Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Сери - бу футболчига сармояни қизғанманг!

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда «Ницца» офиси «Барселона», «Арсенал» ва «ПСЖ» каби грандлар томонидан жўнатилган казо-казолар билан гавжум. Боиси, жамоанинг Кот-д`ивуарлик ярим ҳимоячиси Жан-Микаэль Сери якунланган мавсум шу қадар эффектли ва самарали ўйнадики, кўпчилик беихтиёр унга алоҳида назар солмоқда.

Трансфер тарихи

«Ницца» 2 йилча олдин ҳам мавсумни ўта омадсиз якунлаганди. Ўша вақт бош мураббий вазифасини бажарган Клод Пюэль қўлидан келганича  вазиятни ўнглашга уринди, тиришди. Бироқ молиявий имкониятлар чеклангани боис, у таркибни ўзи истагандек, кучайтиролмасди. Дейлик, мураббий танглик ҳолатидан чиқиб кетиш илинжида ўз ўғлини ҳам мажбуран майдонга туширган ва бу клуб мухлисларига асло ёқмаганди. Қисқаси, Пюэль ўша мавсум «бургутчалар» ёрдамида бир амаллаб, жамоани элитада олиб қолишга эришди. Ёзда эса ҳамма Ҳатем Бен Арфанинг қайтишини интиқлик билан кутиб турган бир пайт жамоанинг 2015 йил давомидаги асосий трансфери амалга оширилди. Гап Кот-д`Ивуар миллий жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланган Жан-Микаэль Сери ҳақида кетмоқда. Ўшанда ихчам жуссали йигитча ҳеч кимда ортиқча таассурот қолдирмаган, «Пасуш де Феррейра» (Португалия) клуби атиги 500 минг евро туфайли ундан осонгина воз кечиб қўя қолганди. Португалия клуби савияси мутахассиларга ҳам, кўплаб мухлисларга ҳам яхши маълум. Серининг тақдимот маросимида иштирок этган клуб вакиллари турли эътирозларга муносиб жавоб беришди: «Хўш, дейлик, бу йигитдан воз кечдик ҳам, 500 минг еврога яна кимни харид қилишимиз мумкин?» Қарангки, матбуот ва мухлислар томонидан хушламайгина қабул қилинган Жан-Микаэль ҳеч нарсага парво қилмай, «Ницца»даги дастлабки ўйинларданоқ бор эътиборни ўзига қаратди. Умуман, жамоа ўйини ҳайратланарли тарзда ўзгарди, дебютант дадиллик билан етакчиликни ўз зиммасига олди. Натижада кўпни кўрган тажрибали мухлислар Серини ўйин услуби бўйича тан олинган  Хави ва Андрес Иньестага қиёслай бошлашди. Мана, вақт ўтиши билан бу ўхшатиш нечоғли ўринли эканлиги исботланди - «нотаниш» ярим ҳимоячи 2016|2017 йиллар  мавсуми якуни бўйича Франция элит лигасининг энг яхши футболчиси мақомига даъвогар номзодлар рўйхатидан жой олди. Тўғри, якунда соврин Эдинсон Каванига насиб этди. Шунга қарамай, африкалик легионерга муносиб баҳо бериш шарт. Ахир у французлар чемпионатига Кавани каби номдор «Наполи»дан эмас, балки камтарингина «Пасуш де Феррейра» клубидан ўтганди.

Умумий маълумот, ҳозирги ҳолат

Ҳозир Серини «овлаш» мавсуми очиқ. Қитъанинг энг етакчи чемпионатлари ниҳоясига етгач, «Марсель», «Монако», «ПСЖ», «Арсенал» ва «Барселона» каби жамоалар скаутлари муносиб ярим ҳимоячи топиш ишларини бошлаб юборишди. Улар хусусан, Серига бефарқ қарашмаяпти. «Ницца» ўз навбатида, «овчилар»га қаршилик кўрсатиш ниятида эмас, чунки клуб раҳбарияти ивуарлик иқтидор соҳибини таркибда олиб қолиш осон эмаслигини яхши тушуниб турибди. Аслини олганда, «Ницца» президенти Жан-Пьер Ривер вазиятни бирозгина бўрттириб кўрсатаётгандек. Чунончи, «бургутчалар» сўнгги вақтлар ишончли парвоз қилишни анча ўзлаштириб олишди. Шунга мувофиқ, клубнинг молиявий имкониятлари нисбатан яхшиланди. Қўшимчасига, жамоа ЧЛга йўл очдики, энди халқаро турнирдаги иштирок учун оладиган мукофот пули воситасида ўз етакчисини бемалол таркибда сақлаб қолиши мумкин. Аммо бундай камтарин жамоаларнинг битта трансфер орқали камида 25 млн. евро ишлаш имкониятидан воз кечиши ҳам жуда-жуда қийин. Боз устига, «Ницца» Серига ўхшаган хилма-хил тақдир соҳиблари учун трамплин вазифасини ўтайдиган клуб сифатида танилган. Мана, биргина Серининг ўзи жамоа ғазнасини 2015 йили сарфланган харажатдан 50 баравар (!) кўпроқ маблағ билан тўлдириши мумкин. 2 йил давомида футболчига берилган камтарона иш ҳақи ва бош-қа сарфларни айириб ташлаш билан тушумнинг салмоғи камайиб қолмайди. Хўп, «Ницца» кўзлаётган фойда миқдорику оз эмас, аммо футболчининг маҳорати шунга ярашами?

