Ўзининг ажойиб ўйинлари орқали мухлислар қалбидан жой олган бу футболчи фаолиятини ўтган асрнинг 90-йилларида Ҳаққулободнинг «Соҳибкор» жамоасида бошлаган. Кейинчалик «Трактор», «Ордабаси» (Қозоғистон) ҳамда «Пахтакор» клублари шарафини ҳимоя қилди. Бутсаларини михга илгач, негадир мураббийлик эмас, тадбиркорликни танлади. Аммо орадан бир неча йил ўтгач, «NBU-Осиё» мураббийи сифатида кўриниш берди. Лекин бу жараён узоқ чўзилмади ва у яна аввалги ишига қайтди. Буни қарангки, миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш ўз сўзини айтиб, 10 йиллик танаффусдан сўнг яна мураббийга айланди. У тез орада Германия билан ҳамкорликда ташкил этилаётган JFL болалар футбол мактабида иш бошлайди. Биз Собир Ходиев билан учрашиб, ундан интервью олдик.
- Собир ака, бир неча йилдан бери катта футболдан йироқдасиз. Футболсиз кунлар, ойлар, йиллар қандай ўтди?
- Ҳақиқатан ҳам узоқ муддат севган касбимдан узоқда бўлдим. Бошқа соҳада иш бошлашга тўғри келди. Лекин ўшанда ҳам футболдан батамом кетганим йўқ. Ҳафтанинг ҳар шанба куни футбол фахрийлари билан бирга тўп тепамиз. Ўзимизнинг фахрийлар чемпионатида «Пахтакор» жамоаси аъзосиман. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Боиси, фаолиятимнинг асосий қисми шу клубда ўтган. Бу жамоада шунингдек, яқин ўтмишнинг машҳур футболчилари Шуҳрат Раҳмонқулов, Шуҳрат Мақсудов, Равшан Бозоров, Нўъмон Ҳасанов, Мурод Алиев, Маъруф Пўлатов, Жасур Абдураимов, Леонид Кошелев ҳам бор.
- Футболчилик фаолиятингиз якунланганидан кейин мураббийлик ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
- 2001 йили футболчилик фаолиятимни тугатгач, негадир мураббийлик ҳақида ўйламадим, бу соҳага қизиқмадим. Аксинча, ишбилармонлик, тадбиркорлик соҳаси ўзига жалб этди. Деярли 10 йил шу соҳада ишладим. Аммо барибир, футболга бўлган қизиқиш йўқолмас экан. 2010 йили Тошкентнинг «NBU-Осиё» жамоасида иш бошлаб, бир йил шу клубни бошқардим. Айнан ўша йили «В» тоифаси учун ўқидим. Лекин мураббийликда узоқ вақт қолиш насиб қилмади. Вазият тақозоси билан тадбиркорликка эътибор қаратишимга тўғри келди. Мана, орадан 7 йил ўтиб, яна футболга қайтиш арафасида турибман. JFL болалар футбол мактабидан қизиқ таклиф тушгач, уни қабул қилдим. Болалар билан ишлаш мароқли. Иқтидор эгаларининг катта футболга қадам қў-йишига сабабчи бўлиб қоласиз. 4 март куни илк машғулотни ўтказаман. Бу кунни сабрсизлик билан кутяпман.
- Болалар уч ёшдан қабул қилинар экан. Бу бироз эрта эмасмикан?
- Менимча, эрта эмас. Албатта, бу ёшдаги болалар машғулотларга ўйинқароқлик билан ёндашишади. Демак, уларни шунга монанд тарзда шуғуллантиришга тўғри келади. Қизиқарли ўйинлар ўргатиш, кичкинтойларнинг кўнглини олиш энг муҳим жараён ҳисобланади. Уларнинг қалбида ҳозирданоқ миллионлар ўйинига меҳр уй-ғота олсак, ишончим комил, юртимиздан истеъдодли футболчилар янада кўп етишиб чиқади.
- Бу хориж тажрибасими?
- Худди шундай. Футболи тараққий этган мамлакатларда болаларни кичик ёшдан тўгаракларга қабул қилишади. Уларда асосан техник маҳоратни шакллантириш керак.
- Шахсан ўзингиз неча ёшдан футбол ўйнашни бошлагансиз?
