Sports.uz 2016 йилги мавсум якунларини ҳисоб-китоб қилиб, олий лигада тўп сурган катта ёшли футболчилар рейтингини тузди.
Энг кекса футболчилар
1. Мўйдин Мамазулунов («Навбаҳор»|«Олмалиқ»). 32 ёш. 25та ўйин, 6та гол.
Сўнгги мавсумларда ажойиб сермаҳсуллик намойиш этаётган ҳужумчи 2016 йили иккита жамоа сафида ўйнаб, жами 6та гол урди. «Олмалиқ» либосида 2та, «Навбаҳор»да эса 4та голли пас муаллифига айланган.
2. Носир Отақўзиев («Қўқон-1912»). 32 ёш. 26та ўйин, 7та гол.
Ўз вақтида Ўзбекистон чемпионати тўпурарига айланган Носир Отақўзиев ўтган мавсумни «Қўқон-1912»да ўтказди. 26та ўйинда рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол қилган форвард клубининг энг яхши голеадори номига эга бўлди.
3. Сервер Жепаров («Локомотив»). 34 ёш. 23та ўйин, 7та гол.
Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси 2016 йили «Локомотив» сафида чемпионликни нишонлади. Тажрибали ярим ҳимоячи 7та гол уриб, жамоаси муваффақиятига муносиб улуш қўшди.
4. Игорь Таран («Шўртан»). 32 ёш. 29та ўйин, 9та гол.
Олий лига-2016да 9та гол урган тажрибали ҳужумчи жамоаси таркибида энг яхши бўлди. «Шўртан» форварди ўз ўйини билан ҳали-вери клубдаги етакчиликни ҳеч кимга топширгиси йўқлигини кўрсатди.
5. Илҳом Юнусов («Қизилқум»). 34 ёш. 30та ўйин, 10та гол.
Миллий чемпионатимизнинг тўпурар-пенальтичиси. «Қизилқум» вакили ўзининг 10та голидан 8тасини ўн бир метрлик нуқтадан урган. Бу кўрсаткичга Златан Ибрагимовичдан бошқа ҳар қайси футболчи ҳавас қилса арзийди.
6. Неманья Йованович («Андижон»|«Қизилқум»). 33 ёш. 29та ўйин, 13та гол.
Ўтган йилги энг яхши тўпурар легионер. Сербиялик ҳужумчи «Андижон» таркибида биринчи даврада 5та гол урди. Мавсум ўртасида «Қизилқум»га ўтгач, Навоийда ҳам ажойиб сермаҳсуллик намойиш этди: ҳал қилувчи босқичда рақиблар дарвозаси 8 марта ишғол қилинди.
7. Зоҳид Абдуллаев («Металлург»). 32 ёш. 28та ўйин, 18та гол.
«Металлург» ҳужумчиси ўтган мавсум 18та гол уриб, Ўзбекистон чемпионати тўпурарлари пойгасида иккинчи ўринни эгаллади. Бу борада уни фақат Темурхўжа Абдухолиқов ортда қолдирди. Таъкидлаш жоиз, 2016 йил Зоҳид Абдуллаев учун омадли келди.