Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ирисметов: "Терма жамоа ўйинида ҳеч қандай тактика кўрганим йўқ"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоасининг Малайзияда Сурия термасидан енгилгани нафақат мухлислар, балки мутахассисларимизни ҳам ҳайрон қолдиргани - айни ҳақиқат. Энг аламлиси, шу мағлубиятдан сўнг мундиалга чиқиш имкониятларимиз анча пасайди. Терма жамоамиз ўйинини танқид қилмаган инсон қолмади, ҳисоб.

Ҳаттоки, футболга қизиқмайдиганлар ҳам луқма ташлашдан тийилмаяптилар. Ҳа, дарҳақиқат оғриқли ва аламли мағлубият... Тан олиш керак, мағлубиятга фақат ўзимиз сабабчимиз. Об-ҳавони баҳона ўрнида кўрсатиш нотўғри. Ахир шу куни майдонга тушган бирор футболчи ҳаракатини ажратиб кўрсатиш мумкинми? Дейлик, шундай ўйин билан ғалаба қозонган тақдиримизда ҳам, футболчиларга етарлича эътирозлар билдириларди. Майли, энди нолишдан нима наф?

Олдинда бизни Қатар термасига қарши учрашув кутиб турибди. Бугунги рақибимиз ҳам Тошкентга тушкун ҳолатда келгани бор гап. Зеро, қатарликлар ўз мухлислари кўз ўнгида ютқазишди, гарчи яхши ўйнаган бўлсаларда. Шундай экан, икки жамоа ҳам мисли яраланган шер каби ҳолатда.

Биз навбатдаги ўйин арафасида яқин ўтмишнинг машҳур ҳужумчиларидан бири Жаъфар Ирисметовни суҳбатга чорлаб, терма жамоамизни бироз муҳокама қилишга уриндик.

- Жаъфар ака, терма жамоамизнинг Малайзиядаги ўйини етарлича муҳокама қилинмоқда. Шахсан сиз учрашувдан олдин қандай натижа кутган эдингиз?

- Очиғини айтаман, жамоамизнинг Малайзиядан бир очко олиб қайтишига ишонгандим. Тўғри, Сурия термаси жисмоний томондан биздан кучли эканлигини билардим. Бу ҳолат ўйинда ҳам яққол кўзга ташланди. Лекин йигитларимиздаги тажриба қўл келишини ўйлагандим. Рақиб жамоамизни кучли хоҳиш эвазига мағлуб этди.

- Хўш, ниманинг эвазига 3 очко олишимиз мумкин эди?

- Ҳа, ғалабага умид йўқ эмасди. Исталган рақибга қарши ўйинда фақат кучли хоҳиш ва меҳнат орқали 3 очкога эга чиқиш мумкин. Футболчиларимиз 10-15 дақиқадаёқ чарчаб қолишди. Нимага бундай бўлди, очиғи тушунмадим...

- Юқори намгарчиликни сабаб ўрнида кўрсатишяпти. Вақтида шундай иқлим шароитида ўйнаган киши сифатида айтингчи, бу омил натижага нечоғли таъсир қилади?

- Тушунарлики, бундай шароитда ўйнаш қийин. Лекин суриялик футболчилар ҳам худди шундай ҳолатда эдилар. Ўйиндан олдин мураббий ҳар бир футболчидан майдонга тушишга тайёр ёки йўқлиги хусусида сўрайди-ку! Нима демоқчилигимни тушунгандирсиз. Майдонга тушдинг­ми, борингни бериб ўйнашинг шарт. 10 дақиқами ёки 90 дақиқа - бунинг фарқи йўқ. Ўзингга ишонмаяпсанми, кимнингдир ўрнини банд қилма...

- Дарвоқе, таркиб ҳақида. Уни бош мураббий танлайди ва бошқа ҳеч ким аралашолмайди. Лекин фараз қилайлик, сизнинг вариантингиз қандай кўриниш оларди?

- Ҳа, таркиб масаласи мураббий ҳукмига ҳавола. Кўрганим шуки, биринчи бўлимда қарши ҳужум тактикасига таяндик. Лекин таркибда бу усулга мос футболчи йўқ эди. Шахсий фикримча, мураббийларимиз танлаган тактика учун камида 4 нафар тезкор футболчи керак.

- Ҳужум чизиғида ўйнаган футболчилар ҳақида нима дейсиз?

- Темурхўжа Абдухолиқов ҳаракат қилди. Лекин уни етарли даражада тўп билан таъминлашгани йўқ. Игорь Сергеев эса ҳозир яхши спорт формасида эмас. Александр Гейнрих тўғрисида ҳеч нарса деёлмайман.

- Ҳар доим ярим ҳимоя чизиғи жамоамизнинг устун тарафи ҳисобланган. Лекин сурияликлар билан ўйин­да ўрта чизиқ салоҳиятини кўрмадик. Бу фикрга қўшиласизми?

- Шубҳасиз.

- Бу футболчилар ёши билан ҳам боғлиқми?

- Нисбатан. Аммо бош мураббий уларни майдонга туширдими, демак, нималарга қодирликларини яхши билади. Ҳарқалай, таркиб йигитларнинг жисмоний ва руҳий тайёрлигига қараб тузилади.

- Хўш, сизнингча, мағлубиятда ким ёки нима бош айбдор?

- Бу ерда айбни фақат мураббийлар ёки футболчиларга тўнкаш тўғри эмас. Умуман, ҳаммаси тайёргарлик жараёнидан бошланади.

- Демак, тайёргарлик яхши бўлмаган, шундайми? Яъни футболчилар ўйинга шай эмасдилар...

- Ҳа, бу шахсий фикрим. Талаб даражасида тайёр бўлишганида, ютқазмасдилар. Агар барчаси тасодиф кўринишини олганида ҳам, тушунардик. Аммо ўйинда ҳеч нарса кўрсатмадик.

- Мураббий балки тактика танлашда адашгандир...

- Бош мураббий ишини таҳлил қилиш ваколатига эга эмасман. Фақат ўз фикримни айтаман - ҳеч қандай тактика йўқ эди.

- Ислом Тўхтахўжаев ўзи учун бегона чап қанот ҳимоясида ўйнади. Уни аввалроқ ўнг қанотда ҳам синаб кўришганди. Бу ҳам хато эмасми?

- Одатда Ислом қўпол хатоларга йўл қўяди. Мураббийлар буни билишади. Мени ўйлантиргани - нима учун яна шу қарорга келишди? Нима, бизда соф чап қанот ҳимоячилари йўқми? Бош мураббий ёрдамчилари - Виктор Жалилов ва Равшан Ҳайдаров номзод футболчиларни кузатиб боришмаяптими?

- Жаъфар ака, Малайзияда қайд этилган мағлубият Қатар термасига қарши ўйинга ҳам салбий таъсир қилмасмикан...

- Менимча, таъсири сезилади. Лекин фақат ижобий томондан. Зеро, футболчилар нафақат жамоа, балки ўз обрўларини тиклаш учун ҳам ўйнашади.

- Бўлажак ўйинга тахминингиз...

- Фақат ғалаба. Асос - йигитларда ўзларини оқлаш ҳиссининг борлиги.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:40, 27.03.2017.
Ўқилди: 19730 марта.
Фикрлар: 30 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.