- 5 ёшимда кўчадан келмасдим. Мактабдан қайтгач, болалар билан кун ботгунигача тўп тепардик. 8 ёшимдан профессионал тарзда шуғуллана бошладим. Биринчи мураббийим - Баҳодир Тошмуҳаммедов. Фурсатдан фойдаланиб, устозимга катта раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг меҳнатлари туфайли футболчи бўлиб етишдим. Озми-кўпми халққа танилдим.
- «Пахтакор»даги биринчи ўйинингиз эсингиздами?
- Албатта, буни эсдан чиқариб бўлмайди. «Пахтакор» либосидаги илк ўйиним 1991 йили собиқ иттифоқ чемпионати доирасида Донецкнинг «Шахтёр» клубига қарши кечган. Украинадаги баҳсда захирадан майдонга тушгандим. «Пахтакор» либосини кийиш бахти насиб қилганидан хурсандман. Фаолиятимдаги энг ёрқин ўйинларни шу клубда ўтказдим. Ютуқларни қўлга киритдим. Тажрибали мураббийлар қўл остида ўйнадим. «Пахтакор»да ўтказган йилларимни фақат хурсандчилик билан эслайман.
- Қайси амплуада ўйнашингизни мураббийлар тавсия беришганми ёки бу ўзингизнинг танловингизми?
- Гол уришни яхши кўрмаган бола бўлмаса керак. Мен ҳам ҳужум чизиғида ўйнашни хуш кўрардим. Билмадим, чапақай бўлганим учунми, айнан олдинги чизиқда жамоага кўпроқ фойдам тегарди. Мураббийларнинг тавсияси ҳам шунга мос келган.
- Армонингиз борми?
- Фаолиятимдан хурсандман. Жаҳон чемпионатида иштирок этмадим. Балки шу армондир. Бошқа томондан ҳали ҳеч бир ўзбек футболчисига мундиалда қатнашиш насиб этмаганини инобатга олсак, буни армонга йўйиш нотўғри. 5 ёшли ўғлим Юсуф футбол билан астойдил шуғулланмоқда. Эътиборлиси, у ҳам менга ўхшаб чапақай. Ёш бўлишига қарамай, зарбаси жуда ҳам кучли.
- Терма жамоа таркибида иккита ўйинда майдонга тушган экансиз...
- Бўлиши мумкин (кулади). Лекин ҳозир аниқ эсимда йўқ.
- Фаолиятингизни «Соҳибкор» жамоасида бошлагансиз. Бу клубга келишингиз қандай рўй берган?
- Ўша пайт мактаб ўқувчиси эдим. Спорт мактаб интернатида ўқирдим. «Соҳибкор» собиқ иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигасида иштирок этарди. Шахсан мен учун бу яхшигина тажриба тўплаш имкониятини берган.
- Олий лиганинг янги мавсумидан нималар кутяпсиз?
- Бу йил чемпионатимиз янада қизиқарли ва шидатли кечиши кутилмоқда. «Локомотив» учун чемпионлик унвонини сақлаб қолиш осон кечмайди. «Насаф», «Бунёдкор», қолаверса, «Пахтакор» жамоалари бу йил «темирйўлчилар»га жиддий қаршилик кўрсатишади. Олий лигада жон сақлаб қолиш учун кураш ҳам кескин тус олишини тахмин қилиш қийин эмас.
- Миллий жамоамизнинг ЖЧ-2018 3-саралаш босқичидаги қолган ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳозирдан айтиш мумкин, термамизга саралашнинг қолган 5та ўйинида осон бўлмайди. Ҳеч бир учрашув енгил ўтмайди. Буни биринчи давра баҳслари кўрсатди. Барча қатори умид қиламанки, мураббийлар штаби ушбу масалада тўғри хулоса чиқариб олишган. Қайси жамоа нимага қодир эканлигини кўришди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад сари интилиши шарт. Мухлисларни ҳам охиригача футболчиларимизга ишониб, уларни қўллаб-қувватлашга чақираман.
- Сизнинг ташриф қоғозингизга эътибор қаратдим. «Ордабаси»да ҳам битта ўйин ўтказган экансиз...
- Ҳа, бу рост. «Ордабаси»га ёрдамга борганмиз. Мен билан бирга Николай Ширшов ва раҳматли Дилмурод Назаров ҳам бўлган. Билмадим, ўша кезлари шундай шартнома тузишга рухсат берилган экан-да! Аниқ эсимда, битта ўйин учун Қозоғистонга бориб келганмиз.
- Ёрдаминглар текканми?
- Албатта. Ўша учрашувда ғалаба қозонгандик. «Ордабаси»нинг голларидан бирини мен ургандим.