Мураббий Гвардиоланинг ташаббуси билан амалга оширилган трансферлар салмоғи деярли бир миллиард еврога етиб қолди.
Қизиғи шундаки, харажатларни хуш кўрадиган мутахассис нарх-наволарнинг асоссиз кўтарилиб кетаётгани ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ гапиради.
Тўғри, бу борада Пеп ёлғиз эмас – АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо харидларни (Погба, Лукаку) амалга оширган Моуриньо ҳам, Салоҳ учун «Ливерпул»ни ўз тарихидаги энг йирик харажатга мажбур этган Клопп ҳам каталониялик касбдошлари билан ҳамфикр.
Хосеп ҳам шу фикрни исботламоқчидек икки кун ичида футбол тарихидаги энг қиммат ҳимоячиларни харид қилди. Ортидан, Данило учун 30 «лимон»дан воз кечди.
Жамоатчиликка романтик номи билан танилган каталониялик мутахассис енгил мусиқалар мухлиси, шеърхонликни хуш кўради, футболда эса «тики-така» услубини ёқтиради. Унинг тактикасини мутахассислар ҳужумкор футбол дея нотўғри талқин қилишади. Аслида Гвардиоланинг мақсади - ҳар қандай рақибни тўпсиз қолдириш, ҳолдан тойдириш, совуққон ва шафқатсиз услуб.
Пеп эртак ва мўъжизаларга ишонмайди, аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритади, мунтазам равишда таркибни кучайтириш хусусида қайғуради. Неймар ўрнига Гётцени тиқиштирмоқчи бўлганлардан хафа бўлади.
Ҳа майли, буларни қўя турайлик, «Барселона», «Бавария» ва «Ман. Сити»даги муваффақиятларининг сири нимада? Табиийки, мураббийнинг тактик топқирлигининг ўзи камлик қилади. Хосепнинг ҳозиргача амалга оширган трансферлари ҳажми миллиардга яқинлашиб қолди. Ана шу маблағ эвазига 45 нафар футболчини ўз жамоаларига жалб этди. Марҳамат, Гвардиола ижросидаги энг қиммат трансферлар ўнлиги билан танишинг.
Эътибор берилса, саралар рейтингидаги энг паст баҳо 37 млн.га тенг. Қизиғи, ўнликдан атиги икки нафар ҳужумчи - Ибрагимович ва Вилья жой олишган. Мазкур кўрсаткич ҳам мутахассиснинг олдинги чизиқ вакилларига ихлоси кучли эмаслигини кўрсатади.
Етакчи бешликнинг 3 нафари ҳимоячилар эканлиги ўз-ўзидан тушунарли - мураббий «шаҳарликлар»нинг қанот ҳимоясида жиддий ислоҳотларни режалаштирган. Рейтингдан жой олганларнинг 4 нафари ҳозирча Гвардиола раҳбарлигида майдонга тушишга улгуришмади. Қолган харидларнинг фаолияти мураббийнинг трансфер борасидаги ишларига баҳо бериш учун етарли.
Омадсиз трансферлар
Ибрагимович «Барса»да ўз ўрнини тополмади. Стоунз Манчестердаги илк мавсумини суст ўтказди. Гётце «Бавария»нинг етакчи юлдузига айланмади. Фабрегасни Хави ҳамда Иньестага муносиб ворис даражасига олиб чиқиш режаси барбод бўлди. Дуглас Коста «Бавария»да рисоладагидек тўп суролмади, Алексис «Барса»ни тарк этди. Дмитрий Чигринский эса ўта омадсиз трансфер сабабчисига айланди - ишончни оқламади.
Шунингдек, Браво, Нолито, Синан, Курт, Сердар Таски, Глеб, Касерес, Кейррисон, Энрике ва Афеллайни ҳам ишончни оқламаган трансферлар сирасига киритиш мумкин. Хуллас, 16та баҳсли трансферга жами 374 млн. евро ишлатилди. Гвардиола томонидан ишлатилган млрд.нинг 37 фоизи кутилган самарани бермади. Нохуш манзарани фақат арзон ва ўта самарали трансферлар эвазига яхшилаш мумкин.
Омадли трансферлар
Хосепнинг ташаббуси билан амалга оширилган трансферларнинг биттасини ҳеч иккиланмай буюк келишув дейиш мумкин - мураббий «Барселона»нинг бўлажак президенти - Пикени «МЮ»дан атиги 5 млн. еврога қайтарди! Ўтган йили у Рульяни «шаҳарликлар» сафига қўшиш учун янада озроқ - 4,7 млн. сарфлади. Шунингдек, мураббий атиги 8,5 млн. евро ҳисобига «Бавария»ни кучайтирган Киммих билан фахрланса арзийди.
Бироқ Маскеранога кетган 20 млн.ни ижобий дейиш қийин - 2010 йил учун бу салмоқли сармоя. 25 млн.лик Тьяго, ундан 10 млн. кўпроқ баҳода «Барса»га келган Алвеш ҳам рисоладагидек тўп сурдилар. Лекин маблағ шунга яраша эди.
