Дортмунднинг «Боруссия» клуби устози Томас Тухель яқинда ESPN нашрига катта интервью берди. Немис футболидаги энг истиқболли мутахассислардан бири сифатида эътироф этилаётган изланувчан мураббий суҳбат давомида асосан ўз жамоасидаги ҳолат ва собиқ шогирдлари ҳақида гапирди. У шунингдек, жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириш хусусида қабул қилинган қарорга ҳам шахсий муносабатини билдирди.
— Томас, айтингчи, Кристиан Пулишичнинг жорий мавсумдаги ўсиш суръати шахсан сизни ҳам қониқтиряптими?
- Бўлмасам-чи?! Албатта, Пулишичнинг келажаги борасида ҳозирдан баралла гапириш қийин, аммо шуниси фактки, у «Боруссия» учун ғоят муҳим футболчига айланиб улгурди. Аслида Кристиан ҳозир ҳам клубимизнинг ёшлар таркиби аъзоси саналади, лекин ўзимиз учун бошқалар билан тенг даражадаги асосий таркиб ўйинчисидир. Баъзида Пулишичнинг майдондаги ақлли ҳаракатларини кўриб, унинг ёши хусусида шубҳаланиб қоламан ва беихтиёр паспортини яна бир бора текшириб кўргим келади. Боз устига, Крис ёшига номуносиб ҳолатда анча босиқ йигит. Дейлик, машғулотларда асло асабийлашмайди, ўзига ишончи жуда баланд. Қисқаси, Пулишичнинг муваффақиятларидан бағоят мамнунман.
— Жамоадаги кучли рақобатни ҳисобга олиб, кўпчилик Пулишичга ишонқирамай қараганди. Ҳарқалай, одатда бундай ёш футболчининг асосий таркибда майдонга тушиши унинг зиммасига катта босим юклайди. Натижада футболчи кўп ҳолатда кутилганидек ўйнай олмайди...
— Албатта, шундай ҳадиксираш ҳам бор эди. Лекин энди бир ўйлаб кўринг: агар футболчида ўз кучига ишонч ҳисси юқори бўлса, диққатини бир жойга жамлашда муаммо сезмаса, меҳнатдан бўйин товламаса, ортиқча ҳаяжонга берилмаса, уни нега асосий таркибда майдонга туширмаслигимиз керак?! Биласизми, Кристианга ёш бола сифатида қарамаяпмиз. Негаки, у - асосий жамоада ўйнашга тайёр йигит. Тўғри, дастлабки пайтлар ҳаммада, шу жумладан, Пулишичнинг ўзида ҳам хавотир йўқ эмасди. Лекин Ройснинг кутилмаганда, узоқ муддатга сафдан чиқиши Пулишичнинг фойдасига ишлади. Яъни агар ўзи истаса, жамоага наф бера олиши мумкинлигини тушуниб етди ва бундан унумли фойдаланди. Кўз тегмасин, ҳозирча Кристианнинг ишлари юришяпти: жароҳатдан узоқ юриб, ҳар бир машғулотда астойдил тер тўкяпти. Шунинг учун ҳам Пулишич асосий таркибдан жой олишга тўла ҳақли.
— «Боруссия» қишки танаффусга 6-поғонада чиқди. Очиғи, бу жамоангиз учун кутилганидан ҳам ёмонроқ натижа ҳисобланади. Сизнингча, ҳозирги ҳолат ортида қандай сабаблар бор?
— Барчага яхши маълумки, биз қайсидир паллаларда таркибимиздаги муҳим 3 нафар футболчи хизматларидан фойдаланолмадик. Дейлик, Марко Ройс ва Свен Бендернинг сафда эмасликлари билинди. Ваҳоланки, бу йигитлар жамоамизнинг кийиниш хонасида ғоят муҳим ролга эгалар. Агар уларда ҳаммаси жойида бўлса ва жамоа билан бирга машғулотларда қатнашишса, «Боруссия»да бутунлай бошқача кайфият ҳукм суради. Шу томондан олиб қаралса, бизга кадрлар муаммоси халақит берди. Ҳа, футболда кутилмаган йўқотишлар юзага келиши мумкинлигини биламиз. Аммо буни билиш билан шу ҳолатга мослашиш ўртасида катта фарқ бор. Аслида мавсумни кўнгилдагидек бошладик, аммо айнан жароҳатлар барча режаларимизни издан чиқариб юборди. Афтидан, эртароқ хотиржамликка берилдик, шекилли: «Мана, бўлди... Ҳаммаси режа асосида кетмоқда». Афсуски, энг муҳим футболчилар сафдан чиқишгач, ишларимиз ортга кетди. Бундай пайтлар сабрли бўлиш талаб этилади. Лекин бахтга қарши, менга айни шу хислат етишмайди. Яъни табиатан бироз бесабрман. Шу боисми, сўнгги ўйинларимизда кўтарилишлар ҳам, пасайишлар ҳам учради. Дейлик, вазият тақозосига кўра, ёш футболчиларга кўпроқ имконият бердик. Муҳими, улар бизни уялтириб қўйишмади. Ўзингиз бир тасаввур қилинг: «Боруссия» бугун ЧЛда навбатдаги ўйинини ўтказади ва яна 3 кундан кейин бундеслигада асосий рақибларидан бирига қарши майдонга тушади... Бундай тиғизликда ҳаммасига улгуриш жуда қийин, албатта. Боз устига, шундай мураккаб даврда Рафаэль Геррейрани ҳам йўқотдик. «Бавария»га қарши кечган ғалабали ўйиндан кейин эса асосий дарвозабонимиз сафдан чиқди. Умуман олганда, йўлимизни тўсган омиллар кўп, бироқ асло таслим бўлмадик. Жамоамнинг аксарият ўйинларда кучли ирода намойиш этгани айни ҳақиқат. Масалан, кўплаб учрашувларда 0:1 ҳисобида ютқаза туриб, ғалабани ўз томонимизга оғдирдик. Ҳа, биринчи бўлиб дарвозамиздан тўп олиб чиқишимиз яхши эмас, аммо шундан кейин ҳисобни тенглаштириб, якунда ғалаба қозониш мақтовга лойиқ. Бунинг учун жамоа етарли даражада кучли бўлиши керак. Демак, хулоса битта - биз тўғри йўлдан кетмоқдамиз.
