Навқирон ва серғайрат Гвардиола билан муайян натижаларга эришиб, Карло Анчелотти даврида омадсизликка юз тутган «Бавария» кейинчалик яна тажрибага ишонч билдирди.
Шу тариқа жамоа бундеслигадаги энг кекса мураббий раҳбарлигида тўп сурди. Энди Мюнхен суперклуби рекордни қитъа миқёсига кўтаришни мақсад қилган кўринади - 72 ёшли Юпп Хайнкес тўрт йиллик танаффусдан сўнг қадрдон жамоасига қайтди.
Ана ёшларга хос шижоат фаолиятини якунлашга ошиқмаётган европалик мўйсафид мутахассисларга эътибор қаратишимизга туртки бўлди.
Луижи Дельнери («Удинезе») - 67 ёш
«Кальчо»нинг кекса вакили ҳанузгача харидоргир мутахассислар сафида. Луижининг бошқа касбдошларидан фарқи шундаки, у ҳар қандай таклифга етарлича эътибор ва ҳурмат билан ёндошади. Шу боис, унинг фаолиятида узилишлар кам.
Мухлислар оламида Дельнери кўпроқ «Кьево» орқали шуҳрат қозонган. Бу камтарин жамоага икки марта устозлик қилган мутахассис асримиз бошида «Йилнинг энг яхши мураббийи» унвонига сазовор бўлганди.
У анчайин номдор жамоалар - «Порту», «Рома», «Ювентус»ни бош-қаришга ҳам улгурди. 2016 йил кузида «Удинезе»ни қабул қилди. Ҳозирча ишлари чакки эмас. Акс ҳолда, янги мавсум арафасида мутасаддилар шартнома муддатини узайтиришмасди.
Арсен Венгер («Арсенал») - 67 ёш
Арсен ва «Арсенал». Бу икки иборани айро тарзда кўриш Лондонни «Биг-Бен»сиз, Россияни айиқларсиз тасаввур қилиш билан баробар. Албатта, Венгернинг фаолиятида бошқа саҳифалар ҳам йўқ эмас. Аммо улар шунчалик олисдаки, деярли унутилиб кетган.
Лондонлик «тўпчилар»га қўмондонлик қилаётган франциялик «профессор»нинг 20 йиллик довонни забт этганига анча бўлди. Бироқ ҳали зериккани йўқ.
Ана шу давр ичида «Арсенал» 15дан ортиқ миллий совринларни қўлга киритди. Тўғри, халқаро мусобақаларда ғолиб чиқолмади. Лекин бу ҳозирча, чунки месье Венгер ҳамон бошқарув пультида.
Ларс Лагербак (Норвегия термаси) - 69 ёш
Швециялик мутахассис футболчилик фаолияти билан мақтана олмасада, малакали мураббий сифатида вазифани аъло даражада уддаламоқда.
Лагербак 9 йил давомида терма жамоани бошқарди - аввалига Содерберг билан ҳамкорликда, кейин мустақил равишда. Ёши 60дан ўтгач, иссиқ ўрнини тарк этиб, қайноқ Нигерияга йўл олди.
Кейин Исландия терма жамоаси билан Евро-2016да ҳаммани ўзига қаратди. Бу йил эса ён қўшни - жон қўшни Норвегияга ёрдам беришга қарор қилди.
Тўғри, Исландия мўъжизасининг Россия мундиалида такрорланишига умид йўқ. Лекин кейинги қитъа чемпионатигача Лагербак ижобий ўзгаришларни амалга оширишга улгуради.
Марчелло Липпи (Хитой терма жамоаси) - 69 ёш
Мана беш йилдирки, италиялик мутахассис Хитой футболини ривожлантириш ишларида бош-қош бўлмоқда. Тўғри-да, Европада Липпи учун забт этилмаган чўққи қолмади, осиёликлар эса сифатли хизматга саховатпешалик билан жавоб қайтаришмоқда.
2006 йили «скуадра адзурра»ни шоҳсупага олиб чиққан мураббий «Гуанжоу Эвергранд»да 4 йил ҳалол меҳнат қилди. 2016 йилнинг кузида эса хитойликлар Липпига ўз термаларини ишониб топширишди. Йилига 20 млн. долларлик иш ҳақи эвазига...
Жампьеро Вентура (Италия терма жамоаси бош мураббийи) - 69 ёш ДАВОМИ