Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Кевин Кураньи: «Энг муҳими – футбол тирик»

Баҳо:
+ | -

Кевин Кураньи Россияга қайтди. Аниқроғи, «Афсоналар кубоги» турнирида Германия терма жамоаси сардори бўлди. Албатта, унинг ташрифидан унумли фойдаланган россиялик журналистлар қисқача интервью уюштиришди.

— Бу мусобақада иштирок этишингиз профессионал фаолиятингизни якунлаётганингиздан далолатми?

— Ҳозирча бир қарорга келмадим. Бир-икки ойдан сўнг аниқ бир тўхтамга келсам керак. Ҳозирча таклифлар бор. Масалан, Хитойдан. Лекин оилам билан маслаҳатлашган ҳолда у ерга бормасликка қарор қилдим.

— Ўзингиз ҳал қилдингизми ёки оилангизми?

— Оилам десам тўғрироқ бўлади. Рафиқамни тушунса бўлади. У ҳеч қаерга кетишни истамайди. Ахир Германияга қайтганимизга энди бир ярим йил бўлди. Эндигина қайта мослашдик. Болалар мактабга бориш­япти. Ҳаммаёқ тинч.

— Ҳозирги кунда Хитой клублари учун 10-15 миллион доллар миқдорида маош бериш ҳеч нима бўлмай қолди.

— Анчадан бери футбол ўйнайман ва оддий ҳаёт кечириш учун керагича маблағ тўпладим деб ўйлайман. Тўғри, футболчининг фаолияти узоқ давом этмайди. Масалан, оддий инсонлар бир жойда 50 йил ишлашлари мумкин. Бизники эса 15 йил давом этади. Албатта, инсон пули янада кўп бўлишини истайди. Лекин ҳаммасидан оила муҳимлигини унутмаслик лозим.

— 28 ёшингизда бундеслига клубидан Москванинг «Динамо»сига ўтгансиз. Бу трансфернинг Хитойникидан фарқи нимада?

— Албатта, 35 ёшда эмасдим. Ўшанда ҳамма катта маош учун бу жамоага ўтди деб ўйлаган. Аслида эса мен ажойиб мегаполисга келганман. «Динамо» еврокубокларда ўйнарди, ўз олдига юқори мақсадларни қўярди ва кучли футболчиларни харид қиларди. Ўшанда «Динамо» жиддий лойиҳа эди. Шу боис ҳам қароримдан умуман афсусланмайман.

— Ҳозир бу лойиҳа бузилиб кетяпти.

— Биламан. Клуб стадионидан ҳам маҳрум бўлай деди.

— Сиз машҳур футболчилардан бирисиз. Ҳаммаси шундай якунланиши мумкинлигини сезганмисиз?

— Тўғрисини айтсам, йўқ. Футболчилар ўзларини майдонда кўрсатишади ва ташқарида бўлаётган воқеаларга унчалик ҳам эътибор бермайдилар. Умуман олганда, «Динамо» базасида шароитлар ажойиб эди. Маошларимиз ўз вақтида тўланарди. Мен кетганимдан кейин вазият ўзгариб кетди. Лекин жуда ачиндим. «Динамо»ни бошқача яхши кўрардим.

— Клубнинг «Торпедо» сингари йўқ бўлиб кетмаслигига ишонасизми?

— Шундай бўлмаслигига умид қиламан. Лекин ҳар нарса бўлиши мумкин. Борди-ю «Динамо» йўқолиб кетадиган бўлса, Россия бой тарихга эга клубдан маҳрум бўлади.

— Ўйинларга мухлислар ташрифи борган сари камайиб кетмоқда.

- Лекин жамоанинг ҳақиқий фанатлари доим биргалар.

— Россия чемпионатида ким пешқадамлик қилаётганини биласизми?

— Ҳа, «Спартак». Уларнинг анча ҳимоявий футбол намойиш қилаётганлари, бу эса натижа бераётганини ҳам айтишим мумкин. Бу жамоанинг натижаларидан хурсандман. У ерда дўстларим ўйнашади. Масалан, Квинси. У билан тез-тез мулоқот қилиб тураман. Яна Зе билан танишман.

— Квинсининг «Ливерпул»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқаганди. Сизнингча, бу ҳақиқатга қанчалик яқин?

— У ҳар қандай жамоада ўйнай олиш имкониятига эга.

— Смоловнинг ўсишига ажабландингизми?

— Йўқ. Бу ерга келганимдаёқ унинг кучли футболчи эканига амин бўлганман. Фақатгина футболга муносабатини ўзгартирса бўлгани эди. Федя шу ишни қилди ва анча кучайди. Буни ўзи ҳам тан олади.

— Нима учун Кокорин ўса олмаяпти?

— У ҳақда эрта гапира бошлашди. Шу боис ҳам ундан кўп нарса кутишади. Кутиш эса футболчи учун катта босим юклайди. Умид қиламанки, Саша бу босимни енгиб ўтади.

— Гекдениз Карадениз рус футболчиларини танқид қилишда давом этмоқда. Унинг айтишича, бу ерда иқтидорлар кўп экан. Лекин кам ишлашаркан ва футболга бўлган муносабатлари ёмон экан.

— Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Кимнидир биринчи катта маош ақлдан оздиради. Шундан сўнг у ўйин ҳақида ўйламай қўяди. Бошқалар эса ўз устларида ишлашда давом этишади.

— Россияда сизни ҳайрон қолдирган нарса нима?

— Қизил майдон. Бу сизлар учун оддий бўлиши мумкин. Лекин мен учун ўзгача архитектура.

— Умуман олганда, ёмон майдонлар, клублар ўртасидаги молиявий фарқ ҳақида гапиришингизни кутгандик.

— Бу ҳамма жойда бор нарса. Масалан, Германияда «Бавария» ва «Боруссия» «Дармштадт» ёки «Фрайбург»­дан анча бой.

— Лекин Германияда клублар ўз араваларини ўзлари тортишади. Россияда эса барчаси бюджет пулларига боғлиқ.

— Бу ҳам бир йўл. Энг муҳими - футбол тирик.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:17, 09.03.2017.
Ўқилди: 5754 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.