Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Амин Юнес: «Инсон борки, ҳамиша умид билан яшаши керак»

Баҳо:
+ | -

Гавдаси анча кичик 24 ёшли Амин Юнес охирги вақтларда юксак дриблинги билан кўпчилик эътиборини ўзига тортди.

Хусусан, Германия миллий жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв ҳам «Аякс»да жавлон ураётган йигитга бефарқ қараётгани йўқ.

2 йилча олдин Аминнинг ўйинида қандайдир депсиниш ҳолати кузатилгач, у жонажон клуби - «Боруссия» (Менхенгладбах) билан хайрлашиб, Голландия эредивизионига йўл олганди.

Бу қарори тўғри бўлиб чиқди - майдонда худди Искодек ҳаракатланадиган Юнес ортда қолган қисқа вақт ичида сезиларли даражада ўсишга эришди ва ёзда бундестимдан ҳам чорлов олиб, Конфедерациялар кубогида иштирок этди.

Тўғри, ўша вақт Лёвнинг қарори кўпчиликни ҳайратлантирди, ахир Германия термасида ўйнашга муносиб номзодлар ҳаддан зиёд кўп. Нима бўлишидан қатъий назар, Амин Россияда турнир доирасидаги 2та ўйинда 10 ва 9 дақиқа тўп суриб, юқори ҳароратни синаб кўрди (хусусан, финал учрашувида ҳам).

Мана, Лёв ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган охирги ўйин (Озарбайжон термасига қарши - 5:1)да ҳам «Аякс» вакилига имконият берди.

Демакки, унда келаси йил мундиалнинг финал раундида ўйнашга умид боғлаш учун асос йўқ эмас.

- Айтингчи, Конфедерациялар кубогидан кейин Германия миллий жамоасидан яна таклиф олишни кутганмидингиз?

- Инсон борки, ҳамиша умид билан яшаши керак. Шунинг баробарида ўз салоҳиятига ишониши жуда муҳим. Акс ҳолда, ҳаётда ҳеч нарсага эришмайди.

Шу маънода айтсам, ҳар доим ўйинимни, энг яхши фазилатларимни янада мукаммаллаштириб боришга ҳаракат қиламан. Ишонаманки, шундай ёндашув эртами-кеч ўз самарасини беради.

Ўз ўрнида, Лёвга миннатдорчилик билдиришим керак - мамлакат бош жамоасида ўйнаш таърифи йўқ таассуротларни бағишладики, бу кейинги фаолиятимга ҳам ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман.

- Хусусан, Конфедерациялар кубогидаги зафар ҳам ишончингизни янада мустаҳкамлаган бўлса керак. Россиядан қайтгач, нималар билан шуғулландингиз, ғалабани қандай нишонладингиз?

- Аввалига таътилга чиқдим ва имкониятдан фойдаланиб, оила бўлиб тарихий ватанимиз - Ливанга бордик. Орадан ҳеч қанча ўтмай, «Аякс»нинг мавсумолди йиғинлари бошланди.

Ўзи футболда шундай: ғалабадан чинакамига роҳатланишинг, уни муносиб нишонлашинг учун ҳар доим ҳам етарли вақтга эга бўлмайсан.

Лекин шахсан мени ҳали-ҳамон ўзига хос ғурур ҳисси тарк этганича йўқ. Ахир Конфедерациялар кубогида миллий жамоа таркибида биринчи жиддий совринни ютгандим.

- Қизиқ, халқаро турнир ғолибини Ливанда қандай кутиб олишди? У ерда анча машҳур эканлигингизни ҳис қилдингизми?

- Албатта. Табиийки, дунёнинг ҳар бир бурчагида Германия терма жамоаси мухлислари бор, одамлар бундестим футболчиларини жуда яхши танишади.

Ливанга келсак, у ерда мухлислар мен ҳақимда билишган. Яъни аждодларимнинг шу юртда яшаганларидан хабардор бўлишган. Муҳими, қаерга борсам, чиройли муносабатларга дуч келдим.

Оддий айтганда, ортга олам-олам таассуротлар билан қайтдим. Қувонтирадиган томони, Ливанда айнан Германия термаси тарафкашлари кўп экан ва улар бундестим учун ўйнай бошлаганимга мутлақо ижобий қарашди.

- Голландияда эса бундай ижобий қарашлар сезилмаган бўлса керак. Ҳар ҳолда, голланд-немис рақобати ҳаммага маълум. Шундай экан, бундестим таклифини қабул қилганингиз учун сизни мақтовларга кўмиб ташлашмагани тайин.

- Бу борада қандайдир эътироз эшитганим йўқ. Асосийси, «Аякс»даги барча жамоадошларим мен учун ғоят хурсанд эканликларини яширишмади.

Умуман, голландиялик мухлисларда ҳам Германия футболига қизиқиш кучли. Мисол учун, мендан бундестим бош мураббийи ҳақида кўп сўрашади.

- Сир эмас, айнан «Аякс» туфайли янги даражага чиқдингиз. Айтингчи, бу клуб сиз учун нимани англатади?

- Ҳозирча фаолиятимдаги асосий жамоа айнан «Аякс»дир, шубҳасиз. Бу клуб менга юксалиш ва миллий жамоа таркибига кириш имкониятини тақдим этди.

Ҳаммага аёнки, амс-тердамликлар айниқса, ёш футболчилар билан самарали ишлаш ҳадисини яхши ўзлаштиришган. Қолаверса, клубнинг ўзига хос фалсафаси бор.

Дейлик, асосий эътибор ҳужумкорликка қаратиладики, бу мен учун айни муддао. Шароитлар ҳам талаб даражасида, барча ишлар тўғри йўлга қўйилган, ички муҳит зўр. «Аякс»нинг ўтган мавсум ЕЛда кўрсатган ўйинлари фикримга далолат.

Агар жамоа ичида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар бўлмаганида, биз бунчалик ёрқин футбол намо-йиш этолмасдик. Хулоса шуки, ўсишни истайдиган ёшлар учун энг муносиб жамоа шу.

- Ҳа, «Аякс» таркиб нуқтаи назаридан Европадаги энг ёш клублардан бири...

- Дарҳақиқат, аксарият йигитларимиз 22-24 ёшда. Тўғри, ҳозир таркибимизда биздан анча катта Клаас-Ян Хунтелар ҳам бор. 34 ёшли фахрий ҳужумчи фаолияти охирида жонажон клубида ўйнашни истади ва ўйлайманки, бой тажрибаси бизга жуда қўл келади.

Демак, ўта ёш таркиб муҳим паллада панд бериши мумкинлиги хусусида ташвишланиш ортиқча. Қаранг, жамоамиз сардори атиги 22 ёшда. Шуни назарда тутиб айтсам, агар футболчи зарур хислатларга эга бўлса, унинг ёши айтарли аҳамият касб этмайди.

- Вақтида Германиянинг турли ёш тоифасидаги термалари (U-16дан тортиб, U-21гача) сафида ўйнагансиз. Аммо шундан сўнг орада маълум муддат тўхтаб қолгандек бўлдингиз. Фаолиятингиздаги энг оғир давр ортда қолдимикан?

- Шундан умидворман. Энг муҳими - кутилмаган тин олишдан сўнг яна ўйнай бошлаганим ва миллий жамоа таркибига кирганим. Ўша икки мавсум давомида нечоғли қийналганим фақат ўзимга аён.

Зеро, аввалига турли ёш доирасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган футболчи учун бундай бахтдан мосуво қолиш жуда оғир.

- Конфедерациялар кубогидан сўнг «Боруссия» Д. ва «РБ Лейпциг» жамоаларидан таклиф олганингиз ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ трансфер амалга ошмади...

- Дарҳақиқат, Германияга қайтишим мумкин эди, аммо клуб раҳбарияти билан гаплашгач, қолишни маъқул кўрдим.

Хусусан, «Аякс» спорт директори Марк Овермарс айни ҳозир жамоага жуда зарурлигимни ва қолиш ўзимга ҳам фойдали эканлигини тушунтирди.

Қолаверса, «Аякс» билан 2 йиллик шартнома тузаётганда, раҳбариятга келишув охирига қадар кетмаслик ҳақида сўз бергандим. Хуллас, жамоа учун муҳим эканлигимни тушуниб, Амстердамда яна бир йил ўйнашга қарор қилдим.

Тан оламан, якуний тўхтамга келишда анча қийналдим - бир томонда Германияга қайтиш хоҳиши, иккинчи тарафда - «Аякс»га нисбатан ҳурмат ҳисси.

Якунда қолишни афзал билдимми, энди кетишимдан олдин битта соврин ютишим шарт. Ахир бунгача «Аякс» билан 2 марта чемпионатда зафар қучишга яқин келдик, шунингдек, ЕЛ финалида имкониятни бой бердик...

- Кўринишидан голланд тилини анча яхши ўрганиб олишга улгурибсиз? ДАВОМИ

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 07:37, 23.10.2017.
Ўқилди: 2281 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.