Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Неманья Йованович: «Ҳар бир футболчида камчилик бўлади»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давраси якунланишига учта тур қолмоқда. Олий лигада юзага келган танаффус чоғида кўплаб жамоалар қисқа муддатли таътилга чиқишди. Шу жумладан «Навбаҳор» ҳам. Фурсатдан фойдаланиб, «лочинлар»нинг амалдаги тўпурари Неманья Йовановичдан бўш вақтини қандай ўтказгани, мавсум борасидаги таассуротлари, «Олтин тўп»га ким муносиблиги ва бошқа кўплаб саволлар билан мурожаат қилдик. Сербиялик легионер шунингдек камчиликлари, келажакдаги режалари тўғрисида тўхталиб ўтди.

- Олий лигада юзага келган танаффус чоғида «Навбаҳор» аъзоларига қисқа таътил эълон қилинганди. Сиз ватанингизга кетган экансиз. Уни қандай ўтказдингиз?
- Икки ойдан буён оилам билан кўришмагандим. Рафиқам ва фарзандларим билан бирга бўлдим. Оилам даврасида кўплар жойларда дам олдик, болаларим билан бирга югурдим. Хуллас, бўш вақтимни яқинларим билан бирга мазмунли ўтказдим.
- Интервью бошида «Навбаҳор»да қандай пайдо бўлганингизни айтиб берсангиз.
- Агентим анчадан буён Илҳом Мўминжонов билан таниш. Уларнинг сухбатидан сўнг Мўминжонов мени жамоасида кўриш истаги борлигини айтган. Мен ҳам ушбу таклифга рози бўлдим ва барча масалалар ижобий хал қилинди. Шундан сўнг «Навбаҳор»га келдим.
- Биринчи давра якунланишига 3 тур қолмоқда. Сиз учун мавсум қандай ўтмоқда?
- Мусобақа жадвалига қараб айтадиган бўлсам, агарда бирозгина омадимиз чопганида ҳозир хотиржам иккинчи ўринда турган бўлардик. Омадсизлик оқибатида кўплаб очколарни йўқотдик. Нима бўлганини кўриб турибсиз. Ҳозир олтинчи поғонадамиз. Худо хоҳласа, қолган учта турда ижобий натижаларга эришсак, биринчи даврани кучли тўртликда якунлашимиз мумкин бўлади.
- «Бухоро»га қарши ўйинда дубль муаллифига айландингиз. Қачон Сиздан хет-трик кўрамиз? Буни ўзингиз ҳам истаётган бўлсангиз керак…
- Албатта ҳар бир футболчи иложи борича кўпроқ гол уришни хоҳлайди. Аниқ қачонлигини айта олмайман. Иложи борича тезроқ «хет-трик» қилишга ҳаракат қиламан, аммо барчаси яратиладиган имкониятларга боғлиқ. Ҳужумчилар доимо майдонни кўпроқ гол билан тарк этишни ният қилади.
- Сўнгги маротаба қачон бир ўйинда учта гол урганингизни эслай оласизми?
- Бунга анча вақт бўлди. 3-4 йил аввал «хет-трик» қайд этганман. Агарда ундан ҳам кўпроқ бўлмаса…
- «Бухоро» билан кечган ўйиндаги ҳакамлик борасида фикрингиз қандай?
- Ҳакамлик борасида изох бермайман. Бу менинг ишим эмас. Уларни бахолайдиган инсонлар бор. Менинг вазифам – футбол ўйнаш. Рефериларни эса бошқалар мухокама қилаверсин.
- Ўзбекистон чемпионатида ўтган ой жамоа фақатгина дуранг қайд этди. Бу нима билан боғлиқ?
- Билмасам… Ўзингиз кўриб турибсиз, жамоа яхши ўйнамоқда. Сўнгги 5-6 ўйинда бундай натижалар бўлаётганига бошқа сабаблар бўлса керак. Кубок доирасидаги сўнгги ўйинимизда «Нефтчи» устидан ғалаба қозондик. Тўғри, мусобақа билан хайрлашдик, аммо рухий жихатдан бу футболчиларга қўшимча куч бағишлайди. Умид қиламанки, Жиззахдан ҳам ижобий натижа билан қайтамиз.
- «Навбаҳор»ни кимсиз тасаввур қила олмайсиз?
- (бироз ўйланиб) Бундай ўйинчиларни дунёда бир ёки иккита топиш мумкин. Ўзбекистондаги ҳар қандай клубда ҳам алмаштириб бўлмас футболчи йўқ. «Барселона» ёки «Реал»дагина сиз айтган ўйинчиларни учратиш мумкин. Олий лига миқёсида бундай спортчини топа олмайсиз.