Майдонда қандай юмушларни бажаради?

Жан-Микаэль охирги мавсум марказий ярим ҳимоячи позициясида тўп сурди. Пюэль даврида эса классик «8-рақам» вазифасини адо этиш билан чекланадигандек таассурот уйғотганди. Бунда асосан комбинацион ўйин ташкил этиш ва тўпни олдинги чизиққа етказиб бериш масаласига жавоб берарди. Лекин Пюэль ўрнини эгаллаган Люсьен Фавр 4-4-2 схемасидан воз кечиб, ярим ҳимоячи зиммасига тушадиган юмушларни ҳам анча ўзгартирди. Мисол учун, «бургутчалар» охирги мавсум аксарият баҳсларда марказда 4 киши бўлиб ҳаракатланишди. Шу боис, Сери асосан рақиб ҳужумларини бартараф этиш билан шуғулланди. Зеро, ундаги табиий тезкорлик ва чаққонлик нафақат рақиблардан тўпни тортиб олиш, балки улар томон йўлланган узатмалар йўлини кесиб қўйиш имконини беради. Серининг яккакурашлар чоғи самарали ҳаракатлари статистикаси балки чинакам таянч ярим ҳимоячилариникига нисбатан пастроқдир, бироқ бу унинг орқа чизиқдаги аҳамиятини сира камайтирмайди. Ивуарлик ярим ҳимоячи Клод Пюэль давридаёқ стандарт вазиятлардан фойдаланиш масъулиятини ўз зиммасига олганди. Дейлик, Бен Арфадек маҳорат соҳиби ҳам жарима зарбаларини амалга ошириш бобида Серига «салом» бериб, йўл бўшатган. Умуман олганда, Жан-Микаэлнинг асосий устунлиги комбинацион ўйинда кўзга ташланади. Албатта, ёш иқтидор соҳибининг Хави ёки Андрес Иньеста даражасидан ҳали анча пастда эканлиги шубҳадан холи. Аммо унинг майдондаги ҳаракат йўналиши айнан шу маҳорат соҳибларини эслатади. Муҳими шуки, Серининг ўйинни тушуниш қобилияти, вазиятларга тўғри баҳо бериш ва тўпни аниқ узатиш маҳорати эвазига «Ницца»нинг услуби батамом ижобий томонга ўзгарди. Жамоа рақиб услубидан келиб чиқиб, тактика танламайди, балки уни ўз чизмаси бўйича ҳаракатланишга мажбур этади. Шунингдек, тўпга кўпроқ эгалик қилиш ҳам «бургутчалар»нинг асосий қуролларига айланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Пюэль шогирдларидан тўпни назорат қилиш масаласида юқори фоизга эришишни талаб қиларди. Фавр учун эса ҳар қандай кўрсаткичнинг сифат ва самарадорлиги муҳимроқ - футбол натижа учун ўйналади. Айнан шу масалада Серига ўхшаган футболчилар бебаҳо ҳисобланишади. Улар очиқ ҳудудларни вақтида кўрадилар ва тўпни ўша нуқтага аниқ етказиб берадилар. Рақамлар билан ифода этсак, Сери узатмалар аниқлиги бўйича 90 фоизли кўрсаткичга эга. Қўшимчасига, Жан-Микаэль вазият тақозосига кўра, дарвозага зарба йўллашни ҳам жойига қўяди.

Сери мўмай даромад манбасими?

