Бугунги кун бокс оламида бир қатор юлдузларнинг номи тилга олинади. Қолаверса, бокс тарихи ҳам бир нечта маҳоратли, афсонавий чарм қўлқоп усталарига бой. Ана шундай собиқ боксчилардан бири Оскар Де Ла Хойядир. Бу инсоннинг ҳаёти зиддиятларга тўла ўтган, ҳам кулган, ҳам изтироб чеккан. Унинг бокс оламида қўлга киритган ютуқлари бисёр, аммо шахсий ҳаётидаги жудоликлари унинг мана шу ютуқларига соя солиб туради. Ўз вақтида санъатга кўнгил қўйиб, кейинчалик рингда рақибларини таслим этиш йўлини танлаган Оскар Де Ла Хойя — бугунги саҳифамиз қаҳрамони.
У ҚЎШИҚ АЙТИШГА ҚИЗИҚАРДИ, БИРОҚ...
Бўлажак чемпион 1973 йилда Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатида таваллуд топган. Боксга муҳаббат Оскарнинг оиласида наслдан наслга ўтадиган мерос эди. Яъни унинг ота томондан бобоси боксчи бўлган, отаси ҳам бокс билан шуғулланган. Аммо улар спортда мақташга арзигулик, машҳурликка етакловчи бирор-бир совринни қўлга киритишмаган. Кутилмаганда ёш Оскар санъатга кўнгил қўйди, айниқса, қўшиқ айтиш учун ҳар нарсага тайёр эди. Бундан ташқари, у бейсбол ўйнаш ва скейтбордда учишни ҳам хуш кўрарди. Энг қизиғи, ҳеч ким Оскарни бокс билан шуғулланишга мажбурламаган, кейинчалик ўзи мазкур спорт турига меҳр қўйган.
Оскар 6 ёшида биринчи марта бокс залига ташриф буюради ва дарҳол бошқа шу пайтгача шуғулланиб келаётган ёш спортчилар билан спаррингга тушади. Машғулотлар пайтида ёш йигитчанинг туғма иқтидори намоён бўлади, бу эса унинг келажаги порлоқ эканлигини кўрсатиб берарди. Буни яхши англаган отаси Оскар учун, севимли фарзанди учун иқтидорли мураббий излай бошлайди.
ОНАСИДАН ЖУДА ЭРТА АЙРИЛГАН
Оскарнинг карьераси анчагина ғалабаларга бой тарзда кечди, аммо унинг бу ғалабаларга эришиши жуда кўп вақт ва куч талаб қилди. Сабаби, ёш спортчи тенгдошларидан ортда қолиб кетмаслик учун машғулотларга кўпроқ қатнади, устозлари ўргатган усулларни такомиллаштириб борди. Бу бесамар кетмади, Оскарнинг жанг малакаси ошиб борди, у мамлакатида ўтказилган турли мусобақаларда ғалаба қозона бошлади. Оскарнинг энг содиқ мухлиси бу онаси эди, онаси фарзандига тинимсиз далда берар, унинг ҳар бир жангини мухлислар қаторида ўтириб томоша қиларди. Энг оғриқли жиҳати шундаки, аёл ўғлининг жангларини кузатаётган пайтда саратонга чалинган ва бу касаллик билан тинимсиз кураш олиб борарди, бироқ буни ўғлига сездирмади, касаллиги ўғлининг машҳурлигига соя солишини истамади. Кейинчалик бу ҳақида эсларкан, боксчи «Энг садоқатли мухлисим — онам эди, у кишидан кўп нарсани ўрганганман», дея таъкидлайман.
Онасининг бевақт ўлими бўлажак чемпионни мутлақ карахт аҳволга солиб қўйди, аммо у севимли спорт тури билан шуғулланишда давом этди. Бунинг самараси ўлароқ Оскар 1992 йили Олимпияда ўйинларида олтин медални қўлга киритди. Бу олтин медал америкаликлар учун ҳам кутилмаган бўлди, чунки улар бошқаларга нисбатан нимжонроқ бўлган Оскардан бундай натижани кутишмаганди. Оқибатда Америкада машҳурликка эришган ёш спортчига «тилла бола» деб лақаб қўйишди. Кейинчалик Оскар Де Ла Хойя бутун дунёда шу лақаб билан атала бошланди, «тилла бола» — Оскарнинг ташриф қоғозига айланди.
«ТИЛЛА БОЛА» — БОКСНИНГ ЯНГИ ЧЕМПИОНИ
Олимпиададаги чемпионлик ёш спортчи учун профессионал бокс эшикларини очиб берди. Оскар Де Ла бу имкониятдан яхшигина фойдаланди, профессионал боксдаги фаолиятини ғалаба билан бошлади — Ламар Уильямсни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Энг қизиғи, «тилла бола» дастлаб барча рақибларини дастлабки раунддаёқ нокаутга учратар, мухлислар ҳам бунга ўрганиб қолишганди. Оскарнинг профессионал рингдаги биринчи жиддий жанги Жон Молинга қарши кечди, у бу рақибига қарши 12 раунд жанг олиб борди. Бу Оскар Де Ла Хоя рақибини нокаутга учрата олмаган биринчи жанг ҳам эди, якунда ғолибни ҳакамлар аниқлаб беришди.