- «Навбаҳор» номинал бир ҳужумчи билан ўйин ўтказади. Ушбу схема Сизга ноқулайликлар туғдирмайдими?
- Йўқ, бу ноқулайлик яратмайди. Чунки бир неча йилдан буён мазкур схема асосида ўйнаб келаман. Мураббий қандай кўрсатма берса, футболчилар шундай ўйнашади. Профессионал футболчи тактик схемадан нолимаслиги керак.
- Учрашувларда меҳнаткашлигингизни кўрсатиб келасиз. Биз иккинчи қаватда тўп учун курашларда кўпинча ғолиб бўлишингизга гувох бўлганмиз. Шунингдек дриблингни ҳам кўрсатиб келасиз. Сизга нима етишмайди?
- Гавдам туфайли менга тезлик етишмайди деб ўйлайман. Чунки 191 см бўйим билан албатта паст бўйли футболчилар каби тез югура олмайман. Балки бунинг яна бошқа сабаблари бордир. Яна билмадим… Ҳар бир футболчида камчилик бўлади.
- Идеал футболчи бўлмайдими?
- Идеал ўйинчи бор, аммо у бу ерда ўйнамайди (кулади).
- 33 ёшда футболчи ўз тезлигини ошириши мумкинми?
- Йўқ. Бундай ёшда тезликни фақатгина бир маромда ушлаб туриш мумкин. Йиллар ўтгани сари тезлик фақатгина пасайиб боради. Бошқа фазилатлар эвазига бунинг ўрнини қоплаш мумкин. Ҳар бир футболчида ўзининг афзалликлари ҳам мавжуд.
- «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов борасида қандай фикрдасиз?
- У - ёш ва келажаги порлоқ мутахассис. Мўминжонов жуда кўп мехнат қилади. У мураббий сифатида ўсишни истайди. Ўйлашимча, келгусида мураббийимиз албатта ўз мақсадига эришади. Чунки у жуда талабчан ва агрессиф футболни хўш кўради. Ҳозирги вақтда фақатгина бундай футбол эвазига натижага эришиш мумкин.
- Ўйин бошланишидан аввал анънавий тарзда жамоа доира шаклида йиғилади. Ўшанда Мўминжонов нималарни дейди?
- Биз ўз футболимизни кўрсатишимиз лозимлиги, майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашишимиз ва шунда кўзлаган натижамизга эришишимизни таъкидлайди.
- Станоевичдан ташқари жамоада яна қайси футболчи билан дўстона муносабатдасиз?
- Жамоадаги хамма билан дўстона муносабатдаман. «Навбаҳор»да ахил коллектив йиғилган. Биз доимо бир-биримиз билан мулоқотда бўлиб, хазиллашиб турамиз, бирга кофе ичамиз. Бу борада муаммо бўлиши мумкин эмас.
- Таркибда энг хазилкаш ўйинчи ким?
- Бундайлар бизда кўп. Бу борада алохида ажралиб турадиган одам йўқ. Айтяпман-ку, «Навбаҳор»даги ички мухит аъло даражада. Бу ҳам муҳим жихатлардан бири.
- Агарда Мирзоҳид /офуровнинг биринчи турда «Обод» дарвозасига урган голини инобатга олмасак, «Навбаҳор»нинг қолган голлари стандарт вазиятлардан сўнг содир бўлмоқда. «Навбаҳорчилар»нинг голлари жарима ва бурчак тўплари ўйинга киритилгач ёки пенальтидан урилмоқда. Нима учун шундай бўлмоқда?
- Биз машғулотларда стандарт вазиятлар устида кўп ишлаймиз. Яна шунингдек сафимизда стандарт вазиятларини яхши ижро қиладиганлар бор. Ойбек Қиличев, Мансур Саидов ва бундай вазиятлардан унумли фойдалана оладиган ёшлар ҳам мавжуд.
- Ўзингизнинг кўрсатаётган ўйинингизга қандай бахо қўясиз?
- Ўйиндан-ўйинга жисмоний холатим яхшиланиб бормоқда. Бошида ўйиним яхши бўлди, бироқ голлар келмади. Бунинг сабаби нимадалигини билмайман. Айтишади-ку, тинмай мехнат қилсанг, Худо сенга беради. Кўриб турганингздек гол уришни бошлаб юборганман. Шунинг учун шу руҳда ишлашда давом этамиз.