— Бироқ бундай кўнгилсизликлар иккинчи мавсумда рўй бераётгани ўзингизни ажаблантирмаяптими? Ахир одатда мураббийлар янги жамоадаги илк мавсумда қийналишадию, кейин ҳаммаси изга тушади. Сизда эса барчаси аксинча тус олмоқда...
— Тўғри таъкидладингиз, баъзида бу масала мени ҳам ўйлантириб қўяди. Гоҳида ўзимга савол бераман: «Нега? Ахир бизда мухлисларга ёқадиган ўйин услуби бор, «Бавария»ни изма-из таъқиб қиляпмиз... Нега бундай бўлмоқда?» Аслини олганда, умумий картинага бир-иккита чизги қўшмоқчи эдим, холос. Дейлик, қишда Усмон Дембелени сафимизга қўшиб олганимизда, бу йигит Усмон|Мхитарян|Гюндоган|Хум-мельс|Ройс бўлишини ўйлагандим. Хуллас, Дембеленинг шундоқ ҳам сифатли ўйинимизга яна озгина чирой қўшишига умид боғлагандим. Натижани қарангки, ўйланган режа иш бермади. Аниқроғи, кетма-кет жароҳатлар унинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Шу боис, бугунги муаммолар бош кўтарди. Энди ортиқча саволларга жавоб қидирмай, ўзгаришларга кўникишимиз ва вазиятлардан максимал самара чиқаришга интилишимиз зарур. Бунинг учун футболчиларни севиш, уларнинг иқтидорию, маҳоратини қадрлаш керак.
— Бундеслигада позицион футбол намойиш қилиш осон эмас. Ахир кўплаб жамоалар кучли «прессинг»га таянишади.
— Ҳа, бу фикрга тўла-тўкис қўшиламан. Чиройли ўйнаш, ғалабага эришиш кун сайин қийинлашмоқда. Бундеслигада иқтидорли ёш мураббийлар, юқори савияли футболчилар етарлидан ҳам кўп. Улар ҳар қандай вазиятни тубдан ўзгартириб юборишга қодирлар. Бошқача айтсак, бирор рақибни қандай ҳаракат қилишини олдиндан айтиб бўлмайди. Тактикани мунтазам равишда ўзгартириб турадиган, айниқса, фаворитларга қарши баҳсларда шундай иш тутадиган жамоалар бошқа ҳеч бир чемпионатда бундеслигадагидек кўп учрамаса керак. Рақиблар айнан кучлиларга қарши баҳсларда бир ўзларини кўрсатиб қўйишни исташади, яъни камида тенгма-тенг ўйнаш учун бор имкониятларини ишга солишади. Шу боис, «Боруссия»га ҳам анча қийин бўлмоқда. Албатта, ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, тўп назоратини маълум меъёрга солишимиз, шунинг баробарида ҳужумлар тезлигини пасайтирмаслигимиз лозим. Қолаверса, орқа чизиқдаги айрим камчиликларни йўқотишимиз зарур. Айтайлик, ҳимоячиларимиз бирга-бир вазиятларда доимо устун келишлари, ҳаводаги тўп учун курашда рақибни енгишлари шарт. Бироқ шахсан мен бу вазифалар оддий мажбуриятга айланиб қолишини истамайман. Ҳимоячилар ўз зиммаларидаги ишларни кўзлари ёниб турган ҳолда бажаришлари лозим. Акс ҳолда, муаммолардан қутулиш иложсиздир.
— Жорий мавсум сиз учун «бош- оғриқ»лар биттага камайди - Пеп Гвардиола АПЛга ўтиб кетди. У билан ҳали ҳам алоқада бўлиб турибсизми?