Тўғри ва ўринли савол. Шубҳа йўқ, «Ницца» ивуарлик легионер трансферидан катта манфаат кўради. Аниқроқ айтсак, жамоанинг бу борадаги улуши 25 млн. евродан кўп бўлади. Бир қарашда, Франция чемпионатида қайд этган статистикаси (6та гол ва 9та самарали узатма) юқори нархга мос эмасдек. Масалан, «Марсель» вакили Флориан Товеннинг кўрсаткичлари бир мунча юқори ва у ҳақли равишда грандлар ўртасида талаш бўлмоқда. Серига нисбатан қизиқиш даражасини оширадиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Келинг, қаҳрамонимизнинг самарали ҳаракатлари таҳлили билан танишиб чиқайлик: ивуарлик ўйинчининг 6та голидан 2таси ғалаба ва 1таси дуранг натижани таъминлади. Ҳа, бу ҳам ўта ҳайратланарли натижа эмас, албатта. Майли, энди самарали узатмалари эффектини кўриб чиқайлик: 1та «пас»идан сўнг ўйинда ҳисобни очувчи гол урилган бўлса, яна 2тасида «Ницца» вакиллари рақиб дарвозасини нишонга олиб, дурангга эришганлар. Шунингдек, яна 6та самарали узатмасидан сўнг жамоаси ғалаба голини нишонлаган. Демак, арифметик ҳисоб-китобларга кўра, мавсум давомида жамғарилган 78 очконинг 24таси бевосита Сери иштирокида қўлга киритилган. Бошқача айтганда, бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этади. Агар қишда Серининг асосий ҳамкори - Уилан Сиприен жароҳатланмаганида, балки натижанинг салмоғи янада ошармиди? Зеро, шу йўқотишдан сўнг Сери тез-тез таянч ярим ҳимоячиси чизиғига қайтиб тўп суришга мажбур бўлди.

Хулоса қилсак, Сери ўртамиёна жамоа таркибида шундай кўрсаткичларга эришди. Энди бир тасаввур қилинг, Жан-Микаэль юзага келтирган қулай вазиятлардан Алассан Плеа ва Марио Балотелли эмас, Эдинсон Кавани ва Радамель Фалькао ёки самарали MSN (Лионель Месси - Луис Суарес - Неймар) учлиги фойдаланганида, қандай натижалар қайд этиларди?

Серининг номдор жамоага мослашиш эҳтимоли

Ўта юқори. Чунки у анчайин камтарин жамоа - «Пасуш»дан «Ницца»га ўтиб, қисқа вақт ичида етакчига айлана олди. Жамоалар савияси ва нуфузидан келиб чиқсак, футболчининг бир неча баравар ошган босим остида тўп сургани ойдинлашади. Шу жиддий ўзгаришга дош берган Сери нега энди топ-клублар талабини қондиролмаслиги керак? Яна унутмаслик лозим, Жан-Микаэль - Кот-д~Ивуар терма жамоаси аъзоси. Унинг таркибидаги беллашувлар доимо клубдагидан кўра, кўпроқ эътибор тортади. Чунончи, африкалик мухлислар жуда фаоллар. Бу жиҳат ҳам ярим ҳимоячининг ҳар қандай босимга қарши маълум кўникма ҳосил қилганидан далолат. Қолаверса, Ғарбий Африкадаги мутахассислар талабчанлик борасида европаликлардан кам эмаслар. Шундай экан, топ-клублар Серига иккиланмай «совчи» жўнатиши мумкин.

Арифметик ҳисоб-китобларга кўра, мавсум давомида жамғарилган 78 очконинг 24таси бевосита Сери иштирокида қўлга киритилган. Бошқача айтгандан, бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этади. Агар қишда Серининг асосий ҳамкори - Уилан Сиприен жароҳатланмаганида, балки натижанинг салмоғи янада ошармиди? Зеро, шу йўқотишдан сўнг Сери тез-тез таянч ярим ҳимоячиси  чизиғига қайтиб тўп суришга мажбур бўлди.

Маълумот учун

Жан-Микаэль Сери

Туғилган санаси ва манзили: 1991 йил 19 июль  (25 ёш), Гранд-Бюрюбу (Кот-д~Ивуар)

Фуқаролиги: Кот-д~Ивуар

Бўйи: 168 см. Вазни:70 кг.

Позиция бўйича: ярим ҳимоячи

Клуби: «Ницца» (Франция)

Ўйинчилик рақами: 6

Профессионал фаолияти: «АСЕК Мимозас» (Кот-д~Ивуар) - 2010-2012 (16та ўйин, 1та гол); «Порту-В» (Португалия) - 2012-2013 (19та ўйин, 1та гол); «Пасуш де Феррейра» (Португалия) - 2013-2015 (54та ўйин, 2та гол); «Ницца» (Франция) - 2015-... (71та ўйин, 9та гол)

Кот-д~Ивуар терма жамоасида 2014 йилдан буён 12 марта майдонга тушиб, 1та гол урган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:20, 08.06.2017.
Ўқилди: 4710 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.