Футболчининг энг катта душмани - жароҳат. У шу туфайли маълум муддат севимли касбидан йироқлашади. Баъзида эса ҳаттоки, миллионлар ўйини билан бутунлай хайрлашади. Тўғри, оғир жароҳатдан сўнг матонат кўрсатганча яшил майдонга қайтганлар ҳам бор. Аммо... Кетма-кет жароҳатлар гирдобида қолиб, фаолиятини эрта якунлаган футболчилардан бири Темур Яфаровдир. У 31 ёшида катта саҳнадан четга чиқишга мажбур бўлди. Фаолияти давомида «Локомотив», «Бунёдкор», «Андижон», «Машъал» каби жамоаларда ўйнаган тажрибали ҳимоячи охирги марта «Оқ-тепа»да кўриниш берди. Билсангиз керак, Темур вақтида Ўзбекистон олимпия ва миллий жамоаларида ҳам тўп сурганди.
- Темур, суҳбатимизни футболдаги илк қадамларингиз хусусида бошласак...
- Футболчилар оиласида туғилганман. Мухлислар билишса керак, отам Шамиль Яфаров «Пахтакор»нинг шонли даврида Владимир Фёдоров, Михаил Ан ва Олим Аширов каби машҳур футболчилар билан бирга ўйнаган. Табиийки, бошқа касбни танлашим мумкин эмасди. Футбол бобида илк сабоқларни Тошкент вилоятидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида олдим. Эсимда, мактабимизда тез-тез марҳум «пахтакорчилар» хотирасига бағишланган турнирлар ўтказиларди. Албатта, мусобақаларга «Пахтакор» фахрийлари ва юлдузлари ҳам ташриф буюрардилар ва кўплари хонадонимизда меҳмон бўлишган.
- Футболни танлашингизга шахсан отангиз қандай муносабат билдирганди?
- Аслида бу йўлни ўзим танладим. Отам эса шунчаки, қўллаб-қувватлаган. Уйимизга яқин жойда футбол майдони бор эди ва ўша ерда кечгача тўп ортидан югурардим. Чунончи, бизнинг даврда ҳозиргидек компьютер ва планшетлар бўлмаган. Фақат футбол ўйнардик, бошқа нарсаларга сира чалғимаганмиз.
- Биринчи мураббийингиз...?
- ...Энвер Саидович. Бу мураббий Ўзбекистон футзал термаси сардори Артур Юнусовни ҳам кашф қилган. Мен ва Артур бир кунда шуғуллана бошлаганмиз. Илк куни майдон атрофини икки айлана югургандик. Очиғи, ўшанда машғулотдан қочиб кетганман. Кейинроқ секин-аста юкламаларга мослашиб кетгандим.
- Энди профессионал даражадаги фаолиятингиз қандай бошланганини эсга олайлик...
- Аввалига Евгений Борисович Валицкий таклифига кўра, «Локомотив-БФК» сафига қўшилдим. Кейин Рустам Мирсодиқов мени «Локомотив»нинг асосий жамоасига жалб қилди. Унинг сафига қўшилганим ҳамоно Самарқанд «Динамо»сига қарши кечган ўйинда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатландим. Ўшанда 18 ёшда эдим. «Локомотив» сафида Марат Дилмуҳаммедов, Ҳикмат Ҳошимов, Марсель Идиатулин каби кўзга кўринган футболчилар тўп суришарди. Азиз Ҳайдаров ҳам айнан ўша йили ўйнай бошлаганди.
- Кейинчалик «Бунёдкор»да ҳам ўйнадингиз.
- «Машъал» билан учрашув ҳеч эсимдан чиқмайди. Биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз ва иккинчи голни мен урганман. Ўша вақт Миржалол Қосимов «Машъал»да ўйнарди. Мавсум якунланганидан сўнг муборакликлар мени ўз сафларига чорлашди. Бироқ таклифни қабул қилмадим. Боиси, Қозоннинг «Рубин» клубидан ҳам чорлов олгандим. «Рубин» Россия чемпиони бўлган ва унинг қизиқиши ўзим учун кутилмаган «сюрприз» эди. Хуллас, «Рубин»нинг кўригида қатнашдим. Аммо очиғини айтиш керак, юлдузларга тўла жамоанинг асосий таркибида ўйнаб кетишим мушкул эди. Ҳарқалай, Сибая, Домингес ва Андрей Фёдоров каби футболчилар билан рақобатлашишга тайёр эмасдим. Ўринбосарлар сафида ўйнашни эса истамадим. Шу сабаб, «Локо» ихтиёрига қайтдим ва яна бир мавсум «темирйўлчилар» шарафини ҳимоя қилдим. Шундан сўнг «Бунёдкор»га ўтдим. «Машъал» раҳбарияти вакиллари ва мураббийлари «Бунёдкор»да иш бошлагандилар. Хуллас, улар мени жамоага чақиришди. Шу тариқа Павел Бугало, Бахтиёр Ашурматов, Виктор Карпенко, Гочқули Гочқулиев каби йигитлар даврасида ўйнадим.
- Энг муҳими, аввалига олимпия, кейин эса миллий жамоадан таклиф олдингиз.
- Олимпия термасида Вадим Абрамов қўл остида ўйнадим. Азиз Ҳайдаров жамоа сардори эди. Кейин миллий жамоа сафида Таиландда ташкиллаштирилган турнирда иштирок этдим. Ўша мусобақанинг биринчи ва охирги ўйинларида гол ургандим.
- Бугун футболдан четдасиз. Қийналмаяпсизми?
- Умумий олганда, футболчилик фаолиятимдан кўнглим тўлди. Зеро, футбол ортидан кўплаб дўстлар орттирдим, яхши инсонлар билан танишдим. Афсуски, жароҳат кўпроқ ўйнашимга тўсқинлик қилди. Саволингизга келсак, яқинда футболга қайтдим. Тўғрироғи, мураббийлик фаолиятини бошлаш арафасидаман. Мени Олмалиқда ташкил этилган Junior болалар футбол мактабига таклиф қилишди. Россияликлар билан ҳамкорликда очилган ушбу мактаб 19 февраль куни расман иш бошлади. Бу ерда болаларга янги методика асносида футбол сир-асрорлари ўргатилади. Даргоҳга 3-7 ёшли болалар қабул қилинади. Junior ва «Валенсия» (Испания) ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.