Жаҳон футболидаги асосий саволлардан бири Испания Ла-лигасининг икки буюк иштирокчисига боғлиқ: «Реал» кучлими ёки «Барселона»? Сўнгги мавсум якунларига қарасак, «Мадрид» яққол устун.
Хўш, бутун тарих бўйича-чи? Soccer.ru сайтининг Tott Hot блогери статистик ҳисоб-китоблар асносида айнан Испаниянинг энг муваффақиятли жамоасини аниқлашга уринди. Табиийки, «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам футбол оламида беҳисоб тарафкашлар баробарида ўзига хос «душман»ларга эга.
Умуман, испан лигаси хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Бежиз бу биринчиликка нисбатан баъзан «Икки клуб чемпионати» таърифи ишлатилмайди. Бироқ бошқа тарафдан қарасак, примерода доимо учинчи куч топилган. Мисол учун, Испания чемпионатида ҳеч қачон жамоалардан бири худди «Бавария»нинг Германия, «Лион» ва «ПСЖ»нинг Франция ёки замонавий «Ювентус»нинг Италияда чин ҳукмронлик қилгани каби узоқ муддат тахтда мустаҳкам ўтирган эмас!
Чунки Ла-лигада 2та клубдан бири озгина бўшашишдими, эстафеда байроқчаси унинг азалий ва ашаддий рақибига ўтиб кетади. Тушунарлики, гап йиллар эмас, ҳаттоки, асрлар ўлчови бўйича ҳам буюк ҳисобланган «Барселона» ва «Реал Мадрид» ҳақида кетмоқда.
Бироқ шунинг баробарида испан футболининг бошқа нисбатан номдор вакилларини ҳам унутмаслик лозим. Улар ҳам навбати билан бош ролга кўтарилиш учун жон олиб, жон беришади ва бу примеронинг энг қизиқарли лигалар қаторида зикр этилишини таъминлайди.
Табиийки, битта таҳлилий рейтинг Пиреней ярим оролида қайси клуб баландроқ ва омадлироқ эканлиги хусусидаги абадий савол-муҳокамаларга чек қўймайди. Бу якунсиз мавзудир.
Аммо Испания чемпионати ва кубоги ҳамда ҳалқаро мусобақалар якунининг умумий ҳисоб-китобига кўра, тузилган рейтинг бу борада маълум тасаввур уйғотиши аниқ. Демак, бошладик, биринчи ҳисоб-китоб Испания кубоги юзасидан.
Испания кубоги
Аввало, рейтинг қандай шакллантирилгани хусусида қисқача тушунча: ҳар мавсум якунида турнирнинг чорак финалига чиққан жамоаларга 1 очкодан, ярим финал иштирокчиларига 2 очкодан, финалчига 3 очко ва кубок соҳибига 4 очко берилган. Шундай формула асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, жадвалда жами 70та жамоа номига очко ёзилди. Бошқача айтганда, Испания кубоги тарихида шунча жамоа камида бир марта чорак финалгача курашни давом эттирган. Алоҳида айтиш керак, охирги мавсумда «Алкоркон» (чорак финалчи), «Эйбар» (чорак финалчи) ва «Алавес» (финалчи) жамоалари илк очколарни ишлади. Чорак финалда «Сельта»га имкониятни бой берган «Реал»нинг 1тагина очко билан чекланганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Тарихда 29-марта биллур соврин соҳибига айланган «Барселона»нинг рейтинг очколари эса 189тага етди.
