«Спартак»нинг энг яхши тўпурарларидан бири, мураббийлик фаолиятида собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасини бошқариб, 1987 йили жаҳон чемпионатида ғалабани таъминлаган Александр Пискарев яқинда россиялик ҳамкасбларимизга интервью берди.
У суҳбат жараёнида ўз жамоасида катта роль бажарган миллий футболимиз афсонаси Миржалол Қосимов ижросидаги ўйинларни ҳам эсга олди, албатта. Маълумот ўрнида айтиш керак, Пискарев ўтган асрнинг 70-йилларида қаторасига 2 йил «Спартак»да бош тўпурар мақомини олган. Умуман, у клуб учун 41та гол урган.
Бу айтайлик, Дзюба ва Рейнгольд кўрсаткичидан яхши, Промеснинг бу натижани такрорлаши учун эса яна битта гол керак. Александр Михайлович «Спартак»дан кетгач, деярли 15 йил давомида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларини бошқарган.
- Айтингчи, сизда ўсмирлар терма жамоасини бошқариш варианти қандай юзага келганди?
- Мураббийлар Олий мактаби директори Варюшин ўсмирлар жамоасига мени ва Гершковични тавсия қилган. Аммо эшитишим бўйича айтсам, Михаил Даниловични миллати туфайли лавозимга қўйишмаган. Албатта, бу соф аҳмоқлик. Хуллас, 1967 йилда туғилган болалардан иборат терма жамоани менга топширишди. Ихтиёримда Коливанов, Корнеев ва Добровольский каби йигитлар бор бўлиб, яхшигина жамоа шаклланганди. Лекин ушбу термани Анатолий Бишовец мендан олиб қўйганди...
- Қанақасига?
- Билишимча, у раҳбарларга бевосита мурожаат этиб, ўша жамоани беришларини сўраган. Зеро, Бишовец раҳбарият билан бемалол гаплашарди. Аслида ўша вақт 1966 йили туғилганлардан тузилган жамоани шуғуллантирарди. Қисқаси, у икки жамоани бирлаштирмоқчи эканлигини айтган. Эсимда, федерация раҳбари Колосков ўшанда менга шундай деганди: «Бишовец сени ўзига ёрдамчи қилиб олмоқчи. Гаплашиб кўр».
- Пеленинг шахсан ўзи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-87 тўпурари бўлган Юрий Никифоровни дунёдаги энг иқтидорли ёш футболчи сифатида таърифлаганди...
- Юранинг тарихи ўзига хос қизиқ. Аслида уни менга аввалроқ тавсия қилишганди. Бироқ украиналик селекционер Котельников «Кўрганман, ўша Никифоровни. Унда ҳеч нима йўқ», дея шаштимни пасайтирган. Зеро, Юра яхши иқтидорлар чиқадиган интернат эмас, балки Одессадаги оддий футбол мактабида шуғулланарли. Табиийки, бундай мактаблардан терма жамоага чиқишнинг иложи йўқ эди. Шунга қарамай, уни кўрикка таклиф қилдик ва ҳаракатларини кўриб, қойил қолдик. Натижада Никифоров 1987 йилги жаҳон ва Европа чемпионатларининг 11та ўйинида қатнашиб, 10та гол урганди.
- Чемпион жамоанинг яна бир етакчиси - Миржалол Қосимовни қандай топгансиз?