Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Сарвар Шоаҳмедов: «Футзални танлаганимдан афсусланмайман»

Баҳо:
+ | -

Тошкент вилоятининг «Олмалиқ» футзал жамоаси ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Александр Петров шогирдлари XXI мамлакат кубогининг ҳал қилувчи финал учрашувида доимий ва асосий рақиб - «Ардус» жамоасини қийинчилик билан мағлуб этишди (3:2). Ўйин якунланишига 55 сония қолган бир пайтда миллий терма жамоа сардори Артур Юнусов томонидан урилган гол «Олмалиқ»қа тарихий ғалабани тақдим этди. Биз финал учрашувидан сўнг «Олмалиқ» жамоаси аъзоси Сарвар Шоаҳмедовнинг фикрлари билан қизиқдик. Маълумот учун, Сарвар айни пайтда Қатар чемпионатида тўп сураётган истеъдодли ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедовнинг акаси ҳисобланади.

- Сарвар, кубок финалида «Ардус»ни мағлуб этдинглар. Учрашув ҳақида умумий фикрингиз қандай?

- Ўйин биз учун кутилганидан ҳам оғир кечди. Шундай бўлишини тахмин қилиш қийин эмасди. Аксарият мухлислар ва мутахассислар «Олмалиқ» тажрибали футзалчилари эвазига рақибни осонлик билан мағлуб этади, деган фикрларни билдиришганди. Аммо ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, баҳс арафасида билдирилган фикрлар ўзини оқламади. Тан олиш керак, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида омад бизга кулиб боқди. Финал серенаси янграшига 55 сония қолган бир пайтда Артур Юнусов томонидан киритилган тўп эвазига ғалабани ўз томонимизга оғдириб олдик. Бу биз учун тарихий ғалаба бўлди. Боиси, «Олмалиқ» жамоаси ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

- «Ардус»нинг ёш таркибидан шундай қаршилик кутганмидинглар?

- Ҳа, кутгандик. «Ардус» футзалчилари ёш бўлишига қарамай, бу йилги мавсумда анчагина тажриба тўплаб олишди. Аксарият ўйинчилари яқинда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига борадиган таркибдан жой олишган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг етакчи футзалчилари ҳисобланадилар. Боз устига, «Ардус»га Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендез устозлик қиляпти. Испаниялик мутахассисга ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Терма жамоамизни биринчи марта жаҳон чемпионатининг финал босқичига олиб чиқа олди. Колумбиядаги мундиалда иштирок этган аксарият футзалчилар ҳозир «Олмалиқ» таркибида ўйнашяпти. Табиийки, Мендез уларнинг имкониятларини беш қўлдек яхши билади. Бу ҳолат унга «Ардус»ни кубок финалига тайёрлашда асқотган. Шунга қарамай, биз ўз мақсадимизга эришдик ва бундан жуда ҳам хурсандмиз.

- Фақат тажрибали футзалчилар эвазига ғалаба қозондингларми?

- Йўқ, мен бундай демаган бўлардим. Тажриба ўз йўлига. Биз бутун жамоа бўлиб бу ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган эдик. Учрашувдан аввал ўтказилган машғулотларда тактик стандартлар устида яхшигина тер тўкишга тўғри келди. Меҳнатларимиз зое кетмаганидан мамнунмиз.

- Сизнингча, кубок баҳсларидаги энг қийин ўйин қайси бўлди?

- Ярим финал ва ҳал қилувчи финал учрашуви. Финал остонасида биз Қаршининг «Дўстлик-AIN» жамоасини қийинчилик билан 2:1 ҳисобида мағлуб этдик. Бемалол финалга хос  ва мос ўйин бўлди, дейиш мумкин.

- Олдинда чемпионатнинг ҳал қилувчи баҳслари ҳам бор. Бу ўйинларга тайёргарлик қандай кетяпти?

- Кубок финалидан сўнг мураббийлар штаби футзалчиларга бироз дам беришди. Шу кунларда яна машғулотларга қайтдик. Ҳозирда «Бунёдкор» жамоасига қарши ўтказиладиган ўйинларга тайёргарлик кўряпмиз. Чемпионатнинг «плей-офф» босқич баҳслари жамоалардан бирининг иккита ғалабасига қадар давом этади. 12 апрель куни илк учрашувда майдонга тушамиз.

- «Бунёдкор» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бу жамоа билан ҳам ўйинлар осон кечмаслиги аниқ. «Бунёдкор»да анча тажрибали мураббий ишлайди. Абдулла Бўриев ўз вақтида Ўзбекистон терма жамоасида ёрқин ўйин намойиш этган. «Бунёдкор»нинг таркиби деярли ўзгаришсиз қоляпти. Бу уларнинг энг катта ютуқларидан бири. Футзалчиларнинг ҳаммаси ёш, ҳаракатчан. Бундай жамоага қарши ўйнаш осон бўлмайди.

- Тез орада «Олмалиқ» клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашади. Бу жамоа учун иккинчи иштирок бўлади. Натижа ўтган йилгидан яхшироқ бўлишига умид борми?

- Албатта. Ўтган йили «Олмалиқ» гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаган эди. Насиб қилса, бу йил совринли ўринлардан бирини эгаллашга уриниб кўрамиз. «Олмалиқ» Ўзбекистон номидан иштирок этади. Шу омил бизга қўшимча куч бериши керак.

- Сарвар, энди футболга оид савол билан мурожаат қилмоқчиман. Укангиз Санжар Шоаҳмедовнинг Қатар чемпионатидаги ўйинларини кузатиб боряпсизми?

- Ҳа, албатта. Ҳар бир учрашувдан олдин худди ўзим ўйнайдигандек тайёргарлик кўраман. Телевизор қаршисида нафақат мен, балки бутун оила аъзоларимиз жам бўлишади. Аввало, ўзига ва жамоасига омад тилаймиз. Қолаверса, уйдагилар Қатар чемпионатида ўйнаётган қолган ҳамюртларимиз - Санжар Турсунов, Сардор Рашидов, Темурхўжа Абдухолиқовни ҳам дуо қилиб ўтиришади. Санжардан кўнглимиз тўқ. Темурхўжа билан бир жамоада ўйнашяпти. Бир-бирини қўллаб-қувватлаб, Ватандан узоқда эканликларини билдиришмаяпти.

- Шундай пайтларда фаолиятингизни футболда давом эттирмаганингиздан афсусланмайсизми?

- Йўқ. Жуда кўпчилик шу саволни беришади. «Нега укангга ўхшаб катта футболда ўйнамайсан?», дейишади. Ҳа энди, тақдир тақозоси билан футзални танладим. Шукурки, шу тариқа озми-кўпми натижага эришяпман. Оиламиз номидан юртимиз спорти ривожига қандайдир ҳиссамиз қўшилаётганидан хурсанд бўламиз. Ўз ўрнида айтиб ўтишим керак, мен ва укамнинг шу даражага етишишимизда отамнинг улушлари жуда ҳам катта.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:44, 13.04.2017.
Ўқилди: 5346 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.