ДОВРУҚ УСТИГА ҚУРИЛГАН ҚАСР
Мустақилликка эришганимиздан кейин, ОФКнинг эшигини қоққан, барчага нотаниш бўлган янги аъзо эрсак-да, Афғонистон ё Покистон футболи сингари эмас эдик. Австралия даражасида бўлмасак-да, савияли ўз футболимиз билан ОФКга кириб келдик. “Пахтакор” Иттифоқ чемпионатида бирор марта совринни юта олмаган бўлса-да, ўша давр ўйини билан Осиё футболида салмоқли ўринга эга эди. Красницкий сардорлигида Япония термасини “Пахтакор” катта ҳисобда ютиб ташлагани эсимда. 90-йилларда, эндигина мустақилликка эришиб ўз термамизга эга бўлган давримизда олиб келган футболимиз даражаси Осиёда юқори қаторда эди. Осиё ўйинларида ғолиб бўлганимизни эсланг. Бошланиши шундай бўлди. Ўша йиллари Агамуродов катта зўриқишсиз “Пахтакор” билан ОЧЛда ярим финалгача чиққанини эсланг. Кейин йил сайин савиямиз бошқаларга нисбатан пасайиб боришини кузатдик. Кейин Қосимов четдан келган кучли футболчилар билан жамоани кучайтириб ОЧЛда бундай натижани такрорлади. Лекин бундай “кучайиш” бизга нима берди? Ҳеч нарса. Футболимизнинг умумий савияси бошқаларга нисбатан пасайишда давом этарди.
Тайин чемпионати бўлмаган, биздан паст саналган Ироқ термаси Аднан Ҳамад қўл остида Осиёда биринчи бўлганига қараб, Афина Олимпиадасида уларнинг ёшлари яхши қатнашганига қараб ўз футболимизга баҳо беринг. Бугунги футболимиздаги бир эпизод гапларимни тасдиқлайди. Бу галги босқичда чемпионати йўқ Сурия термаси даврадаги биринчи ўйинни бизга ютқазган бўлса-да, кейин ҳар бир тур ўтгани сайин ўз ўйинини кучайтириб борганига нима дейсиз. Тошкентга келиб бизни тиз чўқтириб эмаклатиб қўйган Эрон термаси Малайзияга бориб Сурияни юта олмади. Бизнинг ўйинимиз Бабаян раҳбарлигида бир йил ичида қанчага ўсди? Ҳеч қанчага. Термамиз Бабаян қўл остида бир савиядаги ўйинни кўрсатиб келмоқда. Бабаяннинг бори шу.
Қосимов даврига қайтамиз. Биламан, менга қўшилмайсиз. “Бунёдкор” Қосимов билан ОЧЛда ярим финалгача борганини яхши натижа бўлган эди дейсиз. Ўша сунъий равишда кучайтирилган таркиб ўзбек футболи у ёқда турсин, “Бунёдкор”га нима берди? “Дўстлик” чемпион бўлгани каби қуруқ статистика берди, холос. Қосимовга нима берди? Ҳеч нарса. Фақат довруқ берди. Довруқ! Клубнинг пулдор ҳомийсигаям довруқ керак эди. ЎФФ раҳбариятигаям довруқ керак. Мексикада қатнашиб тарихимизда энг катта натижани кўрсатган ўсмирларимиздан фақат довруқни кутган эдик. Таркибни “ўқлатиб” фақат довруққа интилган эдик. Довруқ-тантана билан Мексикадан келган термани кутиб олиб, ўша таркибни тақдирлаганимизни эсланг. Кейин довруқ вақти ўтгач, ўша мураббийлару, ўша таркиб ўйинчиларига қўл силтаб юбордик. Улар ҳозир қаерда? Футбол спортининг мақсад-мазмуни довруқдан бошқа нарса эмас деб биладиган раҳбарлар бугун ҳам эгардалар.
Давоми Ҳасанали Қодиров блогида.
Мақоланинг биринчи қисмига ҳавола.