Оскарни олдинда кетма-кет ғалабалар ва биринчи профессионал камар кутиб турарди. У Рафаэль Руэлос билан жанг ўтказиб, ғалаба қозонди ва IBF чемпионлик камарини ўзиники қилиб олди. Бу ғалаба шуниси билан аҳамиятли эдики, энди ҳар бир бокс мухлисига Оскар Де Ла Хойя исми таниш, ишқибозлар унинг қандай боксчи эканлигини билишарди. Аслида, рингда рақибни ажойиб тарзда нокаутга учратиш, рақибга аёвсиз зарбалар бериш кучли боксчининг сифатлари ҳисобланар ва лотин америкалик чарм қўлқоп усталарида бундай сифатлар мужассам эди. Оскар Де Ла Хойя ҳам ана шу анъанани давом эттирди — унинг ғалабалари сериясига ҳеч ким нуқта қўя олмади, ҳеч бир рақиб Оскарнинг қалбидаги оловни сўндиролмади. Бироқ рақибларини мағлуб этишга ўрганган Оскар кутилмаганда Шейн Мозлига қарши кечган жангда мағлубиятга учради.
ТАРИХГА МУҲРЛАНГАН ФАОЛИЯТ
Ушбу мағлубиятдан кейин боксчи ўзига бироз дам бериши кераклигини англаб етди. «Тилла бола» дам олиш вақтини самарали ўтказди — кўплаб қўшиқлар куйлади ва ҳатто қўшиқларини битта альбомга жамлади, ижод намуналари машҳур бўлиб кетди, кўплаб қўшиқ шинавандаларининг меҳрини қозонди. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб ўтказилган кўплаб хайрли ишларда қатнашди, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзди ва ҳақли равишда «Йил одами» номинациясини қўлга киритди. Ниҳоят, 10 ойлик таътилдан сўнг Оскар яна профессионал рингга қайтди. Уни жиддий жанг — ўша вақтда сайёранинг энг яхши боксчиси бўлиб турган Шейн Мозли билан реванш кутиб турарди. Қаҳрамонимиз реванш жангида Мозлини мағлуб этишни уддалади. Бундан ташқари, мухлислар унинг Флойд Мейвезер билан ўтказган машҳур жангини ҳам унутмаган бўлишса керак.
«Тилла бола» узоқ муддат рингнинг ҳақиқий безагига айланди. У нафақат спортчи, балки иқтидорли промоутер ва ижтимоий соҳада кўплаб ишлар қилган машҳур инсон сифатида ҳам ном қозонди. 2009 йил Оскар Де Ла Хойя исмли афсонавий боксчининг карьерасидаги сўнгги йил сифатида тарихда қолди. Бокс тарихидаги энг яхши чарм қўлқоп усталаридан бири сифатида ном қозонган Оскарнинг машҳур қўлқопи, унинг аёвсиз жанглари бокс ихлосмандларининг хотирасидан ҳали-бери ўчмаса керак.
Боксчи ҳақида қизиқарли фактлар
* 1990 йилда Оскар собиқ иттифоқ вакили, жаҳон чемпиони Айрат Хаматовга қарши рингга чиқади. Ўша пайтда Айрат 25 ёшда, Оскар эса эндигина 17 ёшни қарши олганди. Мазкур жангда кўпчилик кутмаган натижа қайд этилади — Де Ла Хойя ўзидан анча тажрибали ва анча катта бўлган рақибини мағлубиятга учратади.
* Оскарнинг онаси Сесилия Де Ла Хойя саратонга чалинганини ўғлига айтмаган. Чунки у ўғли жанг вақтида хавотирга тушиб, жароҳат олишидан қўрққан.
* Оскар профессионал рингдаги биринчи жангида нақ 200 000 доллар ишлаб топган, қизиғи, ўша пайтда ҳатто чемпионлар ҳам битта жангда шунча маблағ топишмаган.
* Оскар қатнашган жангларни намойиш этиш учун кабел телевидениелари 696, 000, 000 доллар тўлашган.
* Оскар бокс тарихидаги энг кўп даромад келтирган 10 та жангнинг учтасида қатнашган. Иккитасида бевосита боксчи сифатида иштирок этган (Феликс Тринидад ва Флойд Мейвезерларга қарши рингга чиққан), учинчисида эса промоутерлик қилган (Сауль Альварес ва Флойд Мейвезер жанги). Бундан ташқари энг кўп даромад келтирган жанг — Флойд Мейвезер ва Мэнни Пакьяо ўртасидаги тўқнашувнинг ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.
* Оскар қисқа муддат, яъни 5 йил ичида тўртта вазн тоифасида 5 марта чемпион бўлган ягона боксчи ҳисобланади.
* Оскар ўз даврининг афсонавий боксчиси — Хулио Сесар Чавесни икки марта мағлуб этган ягона боксчидир. Энг муҳими, у Чавесни ҳар иккала жангда ҳам нокаутга учратган.
* Оскар болалигида боксдаги фаолиятини 25 ёшда якунлаб, кейинчалик архитектор бўлишни орзу қилган.
* Оскар бокс тарихида нуфузли промоутерлик компания (Golden Boy Promotions) тузган биринчи боксчи ҳисобланади.
* Айни дамда турмуш ўртоғи — Милли Корретхер билан 5 нафар фарзанд (ўғиллари — Девон Де Ла Хойя, Оскар Габриел Де Ла Хойя, Жакоб Де Ла Хойя; қизлари — Нина Лаурен Ненитте Де Ла Хойя ва Атиана Де Ла Хойя) ни тарбиялаб вояга етказишмоқда.
* Энг яқин дўстлари Рой Жонс ва Флойд Мейвезерлардир.
* Отасининг исми — Жоел Де Ла Хойя. Шунингдек, синглиси (Сеси Де Ла Хойя) ва акаси (Жоел Де Ла Хойя) бор.