«Краснодар»ни уч йил бошқарган Олег Кононов Россиянинг таниқли мураббийларидан бирига айланди. «ССФ» нашрига интервью берган 50 ёшли мутахассис жамоадаги фаолиятини ёдга олди.
- Ўтган мавсум якунида «Бавария»га стажировкага боргандингиз. Таассуротлар қандай?
- Жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти билан учрашдим. Унга бир нечта саволлар бердим. Италиялик мутахассис ундан олдин ишлаган Пеп Гвардиоланинг ишига юқори баҳо берди. Айтишича, Пеп футболчиларни функционал ва тактик жиҳатдан яхши тайёрлаган. Шунингдек, Карло испаниялик мураббий пайтидаги селекция ишларини ҳам мақтади.
- Яна қайси жиҳатлар эътиборингизни тортди?
- Машғулотлардаги ҳолат ёқди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқаради. Айтганча, у ерга Анатолий Тимошук билан боргандим. Уни «Бавария»да ҳамон ҳурмат қилишади.
- Анчелотти Гвардиоланинг «багажи» ҳақида ҳам гапирдими?
- Тўғрисини айтсам, «олдинги мураббийнинг багажи» нима эканлигини тушунмайман. Умуман, бу ҳақда гапириш ноўрин. Футболчи бугун бир мутахассис билан ишлаяптими унинг қарашларини қўллаши лозим. Эртага бошқаси келса, унинг айтганларини бажаришга мажбур. Мураббийлар ҳеч қачон бир-бирларининг ишларини такрорлашмайди.
- Яқинда «Челси»да ҳам стажировка қилдингиз. Икки клубни солиштира оласизми?
- Аслида, бош мураббийларнинг ишларини солиштириш керак. Антонио Контенинг машғулотлари узоқ давом этади. Агар машқлар соат 11:00да бошланса, базада футболчилар соат 9:00даёқ тўпланиб бўлишади. Улар «нагрузка»ларга индивидуал тарзда тайёргарлик кўришади. Кейин ҳар бир футболчи камида бир ярим соат шуғулланади. Анчелотти эса «Милан»дагидан фарқли ўлароқ, тактикага камроқ вақт ажратади. Конте футболчиларнинг индивидуал машғулотларига кўпроқ эътибор беради.
- Сиз айтганингиздек, Павел Мамаев Монте-Карлодаги можародан кейин ўзига келмади. У ижтимоий тармоқлар орқали сиздан шундай гапларни кутмаганини айтганди. Айни пайтда ўзаро муносабатингиз қандай?
- Ўшандан кейин Павел билан гаплашмадим. Лекин орамизда ҳеч қандай можаро йўқ, деб ҳисоблайман.
- Мамаевнинг характери оғирлигини биламиз. У билан қандай ишлагансиз?
- Мураббий ҳамиша дипломат бўлиши шарт эмас. Ахир ишимиз доимий стресс, асабийликдан иборат. Биз Павел билан керагича суҳбатлашиб олганмиз. Мамаев кўп меҳнат қилди, машғулотларда ўзини кўрсатди. Якунда натижа берди ва у Россия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. Кичик можароларни суҳбат орқали ҳал қилардик. Баъзида бу натижа бермасди ва қаттиққўллик қилишга тўғри келарди. Фёдор Смолов келганидан сўнг Павел клубнинг етакчисига айланди. Уларнинг дуэти 2015|2016 йиллар мавсуми безагига айланди. Улар ўйин ва натижадан роҳат олишарди. Биз эса ностандарт ҳаракатларидан. Халк - Дзюба, Промес - Зе Луиш, Мамаев - Смолов бу учта дуэтнинг қарама-қаршилигини томоша қилиш роҳат бағишлаган.
- Мамаев футболчи сифатида «Краснодар» учун керак эди. Сиз уни асосий таркибдан ҳайдаганингизда буни ўйламадингизми?
- Ҳозир қандайлигини билмадим-у, менинг давримда Павел ҳақиқатан ҳам жамоанинг етакчи ўйинчиларидан эди. У таркибда йўқлигида муаммоларга дуч келардик.
- Фёдор Смоловнинг реал баҳоси қанча?
- «Краснодар» раҳбари ҳам шуни ўйлаётган бўлса керак. Аммо матбуотда ёзилаётганидан икки баравар қиммат туради.
- Демак, 20 миллион евро. У Германия чемпионатига мос келадими?
- Германия чемпионатида футбол анча тезкор. Фёдор ҳам бундай ўйин режимини ушлаб тура олади. Янада ўсиши учун унга иккита жамоа мос келади - «Бавария» ва «Боруссия» (Дортмунд).
- Нима учун у сўнгги икки-уч мавсумдан буён кўп гол уряпти?
- Барчаси унинг истагига, жамоа ўйинига, жамоадошларига, мураббий ва раҳбариятга боғлиқ бўлиб қолди.
- Сизнинг қўл остингизда ўйнаган яна бир футболчи - Роман Широков. Аввалига унинг характери борасида хавотирга тушмадингизми?
- Роман келиши биланоқ гаплашиб олдик. Бизга унинг тажрибаси ва иқтидори керак эди. Боз устига, Широков биз намойиш этаётган футболга осонгина мослашди. Айрим футболчилар ва раҳбарлар Романнинг олифталик қилишидан чўчишганди. У - катта профессионал. Бошқа йигитлар ҳам унинг ортидан боришди. Мамаев, Ари, Вандерсон, Жоаозиньо, Аҳмедов, Калешин, кейинроқ Перейра, Измайлов ва Лаборделар қизиқарли ўйин намойиш қила бошлашди.
- Широков сиз билан ўйин тактикасини муҳокама қилармиди?
- Барчасини бўлмаса ҳам қилиб турарди. Рома ҳамиша жамоа ҳақида ўйлаган.
- «Краснодар»дан ўзингиз кетдингизми ёки ҳайдашдими?
- Ўзаро келишган ҳолда қарор қабул қилганмиз. Бу борада бошқа ҳеч нарса демайман.
- Кўпчилик учун бу кутилмаган бўлди.
- Фикрингизга қўшиламан. Чунки, мураббий ҳар доим ҳам ўзи истеъфога чиқавермайди.
- Икки нафар ёрдамчингиз ҳам бош мураббий бўлишди. Сизнингча, Андрей Тихонов ёки Игорь Шалимовдан қай бири кўпроқ муваффақият қозонади?
- Андрей билан кўп ишладим ва у ҳақда анча-мунча гапира оламан. Тихонов иқтидорли ва ёш. Ўз йўлини энди бошлади. Менимча, Шалимов очиқ инсон эмас. Лекин у футболчи ва мураббий сифатида катта тажриба тўплаган. Барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ.