Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-0 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Роналдо «дададо» ҳаёти

Баҳо:
+ | -

The Players Tribune порталида туғма иқтидор – бетакрор Роналдонинг ёрқин хотиралари чоп этилди.

«СЭ» нашри эса бразилиялик афсонанинг серқирра фаолиятини қамраб олган мақаолани «чиғириқ»дан ўтказиб, энг қизиқарли лавҳаларга алоҳида эътибор билан ёндашди.

Хўш, «сўйлоқ» лақаби остида ўйнаб, бутун футбол оламини зир титратган Роналдо айнан нималарни эслади?

Лақаби ҳақида

- Очиғи, «Фламенго»нинг «Маракана»даги учрашувига илк марта қачон борганимни эслолмайман. Отам билан футбол ўйинини кўриш учун стадион томон йўл олиш оддий сайрдек эди. Албатта, шундай вақтлар ҳам бўладики, умуман кўчага чиқолмайсиз. Лекин бир умр шундай яшашнинг иложи йўқ. Мен эса ҳаётимни футболсиз тасаввур қилолмасдим. Дастлабки лақабимнинг тарихи узун. Яъни у менга болалик давриёқ ёпиштирилган. Аслида ўша вақтдаги ишларни тузукроқ эслолмайман ҳам. Ҳар сафар акаларимга қарши ўйинларда гол урганимда, улар менга қарата бақирардилар: «Дададо» Очиғи, ўша пайт «Роналдо» иборасини тўғри талаффуз қилолмасдим. Яъни исмимни сўрашганида, тилим айланмай, нотўғри талқин этардим - «Дададо». Акаларимдан айро қолган вақтлар эса ёлғиз ўзим тўп билан машқ қилардим. Аввал чап, кейин ўнг ва яна чап оёғимда зарба берардим. Уйимиз жуда кичик эди, аммо тўп билан ишлаш учун катта жойга эҳтиёж сезмасдим. Футбол ўйнаш учун эса кўчага чиқардим. Хонадонимиз атрофидаги гуава, манго дарахтлари жуда қўл келгани ёдимда. Акаларим бирор юмуш билан қаергадир кетишса, дарров тўпни олиб, шу дарахтлар орасида дриблинг маҳоратимни оширишга уринардим.

ЖЧ-94 ҳақида

- 1994 йилги мундиални қандай тасвирлашим мумкин? Ўша пайтдаги Бразилия терма жамоаси ҳақида нималар дея оламан? Ижозатингиз билан битта мисол келтириб қўя қолай. Гарвард университети Америкадаги энг машҳур ўқув даргоҳи, тўғрими? Бразилия терма жамоаси футбол оламидаги тенги йўқ билим маскани! Унинг таркибидан жой олиш жуда қийин. Жамоа - олий табақа, таҳсилнинг энг юқори чўққиси. У ерда шунчаки, футбол ўйнашни эмас, чинакам профессионал, чемпион бўлишни ўргатишади. Ўша ЖЧда лоақал бир дақиқага ҳам майдонга тушмадим. Аммо имкони борича ҳаммасини диққат билан кузатдим ва кўрганларимни ўзлаштиришга интилдим. Яъни тегишли хулосалар ва маълумотларни қоғозга тушириб бордим. Энг муҳими, шу тиришқоқлик ва меҳнатим терма жамоа таркибидан мустаҳкам жой олишимга ёрдам берди. Оддий айтганда, 1994 йил ёзда тўпланган тажриба бутун ҳаётимни кескин ўзгартириб юборди!

Ромарио ҳақида

- Ромарио билан айнан АҚШ мундиалида танишгандим. Яширмайман, унинг бетакрор ўйинлари таъсирида улғайдим. Умуман, Ромарио ва Зикога идеал ҳужумчи намунаси сифатида қарардим. Яъни майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам улардек бўлишни хоҳлардим. Жамоамиз машғулотлар базасида айниқса, Ромарио ўта самимийлиги билан ажралиб турар, мудом ёш футболчиларга хайрихоҳ эди. Хусусан, менга нисбатан ўта меҳрибон эди. Эҳтимол, бу битта амплуада тўп суришимиз таъсиридир ёки менда қандайдир алоҳида жиҳатни кўргандир... Билмадим. Факт шуки, кўпинча машғулотлардан кейин иккимиз қолиб, узоқ суҳбатлашардик. Таажжубки, спортга умумий муносабатимиз, қарашларимиз деярли бир хил эди. Дейлик, Ромарио худди мен каби футбол   фаолиятини эволюция ўрнида кўриб, қадамларни бирин-кетин ташлаш лозимлигини уқтирарди - бир-икки ва ҳоказо. Қачонки, энг сара ўйинчилар қаторига қўшилмагунингча одимлашдан тўхтамаслигинг керак. Кейинги, энг асосий қадамни Европада ташлашим талаб этилишини ҳам айнан Ромарио айтганди. Эҳтимол, бу бироз кулгуги туюлар, аммо биз ҳаттоки, об-ҳавони-да ўзаро муҳокама қилардик. Яъни Бразилиядан Голландияга кўчиб ўтиш ва қор билан қопланган майдонда тўп суриш қандай бўлишини. Шунингдек, у примерода ғолиб чиққани ва ЕЧЛ финалида тўп сурганидан кейин қандай таассуротларни бошдан кечирганини эринмай сўзлаб берарди. Ромарио ҳикояларини эшита туриб, энг яхши ҳужумчилар доирасига кўтарилиш учун мен ҳам шундай йўлни босиб ўтишим шартлигини теран тушунганман. Хуллас, муносиб ёндашув самараси ўлароқ, ниҳоят, ПСВ сафидан жой олгандим.

ЖЧ-98нинг финали ҳақида

- Франция мезбонлик қилган ЖЧ пайти 21 ёшли йигит эдим. Бу вақтга келиб, футбол мен учун асосий лаззат манбаига айланиб улгурганди. Хусусан, финал ўйинига қадар 4та гол ургандим. Лекин французларга қарши ҳал қилувчи учрашув арафасида танамда қандайдир тушунарсиз ўзгаришлар юз берди. Кутилмаганда, ўзимни нохуш ва беҳол ҳис қилиб, ҳаттоки, тўшакдан туролмай қолдим. Ҳозир атрофимда қандай воқеалар юз берганини яхши эслолмайман. Шифокорлар эса чуқур тиббий текширувлардан сўнг майдонга тушишим мумкинлигини айтишди. Натижада финалда қатнашдим, аммо ўзимга хос ўйинни кўрсатолмадим. Боз устига, жамоамиз 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди - эсдан чиқмайдиган ўта даҳшатли лаҳзалар... Лекин ҳали ёш эканлигим, олдинда жуда кўп ЖЧлар кутиб тургани ва ўзимни кўрсатиш учун етарли имкониятларга эга бўлишимни ақлан англаб турардим.

Жароҳати ҳақида

- Яна бир йилдан кейин ўта жиддий жароҳатга йўлиқдим. Эсимда, кўплаб мутахассислар бошқа ўйнай олмаслигимни тахмин қилишганди. Айримлар эса ҳаттоки, рисоладагидек юришимга ҳам шубҳа билан қарашди. Аммо мен учун ҳаётнинг бошланиши ҳам, якуни ҳам футбол эди. Қисқаси, тиззамдаги жароҳатдан фориғ бўлгунга қадар ўзимни ҳаётдан четда қолгандек ҳис этдим. Бу орада майдонга қайтиш учун барча имкониятларни ишга солдим. Мисол учун, жарроҳлик амалиёти учун АҚШга бордим, бутун дунёни кезиб чиқдим. Саломатлигимни тўлиқ тиклашга умумий ҳисобда нақ 3 йил сарфладим. Ўша вақт ЖЧ-2002 яқинлашаётганидан яхши хабардор эдим. Лекин мени совринлар ҳам, голлар ҳам қизиқтирмасди. Шунчаки, тўп билан майдонга тушишни хоҳлардим, зеро, ўйиндаги иштирок тортиқ этадиган ажиб ҳиссиёт сеҳридан сармаст эдим. Хайриятки, даҳшатли жароҳатдан 3 йил, имконият бой берилган ЖЧ-98дан эса 4 йил ўтгач, яна тўпга ўз ҳукмимни ўтказадиган даражага кўтарилдим. Шу тариқа Япония ва Жанубий Корея майдонларида ташкил этилган мундиалга йўл олдим.

ЖЧ-2002 финали ҳақида

- Германия терма жамоаси дарвозасига иккинчи голни урганимдан кейин хаёлимдан битта фикр ўтди: «Ниҳоят, ҳаммаси жойида!» Ахир бизни футбол тожини кийишдан саноқли дақиқалар ажратиб турарди. Шу сеҳрли лаҳзаларда шу пайтгача татиб кўрилмаган ажойиб ҳис-туйғуларни туйдим. 90-дақиқада мени ...алмаштиришди. Бу мураббий Луиз Фелипе Сколарининг мен учун ўта ғайритабиий сов-ғаси эди. У шунчаки, ғолиблик нашъаси ва шодиёналарини ўз кўзим билан кўриш имкониятини берди! Майдондан чиқиб кетаётиб, беихтиёр   «Роналдо энди ҳеч қачон футболга қайтмайди»  қабилида фикр юритганлар ҳақида ўйладим, ҳаттоки, юриш имкониятидан маҳрум бўлишга яқин турган ҳолатим ёдимга тушди. 2002 йилга келиб, ҳамманинг қўлида мобиль телефони бор эди. Трибуналарга нигоҳ ташлар эканман, минглаб ёрқин квадратчаларга кўзим тушди. Худди дискотекадагидек! Аввалига нима бўлаётганини тушунолмадим, кейин билсам, мухлислар суратга олиш мақсадида қўл телефонлари камерасини менга қаратишган экан. Ўша лаҳза мен учун унутилмас совға бўлганди...

Месси, Неймар, Роналду ва Ибрагимович ҳақида

- Футбол майдони - ер юзидаги энг ғаройиб макон. Ҳар ҳолда, шахсан мен учун шундай. У стадионлар, пляжлар ёки мевали дарахтларга тўла боғлар қўйнида бўлиши мумкин. Бунинг аҳамияти йўқ. Болакай ана шу майдонга боқади ва унда ўз келажагини кўради. Лионель Месси, Неймар, Криштиану Роналду ёки Златан Ибрагимович каби амплуадошларимдан ўз ўйинларига озми-кўп таъсир кўтсатганимни эшитиш - улкан бахт. Шулар ҳақида ўйлар эканман, ўзимни Зикодек ўйнашни орзу қилаётган бразилиялик оддий болакай ўрнида кўраман. Улар - Аргентина, Бразилия, Португалия ва Швециядаги оддий йигитлар эса менга ўхшашни орзу қилганлар. Бизни айни шу туйғу бирлаштириб туради.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 01:10, 20.08.2017.
Ўқилди: 8744 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.