ҲУКУМАТ ФУТБОЛ РАҲБАРИЯТИГА ҚАРШИ. Англия футбол ассоциациясида 122 нафар аъзоси бор. Улардан 8 нафари аёл ва яна 4 нафари қора танли мутахассис. Буюк Британия парламенти ана шу катта ташкилотга ишончсизлик билан қараяпти ва ҳаттоки, уни 40 миллион фунтдан маҳрум этиши мумкинлигини маълум қилди. Тўғри, ассоциация ҳозирча фақат расмиятчилик учун оғзаки равишда огоҳлантирилди. Бироқ шу «танбеҳ» натижасида Англия футболини бошқарувчи олий орган тизимида сезиларли ўзгаришлар юз бериши мумкин.
Нима юз берди?
Буюк Британия ҳукуматининг Маданият, ОАВ ва спорт масалалари билан шуғулланувчи қўмитаси бундан ярим йилча аввал футбол ассоциацияси иши юзасидан иккинчи баёнотини эълон қилди (биринчиси 2010 йили кузатилганди). Раҳбарлар унда футбол органи мутасаддиларига бир қатор тавсиялар беришган: мухлисларга эътиборни ошириш, оммавий тадбирларни кўпроқ ташкиллаш, ташкилот бўлимлари бошқаруви хилма-хил бўлишини таъминлаш... Биринчи талаб моҳияти тушунарли - фанатлар билан иш сифатини яхшилаш. Иккинчисида ҳам мухлислар манфаати устувор. «Бошқарув хилма-хиллигини таъминлаш»га келсак, бунда ФА таркибига аёлларни кўпроқ жалб қилиш назарда тутилган. Бироқ футбол ассоциацияси ушбу тавсияга бепарво қаради ва 6 ойдан сўнг мамлакат ҳукуматидан норасмий огоҳлантириш олди.
Ҳукумат билан келишмовчилик қандай хавф туғдиради?
Буюк Британия спорт вазири Трэйси Краучнинг айтишича, ҳукумат футбол ассоциациясини молиялаштиришдан воз кечиши мумкин. Гап ҳар йили ажратиладиган 30-40 миллион фунт ҳақида кетяпти. Қўшимчасига, мамлакат ҳукуматининг ўзи футбол ташкилотида ислоҳотларни бошлаб юбориши ҳеч гап эмас, агарда ФА яқин орада ишга ёндашувини кескин ўзгартирмаса. «Агар футбол термини билан ифода этсак, ҳозир ҳаттоки, қўшимча вақт ҳам эмас, балки «овертайм»нинг сўнгги дақиқалари кетяпти. Яъни «Ферги-тайм,-дея масала анча жиддий эканлигини тушунтирди Маданият, ОАВ ва спорт ишлари қўмитаси раҳбари Дэмьен Коллинс. - Айни пайт футбол ассоциацияси 0:1 ҳисобида ютқазмоқда ва агар зудлик бирор кескин чоралар кўрмаса, барчасини бевосита назоратга олишдан ўзга иложимиз қолмайди».
Парламент нимага эришмоқчи?
Буюк Британия ҳукумати инсонларнинг тенг ҳуқуқлик мезони бўйича Европанинг бошқа мамлакатларидан ортда қолмоқчи эмас. Демакки, ҳукумат футбол ассоциацияси таркибида турли жинс вакиллари ишлашларини истайди. Юқорида айтилди, ФАнинг 122 нафар ходимидан атиги 8 нафари аёл ва 4 нафари қора танли. Хуллас, ҳукумат наздида бу жуда кам. Боз устига, ФАнинг атиги 30 нафар аъзосигина 60 ёшдан кичик. Қолганлар нафақа ёшидалар. Буюк Британия партияларидан бири вакили Кит Ваз футболда ҳамон табақалаштириш мавжудлигидан ҳайрон: «Жаҳон бўйича олсак, жами футболчилардан 25 фоизи қора танли. Бироқ бизда 92та йирик клубдан 17тасидагина бош мураббий ваколати қора танли мутахассисларга топширилган». Ҳукумат бундан ташқари, ФАнинг мухлислар билан талаб даражасида ҳамкорлик қилмаётганидан хавотирда (жумладан, ташкилот кенгашида фанатлар вакилига жой ажратиш талабини илгари сурмоқда). Шунингдек, молиявий операцияларни мустақил назорат этувчи қўмита тузилиши ва футбол ассоциацияси бўлимларини бошқариш муддати қисқартирилишини хоҳламоқда.
ФА нима қилади?
Футбол ассоциацияси президенти Грег Кларк жим қараб турмаяпти. У хусусан, мамлакат ҳукумати босим ўтказишда давом этадиган бўлса, ФАдан кетишини айтиб ургурди. Бироқ ҳамма ҳам Кларкни қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Дейлик, ташкилот вице-президенти Кит Комтон ҳукуматни айблаш баробарида ФА раҳбарини сира тушунмаётганини таъкидлади: «Афсус, парламент аъзоларида футболга ёпишишдан бошқа ғам йўқ, шекилли. Шахсан мен уларнинг ўринларида бўлганимда, соғликни сақлаш ишлари, турар-жойлар етишмаслиги ва мамлакат муҳофазаси учун жуда кам маблағ ажратилаётганига эътибор қаратардим. Энди талабга келсак, агар футболни ривожлантиришга қизиқадиган ва бунга лаёқати бор аёл топилса, уни дарҳол ФАга таклиф қиламиз. Менимча, Кларк ҳозир истеъфо ҳақида ўйламасдан, қатъият кўрсатиши керак».
Ҳаммаси нима билан тугайди?
Воқеаларнинг кейинги ривожини тахмин қилиш қийин, чунки умумий ҳолат анча чалкаш. Бир томондан, Буюк Британия ҳукумати ўз қарамоғидаги ҳар қандай ташкилотда ислоҳот ўтказишга ҳақли. Раҳбарларнинг норасмий огоҳлантиришлари улар шундай қилишни хоҳлаётганларидан далолат. Бошқа тарафдан қарасак, футбол ассоциацияси ФИФАнинг қудратли низоми асосида ҳимояланиши мумкин. Зеро, халқаро футбол уюшмаси мамлакат ҳукуматининг соҳа ишига аралашувини сира ёқламайди. Бордию, ҳукумат миллий футбол федерацияси ишига аралашгудек бўлса, ФИФА дисквалификация жазоси билан хавф солади. Бунга мисоллар етарли. Тўғри, ҳозирга қадар бирор йирик футбол салтанатига нисбатан шундай санкция қўлланилган эмас. Хуллас, кўриниб турибдики, футбол ассоциацияси ва Буюк Британия ҳукумати муроса йўлини танлаши шарт. Бинобарин, худбинлик ҳаракатидан икки томонга ҳам наф йўқ. Бундан фақат мамлакат футболи зарар кўради...