ёзаётиб фикрим ўзгарди. Шунақаси ҳам бўлади.

Энг бошида, Бабаян ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўра олганини, аслида ўйинга жуда тўғри муносабатда бўлингани биринчи таймдаги ўйинимизда намоён бўлганини айтгандим, эсингиздами?

Уч ҳолат бўйича, ўша фикрларни инкор қиламан энди.

Биринчидан, ҳимоявий ўйинни ташкил қилиш аслида у қадар қийин иш эмас. Ҳар қандай жамоа дастлабки 15 дақиқада жуда юқори даражада ҳимояни ташкил қила олади аслида. Бу ерда асосий савол, асосий муаммо, ҳимояни қандай ташкил қилишда эмас. Айнан ўша ташкил қилинган ҳимоя билан нечанчи минутгача ўйнай олишда? Жамоанинг жисмоний кучи, потенциали билан ўйин охиригача ўша тартибни, ўша ташкилий режани ушлаб туриш, амалга ошириш мумкинми, муҳими шу. Яъни, терма жамоамизнинг биринчи таймда яхши ўйнагани аслида, терма жамоамизнинг ўйинга яхши тайёрланганини ифодаламайди. Шунчаки, термамизнинг 1-таймга яхши тайёрлана олганини ифодалайди холос. Ўйин бир тайм эмас, икки тайм эканини олдиндан билардик ҳаммамиз. Бабаяннинг режаси амалий жиҳатдан, футболчилар салоҳияти жиҳатидан бир тайм уун асосли эди холос, уёғига, ё омад, ёки кимнингдир қаҳрамонлиги ёки корейсларнинг хатолари. Шу. Бошқа таянч кўрмадим.

Иккинчидан. Бабаян муайян рақибга, яъни бу ерда, Жанубий Кореянинг ўйин услубига нисбатан, рақибнинг ўзига хос жиҳатларига нисбатан керакли қаршилик ишлаб чиқа олмаган. Мисол учун, Жанубий Кореянинг Қатар билан ўз майдонидаги ўйииини кўрган бўлсангиз керак. Мураббий ҳам кўрган албатта. Голлар қандай киритилгани эсингиздами?

Ғалаба голини Сон Хеунг Мин киритган. Ҳужумнинг бошланиши худди биз ўтказиб юборган биринчи голга ўхшаб кетади. Чап қанотдан футболчи ёриб киради, уни бир пас билан қулай вазиятга чиқаришади. Фарқи, Сон Хеунг Мин тўпни кечаги шеригига ўхшаб юқорилатиб узатмади, қулайроқ вазиятда тургани учун дарвозага тўўғридан-тўғри тепиб қўя қолганди.

Қатарга иккинчи голни қандай уришганини айтсам ишонмайсиз. Юқорилатиб тўп ошириб берилди, Ким Шин Ук айнан кеча бизга гол урилган нуқтага тўпни боши билан ташлаб берди. Динг Вон Жин гол урди.         

Шунақа гаплар.

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Манба: maydon.uz
Киритилди: 11:01, 17.11.2016.
Ўқилди: 22742 марта.
Фикрлар: 46 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.