— Охирги марта телефон орқали гаплашганимда, Пеп пулемётдек сайрай бошлади. Ҳаттоки, Гвардиола гўёки, мени кўриб тургандек ҳаракатланаётган, олдидаги доскага нималарнидир чизиб, нималарнидир исботлашга уринаётгандек таассурот уйғотди. У шунчалик тез гапирдики, сўзларини зўрға илғадим. Шунга қарамай, Хосеп билан гаплашиш ёқимли бўлди.
— Эҳтимол, қайсидир ҳамкасбингиз билан доимий фикр алмашиб турарсиз?
— Йўқ, ҳеч ким билан мунтазам равишда гаплашмайман. Негаки, бунга вақтим йўқ. Бундеслигада ҳамма ўзаро дўст ҳисобланса-да, аслида ҳеч ким ҳамкасблари билан очиқ-ойдин мулоқот қилмайди. Жуда ошиб борса, 1-2та SMS-хабар ёзиши мумкин. Хуллас, ўйинлар вақти саломлашамиз, холос. Сўнгги 2 йилда Маурисио Почеттино билан кўришиб, танишдим. Жорий мавсум эса Жорже Жезуш ва албатта, Зайниддин Зидан билан. Ишонинг, бундай учрашувлар мен учун катта шараф.
- Маълумки, тез-тез асосий таркибни алмаштириб туришни хуш кўрасиз. Бунинг учун захира ўриндиғи «торлик» қилмаяптими? Январь ойида кимнидир сафга қўшиб олиш ниятингиз борми?
— Йўқ, ўйлашимча, таркибимизга янги футболчи қўшилмайди. Чунки жамоамизда ўз навбатини кутиб ўтирган ёшлар бир талай... Андре Шюррле, Марио Гётце каби маҳаллий футболчиларимиз эса улкан тажрибага эгалар. Уларнинг ёрқин нур сочиб, порлашлари учун яна озгина вақт керак. Жамоамиз ўсмоқда - бу аниқ. Фақатгина кутилмаган жароҳатлар озгина панд берди, холос. Агар ҳар ҳафта бир нафардан йигитимиз соғайиб, сафга қайтса, яна олдинги даражага чиқамиз. Хуллас, ҳозир кимнидир харид қилиш устида умуман бош қотирмаяпмиз.
— Нима, Гедион Зелалемнинг трансферига боғлиқ хабарларда асос йўқми?
— Билишимча, йўқ.
— «Боруссия»дан кетган футболчилар ҳақида нима дейсиз? Айтайлик, Илкай Гюндоганнинг «Манчестер Сити» ва Генрих Мхитаряннинг «Манчестер Юнайтед»даги ўйинларини кўрсангиз, қувонасизми ёки бу ҳолат сизни ўкситади?
— Қувонаман, албатта, чексиз даражада. Лекин очиғини айтишим лозим, айни вақт уларнинг ажойиб ҳаракатлари мени қайғуга ҳам солади. Чунки бу футболчилар сафимизда қолишганида, янада кучлироқ ўйин намойиш этган бўлардик. Қаранг, Матс бугунга келиб «Бавария» учун қанчалик муҳим футболчига айланди... Илкай жамоадан кетаётган пайт уйимга бориб, АПЛда тўп суришни истаётганини айтганди. Мен ҳам, рафиқам ҳам уни бу фикрдан қайтаришга уринмадик, аксинча, чин дилдан келгуси ишида муваффақият тиладик. Аслида Илкай анча мураккаб қарорни қабул қилиб, қийналиб турганди. Эсимда, рафиқам шундай деганди: «Сенинг кетишинг Томасни қанчалик қайғуга солаётганини сезмаяпсан. У ҳозир буни яширишга уринмоқда, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, келгуси фаолиятингда омад тилаймиз». Ўшанда аёлим рост гапирганди. Дарҳақиқат, Гюндоганнинг кетиши мени ташвишга солди, бироқ тилакларим самимий эди. Мхитар-ян билан ҳам тез-тез боғланиб турибман. Ўйлашимча, у голлар ва узатмаларга муносиб ҳаракатланмоқда. Шундай футболчиларга устозлик қилганимдан фахрланаман. Лекин футболда гоҳида ҳаттоки, энг севимли шогирдларингдан ҳам айриласан ва уларга бахт тилашдан ўзга чоранг қолмайди.
— Сўнгги савол: жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар сонининг 48тага оширилишига муносабатингиз?
— Шахсий фикримча, меъёр бузилди. Тўғри, мазкур ғояни қўллаб-қувватлаётган инсонларни тушуниш керак. Негаки, Исландия ва Уэльс каби терма жамоалар сўнгги Европа чемпионатида ажойиб футбол кўрсатишди ва энди уларга мундиалда ҳеч ким «Йўқ, қўйинг, бу турнир сизлар учун эмас», деёлмайди. Аммо 48та жамоа иштирокидаги мундиал - Европанинг топ-клублари учун даҳшатнинг ўзгинаси. Зеро, энди босим, ўйинлар сони ҳаддан ортиқ кўпаяди. Демак, кейинчалик клублар учун барча учрашувларни юқори савияда ўтказиш имконсиз ишга айланиб қолади.