Мадриднинг «Реал» клуби юлдузи йирик муаммога дуч келмоқда - Лука ўз юрти Хорватияда судланиши ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Хўш, ташқи қиёфаси билан сермулоҳаза йигитдек тасаввур уйғотадиган Модрич қандай чигалликка ўралашиб қолди? Bombardir.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айнан миттигина хорват атрофидаги воқеалар ҳақида.
Модрични нимада айблашмоқда?
Лука Модрич ёлғон гувоҳлик беришга боғлиқ жиноят юзасидан шубҳа остига олинди ва айни пайт тегишли жойларда тегишли саволларга жавоб бермоқда. Хуллас, «Мадрид» футболчисининг иши терговга оширилган. Оддий ва содда ифода этсак, Хорватия миллий жамоаси етакчиларидан бири суд муҳокамасида Загребнинг «Динамо» клуби собиқ президенти Здравко Мамич зарарига гўёки, ёлғон кўрсатма берган экан.
Мамичнинг ўзи ким?
Гап Хорватиядаги жуда машҳур шахслардан бири ҳақида кетмоқда. Мамич нафақат футбол олами, балки умумий миқёсда ҳам таниқли. Дейлик, у ёшлигида Bad Blue Boys фанатлар гуруҳи таркибида бўлган, кейинчалик донгдор мураббий Мирослав Блажевич билан танишиш асносида «Динамо» клуби тизимидан жой олган. Мамич 2003 йилга келиб, Загреб жамоасида асосий шахсга айланди. Унинг ортда қолган муддат ичида клуб бош мураббийини 15 мартадан кўп истеъфога чиқарганини айтиш ўринли. Мамич шунинг баробарида бир неча марта турли сабаб-жиноятлар ўлароқ, панжара ортига равона бўлган. Яъни бир қарасангиз, Хорватия спорт вазирини ҳақоратлаган, бошқа сафар журналистларга ташланган... Мисол учун, Мимич бир гал «Хайдук»нинг собиқ футболчиси билан трибунанинг ўзида муштлашганди. Қолаверса, қонунга зид турли-туман молиявий схемалари сабаб ҳам, «қора курси»дан жой олишига тўғри келган. Умуман, мамлакатда уни ҳукумат маблағи ўғриси сифатида ҳам «таърифлашади». Чунончи, гумон қилинишича, у Югославия билан даҳшатли уруш вақти 14 миллион кун (Хорватия пул бирлиги)ни ўзлаштирган эмиш. Энг асосийси, Мамич ҳозирги ҳукуматнинг оппозициячисидир.
Мамичга бу сафар қандай айблов қўйилган?
Собиқ футбол фунционери нақ 15 миллион евро (бошқа маълумотларга кўра, 20 млн.) миқдоридаги маблағни беҳуда сарфлаган эмиш. У шунингдек, 1,5 миллион еврога тенг солиқ тўловини яширганликда айбланмоқда. Мамичнинг таржимаи ҳолидан келиб чиқиб айтсак, бу каби жиноятлар унинг учун янгилик эмас.
Модричнинг нима дахли бор?
Гап шундаки, Лука бундан бир неча кун олдин суд муҳокамасида қатнашди ва Мамичга қарши кўрсатма берди. Футболчи хусусан, собиқ президентга 2008 йили амалга оширилган ўз трансферини эслатди. Модрич ўшанда «Динамо»дан «Тоттенхэм»га ўтганди. «Ўйлашимча, «Динамо» клуби «Тоттенхэм»га ўтишим ортидан 21 ёки 23 миллион евро олган,-деди футболчи. - Шунча маблағнинг маълум қисми «Динамо» билан тузган шартномам бўйича менга берилиши керак. Мамич шу суммани иккига бўлишни сўрагач, бунга кўндим. Хуллас, банкдан пулни олиб, уларни Мамичнинг укаси ва ўғлига бердим».
Модричнинг кўрсатмасига муносабат
Хорватия футболида Мамич атрофида жуда оғир вазият юзага келган. Ҳаттоки, Загреб «Динамо»си фанатлари ҳам унга қарши чиқишмоқда. Зеро, улар Мамичнинг баландпарвоз гапларидан шунчаки, безишган. Дейлик, бутун Хорватия футболини юқорига кўтаргани хусусидаги гапларидан. Қолаверса, у Хорватия чемпионатидаги асосий қоидаларни белгилашга ўрганган, албатта, бунда айнан «Динамо» манфаатлари биринчи ўринда туради. Клубнинг нақ 11 марта кетма-кет равишда чемпион бўлгани бежиз эмас. Умуман, «Динамо»нинг бу серияси жорий йил «Риека» томонидан тўхтатилди. Айтиш ўринли, загребликлар Мамичдан қанчалик норози бўлишсада, Модричнинг кўрсатмасидан жуда-жуда ғазабланишди. Хусусан, унга «Мамич банкомати» ёрлиғи ёпиштирилди. Фанатлар бу иборани шунчаки эмас, балки ғазабнок ҳолда ифода этишяпти. Шунингдек, айримлар футболчини қўпол тарзда ҳақоратлашдан ҳам тийилмаяптилар: «Мамич эрмаги», «Мамич ўйинчоғи». Буларнинг ҳаммаси мавжуд вазият ва футболчига нисбатан муносабат даҳшатли кўринишини таъминламоқда.
Қамоқ жазоси хавфи каттами?
Ҳа, агарда айблов тасдиқланиб, Модричнинг ёлғон кўрсатма бергани исботланса. Таъкидланишича, бу борада ҳеч қандай келишув бўлган эмас. Умуман, Модричнинг ёлғон гапиргани ўз тасдиғини топса, у Хорватия қонунчилигига асосан панжара ортига йўл олиши шарт. Бундай қонунбузарликка нисбатан белгиланган муддат - 6 ойдан 5 йилгача.
Олдин ҳам шунақаси кузатилганми?
Бундан 3 йилча олдин «Шахтёр» ва «Арсенал» клублари собиқ ҳужумчиси Эдуарду да Сильва (у аввалги ўн йилликнинг бошида Загреб «Динамо»си шарафини ҳимоя қилганди) Мимич билан судлашиб кўрди. Ўшанда ҳам бугунгига ўхшаш ҳолат юзага келганди. Яъни асли бразилиялик ва кейинчалик Хорватия фуқаролигини қабул қилган футболчи клуб билан тузилган шартномасига мувофиқ, 20 фоиз даромадини шахсан Мамичга ажратишидан нолиганди. «Шартномага имзо чекаётган пайт унинг барча нозик томонларини билган эмасман,-дея тан олганди футболчи. - Кейинчалик унинг ичига кириб бориб, 20 фоизли улуш моҳиятини сира тушунмадим. Умуман, бу масалани зиқналигим туфайли эмас, балки адолат тантанасини хоҳлашим туфайли кўтардим». Ўшанда Эдуардунинг ёлғон гапираётгани айтилган бўлсада, у судда ғолиб чиққанди. Якунда футболчи ва клуб ўртасидаги шартнома ҳаққоний эмаслиги тасдиқланган. Шунинг баробарида ФИФА ўйинчига ёрдам бермаганди. Яъни фақат Хорватия суди Эдуарду фойдасига қарор чиқарганди, холос. Модричга ҳам судда ғалаба қозониш насиб этармикан? Ахир акс ҳолда...