- Чемпионат ва кубок бахсларида жами 14 ўйинда қатнашиб, бешта гол урдингиз. Бу сиз учун яхши кўрсатгичми?
- Буни ёмон кўрсатгич деб бўлмайди. Агарда голларим сони еттита бўлганида, буни нормал холат десам тўғри бўларди. Юқорида таъкидлаганимдек, ҳар бир футболчи кўпроқ гол уришни истайди. Лекин бу биргина ўйинчига боғлиқ эмас. Бунга кўп омиллар сабаб бўлади. Ҳозирги пайтда кўрсатгичимдан қониқмоқдаман. Келгусида голларимни кўпайтириш устида астойдил мехнат қилиб, «Навбаҳор»га фойда келтиришга ҳаракат қиламан.
- Чемпионат доирасида сўнгги уч ўйинда ҳисобингизга учта гол ёздирдингиз. Кубок ўйинларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда сўнгги 5 ўйинда тўртта голга муаллифлик қилгансиз. Мавсум сўнггигача нечта гол урмоқчисиз?
- Билмадим. Ҳеч қачон мавсум охирида шунча гол ураман, де баниқ рақамларни кўрсатмаганман. Ҳар бир вазиятдан максимал даражада фойдаланишга урунаман. Мавсумни нечта гол билан якунлашимни вақт кўрсатади. Кўрамиз…
- Ўтган мавсумнинг биринчи даврасида «Андижон» сафида 5 та гол ургансиз. Чемпионатнинг иккинч ярмини эса «Қизилқум»да ўтказиб, 8 маротаба рақиб дарвозасига йўл топдингиз. Бу нима билан боғлиқ? Клубни алмаштирганингиз шундай таъсир қилдими ёки бошқа сабаб борми?
- Биласизми, «Андижон»да бир футбол намойиш этилган бўлса, «Қизилқум»да бошқача ўйин кўрсатилган. Навоийликлар таркибида ўшанда ҳам ҳозиргидек анча тажрибалироқ ўйинчилар бор эди. У ерда кўпроқ вазиятларга эга бўлганман. Дарвоза зарба йўллашимга ҳам кўпроқ имкон тақдим этилган. Гол уриш ким билан бирга ўйнашга, яъни бирга тўп тепётган шерикларингизни салохиятига ҳам боғлиқ.
- 2015 йилни «Олмалиқ» сафида ўтказдингиз. У ердаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?
- «Олмалиқ»дан жуда яъши таассурот қолган. Бизда ўша пайт мохир футболчилар йиғилган, мураббийлар штабимиз ҳам кучли эди. Ўзингиз биласиз, «Олмалиқ»да шароит ва ўйингоҳ борасида муаммо йўқ. Кучли тўртликдан жой олишимизга сал қолганди. Аммо бу футбол…
- Статистикага назар ташлаб, 2 йил аввал «Олмалиқ»да биринчи даврада атига 2 та гол урганингизни, иккинчи даврада эса 7 гол уришга эришганингизни кўрдик. Демак, доимо мавсумнинг иккинчи қисмида кучаяр экансизда?
- Хайронман. Бунга нима сабаб бўлаётганини шам билмайман. Ўзбекистонга келишимдан аввал Қозоғистон ва Норвегияда фаолият олиб борганман. Барча тўп сурган клубларимда иложи борича фойда келтиришни мақсад қиламан. 30-40 та гол уришни ҳеч қачон олдимга вазифа қилиб белгиламайман.
- Тасаввур қилинг фаолиятингизни тугатдингиз. Қайси клубни ўзгача хотиралар билан ёдга оласиз?
- Барча ўйнаган жамоаларимни ўзгача хотира билан эсга олиш учун сабаб топилади. Қаерда фаолият олиб борган бўлсам, барча жойда таркиб, мураббийлар штаби ва ўйинлар яхши бўлган. Кўплаб дўстларни орттирганман. Бирор бир жамоани алохида ажратиб кўрсата олмайман.
- Собиқ жамоалар хусусида гап кетганида «Андижон» мавзусига тўхталсак. Айтингчи, нима сабабдан жамоа қуйи дивизионга тушиб кетди.
- Бу саволга мен эмас, ўша даврда «Андижон»да ишлаган мураббийлар штаби ва раҳбарият жавом бериши керак. Уларда алмашувлар кўп бўлган. Адашмасам 10 турдан сўнг Бахтиёр Ашурматовни истеъфога чиқаришди. Бу энг катта хато бўлган деб ҳисоблайман. Боиси шахсан ўзим Ашурматовни яхши тажрибага эга мутахассис деб ўйлайман. Унга имкон беришганида, «Андижон»ни Олий лигада сақлаб қолишни уддалаган бўлардим деб ўйлайман. Бу вазифани у бемалол уддаларди. Ашурматовни алмаштириш қарорини нотўғри бўлган. Шундай мураббийга эга бўлган жамоа мураббийга эркинлик яратиши керак эди. Натижа ўзи келаверарди.
- «Навбаҳор» мухлислари борасида фикрингизни билмоқчимиз?
- Ўзбекистонга келганимдан сўнг доимо айтиб келганман, мамлакатдаги энг зўр мухлислар «Навбаҳор»да. Наманганда футболни жуда ҳам қаттиқ севишади. Улар юқори ўринлар учун курашадиган клубларга муносиб.
- Оилангиз тўғрисида гапириб беринг.
- Икки ўғлим бор. Тўнғичининг исми Виктор, кенжам - Николай. Виктор беш ойдан сўнг беш ёшга тўлади, Николай эса 1,5 ёшда. Улар ҳозирда Сербияда яшашади.
- «Интсаграм» ижтимоий тармоғидаги сахифангизга яқин жойлаган суратларингизда ўғлингиз «Барселона» либосида тушган расмини учратдик. Унга каталонияликлар ўйини ёқадими?
- Йўқ (кулади). Ўғли бирор жамоага мухлислик қилиш учун хали ёш. Бу либосни унга бобоси совға қилган. Яқиндагина ўғлим футбол билан шуғалланишни бошлади. У машғулотларга шу формада боришни ёқтиради.
- Халқимизда «От изини той босар» мақоли бор. Фарзандларингиз ҳам отаси сингари футболчи бўлишадими?
- Ҳар бир ота футболчи фарзанди келажакда унинг изидан боришини истаса керак. Лекин, болаларимни бунга мажбур қилмайман. Агарда ўзлари футболни танлашса, бундан хурсанд бўламан. Борди-ю бошқа касбга қизиқишса, бунга эътирозим йўқ. Истаса баскетболчи, гандболчи, банкир ёки адвокат бўлсин.
- Чет эл клубларидан ўзингиз қай бирига мухлислик қиласиз?
- Сербияда «Црвена Звезда»га мухлислик қиламан. Европадан эса севимли жамоа – «Реал».
- Нима деб ўйлайсиз, Роналду «Олтин тўп»га муносибми?
- Тўғрисини айтсам ха! У фаолиятида қўлга киритиш мумкин бўлган деярли барча совринларга эга бўлди. Португалия терма жамоаси билан Европа чемпионатида ғолиб бўлди, мана яқинда кетма-кет иккинчи бор Чемпионлар лигаси бош соврини баланд кўтарди, кўплаб голлар урди. Роналдунинг майдонда қиладиган ишини «космос» дейиш мумкин.
- Қайси таниқли сербиялик футболчилар билан танишсиз?
- «Црвена Звезда» болалар мактабини ўтаганман. Ўшанда турли ёшдаги таркиблар билан бир меҳмонхонада турганмиз. Неманья Видич, Бранислав Иванович, Неманья Матич ва Александр Коларов каби ҳозирги юлдузлар билан бирга ўсганман. Барчанинг ёшидаги фарқ 2-3 ёшни ташкил қилган. Дарвоқе, «Лацио»даги сербиялик ҳимоячи Душан Баста билан ҳам бирга катта бўлганмиз. Вояга етгач эса барча ўз йўлини топиб кетган. 
- Сиз кўп жилмаяр экансиз. Бунга «Инстаграм»даги суратларингизни томоша қилиб амин бўлиш мумкин. Сизни хафа қилиш, жахлингизни чиқариш осонми ёки қийинми?
- Феъл-атворим бўйича доимо қувоноқман. Хазиллашиш ва кулишни хуш кўраман. Бир сўз билан айтганда, қувоноқ инсонман. Хаётда мени ғазабга келтириш қийин. Чунки кўп чидашга қодирман. Тушунмовчиликлар юзага келганида ҳам қизиқшмайман.
- Ўзбекларнинг миллий таоми бўлмиш паловнинг таъмини татиб кўрган бўлсангиз керак?
- Йўқ. Ростини айтсам, ошни хуш кўрмайман. Бу таомни умуман тановул қилмайман. Чунки паловда ёғ кўп ишлатилади. Камин эса ёғли таом емайди. Диетага амал қилгани туфайли фақатгина махсус таомлар тановул қиламан. Бу ердаги, «Пахтакор» ва «Бухоро»даги дўстларимнинг барчаси паловни ейишади. Демак, ошни мазаси яхши ва уни шунга яраша мазали пиширса керак.
- Умуман ошни татиб кўрмаганмисиз?
- Бир неча бор еб кўрганман. Аммо, айтяпман-ку диета сақлаганим учун ёғли таомлардан воз кечганман.
- Ўзбек тилида қандай сўзларни ўрганишга улгурдингиз?
- Фақатгина ёмон гапларни (кулади). Футбол майдонида керак бўладиган бир қанча ўзбекча атамаларни биламан. Ўзбек тилини ўрганмоқчиман.
- Жамоада бунга ким ўргатади?
- Ҳеч ким. Шунчаки қулоғимга чалинган сўзларни таржимасини ва маъносини шерикларимдан сўраб оламан. Шу тариқа сўз бойлигимни бойитиб бораман. Балки бир йилдан сўнг ўзбек тилини ўрганиб оларман (кулади).
- Ўзбекистон тўғрисида эшитганингизда биринчи ўринда хаёлга қандай фикр келади?
- Қандай фикр келиши мумкин? Фақатгина ижобий! Бу мамлакатда футбол ўйнаб, пул тояпман, оиламни бояпман. Ўзбекистон борасида илиқ фикрлар айтишим мумкин холос.
- Агарда футбол бўлмаганида, қайси касб эгаси бўлардингиз?
- Отам сингари математика фани бўйича профессор бўлсам керак. Болалар билан ишлашни яхши кўраман. Шу боис футбол бўлмаганида, балки мактабда ишлаган бўлардим.
- Футбол Сизга нима берди?
- Энг аввало қувонч. Ёшим улғайган сари оиламга ёрдам бериш имкониятим пайдо бўлди. Отам профессор сифатида таъминлай олмайдиган нарсаларни футбол орқали таъминлашга қодир бўлдим. Хаётда футбол менга кўп ёрдам келтирди.
- Келажакда мураббий бўлишни режалаштирганмисиз?
- Ха. Бу иш менга манзур. Чунки бу касбда ўзимни тасаввур қиламан. Футболдан бошқа фаолиятда ўзимни кўра олмайман. Футболчиликни якунлаб, мураббийлик қилишни режалаштирганман.
- Златан Ибрагимович ҳамон юқори даражадаги ўйинни намойиш этиб келмоқда. Неча ёшгача Йованович яхши ўйнай олиши мумкин?
- Билмайман. Соғлигим қачонгача яхши савиядаги футбол ўйнашга имкон берса, ўшангача ўйнайман. Агарда ортиқ аввалги холатда эмаслигимни хис қилсам, футболчиликни тўхтатаман. Бошқаларга халақит қилмасдан, яхшиси кетган маъқул.
- Амалда кўриб турибмизки, дарвозабонлар майдондаги бошқа амплуа вакилларига нисбатан узоқроқ фаолият олиб боришади. Нима учун шундай?
- Бу нарса барчанинг индивидуал холатига боғлиқ. Кимдир 30 ёшда фаолиятига якун ясайди, кимдир 38 ёшда. Баъзилар 40 ёшда футболдан кетади. Футболчи ўзига қандай эътибор қаратиши, озиқ-овқат, витаминлар ва шуғулланиши ҳам ўз таъсирини ўтказади.
- Юртимизда уч йилдан буён фаолият юритиб келмоқдасиз. Айтингчи, Ўзбекистоннинг энг кучли ҳимоячиси ким?
- Ҳар бир жамоада яхши ҳимоячилар бор. Алохида бир кишини ажратиб кўрсата олмайман. Барча клубларда ўз ишини муносиб тарзда бажарадиган ҳимоячи мавжуд.
- Болаликдаги ёқтирган ўйинчингиз ким бўлган?
- Роналдо. Бразилиялик «сўйлоқ»нинг ўйинларидан завқ олардим.
- Сўнгги савол: ҳар бир инсоннинг хаётда ўз орзулари бўлади. Сизнинг қайси орзунгиз рўёбга чиқди-ю, қайси бири амалга ошмади?
- Асосий орзум – чиройли ва соғлом оилам борлиги. Болалигимда бир кун келиб дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни орзу қилганман. Шуниси рўёбга чиқмади (кулади). Қўлимдан келганича, бор кучим билан майдонда тўп тепяпман.
"Аср футболи" газетасидан олинди.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 17:30, 14.06.2017.
Ўқилди: 3383 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.