Кўплаб нашрлар «Олтин тўп» кимга насиб этиши борасида антиқа сўровномалар ўтказиб, унинг барча вариантларига Криштиану Роналду номини ёзиб чиққанди. Португалиялик футболчининг асосий рақобатчиси Лионель Мессидан бу қадар ўзиб кетишига сабаб нимада эди?
Ла Лига
«Барселона» 2015/16 йилги мавсумни жуда яхши бошлади. «Реал» устози этиб Рафаэль Бенитеснинг тайинланиши «қироллик клуби» ўйинига таъсир ўтказмай қолмади. 2015 йилнинг 21 ноябрь куни даҳшатли воқеалардан бири содир бўлиб, «Барселона» Мадридда «Реал» дарвозасига жавобсиз 4 та гол урди.
Беллашувда Криштиану Роналду тўлиқ ўйнади. Месси эса 57-дақиқага келиб, аниқроғи, майдонда деярли барчаси ҳал бўлиб улгурган бир пайтда пайдо бўлди. Шундай бўлса-да, икки буюк футболчининг рақобатида тарозининг паласи Месси томон оға бошлади.
«Барселона»ни тўхтатиб бўлмайдигандек кўринди. 2016 йилнинг 2 апрелига келиб эса бу ишни «Реал»нинг ўзи уддалади. Зидан мураббий сифатидаги биринчи «Эль-Класико»сида «Камп Ноу»дан ғалаба билан қайтди.
Месси ҳам, Роналду ҳам бунда бор эди. Баҳс тақдирини Роналдунинг 85-дақиқада киритган ғалаба голи ҳал этди. Футболчилар рақобатида тарозининг палласи тенглашди.
«Реал» мавсум якунига қадар катта фарқни йўққа чиқара олмаса-да, мавсумни 1 очколик фарқ билан 2-ўринда якунлади. Тўпурарлик Луис Суаресга насиб қилди — 40 та гол. Криштиану бу борада иккинчи бўлди — 35 та гол. Месси эса 26 та гол билан учликдан жой олди.
Мана шу ҳолатда ҳам тарозининг палласи Криштиану Роналду томонига оғмасди. Нима бўлган тақдирда ҳам «Барселона» Ла Лига олтинларига эга чиқиб олганди.
Чемпионлар Лигаси
Криштиану Роналдунинг тўртинчи «Олтин тўп»ига энг катта хизмат қилган турнир бу сўзсиз Чемпионлар Лигасидир.
«Барселона» ўз оёғига ¼ финалдаёқ болта уриб, «Атлетико» довонидан ўта олмади. «Реал» эса финалда «Атлетико»ни таслим қилиб, бош совринга эга чиқди. Пенальтилар сериясига қадар чўзилган ўйинда ҳал қилувчи бешинчи зарбани Криштианунинг ўзи амалга оширди ва «Реал» чемпион.
Турнирнинг алоҳида кўрсаткичлари бўйича ҳам Роналду етакчилик қилди. 12 та учрашувда иштирок этган «Реал» аъзоси 16 та гол уриб, таъқибчиларини ўзига яқинлаштирмади ҳам. Чунки 2-ўринни олган Роберт Левандовски ҳисобида 9 та гол бор эди.
Тўғри, жароҳати сабаб Месси бир қатор ўйинларни қўйиб юборди. 7 та беллашувда 6 та гол Роналдунинг натижаси олдида жуда оддий. Бироқ Лионелнинг жароҳатида Роналдунинг айби йўқ. У «Реал»да ўз ишини қилди ва якунда жамоасини чемпион қилди.
Ла Лигада 40 та гол урган Луис Суареснинг натижаси ҳам «Барселона» чорак финалда қолиб кетгач ўз-ўзидан кўкка учди. Суарес Чемпионлар Лигасидаги 9 та ўйинда 8 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Терма жамоа
«Олтин тўп» соҳиби ким бўлиши керак деган саволнинг якуний жавоби терма жамоалар таснифида ҳал этилди.
Месси Аргентина терма жамоасини Копа Америка финалига қадар бошлаб борди, бироқ ҳал қилувчи ўйинда Аргентина Чилига имкониятни бой берди.
Аргентина терма жамоаси ўзи иштирок этадиган ҳар қандай турнирнинг фаворитларидан бири ҳисобланади. Шунга қарамай, Месси кетма-кет учта йирик финалда енгилди. Жаҳон Чемпионатида Германия, Копа Америкада эса кетма-кет икки бор Чили бош совринни бермади.
Криштиану Роналду ҳаракат қиладиган Португалия терма жамоаси эса Европада етакчи ҳисобланмайди. Германия, Англия, Испания, Италия, Франция каби мамлакатлар олдида Португалия бироз кейинроқ тилга олинади.
Шундай бўлса-да, Европа Чемпионати айнан Португалиянинг ғалабаси билан ниҳоясига етди. Криштиану Роналду тарихда илк бор термаси сафида Европа чемпиони деган номга сазовор бўлди.
Иккита халқаро мусобақадаги ғолибликдан кейин ҳаммаси тушунарли бўлиб қолганди. Мессининг Испания Ла Лигаси ва мамлакат Кубогида муваффақият қозонгани Европа Чемпионати ва Европа Чемпионлар Лигасидаги ғолиблик олдида ожиз қолди.
Антуан Гризманн ҳали ёш, қолаверса «Атлетико» на Ла Лигада, на Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Европа Чемпионати финалида ҳам Гризманн тўп сурадиган Франция Португалия олдида ожиз қолди.
Шунга қарамай, бир нарсани унутмаслик керак. Бу икки футболчини бир-биридан кучлироқ деб бўлмайди. Буни исботлашнинг ўзи абсурд. Мессида «Олтин тўп»лар сони 5 та, Криштиану эса уларни 4 тага етказиб олди. Шундай экан, ҳар икки буюк футболчини тан олган ҳолда, уларнинг ўйинидан бирдек роҳатланиш кишига кўпроқ завқ беради.