Демак, Испания кубогининг энг омадли жамоаси - «Барселона»! Бироқ Каталония клуби ва таъқибчилар ўртасидаги фарқ у қадар катта эмас. Умуман, агар ХХ асрнинг 80-йиллари ўрталарига қарасак, Испанияда кубок турнири рейтинги бўйича Бильбаонинг «Атлетик» клуби олдига тушадигани йўқ эди. Кейинчалик «Реал» ўз кубоклари сонини ошириб, очколар бўйича ҳам олдинга чиқиб олди, аммо охирги йилларда каталонияликлар бу борада анча илдамлаб кетишди. Аслида рейтингнинг умумий кўриниши ҳайратланишга сабаб бўлади. Мисол учун, замонавий Ла-лиганинг мустаҳкам иштирокчиси - «Вильярреал»ни олайлик. Бу жамоа кубок рейтингида атиги 6 очкога эга ва 35-қаторда бормоқда. Гап шундаки, «сариқ сувости кемаси»нинг элит лигадаги юриши нисбатан кейинроқ бошланган ва клуб миллий кубокнинг илк раундларида айтарли каромат кўрсатмаган.
Испания чемпионати
Маълумот учун айтиш керак, Испания биринчилиги узоқ 1929 йили йўлга қўйилган. Биринчи мавсумга нисбатан олсак, ҳозиргача иштирокчилар сони нақ 2 бараварга кўпайди. Шунинг учун чемпионат рейтингини тузишда алоҳида ҳисоб-китоблар талаб қилинди. Яъни клубларга турли даврлар учун иштирокчилар сонига қараб, турлича рейтинг очкоси берилди. Хуллас, рейтингни шакллантиришда алоҳида-алоҳида формула асос қилиб олинди.
10та ёки 12та жамоа иштирок этган мавсумлар учун: 1-ўрин - 6 очко; 2-ўрин - 4 очко; 3-ўрин - 3 очко; 4-ўрин - 2 очко; 5-6-ўринлар - 1 очко.
14та жамоа иштирок этган мавсумлар учун: 1-ўрин - 6 очко; 2-ўрин - 4 очко; 3-ўрин - 3 очко; 4-5-ўринлар - 2 очко; 6-7-ўринлар - 1 очко.
16та жамоа иштирок этган мавсумлар учун: 1-ўрин - 7 очко; 2-ўрин - 5 очко; 3-ўрин - 4 очко; 4-ўрин - 3 очко; 5-6-ўринлар - 2 очко; 7-8-ўринлар - 1 очко.
18та ёки 20та жамоа иштирок этган мавсумлар учун: 1-ўрин - 7 очко; 2-ўрин - 5 очко; 3-4-ўринлар - 4 очко; 5-6-ўринлар - 3 очко; 7-8-ўринлар - 2 очко; 9-10-ўринлар - 1 очко.
Шу формула бўйича тузилган рўйхатда 44та жамоа жой олди. Рейтингга қўшилган охирги жамоа - бу якунланган мавсум 10-ўринни банд этган «Эйбар». Демакки, бу клуб илк марта кучли ўнликка кирди. Ниҳоят, яна чемпионлик нашидасини сурган «Реал» эса «Барселона» билан ўртадаги очколар фарқини яна 1тага оширди. Умуман, 2та гранд жадвалда қолганлардан анча илгарилаб кетган ва бу бежиз эмас. Ахир «Мадрид» 33 марта, «Барселона» эса 24 марта тахтга кўтарилган. Бошқа барча жамоалар ҳисобидаги чемпионлик медали сони 29та. Боз устига, улардан 18таси «Атлетико» ва «Атлетик»ка тегишли. Хуллас, Испания чемпионати бош совринининг оддий тақсимоти қуйидагича: «Реал» - 38,37 фоиз; «Барселона» - 27,90 фоиз; «Атлетико» - 11,62 фоиз; «Атлетик» - 9,30 фоиз; «Валенсия» - 6,97 фоиз; қолганлар («Реал Сосьедад», «Депортиво», «Севилья» ва «Бетис») - 5,81 фоиз.
«Реал» чемпионат бўйича мутлақ ғолиб! Бунда ҳам 1-2-ўринларни ажратиб турган очколар миқдори кўп эмас. Бироқ «Барселона»нинг ушбу жадвалда «Мадрид»дан ўзиб кетиши осон эмас. Мисол учун, каталонияликлар кейинги мавсум чемпионликни қайтариб олган тақдирда ҳам, 2 ёки 4 очко яқинлашадилар, холос. Ахир «Қироллик клуби»нинг 3-ўриндан пастга тушиши ақлга сиғмайди. 3-ўриндан жой олган «Атлетико»нинг мавқеси хусусида ҳам шу гапларни такрорлаш мумкин. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, Испания чемпионати «интрига»дан холи эмас.