Гвардиола фаолиятида Бразилия пляжларидаги қандайдир нотаниш иқтидор соҳибини Неймар даражасига олиб чиққан ҳоллар кузатилмаган. Албатта, Вилья, Видаль, Жезус каби ўйинчилар Пеп раҳбарлигида юксак савияни намойиш этишди. Аммо уларнинг баҳолари ҳам (30-40) айнан шундай самарани тақозо этарди. 50 млн.лик Сане ҳам шу тоифадан.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири шундаки, Гвардиола эркин агент мақомидаги ўйинчиларга деярли эътибор қаратмайди. Хосе Пинто - мураббий фаолиятидаги камдан-кам истисно.
Шунингдек, Пеп таркибни текинга кучайтирган, яъни академия тарбияланувчилари билан ҳам мақтана олмайди. Тўғри, у «Бавария» «босс»лари амалга оширган келишувни ўз ҳисобига ёзиши мумкин. Роберт Левандовски Мадриддан Мюнхенни афзалроқ кўрганида Гвардиолани назарда тутмаганди. Бунинг исботи сифатида польшалик ҳужумчи 9 дақиқа ичида «покер»га эришганида каталониялик мураббий юзидаги таажжубни кўрсатиш мумкин.
Гвардиоланинг трансфер фаолияти факт ва рақамларда
Жаҳон футболи тарихида атиги уч нафар мураббий ўз фаолияти давомида бир миллиард ва ундан кўпроқ маблағни трансферларга сарфлашган. Иш стажи анча юқори бўлган Фергюсон ҳамда Венгернинг харажатлари йиғиндиси ҳам бу кўрсаткичдан анча кам.
Миллиардлар рўйхатида етакчилик қилаётган Жозе Моуриньо ҳозирга қадар бир миллиард 387 млн. еврони харидларга сарфлади. Иккинчи ўринда Карло Анчелотти - бир миллиард 131 млн. евро.
Довондан ошиш арафасида турган Гвардиола ҳисобидаги мавсумлар сонининг озлиги билан касбдошларидан ажралиб туради. «Беназир» ҳаммаси бўлиб 96та келишувни амалга оширган, ҳар бир футболчи учун ўртача 14,6 млн. сарфланган. Карло ҳисобидаги харидлар сони 81та (ўртача 13,9 млн.), «Романтик» эса 46 нафар ўйинчига 21 млн.дан сарфлаган.
Баҳоси 10 млн.дан юқори бўлган келишувларни оладиган бўлсак, 29 нафар янги футболчи учун Хосеп 920 млн. евродан воз кечган. Ўртача харажатлар 31,7 млн. евро. Мураббийлик фаолиятидаги дастлабки трансферни Гвардиола 2007 йили амалга оширган - ҳимоячи Давид Корколесни 500000 еврога «Барселона Б»га қабул қилганди. Ҳозирда 32 ёшли футболчи «Расинг» шарафини ҳимоя қилмоқда, Пеп эса футбол тарихидаги энг қиммат ҳимоячи - Мендини ўз жамоасига жалб этди.
«Барселона»да Гвардиола янги ўйинчилар харидига 341 млн. сарфлади, ҳар бир мавсум учун ўртача 85 млн. евро. «Бавария»даги кўрсаткич - 203 млн. (ўртача 67 млн. евро). «Манчестер Сити»да эса 453 млн. ҳар бир ўйинчига ўртача 28,3 млн. евродан, ёзги трансфернинг ўзида 226,5 млн.! Жамоани шакллантириш учун бир йилда ярим миллиарддан воз кечди.
46та келишувнинг 16таси анчагина баҳсли, ўзини оқлаш гумони остида бўлган трансферлар ҳам йўқ эмас. Қисқаси, Хосепнинг ташаббуси билан амалга оширилган келишувларнинг 374 млн.лиги 3та бадавлат грандларга қандай самара келтириши номаълум.
Сарф- харажатларни улар қўлга киритган совринлар сонига тақсимласак, 21та совриннинг ўртача қиймати 74 млн.га тенглиги ойдинлашади. Бу борада Хосепнинг кўрсаткичи Венгерникига яқин. Сэр Алекс эса ҳар бир соврин учун ўртача 16,1 млн. сарфлаган. Демак, самарадорлик бўйича шотландиялик мутахассис етакчи.
«Ман.Сити»нинг янги ҳимоя қўрғони учун Гвардиола 257 млн. сарфлади. Қиёслаш учун оладиган бўлсак, Босния ва Герцеговина, Македония ёки Албания каби давлатлар ҳарбий мудофаа эҳтиёжларига бундан анча оз маблағ ишлатишади. Хуллас, «шаҳарликлар» ҳимоя чизиғининг хавфсизлигини таъминлаш кўпгина мамлакатлар ҳарбий хавфсизлиги харажатларидан қимматроқ. Араб шайхларининг ҳаракатлар самараси янги мавсумда бўй кўрсатса, ажабмас.