Халқаро кубоклар
Навбатдаги бўлим халқаро майдондаги натижаларни ўз ичига олган. Аниқроғи, евроарена натижаларини. Бунда ҳам турнирлар савиясига қараб, турлича очко берилган. Яъни Кубок эгалари кубоги ва Ярмаркалар кубоги битта тариф бўйича баҳоланган бўлса, УЕФА кубоги ва ЕЛдаги натижаларга тенг миқдорда очко ёзилган. Ўз-ўзидан тушунарлики, энг юқори балл Европа Чемпионлар кубоги ҳамда ЧЛдаги иштирок учун берилган. Демак, аввало, турнирлар тарифи билан танишиб чиқамиз.
Кубок эгалари кубоги ва Ярмаркалар кубоги учун: чорак финал - 1 очко; ярим финал - 2 очко; финал - 3 очко; ғолиблик - 4 очко.
УЕФА кубоги ва ЕЛ учун: чорак финал - 2 очко; ярим финал - 3 очко; финал - 4 очко; ғолиблик - 5 очко.
Европа Чемпионлар кубоги ва ЧЛ учун: чорак финал - 3 очко; ярим финал - 4 очко; финал - 6 очко; ғолиблик - 9 очко.
Охирги мавсумда Испания жамоаларидан 4таси халқаро кубоклар рейтингида очко ишлади. Хусусан, ЧЛда кетма-кет ғолибликни тантана қилган «Реал» ҳисобига 9 очко қўшилган бўлса, ярим финалда айнан «Мадрид»га йўл бўшатган «Атлетико» 4 балл ишлади. «Барселона» эса чорак финалда «Ювентус»га бас келолмай, 3 очко билан чекланди. Шунингдек, Европа Лигаси финалчиси - «Сельта» 4 балл олиб, бу борада «Депортиво»дан ўзиб кетди. Умуман, рейтингга Испаниянинг 21та жамоаси кирди. Яъни еврокубокларда камида чорак финалга чиқиш шунча клубга насиб этган.
Яна «Реал Мадрид», яна мутлақ пешқадамлик! Аммо турнирларни алоҳида олсак, бошқача манзара юзага келади. Дейлик, Чемпионлар кубоги ва ЧЛдаги натижалар эътиборга олинмаса, «Барселона» асосий рақиби - «Реал»дан 40 очко кўпроқ тўплаган. Чунончи, каталонияликлар Европанинг иккинчи ва учинчи даражали турнирларида анча фаол очко йиғишган. Аммо факт шуки, ЕЧК|ЧЛ асосий мусобақа саналади ва унинг сарҳисоби барчасини ўз ўрнига қўйди. Бу ерда «Реал Мадрид» музейидаги 12та «шалпангқулоқ» кубокнинг аҳамияти катта, шунинг баробарида мадридликлар энг обрўли турнирнинг финал ва ярим финал раундларида ҳам «Барса»га нисбатан кўпроқ ўйнашган.
Якун
3та йўналишдаги очколар бирлаштирилса, «Реал»нинг пешқадамлик мавқеи янада мустаҳкамланади. Кучли 20та жамоа орасида анчадан буён элитадан ташқарида юрган «Овьедо»нинг борлигига қаранг.
«Реал Мадрид» - рейтинг ғолиби! Мадридликлар азалий ва асосий рақибларидан 58 очко олдинда! Бу бинойидек тарихга эга «Мальорка»нинг бутун фаолияти давомида тўплаган очкосидан ҳам анча кўп. Мадрид «Атлетико»си эса замонавий мақоми - «учинчи куч»га мос равишда 3-қаторда.